Ислом Исмоилов: "Бу ғалаба яна оёққа туриб олишимизга ёрдам беради"

16 окт 2026, 22:13
Суперлига 24-турдан ўрин олган "Қўқон-1912" – "Нефтчи" учрашувидан сўнг "Нефтчи" бош мураббийи Ислом Исмоилов матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?
- Авваламбор қўлга киритилган ғалаба билан барча мухлисларимизни табриклайман. Қолаверса жамоамизни қўллаш учун стадионга келган ишқибозларимизга ҳам алоҳида раҳмат айтаман. Албатта, ғалаба доим ёқимли. Мавсум охирлаб боряпти, ҳар бир ўйиннинг, ҳар бир очконинг қадри баланд. Бу ғалаба бизга ниҳоятда зарур эди. Сабаби, охирги учрашувлардаги натижалар сабаб ушбу ғалаба яна оёққа туриб олишимизга ёрдам беради.

- Ўйиндан олдин бугун "Қўқон-1912" осонликча таслим бўлади деганлар ҳам бўлди.
- Тўғриси, биз ҳеч бир рақибдан осон ўйин кутмаймиз. Барчага профессионал муносабатда бўламиз. Майдонга чиққандан кейин ҳар бир футболчимиз борини беради. Қўқон жамоаси етарлича қаршилик кўрсатди, уч очкони қўлга киритиш осон бўлмади. Голлар кўп бўлди, қизил карточка ҳам бўлди, умуман олганда эсда қоларли ўйин кечди. Баҳс осон кечмаслигини билардик. Биз ҳар бир ўйинга максимал даражада тайёргарлик кўрамиз.

- Майлими, бир сўз билан қисқа жавоб берсангиз. Чемпионлик йўлида "Нефтчи"нинг асосий рақобатчиси ким: "Пахтакор"ми, "Навбаҳор"ми?
- "Пахтакор".

- Ўзбекистон Кубогида-чи?
- Кубокда "Навбаҳор".

- "Нефтчи" охирги ўйинларда кўп гол ўтказяпти. Бу сизни хавотирга солмаяптими?
- Албатта, буни ҳам таҳлил қилиб боряпмиз. Мавсум бошида кўп голлар урдик ва юқорида ўйнадик. Энди мавсум тугаб боряпти, йил бўйи бир хил услубни давом эттириш қийин. Буни ҳам инобатга олиш керак. Камроқ гол ўтказиш учун эътиборни кўпроқ ҳимояга қаратсак бўлади, лекин бизнинг асосий услубимиз ҳужумкор футбол ўйнаш. Масаланинг иккинчи томони руҳий ҳолат. Мавсум якунида ҳаяжон ҳам ортиб боряпти. Албатта, кам гол ўтказишга ҳаракат қиламиз. Тўғри айтдингиз, иккинчи даврада кўп гол ўтказдик. Лекин ғалаба қозонсак бу ёқимли бўлади.

Ўхшаш янгиликлар


Манба: championat.asia

Сўнгги янгиликлар

Барча ›