UZ

Сўнгги янгиликлар

Фақат чиройли гапирадиган ҳамда тушунарсиз ишлаётган ЎФА, машғулот майдони йўқ "Навбаҳор" ва бошқалар ҳақида — Андрей Канчельскис иштирокидаги матбуот анжумани Янгиликлар

Фақат чиройли гапирадиган ҳамда тушунарсиз ишлаётган ЎФА, машғулот майдони йўқ "Навбаҳор" ва бошқалар ҳақида — Андрей Канчельскис иштирокидаги матбуот анжумани

Суперлиганинг 1-тури доирасидаги "Навбаҳор" - "Қўқон-1912" (1:1) учрашувидан кейинги матбуот анжуманида Андрей Канчельскис жамоа қаерда шуғулланиши билмаётгани, ЎФАнинг ишлаш тизими ҳақида кескин гапирди.

"Жанговор ўйин гувоҳига айландик. Эҳтирослар, ҳаяжон, мавсум бошланиши бўлгани учун ҳам ҳеч ким ютқазгиси келмайди. Барчада юқори иштиёқ. Майдон ҳолати яхши бўлмагани учун биринчи ўринга курашчан футбол, якка кураш, узун паслар орқали ўйнашга мажбур бўлинади. Бугун ҳам шундай бўлди. Мен футболчилардаги иштиёқ, жон куйдиришларини кўриб қувондим. Бундан мамнунман. Агарда ҳисоб 1:0 пайтида иккинчи голни урганимизда барчаси бошқача кечарди. Ёки 1:1 пайтида улар гол урганида, ютқазармидик. Натижа адолатли. Ўйинга ёндошув ва иштиёқ менга ёқди. Бу учун йигитларга раҳмат.

Ниҳоят мавсум бошланди. Чунки биз буни жуда интиқлик билан кутгандик. Чемпионат бошланиши жуда чўзилиб кетди. ЎФА доим нимадирлар ўзгаришлар қилаверади. Ҳозир ҳам тушунарсиз ҳолат. Иккинчи тур ўйини 20 кунлик танаффусдан кейин бошланади. Тушунмайман, ЎФА қандай ишлашади? Умуман улар нимани исташади, тушунмайман. Кейинчалик қандай ишлашади, билмайман. Чемпионат бошланди. Лекин кейинги ўйинни яна 20 кун кутишимизга тўғри келади. Биринчи маротаба бундай ҳолатга дуч келишимиз. Мен бундай ташкилотнинг ишлаш услубини тушунолмаяпман. Лекин бу ерда шундай ишлашади, шундай қоидалар бор. Демак шунга риоя қилиб ишлаймиз ва яшаймиз.

Наманганда ўйнашни истагандик. Лекин стадион, майдон бунга тайёр эмас. Шу боисдан ҳам Тошкентда ўйнашга тўғри келмоқда. Агарда уйимизда ўйнаганимизда осонроқ бўларди. Узоқ йўлдан шунча йўл босиб келган минглаб мухлисларга раҳмат. Йўл узоқ, жуда машаққатли йўл, қийин, довон ошиб келиш осон эмаслигини жуда яхши биламан. Уларга келиб бизни қўллаб-қувватлашгани учун раҳмат. Умид қиламанки, тез орада майдон тўғриланади ва биз ўз уйимизда суюкли ишқибозларимизни хурсанд этамиз", - дея гап бошлади Андрей Канчельскис.


- Тўғри, биринчи тур ва хулоса қилишга эрта. Лекин ўз олдига юқори мақсадларни қўяётган "Навбаҳор"ни умумий ўйин чизгиси зерикарли бўлганини қандай изоҳлайсиз? Ҳозир "Қўқон-1912" бош мураббийи ҳам рақиб чиройли ёки қизиқарли футбол ўйнамаганини таъкидлади...

- Биринчи турда қайси жамоа чиройли ўйнаганини кўрдингиз? Бирорта жамоани алоҳида кўрсата оласизми?


- Чемпионат етакчилари ҳали ўйнагани йўқ. Чемпионликни кўзлаётган жамоалар ичидан биринчи бўлиб "Навбаҳор" ишга киришди.

- Юқори мақсадлар? Бу ҳақида исталганча гапирса ёки ёзса бўлади. Жамоа Юқори мақсадларни аввало ишлар билан мустаҳкамлаш керак. Жамоанинг вазифа ва мақсадлари улкан, лекин майдон ёки стадион тайёр эмас! Бунга нима дейсиз? Агарда мақсадлар юқори бўлса, унда барча ишлар шунга монанд бўлмоғи лозим. Юқори даражада бўлиши керак, тўғрими? Ҳамма исталган гапни айтавериши мумкин. Лекин қуруқ гапдан нима фойда? Бизда хаттоки машғулот майдони йўқ. Бу пайтда қандай мақсадлар ҳақида гап кетиши мумкин? 


- Янги мавсумда жамоа олдига қандай вазифа қўйилган?

- Ўтган йили бронза медалини қўлга киритдик. Бу йили эса ўтган мавсумдаги натижани такрорлашга ҳаққимиз йўқ. Камида ОЧЛ йўлланмасига эга чиқишимиз лозим бўлади. Ҳозир ҳамма "Навбаҳор"нинг мақсадлари ҳақида гапирмоқда. Мақсад ҳақида гапиришдан аввал ишларни юқори даражада бажармоқ зарур. Шундагина кейин жамоадан ҳам натижа талаб қилиш мумкин. Ҳозир қумда шуғулланаётган жамоанинг қандай вазифа ёки мақсад ҳақида гап кетмоқда? Мен қумда шуғулланаётган футболчилардан қандай қилиб ниманидир талаб қиламан? Ўзингиз ўйлаб кўринг, яшил майсага чиқиш нақадар ёқимли, тўғрими?  Қумда тўп тепишчи? Шунда қандай қилиб чиройли футболни сўраш ёки талаб қилиш мумкин? Ҳаммаси иш тўғри йўлга қўйилган бўлиши керак. Ва юқори даражада. Бу ерда чиройли гапиришни дўндиришаркан. ЎФА ҳам масалан. Бейжиклар, бўйинбоғ, ўйинга 1,5 соат қолганида келиш шарт. Лекин стадионлар ёки майдонлар йўқ. Биз полизда футбол ўйнаяпмиз. Бу тўғрими? Аввал кичик муаммоларни ҳал этиш керак. Кейин каттароғига ўтилади. 


- Жамоанинг трансфер кампаниясидан кўнглингиз тўлдими?

- Мураббий ҳеч қачон қониқмайди. Исталган жамоанинг мураббийи бундай кўнгли тўлмайди. Қачонки мавсум якунида биринчи ўринни олсам, шундагина кўнглим тўлади. Ҳозир эса исталган нарсани айтиш ёки тасаввур қилиш мумкин. Аммо вазиятга реаль қараш керак. Мен ҳозирги таркибдан ҳавотирга тушмаяпман. Яхши рақобатбардош таркиб йиғилган. Муҳит яхши, коллектив жойида. Мухлислар жуда зўр. Бу яхши жиҳатларимиз. Аммо минус тарафларимиз ҳам мавжуд. Биз кимни олишни имконини топган бўлсак, ўшаларни олдик. Трансфер ойнаси ёпилди. Поезд кетиб бўлди. Менга қолса жамоага Роналдуни олиб келардим. Ёки Мессини. Лекин бунинг имкони йўқ. Шароитдан келиб чиқиб селекция қилдик. Йигитлар яхши, мен улардан кўнглим тўқ.


- Сизни айни пайтда нима ёки қайси чизиқ безовта қилмоқда?

- Мени қаерда шуғулланишим безовта қилмоқда. Бу ҳозир энг оғриқли ва мени ўйлантираётган масала. Биз футбол жамоаси. Биз шуғулланишимиз керакку. Қаерда шуғулланамиз? Ёки футболни шуғулланмасдан ҳам ўйнаса бўладими? Бизда машғулот ўтказиш учун майдон йўқ. Биз яхши яшаш учун Тошкентда истиқомат қилаётганимиз йўқ. Наманганда майдон йўқлиги учун пойтахтдамиз. Бизга қолса Наманганда яшаб, ўша ерда шуғулланиб, Тошкентга фақат ўйин учун келишни истардим. Бу ерда майдон бор. Шу учун ҳам Тошкентдамиз. Наманганда шуғулланиш яхши бўларди. Чунки мухлислар келади, муҳит ажойиб бўлади. Ортиқча чиқим бўлмайди. Ҳар тарафлама шуниси қулай бўларди. Мени безовта қилаётган нарса ва муаммо машғулот майдонининг йўқлиги.

Рейтинг: +105   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика

CA ни Facebook да ўқиш
учун "Yoqdi"ни босинг