UZ

Сўнгги янгиликлар

22:52Элдор Шомуродов "Ювентус"га қарши ўйинни асосий таркибда бошлайди!  6 22:47Абдуқодир Ҳусанов эртага ўтказиладиган "Ланс" – "Клермон" учрашуви қайдномасига киритилди  1 22:35Эрон. "Истиқлол" навбатдаги ғалабага эришди. Машарипов 78 дақиқа ўйнади  0 22:26СПЛ. Роналдусиз "Ал Насср" "Ал Файҳа"ни мағлуб қилди. Садио Манедан дубль  0 21:40Ўқинг, қизиқ! Максим Саррафнинг онаси ПФЛдан миннатдорлигини билдирди  6 21:40"Сирдарё ФА" бош мураббийи: "Кубок ўйинлари биз учун тажриба мактаби бўлаяпти"  1 21:25"Дўстлик" бош мураббийи Шуҳрат Қурбонов: "Ўзгаришларсиз футбол бўлмайди"  0 21:05"Барселона"ни таслим этган Усмон Дембеле ЕЧЛда ҳафта ўйинчиси деб топилди  8 20:44Муҳсин Низомиддинов: «Ҳар икки жамоани ажойиб ўйин билан табриклайман»  0 20:32Футзал бўйича Осиё Кубоги. Ўзбекистон иккинчи турда Ироқни мағлуб этди  7 20:30Максим Шацких: "Захирада деярли ёш болалар ўтиришди"  6 20:10U-23 Осиё Кубоги. Корея Ли Ён Жуннинг дубли эвазига Хитойни мағлуб этди  1 19:54Ўзбекистон Кубоги. "Нефтчи" Сирдарё ФАга 5 та гол урди, "Металлург" ишончли ғалабага эришиб, плей-оффга чиқди, "Қўқон-1912" сафарда "Пахтакор" билан дуранг ўйнади  22 19:29Ўзил "Эл Класико" даражаси тушишида "Барселона"ни айблади  8 19:05Ўзбекистон Кубоги. "Пахтакор" – "Қўқон-1912" 0:0. Highlights  1

ЭНГ ЗЎР бундесЛИГА янги мавсумига превью — "Бир қадам орқага, икки қадам олдинга" Янгиликлар

ЭНГ ЗЎР бундесЛИГА янги мавсумига превью — "Бир қадам орқага, икки қадам олдинга"

Кучли-бешлик чемпионатларидаги энг охирги старт оладиган Бундеслиганинг янги карвони ниҳоят йўлга тушиш арафасида.

Германияда мавсумни одатдагидек чемпион жамоа бошлаб беради. "Хоффенхайм" кетма-кет 6 йилдан буён тенгсиз бўлаётган "Бавария" меҳмони бўлади. Шу ўринда янги бошланажак чемпионат олдидан Бундеслигага аталган превьюни эътиборингизга ҳавола этаман.

Германиядаги якка ҳоким - "Бавария" охирги 6 йил ичида Юпп Хайнкес, Пеп Гвардиола, Карло Анчелотти ва яна Хайнкес қўл остида чемпионликка эришди. Жорий мавсумдан эътиборан жамоани хорватиялик "Бавария"нинг яқин ўтмишдаги собиқ футболчиси Нико Ковач бошқаради. Қуйида тилга олинган мутахассислар ичида Нико Ковач номи таниқли эмас. Ковач тажриба жиҳатидан ҳам жамоанинг аввалги мураббийларига қараганда хомроқ. Аммо унинг олдида жиддий иш турибди. Германияда "Бавария"нинг энг минимум вазифаси чемпионлик. Бундеслигада олтин медалдан бошқа ҳар қандай натижа — муваффақиятсизлик. Бу эса ҳар қандай мутахассисга қўшимча босим юклайди. Ҳа, Германияда "Бавария"ни чемпион бўлиши оламшумул натижа эмас. Лекин шу билан биргаликда буни акси бўлса, унда бу "Бавария" учун ҳалокат. Нико Ковач олдида турган минимум вазифа маълум. Аммо кўпчилик "Бавария"дан одатга айланган чемпионликни эмас, балки "олтин дубль" билан биргаликда Юпп 2013 йилда қайд этган "требл"ни кутади. Нико Ковачнинг дастлабки мавсумидаёқ ундан ЕЧЛда ғолиб бўлиш талаб этилмасада, аммо халқаро аренада ҳам муваффақият кутилиши табиий.

Эътиборлиси, Ковач жамоага келгач ҳали бирорта трансферга қўл ургани йўқ. "Бавария"нинг ягона хариди — Горецка билан Ковач тайинланишидан аввал, қишда расман келишувга эришилганди. Жамоага ижарадан қайтган Серж Гнабри ва Ренату Саншеш трансфер сифатида қайд этилмайди. "Бавария"ни эса тажрибали Артуро Видаль тарк этди. Видални қўйиб юборилишига энг асосий сабаб, марказдаги рақобат ва танлов имкониятининг ранг-баранглиги. Ренату Саншеш ижарадан қайтарилди, Леон Горецка текинга олиб келинди. Марказдаги танловнинг кўплигидан чемпионат бошланишига қарамай, жамоани яна бир ярим ҳимоячи - Себастьян Руди тарк этиши мумкин. Шу боисдан ҳам Видаль ёки кетиш эҳтимоли мавжуд бўлган Рудининг йўқлиги ҳам Ковачга ортиқча бош оғриғини тақдим этмайди.

Ўтган мавсумда муҳим ўйинларда порламаган, аммо етарлича голларни қалаштириб ташлаган аразчи ҳужумчи — Левандовски ҳам ёзда тугунларини йиғиштиришга тушганди. Аммо раҳбарият, хусусан Ули Хёнесс ҳужумчини ҳеч қаерга қўйиб юборишни истамади. Нико Ковач польшалик ҳужумчи билан алоҳида гаплашиб олгач, Левандовскини арази ва тушкун кайфиятига барҳам берилди. Ковач эса янги мавсумда Левандовскидан максимал фойдаланмоқчи. Ҳеч ким келмаганига яраша, қўл остидаги мавжуд етакчиларни қўйиб юбориш ҳам йўқ.

"Бавария"даги афсонавий тандем — Роббери (Рибери/Роббен) учун бўлажак мавсум биргаликдаги юбилей 10-йил. Нико Ковачнинг "Бавария"даги янги жамоасини қуришда Роббери тандеми барибир асосий ролда бўлади. Тўғри, ёш ва жисмоний ҳолатларини эътиборга олиб, улардан бутун мавсум давомида тўлиқ фойдаланиш деярли имконсиз. Аммо Ковач Роббери тандемининг "Бавария"даги ўрни ва таъсирини инобатга олишга мажбур. Роббери нафақат ўйинда, балки майдондан ташқарисида ҳам ўз ўрнига эга. Шу боисдан ҳам Ковач бу "қария"лар билан қайсидир маънода ҳисоблашишига тўғри келади. Аммо шуни қайд этиш керакки, Роббен ва Рибери билан шартнома узайтирилаётганида, раҳбарият томонидан уларга янги мавсумда асосий таркибдаги ўринлари кафолатланмаслиги ва маълум вақтни захирада ўтказишлари мумкинлиги яхши тушунтирилган. Нико Ковач янги мавсумда Робберининг таркибдан тушиб қолиш эҳтимолида вужудга келиши мумкин бўлган тушунмовчиликдан сал бўлсада ҳоли бўлади. Ковачда айни пайтда ҳам етарли ижрочилар ва танлов мавжуд. Мавсум давомида ротацияларни қанчалик тўғри амалга ошира олиш қобилиятига кўп нарса боғлиқ бўлади.

"Бавария" Нико Ковач келганидан сўнг ҳеч қандай трансферларни амалга оширмаганига яна бир асосий сабаб, жамоа Бундеслигада кўпроқ "терламоқчи". Ули Хёнесс айнан Бундеслигада чемпионлик нисбатан осонроқ ҳал этилаётгани ЕЧЛда панд бераётганини инобатга олган ҳолда, бу йили мавжуд таркиб билан ҳам кўзланган мақсадга эриша олишларига ишонмоқда. Аксинча, қўл урилмаган трансферлар эса жамоа фойдасига ишлашидан умидвор. Бундеслигада қанчалик қийинчилик билан мақсадга эришилса, кураш қанчалик кўпроқ чўзилса, жамоа узоқ муддат оптимал формада бўлади. Қанчалик ғалати кўринмасин, аммо "Бавария" раҳбарияти жорий мавсум ушбу тажрибани ҳам қўллаб кўрмоқчи. "Бавария" бу билан Бундеслигага янада интрига қўшишни ва ЕЧЛда ушбу ҳолат уларга фойдага ишлашини тахмин қилишмоқда. Ковач учун жорий мавсум мураббийлик фаолиятидаги энг муҳими. Чунки мураббий топ жамоада, умуман бошқача статусда ишлашига тўғри келади. Ковач мавжуд босимни қай даражада енгиб ўтиши, олдига қўйилаётган вазифаларни қанчалик уддалай олишини кўрсатадиган мавсум. Устига-устак жамоада авлодлар алмашувини ўтказишга тўғри келаётган палла. Ковач "Бавария"га — "Бир қадам орқага ва икки қадам олдинга" шиори қўлланилаётган пайтда келиб қолди. Клуб трансфер сиёсати жиҳатидан ҳам бир қадам орқага қадам қўйди, аммо олдинга ташланилиши керак бўлган қадамларни Ковач қанча муддатда ва қай даражада уддалайди, деган савол қизиқ. Ковач учун энг зўр мотивация — олдинга ташланиши керак бўлган қадамларни максимал тезлатиш.

Дортмунднинг "Боруссия" жамоаси янги мавсумда Клоппдан кейинги янгиланиш даврини учинчи уринишда муваффақиятли амалга оширишга уриниб кўради. Томас Тухель келди, яхши ишлади. Аммо раҳбарият билан келишмовчиликлар туфайли Тухелга чиқиш эшиклари очилди. Ўтган мавсум катта умидлар билан чақирилган Петер Бошш жамоани умуман бошқара олмади. "Боруссия" Бошш қўл остида буткул жарликка қулаш сари кетаётганда қутқарувчи сифатида Петер Штогер таклиф қилинди. Штогер "Боруссия"ни фақатгина шармандали натижалардан суғурталай олишга эришди. Ундан ортиғини бажариш эса уни қўлидан келмайди. Ўйин сифати ва томошабоплигига ҳам путур еткани дортмундикларнинг келажаги Штогер билан чамбарчас боғлиқ эмаслигини кўрсатди. Натижада жамоа мавсумни яна янги мутахассис қўл остида бошлашга шай турибди. Бу сафар номзод анча ишончли ва Бундеслига ҳавосидан яхши хабардор — Льюсен Фавр. Ўз вақтида "Герта" ва "Боруссия Мёнхенгладбах"да ажойиб ишлаган Фавр Дортмундга ҳақиқий футболни қайтариши мумкин. Фавр ўртамиёна жамоаларнинг нафақат натижаларини, балки ўйинини яхшилашга эришган. Ҳужумкор футболни севувчи ва жамоалари иштирокида буни амалда исботлай оладиган Фавр қўл остида ниҳоят ўша кўпчилик соғинган "Боруссия"ни кўришимиз мумкин. "Боруссия" трансфер бозорида Бундеслига жамоалари ичидаги энг фаолларидан бири бўлди. Аммо биргина муаммо, трансфер бозоридан ҳозирча марказий ҳужумчи топишни имкони бўлмаяпти. Айни пайтда "Боруссия"нинг қайдномасида фақатгина битта номинал ҳужумчи Александр Исак мавжуд. Фавр эса ушбу ёш иқтидор эгаси билан бутун мавсумни ўтказа олмайди. Трансфер ойнаси ёпилгунга қадар "Боруссия"да ҳужумчи олиб келиш имконияти мавжуд.

"Лейпциг"да ғалати ҳолат. Жамоани жорий мавсум вақтинча бошқариб туриш учун клуб спорт директори — Ральф Рангник масъулиятни ўз зиммасига олган. Чунки кейинги йили жамоани Бундеслигадаги энг иқтидорли мураббийлардан бири Юлиан Нагельсман ўз қўлига олади. "Лейпциг" эса ўртадаги бир йиллик муддатни спорт директори билан ёпиб туришни маъқул кўрди. Ральф Рангник гарчи бош мураббий сифатида қайд этилган бўлсада, жамоани машғулотлари жараёнига унинг ёрдамчилари Жесси Марш ҳамда ёшлар жамоаси мураббийи Роберт Клаусс жавобгар. Ральф Рангник фақатгина натижага жавобгар. "Лейпциг" янги мавсум олдидан бир қатор келажаги порлоқ ёшлар учун мўмайгина пул сарфлади. Ҳаммаси келаси мавсум учун қилинаётган ишлар. Бу йили эса жамоа Ральф Рангник бошқарувида янгиланиш даврини бошлаб олмоқчи.

Ўтган йили мени яхши маънода ажаблантирган ва янги мавсум олдидан кўпро қизиқтираётган икки жамоадан бири — "Шальке". Доменико Тедеско қўл остидаги гельзеркирхенликлар ўтган мавсум "Бавария"дан кейин иккинчи бўлишни уддалашди. Муваффақиятсиз мавсумдан кейин ёш мураббий Доменико Тедеско билан сенсацияга тенг натижани қайд этган жамоани евромавсумда ҳам кузатиш янада қизиқ бўлади. Тедеско қисқа фурсатда жамоа ўйинини, натижаларини кескин яхшилашни уддалади. Муҳими, жамоада авлодлар алмашуви ҳам анча силлиқ тарзда кечди. Масалан, бу йилги мавсум олдидан жамоани бир йўла иккита етакчиси — Горецка ва Майер тарк этди. Аммо ҳеч ким "Шальке"дан ҳавотир олаётгани йўқ. Чунки Тедеско қисқа вақт ичида буткул янги ва жўшқин жамоани шакллантира олди. Бу йили айнан "Шальке"дан янада кўпроқ шовқин кутиш мумкин. Айниқса жамоани ЕЧЛда кузатиш қизиқ бўлади. Бу бир томондан Тедеско учун яна янги тажриба ва тақвим жиҳатдан ноқулайликлар туғдириши мумкин. Аммо Доменико узоқни ўйлайдиган мутахассис эканлигини ўтган йили исботлади. Тедеско баъзи муҳтож чизиқларига керакли футболчиларни харид қилди. Энг ёрқин мисол, ҳимоя қурғонини мустаҳкамлаш учун Бундеслигадаги энг яхши мудофаа вакилларидан бири — Салиф Сане жалб этилди.  Шунингдек, "Хоффенхайм"нинг ҳужумдаги асосий "қуроли" бўлган Марк Ут янги мавсумдан эътиборан "Шальке" либосида ўйнайди.

"Шальке" билан бир қаторда Леверкузеннинг "Байер" жамоаси ўтган йили илиқ таассурот қолдирганди. Доим чемпионликка жуда яқин келадиган, аммо умуман бош соврин таъмини татиб кўрмаган "Шальке" сингари "Байер" ҳам муваффақиятсиз мавсумдан кейин янги мураббий қўл остида ўтган йили ёрқин футбол кўрсатди. натижа ҳам чакки бўлмади. Хайко Херлиххнинг меҳнатлари самараси ўлароқ "Байер" ҳам янги мавсумда нафақат Бундеслигада, балки ЕЧЛда ҳам иштирок этади. Тажовузкор ва самарали футбол кўрсатаётган "Байер"нинг ҳужум чизиғига ҳавас қилса арзийди. Юлиан Брандт, Леон Бэйли, Кевин Фолланд "учлиги" янги мавсумда ҳам "Байер"нинг асосий футболчиларига айланишларига шубҳа йўқ. "Арсенал"га кетиб қолган Бернд Ленони ўрнини эса Лукаш Градецки эгаллайди.

"Хоффенхайм" учун энг зўр мавсум анонси жамоада охирги йил ишлаётган Юлиан Нагельсманн томонидан янгради. Нагельсманн камтарликни четга суриб қўйиб, янги мавсумда "Хоффенхайм" Бундеслигада чемпион бўлишини тахмин қилди. Нагельсманн бу билан биринчи навбатда жамоани руҳлантиришни кўзлагани табиий. Шунингдек, охирги мавсум ишлаётгани учун максимум кучини сарфлашга ҳаракат қилиши аниқ. Баъзан мураббий учун кетиши билиб ишлаш енгиллик туғдиради, баъзида эса аксинча, салбий таъсирини кўрсатиб қолади. Бир нарса аниқ, Нагельсманн бу мавсумда "Хоффенхайм"да ортиқча босимдан ҳоли. Чунки келаси йили кетиши аниқ ва қаерга боришини ҳам режалаштириб қўйган. Унинг қўл остида "Хоффенхайм" дастлаб қийин вазиятдан қутқарилган ва Бундеслигадаги ўрнини сақлаб қолган бўлса, кейинчалик иккита тўлиқ мавсумда жамоа "кучли тўртталик"дан пастга қуламади. Дастлаб тўртинчи, ўтган мавсум эса учинчи бўлишни уддалаган ёш мутахассиснинг кўрсаткичлари чакки эмас. Шу боисдан ҳам янги мавсум олдидан Нагельсманн катта баёнот беришга жазм эта олди.


Бундеслиганинг янги мавсумида Мёнхенгладбахнинг "Боруссия" жамоаси еврокубоклар учун кураш таклиф этишга қодир. Ҳар ҳолда Дитер Хеккингдек тажрибали мутахассис барчага сюрприз тақдим этишга қодир мутахассис.

Янги мавсум ниҳоят "Вольфсбург" яна бир бор ўз қаддини кўтаришга уриниб кўради. Бу сафар Бруно Лаббадиа қўл остида бу ишга киришади. Жамоа охирги икки мавсумдан буён инқирозни бошдан кечирмоқда.

"Штутгарт", "Вердер", "Айнтрахт", "Герта" каби жамоалар ҳам турнир жадвалининг тепа қисмида рақобат қилишга уриниб кўришади. "Вердер" янги мавсумда ниҳоят аутсайдерлар сафини тарк этиши кутилмоқда. "Штутгарт" эса яхши трансфер сиёсатини амалга оширди ва жамоа каттароқ маррани кўзлаши аниқ. "Айнтрахт" Нико Ковач кетгач Адольф Хюттер бошчилигида янги қиёфага киради. Ковач жамоани аутсайдер қаторидан еврокубоклар иштирокчиси даражасигача кўтаришга муваффақ бўлганди. Хюттердан эса ўша статусни сақлаб қолиш талаб этилади.

Мюнхеннинг яна бир клуби — "Аугсбург" Бундеслигадаги ҳақиқий ўртамиёна жамоа. Уй жамоаси дея эътироф этиладиган "Аугсбург" жорий мавсумда турнир жадвалининг ўрта қисмидан ўрин олишига ишониш мумкин. Аммо буни уддалаш уларга осон бўлмайди. Сабаби, аутсайдер мақомидан чарчаган кўплаб жамоалар янги мавсум олдидан кучайишга эришишди. "Аугсбург" эса ўзининг барқарор жамоа эканини яна бир бор исботлашига тўғри келади. Тепадаги жамоаларга эса рақобат тақдим этиш нисбатан анча мушкул вазифа.

Қуйи лигадан Бундеслигага кўтарилган "Фортуна Дюссельдорф" ҳамда "Нюрнберг"нинг биринчи галдаги вазифаси жон сақлаб қолиш. Уларга эса бу борада "Майнц", "Ганновер" ва "Фрайбург" каби жамоалар рақобат вужудга келтириш эҳтимоли юқори.

Қисқаси, Бундеслиганинг янги мавсумида ҳеч ким осон бўлмайди. Ҳа, кўпчилик чемпионат олдидан "Бавария"га тожни кийдириб қўймоқда. Бу янгилик эмас. Аммо шуни ишонч билан айтиш мумкинки, бу йилги мавсумда "Бавария"га тожни кийиш аввалги йилларга нисбатан анча қийин бўлади. "Бавария" ўзи истаган ва хоҳлаётган рақобатга дуч келишига шубҳа йўқ. Амалдаги чемпион аввалги йилларда бўлгани каби катта захира билан иштирок этмайди. Бунга аввало "Бавария"ни ортидан қувишга ҳаракат қилаётган "Шальке", "Байер", "Боруссия" ва "Хоффенхайм" тўсқинлик қилишга уриниб кўрса, иккинчи тарафдан "Бавария"нинг ўзи ҳам чинакамига кучли рақобатдан манфаатдор.

Муаллиф :
Рейтинг: +5   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика