Элдор Мойлиев: "Жуда ҳам оддий гол ўтказиб юбордик"

Sherzod Nurmatov
2 ноя 2026, 12:55
Пролига 25-туридан ўрин олган "Лочин" – "Металлург" (1:1) учрашувидан сўнг "Лочин" бош мураббийи Элдор Мойлиев матбуот анжуманида иштирок этди.

- Ўйин ҳақида фикрингиз?

- Бугун ҳар икки жамоа яхши футбол намойиш этди. Вазиятларга бой учрашув кечди. Бугун ўйин амалиёти кам футболчиларга ҳам имкон бердик. Афсуски, тажриба камлигини панд бериб ўйин охирларида гол ўтказиб юбордик.

- Захирадан тушганлардан кўнглингиз тўлдими?

- Умуман ҳамма ўзини кўрсатишга ҳаракат қилди. Бугун энг яхши ўйинларимиздан бирини ўтказдик. Фақат қарши ҳужумларда ўзимизни кўрсата олмадик. "Металлург" яхши жамоа ва яхши футболчилар йиғилган. Бир неча бор қарши ҳужумларга чиқдик, фақат омад келмади.

- Ғалабани сақлаб қолиш учун нима етишмади?

- Жуда ҳам оддий гол ўтказиб юбордик. Болаларча хатога йўл қўйдик.

- "Лочин" янги стадионга қайтганидан сўнг иккита ўйин ўтказиб, бир мағлубият ва бир дуранг қайд этди. Ғалаба қозониш учун ортиқча ҳаяжон борми?

- Ҳаяжон биринчи ўйинда билинди, балки буни тушунса бўлар, лекин иккинчи беллашувда умуман ҳаяжон бўлмади. Биз яхши футбол намойиш этдик, лекин омад келмади.

- Рақиб устози Илёс Қурбонов "Лочин"дан Сардор Саидовни алоҳида эътироф этди. Бу футболчи Суперлига учун тайёрми?

- Сардор Саидовда салоҳият жуда юқори. Ўйинни тушуниши ва дриблинги жуда яхши. У бемалол Суперлига жамоаларида ўйнаб кета олади.

- Бугун асосий таркибда тушган Асадбек Самариддиновнинг ўйини борасида фикрингиз?

- Асадбек ҳар қандай ўйинда жамоага ёрдам бериб келяпти. У 8та гол билан жамоамизнинг энг яхши тўпурари бўлиб турибди. Асадбек ҳам тўп билан, ҳам тўпсиз яхши ўйин намойиш эта олади. У бизнинг энг яхши футболчиларимиздан бири.

Ўхшаш янгиликлар

Sherzod NurmatovМуаллиф
Манба: Championat.asia