Чех: “Ўзил “Арсенал”да асосий футболчилардан бири”

Лондоннинг “Арсенал” клуби посбони Петр Чех жамоадоши Месут Ўзилнинг Германия терма жамоаси билан хайрлашишига ўз муносабатини билдирди.

Шу кунларда футболчи “Арсенал” сафида ўқув-машғулот йиғинида иштирок этмоқда.

“Мен вазиятга аниқ баҳо берадиган ҳолатда эмасман. Бу Месут ва Германия футбол федерацияси ўртасидаги масала. Аммо жамоадош сифатида биз уни қўллаб-қувватлаймиз. Месут ўзини яхши ҳис қилиши ва юқори даражадаги ўйинини намойиш этиши учун унга ёрдам беришга тайёрмиз. У машғулотларда бор кучи билан ҳаракат қилмоқда. Ишонаманки, мавсум бошида у ажойиб формада бўлади. Месут “Арсенал”да бахтли ва биз ҳам у билан бир жамоада тўп тепишдан мамнунмиз. У жамоанинг асосий “фигура”ларидан бири”, дея Чехнинг сўзларидан иқтибос келтирмоқда “тўпчилар” матбуот хизмати.


Манба: "Арсенал" расмий сайти