UZ

Сўнгги янгиликлар

10:45Алонсо ва Аморим билан келиша олмаган «Ливерпул»нинг янги устози ким бўлиши маълум  3 10:19Микель Артета Лондон дербисидаги ғалабадан сўнг нималар деди?  2 09:51«Реал Мадрид» футболчиси фаолиятини Саудия Арабистонида давом эттириши мумкин  6 09:22Эшитдик-да! "Бунёдкор"да яна бош мураббий ўзгарди  6 08:55Хоанг Ан Туан: "Ўзбекистон терма жамоаси финалга қадар етиб боришига ишонаман"  23 08:35АПЛ. "Арсенал" - "Челси" 5:0  0 08:29Почеттино «Арсенал»дан қабул қилиб олинган йирик мағлубият сабабини айтди  0 08:20ОЧЛ. "Ал Ҳилол" - "Ал Айн" 2:1  1 08:15U23 Осиё кубоги. Ўзбекистон - Вьетнам 3:0   2 08:04Италия Кубоги. «Ювентус» — дастлабки финалчи  0 07:38Осиё кубоги. Бугун футзалчиларимиз ярим финал йўлланмаси учун баҳс олиб боради  2 01:57АПЛ. Лондон дербисида "Арсенал" "Челси"га "тарсаки туширди"  26 01:30Иброҳимхалил Йўлдошев: “Биз рақиб танламаймиз”  15 01:26Русланбек Жиянов: “Йўлимиздан чиққан жамоани мағлуб этишимиз керак”   3 01:15ОЧЛ. Юлдузларни ўзида жамлаган "Ал Ҳилол" турнирни тарк этди, "Ал Айн" финалда!  17

Анвар Ғофуров: “Локомотив”да ўзимни янада кўрсатмоқчиман” Янгиликлар

Анвар Ғофуров: “Локомотив”да ўзимни янада кўрсатмоқчиман”

Яқинда “Бунёдкор”нинг уч нафар аъзоси – Лутфулла Тўраев, Жасур Ҳасанов ва Анвар Ғофуров “Локомотив”га кўчиб ўтдилар.
Тажрибали ҳимоячи саналган Ғофуров 2009 йилдан бери “Қалдирғочлар” шарафини муносиб тарзда ҳимоя қилиб келатёганди. Аммо мавсум-2013 унинг учун “Бунёдкор”даги охирги фаолияти бўлиб қолди. Ўтган йиллар давомида футболчи ҳар томонлама ўсди дейишга асослар етарли. Унга хориждан ҳам таклифлар бўлганди. Бу сафар эса у “Локомотив” вариантини танлади. Янги клубда қандай тарзда ўйнаб кетишини вақт кўрсатади. Бироқ уларнинг қўшилгани темирйўлчилар таркибини сезиларли даражада кучайтиради. Шу сабабли Анвар Ғофуров билан нима учун бундай қарорга келгани ҳақида суҳбатлашдик.

- “Бунёдкор”дан “Локомотив”га ўтишинглар шов-шувга сабаб бўлди. Айтингчи, нима сабабдан бундай қарорга келдингиз?
- Муҳитни ўзгартирмоқчи бўлдим. Ҳадеб битта жамоада ўйнайверса футболчи тўхтаб қолиши мумкин. Бошқа клубга ўтса нимага қодирлигимни кўрсата оламан дея ўзини кўрсатиш ҳаракатида бўлади. Жамоа алмаштирса қанақадир ўсиш бўладимикин деб ўйлайман. Чунки янги клубда янги мураббий ва унинг нимага қодирсан деган саволига жавоб бериш керак. “Бунёдкор”да неча йил ўйнаган бўлсам у ердагилар менинг қандайлигимни яхши билиб олишган. Янги жамоага ўтиш эса мен учун янги чақирув ва янги синов.

- “Бунёдкор”да тўп суриб тажрибангизни анчагина ошириб олгансиз. Шунинг учун “Локо”да яна қанақасига ўсишни истаяпсиз?
- Мен у маънода айтмагандим. Шунчаки “Бунёдкор”да ўйнаб тўхтаб қолдим ва ўзим учун худди орқага кетаётгандек бўлдим. Шу боис янги клубга ўтиб бунданда яхшироқ ўйнашга ҳаракат қилишим керак. Тўғрисини айтсам, охирги пайтларда ўйиним ўзимга ҳам ёқмай қолганди. “Локомотив” эса янги жамоа ва шунинг учун ўз устимда кўпроқ ишлашга ундайди.

- Демак “Локомотив”га ўтишингиз олдинга ташланган қадам эканда?
-  Худо хоҳласа шунақа умиддаман.

- Ушбу мавсум бошида ҳам “Бунёдкор”дан кетишингиз мумкин эди. Сизга Таиланддан яхшигина таклиф бўлганди ва у ерга бориб келгандингиз. Ҳалигача уларнинг таклифига рози бўлмаганингиздан афсусланасизми?
- Бошида ҳар хил фикрлар бўлганди. Агар ўша воқеага аҳамият бериб юрганимда футбол ўйнашга ҳам вақт қолмасди. Тўғри, бошида бу ҳақида ўйлаб юрдим. Кейинчалик тақдирим шунақа экан, “Бунёдкор”да бўлишим керак экан дея унитишга ҳаракат қилдим.

- “Бунёдкор”дан кетишни олдиндан режалаштириб юрганмидингиз?

- Йўқ, режалаштирмагандим. Барибир ният бор эди-ю, лекин режалаштирмагандим. Мавсум тугаганидан кейин “Локомотив” жамоасидан таклиф олдим. Ўшанда барчасини тарозига солиб ўйлаб кўрдим. Янги жамоа, янги дўстлар, янги хиссиётлар, янги мураббийлар... умуман ҳаммаси бошқача бўлади деган фикрда таклифга рози бўлдим.

- “Бунёдкор” сизга шартномани узайтиришни таклиф қилмадими?
- Улар шартномани узайтиришмоқчи бўлганди. Оиламдагилар билан маслаҳатлашдим ва ўйлаб-ўйлаб жамоани алмаштириш керак деган фикрга келдим. Ўзим учун ҳам янги клубга ўтиш синов бўлади.

- Бир неча мавсум “Бунёдкор” учун ўйнаб зерикдингизми?
- Йўқ, зерикмадим. Барибир “Бунёдкор”да ўйнаш қизиқарли. Шунинг учун бу ерда тўп сурганда зерикишга вақт бўлмайди. Қолаверса, барча футболчилар билан яхши муносабатда бўлдим. Ҳаммамиз бир оиладек бўлиб қолгандик. Менимча ҳеч ким оиласида зерикмаса керак.

- “Локомотив” икки йилдан бери “Бунёдкор”нинг асосий рақобатичисига айланди. Кейинги йилда ҳам “Локо” улар учун асосий рақибга айланади. Шундай экан, “Бунёдкор”нинг асосий рақобатчиси жамоасига кўчиб ўтишингизни қандай тушуниш мумкин?

- “Локомотив”нинг ўз олдига қўйган вазифалари жуда яхши. Масалан “Насаф”нинг ҳам мақсадлари жиддий бўлиши мумкин. Лекин янги мавсумда менимча олтин медал учун “Бунёдкор” билан “Локомотив” курашади. “Локо”нинг мақсадлари ниҳоятда улкан. Чемпионатда ғалабаларни қўлга киритишдан ташқари Осиё чемпионлар Лигасига чиқиб у ерда ҳам иложи борича узоқроққа боришни мақсад қилишган. Тўғри, бу каби вазифалар “Бунёдкор”да ҳам бор. Аммо мен “Локомотив”да ўз кучимни синаб кўришга қарор қилдим.

- Балки “Локомотив”ни сизга моддий томондан яхшироқ таклиф билан чиққани “Бунёдкор”дан кетишингизга туртки бўлгандир?
- Тўғри, улар яхши таклиф билан чиқишди. Аммо қароримни ўзгартиришимда пул муҳим роль ўйнагани йўқ. Бу – футбол, ҳар қандай ўйинчи қачондир ўзига яхшироқ клубдан чақирув бўлишини истайди. Мисол учун Марио Гётце “Боруссия”дан ашаддий рақиби “Бавария”га ўтиб кетди. Уни “Бавария”га қараганда Дортмундда оз пул оларди деб ўйламайман. У ҳам ўз жойида тўхтаб қолмаслиги ва янги жамоада ўзини кўрсатиши учун ўтган. Мен “Бунёдкор”дан бутунлай кетдим деб айта олмайман. Футболда эртага нима бўлишини ҳеч ким билмайди. У ерда тўрт йил фаолиятимни ўтказиб ўз оиламдек бўлиб қолган ва мен учун қадрдон клуб. Қачондир “Бунёдкор”га яна керак бўлиб қолсам улар учун ҳамиша мулоқотга тайёрман. Шунчаки муҳитни алмаштириш ўзим учун ҳам тўғри қарор бўлди.

- “Бунёдкор”даги 2009-2013 йиллардаги мавсум давомида олтита совринга эга бўлдингиз. Бу сиз ўйлаганингиздан ҳам кўпми?
- Албатта. Мен шундай инсонманки, ҳар бир ўйин, ҳар бир турнирда ғолиб чиқишга астойдил ҳаракат қиламан. Қанақанги учрашув бўлишидан қатъий назар ҳар доим ғалаба қозонишга интиламан. “Бунёдкор”да тўп суриб олтита соврин ютганимга Худога шукур қиламан.

- Кўриниб турибдики, футболчи сифатида ўйлаган орзуларингиз “Бунёдкор” туфайли амалга ошди...
- Ҳа, тўғри.

- Бунинг учун кимдан миннатдорсиз?
- Бутун бошли жамоадан. Мен “Бунёдкор”даги ҳеч кимга эътироз билдира олмайман. Клуб қоровулидан тортиб президентгача раҳмат айтаман.  

- “Локомотив” янги мавсумда ўз олдига қўйилган вазифаларга эришишига ич-ичингиздан ишоняпсизми?
- Албатта ишонаман. Бу ерга иккинчи ўринни олиш учун келмаганмиз. Бу йил “Локомотив” жамоаси яхшигина меҳнат қилишди ва иккинчи ўринни эгаллашди. Уларнинг ўзлари ҳам кейинги йили чемпионликка эришишга янада кўпроқ ҳаракат қилишлари табиий.  

- Ҳозирча янги жамоангиз билан танишишга улгурмагандирсиз-а?
- Йўқ. 10 декабрда йиғилади.

- Феврал ойида чемпионлар Лигасига йўл олиш учун плей-оффда ўйнасизлар, шу билан жиддий мақсадлар сари юриш бошланади. Умуман олганда, жамоанинг имкониятларини қандай баҳолайсиз?
- Ҳозирча аниқ баҳо бера олмайман. Ҳали футболчилар ва мураббийлар билан танишмаганман. Муҳитни ҳам яхши билмайман. Аммо шуниси аниқки, клуб олдига қўйилган режалар жуда катта. Бу саволингизга ярим йилдан кейин жавоб бера оламан.

- Ҳозирча Ҳаким Фузайлов билан гаплашмадингизми?
- Ҳозирча гаплашганим йўқ.

- Мураббий ҳақида қандай фикрдасиз?
- Уни яхши мутахассис деб эшитганман. Фузайлов келгач жамоа кучайди ва яхши ўйин кўрсатди. Келаси йили “Локо” янада кучайса яхши бўлади деб ўйлайман.

- Сизга қандай машиналар ёқади?
- Ҳар бир машина ўз қиёфаси бўйича чиройли.

- Қайси русумдаги машинангиз бор?
- Captiva. Демак менга шу машина ёқади (кулади).

- Ёқтирган жамоангиз?
- “Барселона”.

- Бир ўзингиз овқат тайёрлай оласизми?
- Тухум қовуришни биламан. Овқат тайёрлашда тажрибам жуда кам.

- Охирги ўқиган китобингиз қайси?
- 11-синф китоблари (кулади). Тўғриси, кўпроқ интернетни ўқийман.

- Қанақа жанрдаги филмларни ёқтирасиз?
- Озгина фантастика қўшилган кинолар менга маъқул бўлади.

Шуҳратбек ЖЎРАЕВ суҳбатлашди.
Рейтинг:    

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика