UZ

Сўнгги янгиликлар

12:20Эшитдик-да! ФИФА "Бунёдкор"га илк санкцияни қўллади  0 11:48Клоппнинг ассистенти "Аякс" бош мураббийига айланиши мумкин  0 11:24Ўзбекистон – Гонконг учрашувида майдонга югуриб тушган мухлислар маъмурий жавобгарликка тортилди, 2 нафар шахс 5 суткага қамалди  12 10:57Пеп Гвардиола «Манчестер Сити»даги келажаги борасида бир қарорга келди  4 10:28«Бавария» Алонсони қўлга кирита олмаганидан сўнг бошқа бир топ мураббий билан шартнома тузмоқчи  1 10:00ЦСКА устози РПЛнинг энг кучли футболчиси кимлигини айтди  7 09:3410 ойга четлатилган Тонали яна узоқ муддатга дисквалификация қилиниши мумкин  1 09:10«РБ Лейпциг» грандлар қизиқаётган футболчига нарх қўйди  1 08:47Златан рамзий термасини тузди ва ўзини қўшмади. Нега қўшмаганини эса Ибра супер тарзда тушунтириб берди  11 08:25Фабрицио Романо Хаби Алонсонинг келажагини очиқлади  4 07:49Про лига. Бугун учинчи тур якунланади  1 07:25Суперлига. Бугун Олмалиқ ва Қаршида ўйинлар бор  3 01:46"Фулхэм" стадион трибунасида очиқ бассейн қурмоқчи  1 01:29Абдуқодир Ҳусанов "Лилль" билан ўйинни ўтказиб юборади  3 00:52Италиялик жаҳон чемпиони Қозоғистонга ташриф буюрди  8

“Алло, Онажон!” — Онасини ер-у кўкка ишонмайдиган Габриэл Жесус ҳаёти ҳақида кичкина қисса Янгиликлар

“Алло, Онажон!” — Онасини ер-у кўкка ишонмайдиган Габриэл Жесус ҳаёти ҳақида кичкина қисса

Ҳар сафар “Манчестер Сити” сафида гол урганимда, онам қўнғироқ қилади.

Дарвозага йўллаган зарбамдан сўнг тўп тўрдан ўрин олган заҳоти, дарҳол онам телефонимга сим қоқади. Фарқи йўқ, унинг қаерда бўлиши: хоҳ Бразилияда, хоҳ стадионда. У ҳар сафар қўнғироқ қилади. Шу боис майдон бурчагига ошиқиб, онамга жавоб йўллайман: “Алô Мãе!” (“Алло, Онажон!”)

“Сити”га келган вақтимда одамлар бу ишимни кўриб, доимо мендан бу нимани англатишини сўрарди. Менда бунга қисқа жавоб бор эди: Шунчаки, онамни яхши кўраман ва у менга доимо қўнғироқ қилади.

Ҳаммаси болаликдан бошланган
Аммо қалби улкан орзуларга тўла болакайнинг ёшлиги билан боғлиқ узунроқ ҳикоя ҳам бор. Бразилиядаги миллионлаб болакайлар орзу билан яшайди. Аммо мен омадлироқ эдим, чунки баъзи қаҳрамонларни шахсан танир эдим.

Камина шимолий Сан-Паулудаги Пери Жардим туманида вояга етдим. У ердаги ҳаёт кўплаб инсонлар учун чинакам — кураш. Бироқ менинг омадим чопганди, онам шунчалик кўп ишлардики, оиламизда доимо ейишга таом бўларди. Лекин мен билан бирга ўсган болаларда аҳвол жуда аянчли эди.

Баъзан улар кунига фақат бир бора овқатланарди, у ҳам бўлса, футбол майдонига келишганида. Тўғрисини айтганда, кўпчилик футбол ўйнаш учун эмас, балки бепул бутерброд ва газли сув учун келарди. Одатда оқ буханка билан колбаса ва бир шиша лимонад бериларди. Баъзан бутерброд бўлмас, фақатгина газли сувнинг ўзи бўларди. Барча орзуларим ва ҳозирда мендаги бор ҳамма нарсалар, “Болалар” маъносини англатган “Пекениньос” клубидан бошланган. Ўз ўрнида у камина учун оддий футбол жамосидан кўра кўпроқ маъно касб этарди. Хаёлингизга палма, пляж ва бошқа кўнгилочар нарсаларни келтира кўрманг. Бу Пери эмасди. Футбол майдонимиз ҳарбий қамоқхонанинг тўғрисида жойлашганди. Атрофи эса қарағайлар билан ўралган майдон бутунлай лой ва чанг бўлиб, унда майсадан асар ҳам йўқ эди. Майдонда болалардан ташқари тўп тепиб турадиганлар — қамоқхона ходимлари эди. 9 ёшли пайтимда дўстим Фабиньо билан биргаликда жамоада ўйнай оламизми ёки йўқлигини билиш у томон йўл олдик. Қўлимизда бутси билан майдонга яқин келдик. Ана ўша вақтда ҳаётимизни ўзгартириб юборган инсонни учратдик. Бу инсон Жозе Франциско Мамеде эди. У энг ёш ўйинчиларга мураббийлик қиларди. Жозе бизга: 

“Албатта, кейинги беллашувда ўйнашларинг мумкин”, — деди.


Шартнома уёқда турсин, имзолаш учун ҳаттоки, қоғоз ҳам йўқ эди. Чунки клуб болаларни даромад манбайига айлантирмоқчи эмасди. Улар шунчаки болаларга кўтаринкилик бахш этмоқчи бўлишган. Болаларни кўчадан йиғиб уларга овқатланиш учун таом бериш ниятигина бўлган, холос. “Пекениньос” — кичик клуб. Шунинг учун ҳам сиз у ҳақида эшитмаган бўлсангиз керак. Аммо уларнинг мўжиза яратаётганини айтишим шарт. Баъзан болалар бир соат давомида фақатгина овқат олиш ва cаnasta basisa (озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш учун кичик қути, уни мураббий болаларнинг уйга қуруқ қўл билан кетмаслиги учун берган)учун автобусда бир соатдан ортиқ қолиб кетарди. Унда гуруч, ловия ва нон — ой давомида яшаб қолишга етадиган асосий маҳсулотлар бўларди.

Қизиғи, Мамеденинг эски Volkswagen Beetle (70 йилларники бўлса керак)и бўлиб, у машинада болаларни таширди. Кичкина бўлганлигимиз сабабли унга 9-10 киши, шу билан бирга, бутсилар, озиқ-овқатимиз бўлган коробкаларимиз ҳам сиғарди. Мураббийнинг болалар учун қилган ишлари шунчаки ажойиб эди. Бразилияда Мамеде каби инсонларни ниқобсиз қаҳрамон деб аташади. У ростдан ҳам кўплаб болалар учун қаҳрамон эди. Мамеде ва бошқа мураббийлар... Улар ҳаётда бизга имконият берди.

Мен учун футбол ва тўпга бўлган муҳаббат ҳамма нарса эди. “Пекениньос” ҳафтада 2 мартагина машғулот ўтказарди. Машғулотларда қатнаша олмасам, билингки, мен Пери кўчаларида тўп тепиб юрган бўлардим. Баъзида ярим тунгача ўйнардик, кейин эса соат иккига қадар қизлар ҳақида гаплашиб, ҳазиллашиб ўтирардик.

Айрим болаларнинг ўйин консоллари бор, менинг ҳаёлим эса тўп билан боғлиқ бўларди. Ва албатта, бу ростдан ажойиб эди, чунки менда ҳақиқий болалик бор эди. Биз катта футбол мусобақаси ўтказдик. Ҳар бир кўчанинг ўз жамоаси билан бош ютуқ бир шиша лимонад учун курашди. Ишонасизми, шу биргина газли сув учун майдонда (агар майдон деб атаб бўлса) ҳақиқий жанг кечди. Тушуняпсизми, сизда бори шу? Биз учун шу бир шиша лимонад Либертадорес кубогидан ҳам кўпроқ нарсани англатарди. Агар уни ютиб олсангиз, умрингизда ҳис қилган таъмни тотиб кўриш бахтига муяссар бўласиз. Ҳаммас ўз тегишини ичиб, бир-бирига узатади. Ғалаба лимонади шампан виносидан 10 марта яхши эди. Ўн марта яхши!!!

“Варзеа”даги ўйинни ҳеч қачон унутмайман
Бразилияда профессионал футболчи бўлишнинг истасангиз, 12-13 ёшингзда, қайсидир катта клубнинг академиясида шуғулланаётган бўлишингиз керак. Аммо мен билан бундай бўлмаган. “Сан-Паулу” мени тиббий кўрикдан ўтказди, уларга маъқул ҳам келдим. Аммо кейин улар менга яшаш учун жой ажрата олмасликларини айтишди. Клуб уйимдан жуда узоқда жойлашган эди. Агар мен у ерга ҳар куни автобусдан қатнайдиган бўлсам, мактабдан кетишимга тўғри келади. Онам эса .... Ха-ха-ха... Онам ҳар доим ўқиб таълим олишимни хоҳлаган.

Шу вақт учун мен боримча онамга қарздорман. Чунки, менинг ёшимдаги жуда оддий ҳаёт кечирадиган Бразилия ёшлари оиласига ёрдам бериш учун ишлашни бошлайди. Шу боисдан уларда таълим олиш ва футбол шуғулланиш учун вақт бўлмайди.

Аммо онам ҳамиша менга ишонди. Қандайдир сабабга кўра, у менга ишонишда давом этди ва нима бўлган тақдирда ҳам футболни ташламаслигимни айтди.

13 ёшимда “Варзеа”(Европа Ҳаваскорлар лигаси аналоги) йигитларига қарши ўйнашни бошладим. Хўп, тушунмадингиз-а? Нима ҳақида гапираётганимни бутун Сан-Пауло аҳли билади (балки, аллақачон кулишни бошлаб юборишгандир). Унда қолганлар учун изоҳ бериб ўтаман.

“Варзеа” — бу худди АҚШдаги кўча баскетболи ёки Европадаги яримпрофессионал футбол лигасига ўхшайди. Бутун майдон лойдан иборат ва сиз “марманжлар” — кучли ва қўпол эркаклар қарши майдонга тушасиз. Майдонда яккакураш турларининг кўпи юз беради, шу билан бирга кўплаб нохуш ҳолатлар ҳам бўлади.

Мен бу дақиқаларни ҳеч қачон унутмайман....

Биз жуда муҳим беллашувда катта жамоага қарши майдонга тушдик. Улар ушбу лиганинг энг кучлиларидан бири бўлиб, бироқ бир қанча муддат баъзи сабабларга кўра жамоа лигада иштирок этмаётганди. Сабабларини очиқлаб ўтирмайман, зеро, айтаётганларимни болалар ҳам ўқийди.

Бу уларнинг “Варзеа” илк мавсуми бўлиб, улар бу мусобақада худди жиддий турнирда иштирок этаётгандек ўйнашди. Эсимда бор, жамоанинг барча йигитлар ўйин олдидан менга ғалати қараб: “Бу ёш бола ким? Нима у ростдан ҳам ўйнайдими?”, —деб сўрашганди.

Бу жуда жиддий эди.
Ўйин бошлангдан сўнг, 4 дақиқа ўтиб мен уларнинг энг яхши ҳимоячисини алдаб ўтиб, гол урдим. Шунда улар менга қараб: “Бўпти, болакай, биз сенинг ҳаётингни дўзахга айлантирамиз” деб айтишди. Кейин ҳар бир тўпга тегинган заҳоти улар мени тепишни бошлади. Улар бутунлай ақлдан озиб, худдики мени тепиш учун орқамдан кузатаётган эди. Улардан бири ҳақиқатдан жуда безори бўлиб, менга гапиришдан тўхтамади: “Яна бир марта мени алдаб ўтсанг, оёғингни синдираман”.

Шунда тўп яна оёғимга тушди... Уни яна бир бор алдаб ўтдим. Бу гўё НБА баскетбол ўйини каби эди. Рақибни мувозанатдан чиқишга мажбур қилдим ва тўғрисини айтганда, уни жойига ўтқазиб қўйдим. Кейин улар менга чиндан, мени ўлдиришмоқчи бўлгандек қарашди.

Лекин... Нима ҳам дея олардим? Тўп оёғимга тушганда, мен ўзимни бошқа дунёда ҳис қиламан. Тўп яна менга тушганди, шеригимга “no looking” (қарамасдан) пас бердим, у эса гол уришга эришди.

Томошабинлар ақлига сиғмасди.

Ўйин 2:2 ҳисобида якунланди. Пенальтилар серияасида эса биз ғолиб чиқдик. Уларнинг жуда жахли чиққанди. Ўша безори менга қарата: “Мен сенга оёғингни синдираман, деб айтгандим, болакай! Сен билан автотураргоҳда кўришамиз”, — деди.

У жуда жиддий эди. Ўша вақтда нималарни ўйлаганим ҳамон эсимда: “Наҳотки, бу ердан кета олмасам”. Бахтимга жамоадошларим мени ташлаб кетмади, улар мени ҳимоя қилиб, уйга соғ-омон, хавфсизликда етиб олишимга кўмаклашишди.

Аммо бу ҳикоянинг охири эмасди. Ўтган Рождествода оиламни кўриш учун уйга бордим. Иш бўйича банкка киришим керак эди. Шу боис машинамни тўхташда қолдириш учун, тураргоҳга кирдим. Кичкина будка ичида ўтирган йигит менга машина тўхташ учун талонини узатди. У жуда ҳам таниш туюлди, у ҳам мени танигандек қараётган эди. Талонни олдим ва кетиш учун ортимга қайрилдим...У менга: “Эй, бола! Болакай!” Мен ортга қайрилдим. У давом этди: “Мени эслайсанми, “Варзеа”! Мен сенинг оёқларингни синдирмоқчи бўлгандим!”.
Ишона олмасдан унга жавоб қайтардим: “Йўғэ, дўстим, мен сенга ишонмайман. Биламан, ҳазиллашгандинг”. У эътироз билдирди: “Йўқ, бро! Хато қиляпсан. Сени ростдан ҳам майиб қилмоқчи эдим. Энди эса сен менинг энг яхши кўрган жамоамда ўйнаяпсан, дўстим! Мен сени яхши кўраман! Бунга ишона олмайман. Агар оёғингни синдирганимда нима бўлишини тасаввур қила олмас эдинг?”.

Биз роса кулишдик ва у билан бирга суратга тушдик.

Мен билан бўлган нарсаларни таърифлаш учун Бразилияда бир ибора қўлланади. Ҳаётим сувдан винога айланди. Беш йил олдин “Варзеа”да ўйнардим ва шунчаки яшаб қолишни, қачондир катта клублар сафида ўйнашим мумкинлиги ҳақида орзу қилардим. Ҳозирда автобус ҳайдаётган, қурилиш ёки супермаркетда ишлаётган одамлар ўша вақта кучли футболчи эди ва мен улар билан бирга тўп сурганман. Гап уларнинг иқтидорсиз ёки ўз устида кам ишлаганида эмас. Шунчаки, улар ҳаёт учун пул ишлаб топишлари керак. Шунинг учун ҳам улар ўз орзулари томон олға юра олишмаган.

Агар онам бўлмаганида, мени қўллаб-қувватламаганида мен ҳам уларнинг қаторида бўлардим.

Орзуларим ушалди
15 ёшлигимда “Палмейрас”да кўрикдан ўтиш учун имконият пайдо бўлди. Ҳаммаси шундан кейин бошланди. Ёшлар жамоасига қўшилишга эришдим ва бириничи шартномамга имзо чекдим. Кейин эса воқеалар ҳаво кемаси тезлигида ривожланиб кетди. Кейин асосий жамоага қўшилдим. Бироз ўтиб эса, Рио-2016 Олимпиадасида иштирок этиш учун Бразилия олимпия терма жамоасига чақирилдим.

Миллий терма жамоадан қўнғироқ бўлганида, ҳис-туйғуларим ичимга сиғмасди.

Ўша дақиқа мен учун қандай аҳамият касб этишини билганингизда эди... Бор йўғи икки йил, ЖЧ-2014 мусобақасидан аввал мен деворларни бўярдим. Сурат чизиш қўлидан келадиган болалар деворларга таниқли футболчиларнинг, масалан, Неймар, Давид Луизларнинг фреска, суратларини чизишганди.

Орадан икки йил ўтиб, Олимпиадада Неймар билан бирга тўп сурдим. Сариқ майкани илк бор кийганим ёдимда. Ўзимни орзуси ушалгандек ҳис қилгандим.

2016 йилдаги бу мусобақа бразилияликлар учун ўзгача аҳамият касб этарди. Чунки Олимпиаданинг олтин медаллари Бразилия қўлга киритмаган ягона унвон эди. Босим фақат мусобақа Риода ўтаётганилги учун юқори бўлибгина қолмай, балки охирги ЖЧ сабаб ҳам босим катта бўлаётганди. Кўнгилдагидек чиқмаган икки ўйин сабаб бизни ва айниқса, Неймарни қаттиқ танқид остига олишарди. Олимпиада олтин медалларини ютганимиз эса биз каби бутун мамлакат учун ўзгача дақиқаларни тақдим этди.

Мен ЖЧ-2018 да иштирок этиш учун қўлимдан келганини қиламан. Аммо Бразилия — бу Бразилия. Жамоада рақобат ўта кучли, ҳеч кимга асосий таркибдан ўрин кафолатланмаган. Айнан шу нарса “Манчестер Сити”га келишимга асосий сабаб бўлган. Футболда ўсишдан тўхтаб қолмаслик кераклигини тушуниб етгандим.

Айтиш мумкинки, бу ердаги кўп нарсалар Бразилиядагидан фарқ қилади. Бу ерда қуёшни камдан кам кўрасиз. Менда бошқа қуёшли ўлкалардан ҳам таклифлар бўлганди, аммо Пеп Гвардиола қўл остида ўйнаш имкониятини қўлдан бой бергим келмади.

Бу мен ташриф буюрган чиндан-да совуқ ва тилини билмайдиган илк мамлакатим эди. Бу жиддий чақирув эди. Лекин бошқа жойга ўтишни ўйлаб турган вақтимда, жаноб Гвардиоланинг ўзи сим қоқиб, менинг унга кераклигимни ва жамоасининг муҳим бўлаги сифатида кўраётганини айтгани бошқача таъсир қилди. Ахир бу мен учун жуда муҳим эди. У менинг келажагим борасида ростдан қайғураётганини кўрсатди. У билан суҳбатда сўнг иккинчи марта ўйлаб ўтирмадим ва қарор қабул қилдим.

Англияга кетишдан аввал бир иш қилдим. Ҳаётимдаги бир бўлимни ёпишга тўғри келди. Шу сабабдан “Пекениньос” майдонига қўлимда бутсилар билан қайтдим. Аммо 9 ёшда бўлганим каби, қўлимда битта эмас, балки энг яхши 250 жуфт бутсилар бор эди.

“Алô Мãе!” (“Алло, Онажон!”)
Алдаб ўтирмайман. Биринчи бор “Сити”га келганимда, ўзимда бор бўлган нарсаларни йўқотгандек ҳис қилардим. Онамнинг Англия—Бразилия орасида кезиб юришига тўғри келди. Мен учун онамдан узоқда бўлиш қийин эди. Чунки онам мен учун ҳамма нарса эди. У мен учун ҳам она ҳам ота эди.

“Пекениньос”да ўйнаган вақтим болалар оталарини кутиб турган ҳолатлар эсимда. Мен эса ёлғиз эдим. Бу жуда оғир эди. Аммо энди ким менда отам ҳақида сўраса, мен жавоб бераман: “Онам — менинг отам ҳамдир”. У мен ва акаларим учун нима қўлидан келса, барчасини бажарди.

Онам менинг яна бир ниқобсиз ҳақиқий қаҳрамонимдир
Шунинг учун гол урсам, у майдонда бўлмаса ҳам “трубкани кўтараман” ва онам билан суҳбатлашаман. “Алô Мãе!” (“Алло, Онажон!”)

Мен шу ҳаракатни такрорлар эканман, буни нафақат онам учун, балки оила аъзоларим, яқинларим, дўстларим, мураббий Мамеде ва Бразилиядаги менинг ҳозирги Жезус бўлишим учун ёрдам берганларга бағишлайман.

Мен хаёлпарастман. Энг катта орзуларимда ҳам бундай даражага етаман деб ўйламагандим. Биламан, ЖЧ олдидан девор бўяётган жуда кўплаб болалар бор. Балки, улар катта клубларда тўп сурмас. Балки, уларга бу даражага чиқа олмасликларини айтишар. Аммо мен уларга ҳеч қачон орзуларининг амалга ошиши учун курашишни тўхтатмасликларини сўрардим.

“Этиҳад” йўлагидан чиқишимдан 4 йил аввал, мен “Вареза”да ўйнардим ва менга оёғимни синдириш билан тахдид қилишарди.

Ҳозирда сенинг ҳаётинг чиндан ҳам бутерброд ва лимонаддан иборатдир, лекин орзуларинг йўлида курашни давом эттирсанг.... Дўстим, нима бўлишини ким билади?

Сув винога айланиши мумкин!
Мен ҳам болаларга юзланмоқчиман. Агар ушбу ҳикоямни охиригача ўқиб бўлган бўлсанг, охириги сўзларимни тингла! Ҳеч қачон орзу қилишдан тўхтама! Ие, тўхта, яна бир гап! Мен учун яна бир иш қил! Онажонингга қўнғироқ қил! У сени жуда соғинган!

Sports.ru сайтидан Асрор Абдуназаров таржима қилди

Рейтинг: +103   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика