"Ал Ҳилол"нинг Ўзбекистонга илк ташрифи: президент қароргоҳи, журналистлар сабабли алмаштирилган самолёт ва арабларни "қутқариб қолган" қўй

Оқил Абдубарноев
23 ноя 2026, 11:00
2006 йилнинг апрель ойида Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол" клуби ўз тарихида илк бор Ўзбекистонга ташриф буюрди.

Осиё Чемпионлар лигаси доирасида Муборакнинг "Машъал" жамоасига қарши кечган баҳс саудияликлар учун кутилмаган мағлубият билан якунланди. Бироқ ушбу сафар нафақат майдондаги натижа, балки журналистлар учун алмаштирилган самолёт, меҳмонларнинг расмий қароргоҳга жойлаштирилиши, мухбирлар дуч келган чекловлар, жазирама иссиқ ва клуб президентининг кескин баёнотлари билан ҳам тарих саҳифаларида муҳрланиб қолди. Саудия матбуотининг ўша даврдаги архивлари йигирма йил аввалги воқеаларнинг эътиборга молик тафсилотларини очиб беради.

MkT_mXdpp1kwP2y91QZjfhKEPsHUW7sL72W_UnrDmasXyWK0mqMeScFNrJAhu40WOodCNTwhJBwn8jKDHjfObNWbBwQkSeVP9MCt5Vv2TDGXzE7K28Wl5NslHK1FS5sx0_gaXIJ_KiHoJn8VUCDKJ3wPWf0FOgZFSRH7CfO2g9ialF0X9po9TazVxMK8bTK0.jpg

"Ал Ҳилол"нинг Ўзбекистондаги илк расмий учрашуви

2006 йил 26 апрель куни Қарши шаҳрида Осиё Чемпионлар лигаси гуруҳ босқичи доирасида "Машъал" ва "Ал Ҳилол" жамоалари ўзаро тўқнаш келди. Саудия клуби учун мазкур баҳс тарихий аҳамиятга эга эди. "Ал Жазира" газетасининг 2006 йил 26 апрелдаги сонида қайд этилишича, "Ал Ҳилол" бунга қадар ўзбек клублари билан куч синашган бўлса-да, Ўзбекистон ҳудудида ҳали бирор марта расмий ўйин ўтказмаганди. Хусусан, жамоа 1998 йилда "Навбаҳор" билан Ливан пойтахти Байрутда, 1999 йилда эса Бирлашган Араб Амирликларининг Ал Айн шаҳрида рўбарў келган. Шу боис "Машъал"га қарши беллашув саудияликларнинг мамлакатимиздаги биринчи расмий учрашуви сифатида тарихга кирди.

Ўша мавсумда Муборакнинг "Машъал" клуби ҳам Осиё Чемпионлар лигасида дебют қилган эди. Виктор Жалилов мураббийлигидаги жамоа 2005 йилги Ўзбекистон чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритиб, қитъанинг энг нуфузли клублар мусобақасига йўлланма олганди. Қуръа натижаларига кўра, "Машъал" Саудия Арабистонининг "Ал Ҳилол", БААнинг "Ал Айн" ва Ироқнинг "Ал Минаа" клублари билан бир гуруҳдан жой олди. Муборакдаги стадион мусобақа талабларига жавоб бермагани сабабли жамоа уй учрашувларини Қаршида ўтказди.

12 апрель куни Ар-Риёддаги Қирол Фаҳд халқаро стадионида бўлиб ўтган дастлабки баҳсда "Ал Ҳилол" ўзбекистонлик рақибини 5:0 ҳисобида мағлуб этган эди. Мезбонлар сафида Мишъал ал-Мурий, Жованни, Аҳмад ас-Сувайлиҳ, Камачо ва Муҳаммад аш-Шалҳуб рақиб дарвозасини ишғол қилганди. Шундай йирик ғалабадан сўнг саудияликларнинг Қаршида ҳам устунлик қилиши тахмин қилинган, бироқ жамоа Ўзбекистонга асосий таркибда кела олмади.

Тўққиз етакчисиз қолган жамоа

2006 йил ёзида Германияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига тайёргарлик кўраётган Саудия Арабистони миллий терма жамоаси сафига "Ал Ҳилол"нинг тўққиз нафар етакчи футболчиси жалб этилган эди. Улар орасида таниқли дарвозабон Муҳаммад ад-Даайя, ҳужумчилар Сами ал-Жобир ва Ёсир ал-Қаҳтоний, шунингдек, Муҳаммад аш-Шалҳуб, Навоф ат-Тамёт, Холид Азиз, Умар ал-Ғомдий, Абдулазиз ал-Хасрон ҳамда Муҳаммад ал-Анбар бор эди.

Қолаверса, Қарши сафари арафасида "Ал Ҳилол" Саудия Арабистони чемпионлигини ҳам бой берди – 21 апрель куни ўтказилган ҳал қилувчи учрашувда жамоа "Ал Шабаб"га 0:3 ҳисобида имкониятни бой берди. Беш кун ичида иккинчи муҳим ўйинга ҳозирлик кўрган мураббийлар штаби таркибни сезиларли даражада янгилашга мажбур бўлди. Клубнинг ўша пайтдаги президенти шаҳзода Муҳаммад бин Файсал ёш футболчиларга ишонч билдириб, мазкур баҳс улар учун ўзини кўрсатиш ва келгуси мавсумга тайёргарлик кўришда муҳим синов эканини таъкидлади.

Журналистлар учун алмаштирилган самолёт

Сафардаги илк ғайриоддий воқеа ҳали Ар-Риёддаёқ юз берди. "Ар-Риёд" газетасининг Қаршига хизмат сафарига юборилган махсус мухбири Файсал ал-Абдулкарим 25 апрелдаги репортажида делегация парвози икки соатдан ортиқ кечикканини ёзди. Бунга техник носозлик эмас, балки клуб раҳбариятининг қарори сабаб бўлган эди.

Дастлаб ажратилган самолётда футболчилар, мураббийлар ва расмий делегация аъзолари билан бирга сафарга отланган барча журналистлар учун жой етмади. Шундан сўнг клуб президенти каттароқ ҳаво кемаси ажратилишини сўради. Натижада самолёт алмаштирилиб, кўпроқ оммавий ахборот воситалари вакилларининг Ўзбекистонга бориши таъминланди.

"Ал Жазира" газетаси маълумотларига кўра, делегация хусусий самолётда тахминан уч ярим соат парвоз қилиб, Қаршига маҳаллий вақт билан соат 21:00 атрофида етиб келди. Парвоз кечиккани боис футболчилар ўша кунга режалаштирилган тўлақонли машғулотни ўтказа олмай, енгил чигалёзди машқлари билан чекланди. Делегацияга клуб президенти Муҳаммад бин Файсалнинг ўзи бошчилик қилди.

Ўзбекистонлик журналистларни ҳайратга солган таркиб

Саудия делегациясини Қаршида "Машъал" клуби раҳбарияти, Ўзбекистон футбол ташкилотлари мутасаддилари ҳамда маҳаллий журналистлар кутиб олди. Файсал ал-Абдулкаримнинг қайд этишича, ўзбекистонлик мухбирлар меҳмонлар қайдномаси билан танишгач, ҳайратга тушган – жамоанинг аксарият таниқли юлдузлари сафарга келмаган эди.

Айрим журналистлар буни рақибни чалғитишга қаратилган тактик усул сифатида тахмин қилди. Бироқ "Ал Ҳилол" вакиллари асосий ўйинчилар миллий терма жамоанинг жаҳон чемпионатига тайёргарлик йиғинида эканини тушунтирди. Маҳаллий матбуот эса саудияликларнинг кучсизланган таркибини "Машъал" учун қулай имконият дея баҳолади.

Меҳмонхона ўрнига президент қароргоҳи

Ташрифнинг энг эътиборли жиҳатларидан бири меҳмонларнинг қаерга жойлаштирилгани билан боғлиқ. 2006 йил 27 апрель куни "Ар-Риёд" газетасида эълон қилинган интервьюда Муҳаммад бин Файсал Саудия Арабистони футбол федерацияси раҳбарияти ҳамда мамлакатнинг Ўзбекистондаги дипломатик ваколатхонаси фаолиятидан норозилигини очиқ баён этди. Унинг сўзларига кўра, муҳим халқаро баҳсга йўл олаётган клубни федерациянинг масъул раҳбарлари кузатиб қўймаган, Ўзбекистонда эса делегацияни элчихона вакиллари кутиб олмаган.

Шу билан бирга, шаҳзода "Машъал" раҳбарияти кўрсатган меҳмондўстликни алоҳида эътироф этди. Унинг айтишича, Қаршида муносиб меҳмонхоналар етарли бўлмагани сабабли "Машъал" мутасаддилари шаҳар ҳокими билан ҳамкорликда делегацияни расмий қароргоҳга жойлаштирган. Клуб президенти ўз интервьюсида айнан "президент саройи" иборасини қўллаган.

Бу маълумотни иккинчи мустақил манба ҳам тасдиқлайди: "Ал Жазира" газетасининг 26 апрелдаги сонида махсус мухбир Абдуллоҳ ал-Моликий делегация истиқомат қилган бинони "Қаср ад-дийофа" – "Меҳмонлар саройи" деб атаган. Шундай қилиб, икки нашр ҳам "Ал Ҳилол" вакиллари оддий меҳмонхонада эмас, балки расмий қароргоҳда тунаганини қайд этган. Гарчи мазкур бинонинг аниқ номи ва расмий мақомини тасдиқловчи маҳаллий ҳужжатлар ҳозирча аниқланмаган бўлса-да, бу факт "Машъал" томонидан ташкил этилган қабулнинг нақадар ўзига хос бўлганини кўрсатади.

Қароргоҳдаги чекловлар ва техник қийинчиликлар

Расмий қароргоҳда жойлашиш ўзига яраша ноқулайликларни ҳам келтириб чиқарди. "Ал Жазира"нинг 26 апрель сонида "Меҳмонлар саройи масъуллари журналистларнинг чиқишига рухсат бермади" сарлавҳали алоҳида хабар чоп этилди. Абдуллоҳ ал-Моликийнинг ёзишича, қароргоҳ маъмурияти саудиялик мухбирларнинг мустақил равишда ташқарига чиқишини тақиқлаган. Бу чора меҳмонлар хавфсизлигини таъминлаш ва бинонинг расмий мақоми билан изоҳланган; журналистлар шаҳарга чиқиши учун уларга маҳаллий масъуллар ҳамроҳлик қилиши шарт эди.

Мухбирлар касбий фаолият давомида бошқа муаммога ҳам дуч келди. Қароргоҳда интернет алоқаси мавжуд бўлса-да, компьютерлардаги дастурий таъминот ўзбек тилида бўлгани араб журналистларининг материалларини таҳририятга юборишини мураккаблаштирди. Натижада оддий репортаж узатишнинг ўзи ҳам мухбирлар учун жиддий машаққатга айланди.

Саудияликлар дастурхони учун сўйилган қўй

Сафарга оид яна бир қизиқарли воқеа "Ал Жазира" газетасининг 25 апрелдаги сонида ёритилган. Нашр хабарига кўра, мезбонлар томонидан дастлаб тайёрланган кечки таомлар саудиялик футболчиларнинг дидига унчалик мос келмаган. Шундан сўнг Муҳаммад бин Файсал делегация учун бутун бир қўй сўйиб, таом пишириб беришни сўраган. Шу тариқа тайёрланган кечки овқат меҳмонларга манзур бўлган.

Газетада ушбу лавҳа ўзбек қўйи "Ал Ҳилол"ни қутқариб қолгани мазмунидаги ҳазиломуз сарлавҳа билан берилган. Бу каби тафсилотлар Саудия матбуоти Қарши сафарида фақат спорт натижасини эмас, балки жамоанинг кундалик турмушини ҳам диққат билан кузатганидан далолат беради.

Журналистлар автобусида юрган шаҳзода ва майдондаги машғулот

Абдуллоҳ ал-Моликий ташриф давомида клуб президенти билан боғлиқ яна бир қатор ноодатий ҳолатларни қайд этган. Жумладан, "Машъал" раҳбарияти Муҳаммад бин Файсал учун алоҳида автомобиль ажратган, бироқ шаҳзода бу хизматдан воз кечиб, стадионга журналистлар автобусида боришни маъқул кўрган.

Ўйинолди машғулотида эса клуб президенти майдондан сураткашлар чиқиб кетгач, футболчилар сафига қўшилиб машқ қила бошлаган. Мухбирнинг ёзишича, у бир неча техник ҳаракатларни намойиш этган, аммо жисмоний тайёргарлиги етарли бўлмагани сабабли тез чарчаган. Ушбу машғулотни "Машъал" клуби вице-президенти ҳам кузатиб турган. Араб тилида сўзлашувчи делегация ва ўзбекистонлик ташкилотчилар ўртасидаги мулоқотда эса Камол исмли жазоирлик таржимон воситачилик қилган.

38 даража жазирама ва стадион билан боғлиқ муаммолар

"Ал Ҳилол"нинг Қаршидаги машғулотлари ва ўйини кундузги жазирама шароитга тўғри келди. "Ал Жазира" нашри учрашув пайтида ҳаво ҳарорати 38 даражагача кўтарилиши мумкинлигини ёзди. Маҳаллий вақт билан соат 16:00 да бошланган сўнгги машғулотда футболчилар иссиқдан қаттиқ қийналди; хусусан, ҳужумчилар Абдуллоҳ ал-Жумъан ва Аҳмад ас-Сувайлиҳ машғулотнинг бир қисмини футболкаларини ечган ҳолда ўтказди.

Бундан ташқари, майдон чимининг ҳолати ҳам саудияликларни қониқтирмади. Клуб президентининг кейинчалик маълум қилишича, "Ал Ҳилол" ва "Машъал" раҳбарлари биргаликда учрашувни икки соатга кечиктиришни сўраган, аммо Осиё футбол конфедерацияси стадион ёритиш тизими талаб даражасида эмаслигини важ қилиб, таклифни рад этган. Бу қарор Муҳаммад бин Файсалнинг ОФК фаолиятидан норозилигини янада кучайтирди.

"Ал Жазира" хабарига кўра, яна бир ноодатий қарор қабул қилиниб, ОФК техник комиссияси ўйинолди машғулотидан сўнг ўтказилиши белгиланган мураббийлар матбуот анжуманини бекор қилган.

Ўн бирга қарши тўққиз – Қаршидаги кутилмаган ғалаба

26 апрель куни Қаршидаги стадионда "Машъал" ва "Ал Ҳилол" майдонга тушди. Мезбонлар таркибида "Насаф"дан ижарага олинган Ботир Қораев ва Зафар Холмуродов, шунингдек, Жасур Ҳасанов, Шуҳрат Мирхолдиршоев, Анвар Ғофуров ҳамда Рашид Ғофуров каби футболчилар ҳаракат қилди. "Ал Ҳилол" эса асосан ёшлар ва терма жамоага чақирилмаган ўйинчиларга таянган бўлса-да, таркибда бразилиялик Жованни, ҳимоячи Марсело Таварес, Фаҳд ал-Муфарриж сингари тажрибали футболчилар ҳам бор эди.

"Машъал" илк дақиқаларданоқ ташаббусни қўлга олди. Биринчи бўлимда саудияликлар дарвозабони Фаҳд аш-Шаммарий бир неча хавфли вазиятда жамоасини муқаррар голдан сақлаб қолди ва жамоалар танаффусга 0:0 ҳисобида йўл олди.

Иккинчи бўлимда мезбонларнинг босими ўз самарасини берди. 50-дақиқада Ботир Қораев ҳисобни очди. 82-дақиқада эса Зафар Холмуродов дарвозабондан қайтган тўпга биринчи бўлиб етиб бориб, орадаги фарқни иккитага етказди. Шу тариқа, сафардаги учрашувда 0:5 ҳисобида имкониятни бой берган жамоа ўз майдонида ишончли ҳисобда олдинга чиқиб олди.

Бироқ баҳснинг сўнгги дақиқалари ўта кескин тус олди. "Машъал" аъзолари Жаҳонгир Жиёнмуродов ва Камолиддин Кенжаев майдондан четлатилиб, мезбонлар ўйинни тўққиз киши бўлиб якунлашга мажбур бўлди. Ҳакам томонидан қўшиб берилган вақтда (90+2-дақиқа) "Ал Иттиҳод" хабарига кўра, Ботир Қораевнинг қўлига тўп теккани учун мезбонлар дарвозаси томон пенальти белгиланди. Абдуллоҳ ал-Жумъан 11 метрлик зарбани аниқ амалга ошириб, ҳисобни қисқартирди. Шунга қарамай, икки футболчисидан айрилган "Машъал" 2:1 ҳисобидаги ғалабани сақлаб қолишга муваффақ бўлди.

ОЧЛ-2006. Гуруҳ босқичи. 

26.04.2006. 15:00, Қарши "Меҳнатчи" стадиони

"Машъал" - "Ал Ҳилол" 2:1

Голлар: Ботир Қорев 50, Зафар Холмуродов 82 - Абдулла Ал Досари 90+2

"Машъал": Павел Бутенко, Ҳамза Каримов, Дилявер Ваниев, Ботир Қораев, Камолиддин Кенжаев, Анвар Ғофуров, Анатолий Остап (Жаҳонгир Жиямуродов, 46) Рустам Қодиров (Зафар Холмуродов, 57) Рашид Ғофуров (Виктор Клишин, 85) Жасур Ҳасанов, Шуҳрат Мирхолдиршоев.

"Ал Ҳилол": Фаҳад Ал Шаммари, Абдулазиз Абдуассалам, Абдулазиз Ал Ҳилоли, Фаҳед Ал Мофаржи, Камел Муса, Марсело Таварес, Мешал Ал Мури, Аҳмад Ал Суваил, Абдулла Ал Доссари, Султон Ал Барган, Жованни.

Четлатишлар: Жаҳонгир Жиямуродов, Камолиддин Кенжаев.

OrKbkeIokPYSyNoFjtonqW6SuYZ29VQ_lRnC3X0UEdwMMQvl5HIXGSuxoFwZOCBN3Bvuv58xh_6FX9EDckibxGWFF1NGeaEGNHDX8trktb1CcWD9ju_g2FhG2UKeTC2ezrAVVKsHd6kK-dg9MEEasDUSXufv1stYow9ZCsg2tc9Pt0xJOKfZ8m3U7J89WNwM.jpg

Мураббий мағлубиятни қандай изоҳлади?

Учрашувдан сўнг "Ал Ҳилол" бош мураббийи, бразилиялик Жозе Клебер "Ар-Риёд" газетасининг 27 апрелдаги сонида мағлубият сабабларига тўхталди. Мутахассиснинг фикрича, майдон сифати режалаштирилган тактик услубни амалга оширишга имкон бермаган, кундузги жазирама эса вазиятни янада оғирлаштирган. Клебер ҳатто журналистларнинг ўзлари ҳам иссиқдан қийналганини эслатиб, футболчилар ана шундай шароитда 90 дақиқа югуришга мажбур бўлганини таъкидлади.

Бундан ташқари, бразилиялик мураббий ҳакамликдан ҳам норози бўлиб, бош ҳакам "Машъал" футболчиларининг қўпол ҳаракатларига нисбатан етарлича қатъият кўрсатмаганини иддао қилди. Ҳужумчи Аҳмад ас-Сувайлиҳ ҳам иссиқ об-ҳаво ва рақибнинг кескин кураши жамоа ўйинига салбий таъсир этганини айтди.

Клуб президентининг кескин баёнотлари

Мағлубиятдан кейин "Ал Ҳилол" президенти Муҳаммад бин Файсал кескин танқидий фикрлар билдирди. У жамоанинг гуруҳдаги аҳволи оғирлашганини тан олса-да, бунда фақат футболчиларни айблаш нотўғри эканини айтди. Шаҳзода яна бир бор Саудия футбол мутасаддилари ва дипломатик вакилларни халқаро майдонда мамлакат шаънини ҳимоя қилаётган клубга етарлича эътибор қаратмаганликда айблади.

Шу билан бирга, у "Машъал" раҳбариятига, хусусан, делегацияни муносиб жойлаштиришдаги ёрдами учун такроран миннатдорлик изҳор этди. Клуб президенти майдонга тушган ёш футболчиларнинг ҳаракатларидан тўлиқ норози эмаслигини, оғир шароитда орттирилган халқаро тажриба уларнинг келажакдаги фаолияти учун фойдали бўлишини қайд этди. У ҳакамнинг Қаршига айнан ўйин куни етиб келгани ва техник йиғилишда қатнашмагани юзасидан ҳам эътироз билдирди, бироқ ушбу даъво бўйича ОФКнинг расмий тасдиғи аниқланмаган.

Гуруҳдаги мураккаб вазият ва якуний манзара

Қаршидаги мағлубият "Ал Ҳилол"нинг кейинги босқичга чиқиш имкониятларини кескин пасайтирди. Тўртинчи тур якунларига кўра, "Ал Айн" 10 очко билан пешқадамликни сақлаб қолди, "Машъал" 7 очко билан иккинчи, "Ал Ҳилол" эса 6 очко билан учинчи поғонага тушиб қолди. Ўша давр регламентига биноан, гуруҳдан фақат биринчи ўрин соҳибигина плей-офф босқичига йўл оларди.

Кейинги турда "Ал Ҳилол" ўз майдонида "Ал Айн"ни 2:1 ҳисобида мағлуб этиб, умидини сақлаб қолди. Бироқ 17 май куни Ироқнинг "Ал Минаа" клуби билан қайд этилган 1:1 ҳисобидаги дуранг саудияликларни мусобақадан чиқариб юборди. Якуний жадвалда "Ал Айн" 13 очко билан биринчи, "Ал Ҳилол" 10 очко билан иккинчи, "Машъал" эса 8 очко билан учинчи ўринни эгаллади. Шу тариқа, муборакликлар ҳам гуруҳ босқичидан ўта олмади.

Эътиборлиси, "Машъал" бош мураббийи Виктор Жалилов май ойининг биринчи ярмида истеъфога чиқарилган. Демак, "Ал Ҳилол" устидан қозонилган шов-шувли ғалабадан кўп ўтмай, ўзбек клубида ҳам мураббий алмашинуви юз берган.

Араб матбуоти хотирасида қолган сафар

"Машъал"нинг зафари араб оммавий ахборот воситаларида кенг акс-садо берди. БААнинг "Ал Иттиҳод" газетаси 27 апрель сонида мазкур ўйинни "Ал Ҳилол Ўзбекистонда кўринмай қолди" мазмунидаги сарлавҳа остида ёритиб, мағлубият саудияликларнинг муаммоларини янада чуқурлаштирганини таъкидлади. "Ал Жазира" эса 29 апрель куни ОФК расмий сайти таҳлилига таяниб, жамоа етакчиларсиз қолганини, дарвозабон Фаҳд аш-Шаммарийнинг маҳоратигина янада йирикроқ мағлубиятнинг олдини олганини қайд этди.

Қизиғи шундаки, мағлубиятга қарамай, ватанига қайтган "Ал Ҳилол" жамоаси аэропортда илиқ кутиб олинди. "Ар-Риёд" газетасининг 27 апрелдаги хабарига кўра, футболчиларни кутиб олиш учун клуб мухлислари, фахрий аъзолар ва раҳбарият вакиллари тўпланган. Бу ҳолат клуб президенти танқид остига олган федерация мутасаддиларининг эътиборсизлигига нисбатан ўзига хос жавоб бўлди.

Орадан йигирма йил ўтган бўлса-да, саудиялик журналистларнинг "Ал Ҳилол"нинг Ўзбекистонга илк ташрифи ҳақидаги репортажлари ҳануз қизиқиш билан ўқилади. Зеро, бу сафар оддий футбол учрашуви доирасидан анча кенг воқеаларга бой бўлди: журналистлар учун алмаштирилган самолёт, меҳмонхона ўрнини босган расмий қароргоҳ, дастурхон атрофидаги ғаройиб воқеа, мухбирлар учун чекловлар, жазирама иссиқ ва клуб президентининг кескин баёнотлари. Энг муҳими эса "Машъал" ўша куни Осиёнинг энг номдор клубларидан бири устидан тарихий ғалабага эришди – саудияликлар учун кутилмаган мағлубият билан тугаган Қарши сафари Ўзбекистон футболи тарихида унутилмас саҳифа сифатида муҳрланди.

Оқил Абдубарноев тайёрлади.

Ўхшаш янгиликлар

Оқил АбдубарноевМуаллиф
Манба: Championat.asia