Latest news

10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  1 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионери тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  6 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0

Юрий Ковтун: “Ўзбекистонни Россиядаги мундиалда кўриш мен учун ёқимли бўларди” News

Юрий Ковтун: “Ўзбекистонни Россиядаги мундиалда кўриш мен учун ёқимли бўларди”

Ўз вақтида “Спартак” ҳамда Россия терма жамоасидаги ишончли ўйинлари орқали мухлисларимизга яхши таниш бўлган Юрий Ковтун айни чоғда Россия биринчи дивизионидаги “Тосно” клубида мураббий сифатида ишлаб келмоқда.

Ўз даврининг моҳир ҳимоячиларидан бири бўлган Ковтунни мухлисларимиз ҳам яхши эслаб қолишган. Уни излаб топишимиз осон бўлгани йўқ. Аммо барибир ўз мақсадимизга эришдик.  

- Юрий Михайлович, Биз сизни яқин ўтмишнинг таниқли ўйинчиларидан бири сифатида биламиз. Шу боис сиздан интервью олишни истаймиз. Розимисиз?
- Ҳа, албатта, розиман. Бемалол саволларингизни беришингиз мумкин.

- “Тосно”даги ишларингиз қандай?
- Чакки эмас, футболда ҳар қандай жамоа имкон қадар ўйинларни фақат ғалаба билан тамомлаш пайида бўлади. “Тосно” ҳам бундай истакдан мустасно эмас. Ҳаракат қиляпмиз, тер тўкяпмиз... Хуллас, футболда ғалаба билан мағлубият ёнма-ён юради. Баъзида муваффақиятга эришганингиздан кейин навбатдаги беллашувда аламли тарзда ўйинни бой бериб қўйишингз ҳеч гап эмас. Жамоамизда мураббийлар штаби ишни навбати билан босқичма-босқич амалга ошириб бормоқда. Жараён қизғин кечяпти, десам муболаға бўлмайди. Ўйиндан-ўйинга ўтиб борган сайин натижаларимизни яхшилашга интилмоқдамиз.


- Жамоангизда ҳамюртимиз Вагиз Галиулин тўп сурмоқда. Айтинг-чи, у сизларнинг ишончингизни оқлай оляптими?
- Нафақат мен, балки мураббийлар штабидаги бошқа шерикларимнинг ҳам Вагиз ҳақидаги фикри ижобий. Барчамиз яхши, савияли ижрочини клубга таклиф этганимизга шубҳа қилмаймиз. Бизга қанотда самарали ҳаракатлана оладиган ярим ҳимоячини қўлга киритиш эҳтиёжи юзага келганди. Маслаҳатлашган ҳолда Галиулиннинг номзодида тўхталдик. Уни қўлга киритишимиздан олдин Вагиз ҳақидаги маълумотларни тўплашга киришдик, у билан ишлаган мураббийлар билан алоқага чиқдик. Ҳаммаси ҳамюртингиз хусусида фақат яхши гапларни айтди. Айтишим керакки, унинг намойиш этаётган ўйинидан қониқиш ҳосил қилмоқдамиз. Умид қиламанки, Галиулин билан бундан кейин ҳам ҳамкорлик қилишда давом этамиз. Албатта, биринчи навбатда ўйинчини жамоада олиб қолиш истаги бош мураббийдан чиқиши керак. Ўйлайманки, бу масалада муаммо бўлмайди.  

- Юртимиздаги мухлислар ўйинчи Ковтун ҳақида яхши биладилар, лекин мураббий сифатида қандай фаолият юритаётганидан бехабарлар...
- (Кулади) Биласизми, ўйинчининг кейинчалик мураббий сифатида ҳам катта муваффақиятларга эришиши ўз-ўзидан содир бўлавермайди. Чунки футболчининг майдондаги вазифаси мураббийникидан кескин даражада фарқ қилади. Мураббийнинг иши анча мураккаб. Очиғи, ўзим ҳақимда бу борада нима дейишни ҳам билмайман. Асосийси, мураббийлик ишига бўлган меҳрим бўлакча. Ҳозирча ёрдамчи сифатида бу соҳадаги билимларим ва тажрибамни ошириб боришга интиляпман. Албатта, кейинчалик ўзимни мустақил равишда синаб кўриш истаги йўқ эмас. Бош мураббийнинг ёрдамчи сифатида футболчилар билан мулоқот қилиш чоғида олтин оралиқни топишга ҳаракат қиламан. Ўзим оилада бошқача муҳитда тарбия кўрганим боис иш жараёнида ўйинчиларга бақирмасликка, улар билан жанжаллашмасликка интиляпман. Қолаверса, ўзим ҳам бир пайтлар худди улар каби ўйинчи эдим. Боз устига мураббийлар борасида омадим чопган. Бесков ва Романцев каби буюк мутахассислар билан ишлаганман. Улар қўл остидаги шогирдлари билан қандай муомала қилишни билардилар.

- Барибир, Юрий Михайлович, сизга шу савол билан мурожаат қилишимга тўғри келаётгани учун мени кечирасиз: ёшингиз 46 да, қачон мураббий сифатида мустақил иш бошлайсиз?
- Дарҳақиқат, бу каби қўйиладиган саволга дабдурустдан аниқ ва тайинли жавоб бериш мушкул. Қолаверса, клубда бош мураббий сифатида ишлайсанми ёки унинг ўринбосари ролини бажарасанми, исталган маҳалда ўзгаришлар юз бериши мумкин. Буни мураббийлар штабида ишлайдиганлар хаёлидан чиқармайдилар. Агар ишлаётган клубингнинг натижалари кўнгилдагидек бўлмас экан, исталган дақиқада фаолиятинг буткул ўзгариб кетиши турган гап. Албатта, штабдагилардан кўра бош мураббийнинг зиммасига катта масъулият тушади. У қўл остидаги шогирдларидан ташқари, ёрдамчилари ва жамоа президентидан тортиб оддий ходимларига қадар ўзаро тил топиша олиши керак. Ҳозирча ўзимни бу ролдаги ишга тайёрлаб бормоқдаман. Умид қиламанки, бир кун менинг ҳам бош мураббий сифатида ишлайдиган пайтим бошланади. 


- Ўзбекистонда охирги марта қачон бўлгансиз? Юртимизнинг футболи ҳақида қандай маълумотларга эгасиз?
- (Кулади) О, Ўзбекистонда охирги марта бўлган пайтимда собиқ Иттифоқ ҳали парчаланишга улгурмаганди. Ўшанда “Навбаҳор”га қарши ўйнгандим. Сизларда шундай жамоа бор, тўғрими?  

- Ҳа...
- Ўшанда ўйинчилик фаолиятимни энди бошлаётгандим. Жамоангиз менда яхши таассурот қолдирган. Сизлардаги энг машҳур жамоа “Пахтакор” ҳисобланади. Бу клуб собиқ Иттифоқ даврида жуда яхши ўйин намойиш этган. Албатта, юртингиз футболи ҳақида маълумотларга бой эмасман. Лекин шуни аниқ биламанки, Ўзбекистонда футболни севадилар.

- Ҳар қандай терма жамоа жаҳон чемпионатида қатнашишни орзу қилади. Биз ҳам узоқ вақтлардан бери шу орзу билан яшаяпмиз. Мутахассис сифатида футбол оламида юз бераётган воқеаларни кузатиб боришингизга шубҳа йўқ. Миллий терма жамоамиз ЖЧ-2018 саралаш баҳсларининг сўнгги раундига йўл олди ва энди Эрон, Жанубий Корея, Хитой, Қатар ва Сурия термаларига қарши курашади. Бу борада имкониятларимизни қандай тахмин қилган бўлардингиз?
- Ҳа, гапингиз рост. Касбимиз тақозосига кўра футбол оламидаги воқеалардан хабардор бўлишимиз керак. Қолаверса, бу ўйинни яхши кўрганим боис турли янгиликларни ўтказиб юбормасликка интиламан. Осиё футболи ҳам жуда қизиқарли. Боз устига собиқ Иттифоқдан ажралиб чиққан республикалар терма жамоаларининг иштирокларини кузатиб бораман. Табиийки, саралашнинг сўнгги босқичида ҳаммага бирдек қийин бўлади. Чунки ҳар қандай терма жамоа жаҳон чемпионатида иштирок этишни истайди. Сизларга рақиб бўлган юрт вакилларининг савиясини юқори деб ўйлайман. Менимча, Ўзбекистон терма жамоаси маҳорат бобида рақибларидан қолишмайди. Ҳа, юртингиз вакилларини Россия мезбонлигида ўтадиган жаҳон биринчилигида кўриш мен учун жуда ёқимли бўларди. Терма жамоангизга сўнгги раундда фақат омад ёр бўлишини тилаб қоламан. 


- Россияда бўлиб ўтадиган жаҳон чемпионатига ҳам икки йил қолди. Айтинг-чи, ҳозирдан юртингизда мундиал нафаси сезиляптими?
- Албатта. Ахир бундай имконият ҳаммага ҳам бирдек насиб этавермайди. Ўйинчи сифатида жаҳон ва Европа чемпионатларида қатнашганман ва бундай улкан футбол байрамларининг руҳи менга яқиндан таниш. 2002 йили Жанубий Корея ва Япониядаги мундиалда, 1996 йили эса Англияда ўтган Европа биринчилигида иштирок этгандим. Тўғри, ҳозирча бизда фақат қурилиш ишлари кетяпти. Қайсидир маънода бу борада сукунат ҳукмронлик қилаётгандек тасаввур уйғонади. Лекин бу бамисоли бўрон олдидаги сукунатга ўхшашиб кетади. Айниқса, ЖЧ ўйинлари ўтказиладиган шаҳарлардаги муҳит ўзгача бўлади. Чиндан ҳам футбол бўйича ўтказиб келинадиган жаҳон чемпионати барча мухлислар учун ҳақиқий байрамдир. Дарҳақиқат, вақт шитоб ўтиб бормоқда. Икки йил ҳам жуда тез ўтиб кетишига шубҳа қилмайман. Ўйинчи сифатида мундиалда қатнашиш ўзига яраша шараф бўлса, бундай улкан футбол форумига мезбонлик қилишнинг аҳамияти ундан-да юқори. Умид қиламанки, Россия панд бериб қўймайди.

- Ҳар қандай киши эртага нима юз беришини олдиндан била олмайди. Айтайлик, эртага сизга Ўзбекистонда ишлаш таклифи келди... қандай йўл тутган бўлардингиз?
- Сизни тушундим. Дарҳақиқат, эртага нима бўлишини чиндан ҳам ҳеч ким билмайди. Боз устига бошдан баланд сакрашнинг иложи йўқ. Агар менга шундай таклиф билан чиқадиган бўлсалар, бундан фақат хурсанд бўламан. Ахир мураббий хизматига бошқалар эхтиёж сезадиган бўлсалар, бундан фақат қувонади. Шундоқ ҳам юртингизда россиялик мутахассислар ишлаганлар. Ҳозир ҳам ишлаётганлар бўлиши эҳтимолдан ҳоли эмас. Қолаверса, юртингиздаги ўйинчилар бизда тўп сургани келганлар. Ҳозир ҳам бир неча нафар юртдошингиз Россияда ўйнамоқдалар ва бу охиргиси эмас. Албатта, подадан олдин чанг чиқариш яхши эмас. Баъзида шундай иш билан шуғулланадиганлар ҳам топилади. Улар мухлислар ўртасида Титов ёки Ковтун фалончи клубда ишлаш учун келармиш, дея гап тарқатишга тушган ҳолда ўзига хос пиар уюштирмоқчи бўладилар. Киши аввало ҳар қандай ҳолат юзага келиши мумкинлигини ёдидан чиқармаслиги керак.

- Дўстларингиз орасида ўзбеклар ҳам борми ва улар билан гаплашиб турасизми?
- Ўз вақтида “Пахтакор” бизга келган пайтида бир юртдошингиз билан танишиб қолгандим. У агент бўлиб ишлайди. Телефон рақамини ҳам ёзиб олгандим, шекилли. Одил Аҳмедовнинг агентини танисангиз керак, мен ўшани назарда тутяпман. “Пахтакор”нинг собиқ ўйинчиси. Ўз вақтида у билан бир дачада яшагандик. Менимча, у Шарипов бўлса керак...

- Агент Санъат Шариповни айтяпсизми?
- Йўқ, исми сал бошқача...Балки мен сал адаштириб юбораётгандирман. “Краснодар”да ўйнаётган Аҳмедов билан Оганесяннинг юбилейида учрашиб қолганимизда у билан гаплашгандим. Хуллас, бу борадаги хотираларим йўқ эмас. (Афтидан, Ковтун Илҳом Шариповни назарда туттган шекилли.муаллиф).

- 2001 йили Жаъфар Ирисметов Москванинг “Спартак” клубида ўйнаганди. Бахтга қарши унинг бу клубдаги ишлари юришиб кетмаган. Уни эслайсизми?
- Албатта, жуда яхши эслайман. Жуда яхши ўйинчи эди, у Олег Романцевда илиқ таассурот қолдира олганди. Лекин негадир ишлари у қадар юришиб кетмаган. Тўғри, уни жамоага келганидан кейин йўқолиб қолган, дея олмайман. У Чемпионлар лигаси доирасидаги ўйинларда иштирок этиб, ўзини бутунлай бошқача савияга тушиб қолганини сезган. Боз устига ўша кезларда асосий таркибдан жой олиш учун рақобат юқори эди. Янги ўйинчи дастлабки учрашувларда ўзини кўрсата олмас экан, руҳан чўкиб қолади. Ирисметов билан ҳам шундай ҳолат кузатилган. Лекин мен уни ўз ишини яхши биладиган ҳақиқий ҳужумчи сифатида эслаб қолганман. Шунчаки, унинг бироз омади чопмаган холос.   

- Ўзингиз яхши билсангиз керак, ҳозир Россияда бизнинг футболчилар – Аҳмедов, Денисов, Галиулин ва Марковлар ўйнамоқдалар. Қолаверса, ватанимизда ёш ва иқтидорли футболчилар кўп. Нима деб ўйлайсиз, кейинчалик ҳам ўзбек футболчилари бу ерга келишда давом этадиларми?
- Ҳа, бу жараён бундан кейин ҳам давом этишига шубҳа қилмайман. Бунинг учун фақат маълумотлар тўплаш керак холос. Ўйлайманки, бунинг иложи бор. Устига-устак ҳар қандай клуб таркибга лаёқайдлик ўйинчиларни жалб этишни хоҳлайди.

- Юрий Михайлович, сизнинг кумирингиз ким бўлган?
- Биласизми, ўйинчилик давримда кимгадир тенглашишни, лаёқайд борасида бошқалардан ортда эмаслигимни исботлаш пайида бўлардим. Мен тўп суриб юрган кезларда етук футболчилар жуда кўпчиликни ташкил этарди. Менинг ўз амплуамда ҳаракат қиладиган ўйинчилар кўпроқ қизиқтирарди. Асосан итальян ўйинчилари саналган Мальдини, Неста ва Костакуртани кўпроқ кузатардим. Уларнинг ўйинини кузатиш асносида ўзимга ҳам нималарнидир кашф этишга интилардим. 


- Биз ва ишқибозларга сизнинг футболдан ташқари хоббингиз борлиги ҳақидаги маълумотлардан воқиф бўлиш қизиқ бўларди...
- (Кулганча) Ўйнаб юрган кезларимда кўпинча сафарларда бўлишимга тўғри келгани боис уйдагиларни қумсаб қолардим. Шу боис иложи бўлган пайтда уйдан чиқмасликка ҳаракат қилардим. Футболдан ташқари ниманидир ёқтириш... менимча, ўзимда бундай ҳолатни сезмаганман. Мураббий сифатида ишлаётган бугунги кунларда ҳам оилам даврасида бўлиш, қизимни эркалатишни ёқтираман. Қолаверса, уй ишлари билан шуғулланиш жону дилим. Фурсат топсам, Санкт-Петербург ва Москва оралиғида сайр қилишни ёқтираман. Мени балиқ овлашни ёқтирадиган киши деб ҳисобламаслигингиз ҳам мумкин (кулади). Мени кўпроқ осуда ҳаёт қизиқтиради. Баъзида шаҳар четидаги ресторанда жимгина дам олишни маъқул кўраман.   

- Тез орада футбол бўйича Европа чемпионати бошланади. Россия терма жамоасининг қитъа биринчилигидаги имкониятини қандай баҳолаган бўлардингиз?
- Албатта, терма жамоамизнинг қитъа чемпионатидаги иштирокини кузатиш жуда қизиқарли бўлади. Боз устига жамоамиз саралаш баҳслари ва ўртоқлик мақомидаги учрашувларда анча ўсганини намойиш эта олди. Слуцкийнинг қўл остида терма жамоамиз тажовузкор ўйин кўрсатмоқда. Вакилларимизнинг гуруҳ босқичида анча енгил рақибларга тўғри келиб қолгани ҳам яхши бўлди. Лекин бундай мақомдаги турнирларда кучсиз жамоанинг ўзи бўлмайди. Ҳаммаси ўйинчиларнинг ўзларига боғлиқ. Асосийси, чемпионат бошлангунича ҳали анча фурсат бор. Унга қадар тайёргарликни сезиларли даражада яхшилаб олиш мумкин бўлади.

- Юрий Михайлович, бу менинг шахсий фикрим: Россия Капеллони ишга таклиф қилиб бекордан-бекор катта пул сарфлагани қолди. Ахир у терма жамоангиз учун деярли ҳеч нарса қилмади...
- Албатта, рус терма жамоасини маҳаллий мутахассис бошқаргани яхши. Буни ҳамма ишқибоз хоҳласа керак. Капеллога чиндан ҳам катта миқдорда пул сафрланди. Ҳаётда ҳаммага бирдек ёқишнинг иложи йўқ. Эҳтимол, унинг ўзи ҳам термамиздаги фаолияти бундай ниҳоясига етишини истамаган бўлиши мумкин. Бўлар иш бўлди, энди буни эслашдан фойда йўқ. Бир босқич ниҳоясига етиб, янгиси бошланган. Энди янги режаларни амалга ошириш ҳақида ўйлаш керак. Бунинг учун аввало келажак авлоднинг тарбиясига катта эътибор бериш зарур. Умуман, ривожланишнинг ҳар қандай босқичига эътибор қаратиш мақсадга мувофиқ бўлади.  

- Сиз “Спартак”да етарли даражада узоқ ўйнагансиз. Шундай машҳур ва совриндор жамоанинг охирги йилларда катта ғалабаларга эриша олмаётгани ғалати. Айтишларича, Романцевнинг қарғиши теккан эмиш...
- (бироз ажабланган ҳолда) Албатта, Романцев ишлаган чоғларида ҳаммаси бошқача йўлга қўйилганди. Одатда бир давр ниҳоясига етиб, навбатдагиси бошланар экан, бу ҳол ўз таъсирини ўтказмасдан қолмайди. Қолаверса, ўша пайтларда бутун жамоа яхлит механизмдек ишлаган, ҳозиргидек манфаатлар борасида зиддиятлар йўқ эди. Ўша кезларда ҳамма ўз иши билан шуғулланарди. Клуб маъмури зиммасидаги, ўйинчилар эса ўз вазифаларини бажариш пайида бўлардилар холос. Бу эса ўз навбатида натижаларнинг барқарорлигига олиб келарди. Кейин эса “Спартак”да ўзгаришлар бошланиб кетди ва аввалги жараён издан чиқди. Айниқса, четдан жуда кўп хорижий ўйинчиларни олиб келишга урғу берилмоқда. Авваллари эса бундай эмасди. Энди четдан келганлар қисқа фурсат тўп суради-да, ўйини чиқмай қолса жамоани тарк этадилар. Бундай қўнимсизлик билан узоққа бориш амримаҳол. Ҳамма бир-бирини яхши тушуниб ишлаган тақдирда натижалар ўзини куттириб қўймайди. Бундай ҳолат мураббийлар борасида ҳам кўзга ташланяпти. Бир мутахассис клубда ярим йил ишлагач ортга қайтса, унинг ўрнига келган одам ҳам узоқ ишламасдан кетиб қолмоқда. Бундай вазиятда жамоадаги футболчиларга ҳам осон тутиб бўлмайди.


- Футболда симуляцилар истасангиз-истамасангиз, кўзингизга ташланаверади. Шу соҳа вакили сифатида видеотакрорлардан фойдаланиш ғоясига қандай қарайсиз?
- Бизнинг давримизда ҳам кураш қизғин кечар, баъзида бундай ғирромликлар кўзга ташланиб қоларди. Бироқ охирги пайтларда ўйинни шундай юритишни истайдиганлар анча кўпайиб қолган. Албатта, аксарият футболчиларни ҳам бундайлар сирасига киритиш тўғри келмайди. Замонавий футболда ҳамма нарса жуда тез юз бермоқда. Умуман айтганда, ўйинчилар чоғида видеотакрорлардан фойдаланиш борасидаги ғояга қарашим ижобий. Шунинг эвазига баҳс чоғида можароли ҳолатлар юзага келишини олдини олиш мумкин. Яна қайтараман: футбол майдонида воқеалар ривожи бамисоли чақмоқ тезлигида юз беради. ФИФА ва УЕФА буни бир овоздан қабул қиладиган бўлса, видеотакрорлардан фойдаланиш айни муддао бўларди.

- Агар сизга футболдаги қоидалардан бирини ўзгартириш имконияти ҳавола қилинса, нимани ўзгартирган бўлардингиз?
- (Кулади) Жуда қизиқ ва шу билан бирга кишини ўйлантириб қўядиган саволни бердингиз-да! Эҳтимол, мен майдондаги ҳакамлар сонини янада оширган бўлармидим... Умуман олганда, футболда ҳакамлар томонидан йўл қўядиган хатолар кўпайиб кетди. Шундай қилинса, бундай хатолар озайган бўлармиди?..

- Собиқ Иттифоқ парчаланиб кетганидан сўнг Россия ва Украинани истисно қилиб айтганда, сизнингча, унинг ҳудудида бўлган қолган республикаларнинг орасида футбол қай бирида кўпроқ ривожланмоқда: Грузиядами, Молдавиядами, Белоруссиядами ёки Ўзбекистондами?
- Биласизми, бундай пайтда таққослаш бироз қийин. Назаримда, Белоруссияда футбол бошқаларга нисбатан анча ривожланмоқда. “БАТЭ” чемпионлар лигасида тез-тез иштирок этиб келади, белоруссиялик ўйинчиларнинг савияси ҳам чакки эмас. Қолганларга нисбатан Грузиядаги ривожланиш унчалик юқори эмас, назаримда. Футбол қаерда қай тариқа ривожланаётганини миллий терма жамоанинг иштирокидан билиб олса бўлади. Умуман айтадиган бўлсам, МДҲдаги терма жамоаларнинг савияси бундан кейин ҳам ўсиши тарафдориман.

- Вақт ажратиб саволларимизга жавоб қайтарганингиз учун раҳмат. Суҳбатимиз охирида ўзбекистонлик футбол ишқибозларига қандай тилаклар билдирган бўлардингиз?
- Асосийси, мухлисларингиз севган клублари ва миллий терма жамоангизни қўллаб-қувватлашда давом этсинлар. Футбол айнан мухлислар учун ўйналади. Умид қиламанки, сизлар ҳам футбол борасида кўзлаган ният-мақсадларингизга эришасизлар. Барчангизга омад ёр бўлсин! Ўз навбатида телефон рақамларимни топиб бўлса ҳам мендан интервью олишга ҳаракат қилганингиз учун сизга ҳам раҳмат айтмоқчиман.


ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.  

Rating: +4   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика