Рим — қайноқ дерби ва гўзал архитектура шаҳри
28 nov 2021 13:00
News
Рим — қайноқ дерби ва гўзал архитектура шаҳри
Римда футбол катта иштиёқ билан томоша қилиниши ҳеч кимга сир эмас. Пойтахтнинг икки маҳаллий клуби — "Рома" ва "Лацио" нафақат Италия пойтахти, балки "Олимпико" стадионини ҳам биргаликда "баҳам кўришади".
Афсонавий римлик бастакор Эннио Морриконе клублар ўртасидаги адоват даражасини баён қилишга ҳаракат қилиб кўрган. Бўлажак бастакорнинг 1-синфлигида деярли барча синфдошлари "Лацио"га мухлислик қиларди.
— Сен ҳам "Лацио"га мухлислик қиласанми? — сўрашди болалар.
— Албатта! — деб жавоб берди Эннио, футболни унча тушунмаса ҳам.
Бир неча кундан сўнг, болакайни отаси билан бўладиган жиддий суҳбат кутиб турарди.
— Эшитишимча, "Лацио"га мухлислик қилар экансан?!
— Ҳа, уларга шундай дедим.
— Уялмайсанми?
Ота ўша заҳоти ўғли томонга қараб пицца бўлагини отди, пицца болакайнинг юзидан секин сирғаниб ерга тушди. Ўша кундан бошлаб Морриконе бутун умри давомида фақат "Рома"га мухлислик қилди!
***
Рим футбол нафасига тўйинтирилган тарихий масканга айланган. Масалан, "Лацио" 1900 йили Озодлик майдонида (Piazza della Liberta) ташкил этилган бўлиб, у ерда 100 йил бўлгани шарафига бағишлаб тайёрланган махсус таблони кўриш мумкин.
Мадзини майдони (Piazza Mazzini) айни дамда хиёбон бўлиб, фаввора билан безатилган, лекин XX аср бошларида у ерда "Лацио" ўйинчилари шуғулланган. 1902 йилда эса айнан шу ерда Рим тарихидаги илк футбол ўйини бўлиб ўтган — "Лацио" 3:0 ҳисобида "Виртус"ни мағлуб этган.
Кейин эса "Лацио" дей Дайни (Parco dei Daini) боғига кўчиб ўтган, бироқ у ерда узоқ қолмаган. 1913 йили клуб у ердан чиқариб юборилган. Сабаби жуда кулгили: баҳс вақтида тўп шу қадар қаттиқ тепиб юборилдики, натижада у каретада кетаётган зодагон аёлнинг бошига тегди. У префектнинг (қадимги Римда маъмурий ёки ҳарбий лавозимдаги шахс) хотини эди. Бу воқеадан ғазабланган эр "Лацио"ни паркдан ҳайдаб юборди.
Виа дели Уффици дель Викарио (Via degli Uffici del Vicario) номли кичик кўча, "Рома" мухлислари учун тарихий жой. 1927 йил 22 июль айнан ўша ерда клуб ташкил топган. Бугунги кунда бинонинг биринчи қаватида ресторан, тепасида турар жой квартиралари бор.
Рим шаҳри архитектурасига гап бўлиши мумкин эмас (Евродаги ғалаба нишонлаган мухлислар билан бунга амин бўламиз). Шаҳарнинг асосий спортмажмуаси ҳам чакки эмас
Рим — ноёб қадимий шаҳар. Унинг архитектурасига турли даврлар ва услублар таъсир кўрсатган (антикдан бароккогача). Бу ерда диққатга сазовор жойлар кўп. Италия термасининг Евродаги ғалабасини нишонлаган ўнг минглаб одамларнинг Рим кўчаларида олган суратларидан фойдаланиб, вазиятга бошқа ракурсдан қарадик ва баъзи хотиралар билан бўлишишга қарор қилдик.
Энг асосий диққатга сазовор машҳур, Рим тарихининг узоқ асрлик рамзи — Колизей. У эрамизнинг биринчи асрида амфитеатр кўринишида барпо этилган бўлиб, антик даврнинг энг чиройли ва энг катта аренаси ҳисобланади. Қачонлардир у ерда гладиаторлар жанглари ҳам бўлиб ўтган.
Нептун фаввораси Навона майдонининг шимолий қисмида жойлашган. У 1570 йили аҳолини сув билан таъминлаш учун қадимги Рим акведуки (сув канали)ни қайта таъмирлаш йўли орқали пайдо бўлган. Ўшанда аҳоли зич жойлашган эди. Фавворалар эса уларни сув билан таъминлашнинг асосий манбаи бўлган.
Витториано — улкан архитектура комплекси бўлиб, у қирол Виктор Эммануил IIга бағишланган. Иншоот жуда кўп майда устунлар, бўртма нақшлар, ҳайкалчалар билан безатилган.
Алоҳида эътиборга лойиқ жой "Италия форуми" спорт комплекси. Унинг таркибига "Рома" ва "Лацио" ўйнайдиган "Олимпико" стадиони ҳам киради. Футбол стадионидан ташқари, майдонда теннис корти, сув ва енгил атлетикларнинг мармар стадионлари бор. Комплекс майдони мармар ҳайкаллари ва антик услубдаги мозаикалар билан безатилган. Масалан, Мармар аренасини 60та спортчининг ҳайкали ўраб туради. Мажмуа Бенито Муссолини ташаббуси билан 1940 йилги ёзги Олимпия ўйинларини Италияда ўтказиш мақсадида қурилган.
Қайноқ Рим дербиси
"Рома" ва "Лацио" ўртасидаги душманлик 1929 йили бошланган. "Лацио" пайдо бўлганига 20 йил бўлган, "Рома" эса энди-энди шаклланаётганди.
Римда бир нечта клублар бўлган, бироқ улар Италия шимолидаги грандларга ютқазиб қўйишарди. Бу эса Муссолинини қониқтирмасди. Шу сабабли, чемпионлик учун кураша оладиган кучли жамоа тузишни истаган. Бунинг учун Римнинг барча клубини бирлаштиришга қарор қилган. Натижада "Романа", "Альба" ва "Фортитудо" жамоаларидан "Рома" клуби ташкил топди. "Лацио" эса клуб генерали ва вице-президенти Жоржжо Ваккаро туфайли мустақил бўлди.
Рим дербиси шафқатсиз ва тажовузкор учрашувлардан бири ҳисобланади. Стадионда бир неча бор ирқчилик ва неонацист мазмунидаги баннерлар ўрнатилган. Баҳслар вақтида эса бир неча бор тартибсизликлар содир бўлган, ҳаттоки, баъзида ўлим ҳолатлари ҳам кузатилган. 1979 йили "Лацио" мухлиси Винченцо Папарелли "Рома" мухлиси отган сигнал ракета (пиротехника воситаси) туфайли кўзи жароҳатланган ва вафот этган.
Лекин баъзида клублар ўртасидаги адоват иккинчи даражали бўлиб қоларди. 2007 йили бутун Италия бўйлаб норозиликлар содир бўлганда, полиция ходими "Лацио" фанати Габриэле Сандрини ўлдириб қўйган. Рим дербисидан аввал Франческо Тотти вафот этган мухлиснинг хотирасини ёд олди. Унинг бу ишини бутун "Лацио" мухлислари олқишлаганди.
Агар "доимий жойлардан" чарчаган бўлсангиз, Тестаччо ёки Трастеверега хуш керибсиз (Тотти шу ерда фаолиятини бошлаган)
Римда туристлар эътиборини тортадиган нуқталар етарлича. Кўпчилик Колизей, Ватикан ва ёки буклетлардаги бошқа локацияларга ошиқади. Бироқ саёҳатни буткул ўзгача ўтказиш мумкин. Бевосита футбол ҳақида гапирадиган бўлсак, Римнинг шимолий туманларида асосан "Лацио"ни қўллаб-қувватлашади. Шаҳарнинг каттагина қисми "Рома" томонида, айниқса Тестаччо ишчи тумани.
Тестаччода нафақат "Рома"га мухлислик шукуҳи бор, балки яна бир нечта локациялар мавжуд — зайтун мойини ташиш учун ишлатиладиган амфора парчасидан барпо этилган сунъий тепалик; миср услубидаги пирамида; туристлар деярли учратмайдиган бозор ва замонавий санъат музейи.
Шунингдек, Трастевере туманига ҳам "меҳмонга кириш" мумкин — бу Римдаги бошқаларга буткул ўхшамайдиган, ўзгача манзарали ва туристлардан ҳоли ҳудуд. Бу ерда, айниқса, ўрта асрларни эслатувчи тор кўчали маҳаллалар, тарихий черковлар, бошқа ҳеч қаерда топилмайдиган услубдаги уйларни кўриш мумкин. Трастевере ресторанларида нарх-наво марказдагидан сезиларли арзон. Шунингдек, буюм бозори ва томоша учун мўлжалланган кенг майдони мавжуд.
Туманда Италиянинг тўртинчи дивизионида иштирок этувчи "Трастевере" клуби бор. Таъкидлаш лозим, айнан шу ерда афсонавий Тотти илк қадамларини ташлаган. У 1984 йил бу ерга кўрикка келган ва болакай қолганлардан икки ёш кичик бўлса ҳам, уни жамоада олиб қолишади. "У чинакамига кичкина, озғин, боши эгик ва хавфсираб ҳаракат қиладиган болакай эди", — деган эди "Трастевере" директори Сантино Фортино.
"Лацио" ва "Рома" футболчилари маслаҳатига кўра, ресторан танлаймиз!
Майдондаги душманликка қарамай, "Лацио" ва "Рома" футболчиларининг умумий томони ҳам бор. Улар зўр ресторанларда ширин таомлар танаввул қилишни хуш кўради.
Бу рўйхатда етакчи — шундоққина Колизей кўриниб турадиган "Aroma". У "Палаццо Манфреди" меҳмонхонасининг юқори қисмида жойлашган. Кечки вақтда бу ерда "дресс-код"га амал қилишни сўрашади. Кечки овқат учун ташриф буюрмоқчи бўлган эркаклардан шим ва кўйлак кийиш талаб қилинади. Шортик-майка ва сандаллар тақиқланади. Нархлар — ўртачадан баландроқ.
Рестораннинг ўзига хос жиҳатларидан яна бири у ерга ҳам "Рома", ҳам "Лацио" футболчилари ташриф буюришни бирдек хуш кўради. Бу ерда эса "Рома" шарафини ҳимоя қилган Алиссон эрталабки машғулотдан аввал қаҳва ичиш учун кирган:
"Aroma"нинг машҳур бош-ошпази Жузеппе Ди Иорио "Лацио"га мухлислик қилади, чоғи. Ўтган йили у 50 ёшни қарши олганда, юбилейга икки футболчи — Баштуш (ҳозир "Ростов" шарафини ҳимоя қилмоқда) ва Лукас Лейвани таклиф қилган. "Рома" футболчилари байрам кечасида кўринмаган.
Бошқа вақт "Рома" ва "Лацио" футболчилари турли жойларда вақт ўтказишади. Балки бунга ҳар икки клуб қароргоҳлари шаҳарнинг турли бурчакларида жойлашгани сабабдир. "Рома" футболчилари "La Locanda Casal Palocco" ресторанини хуш кўришади. Жеко пиццани ёқтиради. Диавара, Спинаццола, Пеллегрини ва Манчини асосан товуқ гўшти, лосось (балиқ тури) ва салатни севиб тановвул қилишади. Яна "Рома" футболчилари — "La Querida" (шинам гўша ва мазали гўшт) ва "I Carnivori" стейк-хаусида кўп кўриниш беришади.
"Лацио" вакиллари соддароқ "Met Concept"ни, шаҳар манзараси чиройли кўринадиган "Le Due Lune" ресторанини, клуб базасидан унча узоқ бўлмаган япон ошхонаси "Nojo" ресторанини ва "Coco Loco" кафесини хуш кўрадилар.
Эслатиб ўтамиз, бугун 22:00дан "Рома" уйда "Торино"ни қабул қилади, тунги 00:45дан эса "Лацио" меҳмонда "Наполи" билан беллашади. Биздан узоқлашманг!
Нозима Зарипова таржимаси
Comments