"Реал" "Барселона"ни "Камп Ноу"да ер билан битта қилиб, Қирол Кубоги финалига чиқди
06 apr 2023 13:40
News
"Реал" "Барселона"ни "Камп Ноу"да ер билан битта қилиб, Қирол Кубоги финалига чиқди
Қирол Кубоги доирасидаги "Класико"дан бир неча соат аввал машҳур блогер Ибаи Льянос (айнан у Пике билан "Kings League" номли медиалигага асос солган) бир твит қолдирди:
"Реал" "Барселона"ни "Камп Ноу"да таслим қилади, Винисиус эса мастер-класс кўрсатиб беради".
Шунчаки ўхшаб қолган тахмин? Бўлиши мумкин, фақатгина бунда Мадрид "Барселона"га Хави келгач, "Класико"ларда омади чопмаётгани, Винисиус эса ҳеч Рональд Араухога қарши қандай ўйнаса, муваффақиятга эришишини тополмаётган бир вазиятда эди.
Умуман олганда, Ибаи ҳақ бўлиб чиқди. Бироқ Хавининг гаплари нишонга ундан ҳам аниқроқ етиб борди. Ўйин олдидан мураббий "Реал" ҳали ҳам фаворитлигини, "Сантьяго Бернабеу"да қўлга киритилган ғалаба ва минимал устунлик амалда ҳеч нима эмаслигини айтиб ўтганди.
Хави бу вазиятда шунчаки дипломатлик қилмаганди. Биринчидан, "Барселона" жароҳатланган Кристенсен, Педри, Френки ва Дембелесиз ўз ўйинини кўрсатиши қийинлашади, иккинчидан, "Реал" плей-офф баҳсларида – Европанинг исталган клуби учун энг ёмон рақиб.
"Мадрид" рақибни "ўлдириш" учун келгани, Карло Анчелотти супер ҳужумкор деб номлаган асосий таркибдан ҳам билиниб турарди. Камавинга – чап қанот фулбеки, Кроос – таянч зонада, Родриго – вингер. Тўпни олиб қўйиш ишларига амалда фақат Феде Вальверде жавоб берарди.
Камавинга ва ёки спорт формаси туфайли захирада қолдирилган Тчуамени йўқлиги сабаб "Барселона" марказдан олдинга ўта оларди, аммо Анчелоттининг режаси бўйича "Реал" ҳимояланиши эмас, жуда кўп ҳужум қилиши керак эди.
Бу нарса иккинчи бўлимда айниқса сезилди. Дарвоқе, негадир "Барселона" футболчилари танаффусдан кейин майдонга қайтишмади. Левандовски Милитао билан тўқнашувдан кейин буткул ўзини йўқотиб қўйди, Камавинга эса контактга бориши ҳам керак бўлмади. У Рафиньяни буткул зарарсизлантира олди. "Барса" футболчиси тўпни кўп бор қабул қилишига қарамай, деярли барчасида уни ё яна ортга, ёки марказдагиларга ошириб қутилди.
Тунда нафақат гол урган, голли узатма бериб, пенальти ишлаган Винисиусдан мастер-класс гувоҳи бўлдик, балки "Олтин тўп"га муносиб бўлган Бензема қайтганини кўрдик. Хет-трик қайд этган Карим "Камп Ноу"да хет-трик қайд этган "Мадрид" тарихидаги иккинчи футболчи бўлди. Биринчи бўлиб бундай натижага 1963 йилда Ференц Пушкаш муваффақ бўлганди.
Рамазон ойидаги Бензема – бу, назаримда, футбол тарихидаги энг яхши футболчилардан бири. Бир неча кун оралиғида "Вальядолид" ва"Барселона"га олтита гол – зўр натижа. Ва эътиборли жиҳати, ҳар икки ўйинда ҳам у натижасини "покер"га айлантириши мумкин эди.
Еврокубоклардаги омадсизликларни "Эл Класико"лардаги муваффақият билан яшириб келаётган Хави эса 0:4 "Класико" учун адолатли ҳисоб эмас деб ҳисоблаши мумкин. Бироқ ўйин бўйича фикрлар субъектив бўлади дейилса, рақамлардан гапирайлик. "Барселона" ярмидан кўпи ортда қолган Ла Лигада умумий ҳисобда 9 та гол ўтказди. Ва "Реал"нинг бир ўзи барча мусобақаларни инобатга олганда 9 та гол урди. Тасодифми, менимча йўқ.
Comments