Latest news

17:15Тер Штеген – "Барса"да сардорлик учун асосий номзод  0 16:48"Хоразм" бир қатор футболчиларни сафига қўшиб олди  1 16:28"Манчестер Сити" янги мавсум учун захира либосини тақдим этди  0 15:59ФИФА Олимпиада ўйинларидаги воқеаларни текшириш учун эксперт тайинлади  0 15:34Тимур Кападзе: "Мисрнинг кучли томонлари ва имкониятларини яхши биламиз"  8 15:12Иброҳимҳалил ОТЖ лагерини тарк этди, унинг ўрнига бошқа ўйинчини қўшиш мумкинми? Кападзе жавоб берди  23 14:59"Манчестер Юнайтед" Уан-Биссакани Дюмфрисга алмаштирмоқчи  4 14:37Париж-2024. Ўзбекистон Мисрга қарши қандай либосда майдонга тушиши маълум  9 14:15АПЛ клублари "Лион" ҳимоячисига даъвогар  1 13:50Симонс "Лейпциг" ва "Бавария"дан бирини танлади  1 13:23"Арсенал" Евро-2024'да ёрқин ўйин кўрсатган ярим ҳимоячининг трансфери борасида музокаралар ўтказмоқда  1 12:57"Ньюкасл" ҳимоячиси Саудия Арабистони чемпионатига ўтиши мумкин  1 12:29Расман: "Комо" ироқлик иқтидор билан шартнома имзолади  1 12:04"Андижон" янги аъзоси Абинур Нуримбет: "Келажакда Қозоғистон миллий терма жамоаси либосида майдонга тушишни истайман"  3 11:39ПСЖ Франция терма жамоаси дарвозабонига қизиқмоқда  2

Қосимов қайтгач "Бунёдкор"да нималар ўзгарди? (Мулоҳаза) News

Қосимов қайтгач "Бунёдкор"да нималар ўзгарди? (Мулоҳаза)

Миржалол Қосимовнинг “Бунёдкор”га қайтиб иш бошлаганига уч ойдан ошди.

Мураббийликни дастлаб “Машъал” ўринбосарлари билан ишлаб йўлга қўйган, кейинчалик “Бунёдкор” ва Ўзбекистон миллий терма жамоасида давом эттирган мураббийнинг фаолиятида бироз узилиш бўлганди. Якунда уч йиллик танаффусдан сўнг Миржалол Қўшоқович яна қадрдон жамоасига қайтиб, эндиликда “қалдирғочлар”ни бошқармоқда. Албатта, бошқа мураббийлар қатори Қосимовнинг ҳам “Бунёдкор”даги ишига йил сўнггида баҳо берган маъқул, лекин у баъзи ўзгаришларни амалга оширдики, бу ҳақда бугун гапирсак ҳам бўлади.

Омадсиз дебют 

Янги мураббий қўл остида “Бунёдкор”нинг илк ўйини сафарда “Шўртан”га қарши кечди. Жамоа бунгача Сергей Лушан қўл остида олий лигада саккизта ўйинда майдонга тушиб, шундан иккитасида ғалаба қозонган, тўртта ўйинда дуранг ўйнаган ҳолда, икки бор ютқазиб қўйганди. Шундай бўлдики, “Бунёдкор” то Миржалол Қосимов келгунига қадар уйдаги охирги уч ўйинда ғалаба қозона олмади. Бундан ташқари, жамоа уй учрашувларида биттадан кўп тўп кирита олмаётганди.

“Бунёдкор” ўз майдонида “Металлург” билан (ўшанда “Металлург” турнир жадвалининг қуйи қисмида бораётганди) дуранг қайд этгач, клуб раҳбарияти Лушанни истеъфога чиқарди ва уч йиллик танаффусдан сўнг яна Миржалол Қосимовни бош мураббийликка қайтарди. Ишни бошлаб олиш Қосимов учун осон кечмади. Ғузордаги ўйинда “Бунёдкор” 0:1 ҳисобида мағлуб бўлди. Шу тариқа “Шўртан” бу йил ўз майдонида Тошкентнинг учала кучли клуби - “Пахтакор”, “Локомотив” ва “Бунёдкор”ни гол ўтказмасдан мағлуб этган Қашқадарёнинг илк жамоаси бўлди.

“Биз мағлубиятга лойиқ эмасдик, шунчаки футболчиларимизда тажриба етишмади. Кейинги баҳсларда хатолар устида ишлашга ҳаракат қиламиз. Агар футболчи 16-17 ёш бўлса уларни ёш деса бўлади, лекин 20дан ўтдими, ёш дейиш керак эмас”, - деганди Қосимов “Шўртан”га қарши учрашувдан кейин. Бундан ташқари, бу баҳс Миржалол Қосимовнинг “Бунёдкор” бош мураббийи сифатида олий лигадаги 120-ўйини бўлди.


Ғалабага эришиш осон эмас 

Кейинги икки турда “Бунёдкор”ни жиддий рақиблар кутиб турганди. Уйда “Пахтакор”га қарши Тошкент дербиси ва сафарда “Навбаҳор” билан ўйин. Сергей Лушан ўзидан кейинги ҳамкасбига бирмунча ёш жамоани қолдириб кетди. “Бунёдкор” таркиби олий лига клублари орасида энг ёш таркиб бўлиб қолди. Мақсад - олий, лекин таркиб ёш, нима қилиш керак? Буёқда чемпионат давом этяпти, ҳали замон Кубок ўйинлари ҳам бошланиб қолади. Ҳеч ким “Бунёдкор” футболчилари яна бироз ўссин, ўйинларни кейин давом эттирамиз демайди. Қосимов буларни биларди, аммо ишламаса ҳам бўлмасди. У биринчи галда ишни сизлар энди ёш бола эмассизлар деган фикрни футболчилар миясига қуйишдан бошлади. Вақт ўтиб ўйинчилар бунга кўника боришди ва ўз кучларига бўлган ишонч ҳисси орта бошлади.

Аммо навбатдаги икки ўйинда ҳам “Бунёдкор”га ғалаба қозониш насиб этмади. Жамоа ўз майдонида “Пахтакор”, сафарда “Навбаҳор” билан бир хил 1:1 ҳисобини қайд этди. Қизиғи шундаки, иккала баҳсда ҳам “Бунёдкор” жарима тўпидан гол ўтказиб юборди. Тошкентда “Пахтакор” футболчиси Станислав Андреев, Наманганда мезбонлар сардори Дилшод Жабборов жарима тўпидан жуда чиройли фойдаланишди. Бу икки ўйин ва албатта дарвозабон Мурод Зухуровнинг хатоси мураббий таъбини хира қилди. “Намангандан ғалаба билан қайтишимиз мумкин эди, бироқ Зухуровнинг қўпол хатоси туфайли ўйин охирларида гол ўтказиб юбордик”, - деди Миржалол Қосимов ўйиндан кейин. 

Йўқолган рақобат 

“Пахтакор”га қарши пойтахт дербисидан сўнг Қосимов бир гапни айтиб ўтди. Яъни, жамоада рақобат йўқолган деди. “Футболчиларга руҳият етишмаяпти, улар гол ургач ҳам, ўтказгандан сўнг ҳам бўшашиб кетяпти. “Бунёдкор” ўнта ўйинда 7та гол уриб, ўз дарвозасидан 8та тўп ўтказиб юборди. Бу жуда хунук натижа. Бундан ташқари, жамоамизда рақобат йўқолган. Элдор Шомуродов, Акром Комилов, Мурод Зухуров, Достон Ҳамдамов сингари футболчиларда рақобат йўқ, шу боис улар бир жойда қотиб қолишди. Улар қанча ёмон ҳаракат қилмасин, барибир кейинги ўйинда майдонга тушишларини билади, чунки уларнинг ўрнига ўйнаб берадиган бошқа ўйинчи йўқ” - дея фикр билдирганди мураббий “Пахтакор” билан ўйиндан кейин.

Қосимов шунингдек, Элдор Шомуродовни ҳам кўп марта танқид қилди, унинг биринчи даврада атиги битта гол урганини рўкач қилаверди. Натижада нима бўлди? Элдор жимгина нарсаларини йиғиштириб имкон борида “Ростов”га жўнаб қолди. Бу орада Қосимов шу пайтгача ўринбосарлар таркибида ўйнаб келган 19 ёшли Фаррух Икромовни майдонга тушира бошлади. “Пахтакор”га қарши баҳснинг 90-дақиқасида майдонга тушган 15-рақамли футболчи гарчи озғин кўрингани билан абжирлиги эвазига тезда кўзга ташланди.

Самарали Кубок ўйинлари 

Агар чемпионат шу тарзда давом этганида “Бунёдкор”га янада қийин бўлиши турган гап эди, футболчилар сал ўзларига келиб олиши ҳамда мураббий нимани хоҳлаётганини англаб етиш учун уларга бошқа, яъни босими унча юқори бўлмаган ўйинлар керак эди. Ўртоқлик учрашувларини ўтказишга вақт йўқ, нима қилса бўлади? Қосимовнинг бахтига бу орада Кубок нимчорак финал ўйинлари ўтадиган бўлиб қолади. “Бунёдкор”ни яна Ғузор сафари кутиб турарди. Лекин олий лигадан фарқли ўлароқ Кубок баҳсида омад “Бунёдкор” томонида бўлиб, улар сафардан 2:0 ҳисобидаги ғалаба билан қайтишди. Ва голлардан бирига биз юқорида айтиб ўтган ёш иқтидор эгаси Фаррух Икромов муаллифлик қилди.

Ғузордан қайтгач жамоа Наманганга отланди ва 1:1 ўйнаб қайтди. Кейин эса уйда “Шўртан”га қарши Кубокнинг жавоб баҳсини ўтказди. Жавоб ўйинида “Бунёдкор” 3:0 ҳисобида зафар қучди. Бунгача деярли ҳар ўйинда гол ўтказиб келган “Бунёдкор” “Шўртан” билан иккала ўйинда ҳам ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлай олди. Бу эса албатта Қосимовни хурсанд қилмай қўймади, чунки унинг наздида жамоа мана энди ўзига келаётганди. Эсимда, ўйиндан кейинги матбуот атжуманида Миржалол Қўшоқович, ва ниҳоят ўзимиз хоҳлаган футболни намойиш қила олдик деганди.


Бухородаги "триллер"

Кубокда “Бунёдкор” “Шўртан”ни мусобақадан чиқариб юборгач, олий лига 13-тур доирасида “Қўқон-1912”ни ҳам мағлуб этди. Жамоада кайфият анча яхши бўлиб қолганди. Аммо кейинги турда ҳаммаси даҳшатли кўриниш олди. Жамоанинг Бухорога сафари 2:4 ҳисобидаги мағлубият билан тугади. “Бухоро” шундай чиройли ўйин намойиш этдики, оқибатда 15 дақиқа ичида учта тўп киритишга эришди. “Бунёдкор” футболчилари худди ёппасига калтакланган болаларга ўхшаб қолди. Афтидан уларни Кубок баҳсларида “Шўртан”дан гол ўтказиб юбормагани хурсанд қилиб юборган кўринади. Ўйиндан кейин Қосимов яна аввалги сўзларини такрорлади: "Жамоада рақобат йўқ".

Вазиятдан чиқиб кетиш 

Жамоада мураббийнинг роли (ёки ўрни деймизми) қачон сезилади? Қачонки қийин вазиятлардан жамоасини олиб чиқиб кета олса. Бухородаги “триллер”дан сўнг ҳамма тушкун кайфиятга тушиб қолганди, лекин Қосимов йигитларни руҳлантира олди. Чунки олдинда “Локомотив” билан бўладиган марказий ўйин кутиб турарди. Агар мураббий кучли бўлса, оғир ҳоллардан ўз жамоасини устамонлик билан олиб чиқиб кетади. Қосимов мана шу ерда ўз сўзини айтиши керак эди ва айтди ҳам. “Локомотив” - амалдаги чемпион, қолаверса бунгача қаторасига тўққиз ўйиндан бери ютқазмай келаётганди. Аммо “Бунёдкор” ғайрат кўрсатиб чемпионни 1:0 ҳисобида мағлуб эта олди.

Кейинчалик “Бунёдкор” 3-турнинг қолдирилган ўйинида “Насаф”дан ҳам устун келди - 3:2. Бундан ташқари, Ўзбекистон Кубогининг чорак финал босқичида “Нефтчи”ни худди “Шўртан” каби иккала учрашувда ҳам мағлуб этди. Шу тариқа жамоа ярим финалга йўл олди ва ярим финалнинг биринчи ўйинида “Динамо” билан дуранг ўйнади. Айтиш мумкинки, “Бунёдкор” мана шу ўйинлар орқали қийин вазиятдан чиқиб кетди.

Эски футболчиларнинг қайтиши 

Давралар оралиғида бошқа мураббийлар қатори Миржалол Қосимов ҳам таркибни кучайтириш ишларини олиб борди. Бошқа клублардан фарқли ўлароқ “Бунёдкор” негадир аввал клубда ўйнаб кетган футболчиларни қайтарди. Албатта, дарвозабон Суҳроб Султонов билан ҳужумчи Шоҳруз Норхонов учун “Бунёдкор” янги клуб бўлди. Аммо Анвар Ғофуров, Сардор Собирхўжаев, Воҳид Шодиев, Шохруҳ Гадоев сингари футболчилар “эшитиб бўлинган куй” эди ва Қосимов нимага уларни яна қайтарди ҳайронмиз. 

Иккинчи давранинг дастлабки икки тури орқали клубга яна қайтганлардан Ғофуров билан Гадоевдан нимадир умид қилса бўлар, аммо Собирхўжаев ва Шодиев нима каромат кўрсата олишади, ҳайронмиз. Таништирув маросимида нима учун олдин ўйнаб кетганлар жамоага қайтарилди деган саволга Қосимов шундай жавоб берди: “Мен бу ўйинчиларни жуда яхши биламан ва уларнинг жамоамизга фойдаси тегишига ишонаман. Тўғри, ҳозир Шодиев формада эмас, лекин у жисмоний ҳолатини тиклаб олса яна ўйинга тушади ва бош билан голлар ура бошлайди”.


Ғалати бошланган иккинчи давра

“Бунёдкор” иккинчи даврани сафарда “Сўғдиёна”га қарши баҳс билан бошлади. Ўйин қизиқарли кечди, бир томонда Қосимов жамоаси, бир ёқда Жиззахда янги иш бошлаган Игорь Шквирин шогирдлари. Лекин учрашувда ҳисоб очилмади. “Локомотив” 4:0 ҳисобида мағлуб этган “Сўғдиёна”га “Бунёдкор” бирортаям тўп кирита олмади. Ўйиндан кейин Қосимов ўз футболчиларини югурмаганликда айблади: “Футболни югуриб ўйнаш керак, шунчаки юриб ғалаба қозониб бўлмайди. Мен шогирдларимдан умуман қониқмадим. Футболчилар “Қўқон-1912”, “Локомотив” “Насаф” каби клубларни мағлуб этиб “Сўғдиёна”ни ҳам осонлик билан ютамиз деб ўйлашди”.

Ундан кейин “Бунёдкор” ўз майдонида “Олмалиқ” билан ўйнади ва Виктор Кумиков жамоаси устидан 1:0 ҳисобида ғалаба қозонди. Бу ўйинни қизиқарли кечди деб бўлмайди. Хавфли вазиятлар кам яратилди, ўйинда юқори тезлик кўринмади, аммо натижа “Бунёдкор” томонида бўлди. Энди жамоа кейинги турни сафарда “Насаф”га қарши ўтказади ва бу баҳс ҳам Қосимов учун муҳим аҳамият касб этади.

Хулоса ўрнида 

Миржалол Қосимов “Бунёдкор”га келганидан бери жамоага ўзгариш кирита олди. Хусусан аввало футболчиларнинг ўз кучига бўлган ишончини қайтарди. Олий лига ва Кубок баҳсларида ғалабалар қўлга киритилди. Жамоа Лушан қўл остида биттадан кўп гол ура олмаётганди, аммо Қосимов келиб бу борада ҳам сермаҳсуллик ошди. Лекин шунга қарамай камчиликлар ҳамон етарли. “Бунёдкор” ҳалиям бир текис ўйин намойиш эта олмаяпти. Масалан, жамоа ҳозиргача сафарда атиги бир марта ғалабага эришган ва бу ҳам Сергей Лушан даврида рўй берган. Қосимов келганидан бери “Бунёдкор” сафарда “Шўртан”, “Навбаҳор”, “Бухоро”, “Сўғдиёна” клубларини енга олмади, фақат Кубок беллашувларидагина ғалабага эришди. Демак, бу ҳам Қосимовни янада кўпроқ ишлашга ундайди.

Х.Холиқов


Rating: +10   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика