Latest news

01:08Расман: Пеп Гвардиола "Манчестер Сити" билан шартномасини узайтирди  0 00:41Эрлинг Холанд: "Гвардиола энг яхши мураббий, балки тарихдаги энг зўридир"  0 00:14"Челси"нинг "биллур" футболчиси яна сафдан чиқди  0 23:43Нодир Абдураззоқов: "Энди мавсумни чиройли якунлашимиз ва оғзимиздаги ошни олдириб қўймаслигимиз керак"  5 23:19Хави "Интер Майами" бош мураббийи бўладими? Инсайдерлар маълумот беришди  0 22:49АПЛ клублари сўнгги 10 йилликда трансферлар учун қанча ишлатишди?  0 22:22"Ювентус"га "Челси" футболчиси керак  0 21:57Нико Уильямс болалигидаги кумирлари ким бўлганини айтди  5 21:34Максим Шацких: "Черан, Собирхўжаев борасидаги саволлар менга берилмасин. Бу мавзу ёпилган"  19 20:57Миржалол Қосимов: "Натижадан ҳам ўйиндан ҳам қониқдим"  3 20:36Суперлига. ОКМК "Жар"да "Пахтакор"ни мағлуб қилди  6 20:25"Пахтакор" кумуш медаллар учун курашдан чиқди  10 20:06Суперлига. ОКМК ВАР томонидан 13 дақиқа текширилган ҳамда япониялик футболчи томонидан урилган голлар эвазига 11 йилдан сўнг сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди  61 19:50Гари Невилл АҚШда дам олган Рэшфорд ва Каземирони танқид қилди  3 19:21"Реал" январда Эндрикни ижарага бермайди  0

Отабек Ғуломхўжаев: "Ёшлар билан ҳам яхши ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Хавотирга ўрин йўқ, кейинги йил мухлислар бошқача "Андижон"ни кўришади" News

Отабек Ғуломхўжаев: "Ёшлар билан ҳам яхши ўринларни эгаллашга ҳаракат қиламиз. Хавотирга ўрин йўқ, кейинги йил мухлислар бошқача "Андижон"ни кўришади"

Бир неча кун олдин сайтимиз орқали "Андижон" бош мураббийи Отабек Ғуломхўжаевнинг жамоани тарк этиши мумкинлиги ҳақида хабар берган эдик. Аммо якунда мураббий клуб билан янги келишувга эришди ва шартномасини узайтирди.

Хўш, навбатдаги мавсум режалари ишлаб чиқилдими? Таркибдаги футболчиларнинг жамоани тарк этаётгани хавотирга солмаяптими? Шу ва бошқа бир қатор саволларга жавоб олиш мақсадида Отабек Ғуломхўжаевни суҳбатга чорладик.

- "Андижон"ни Суперлигада олиб қолиш қандай бўлди? Чунки, жамоани қийин ҳолатда қабул қилиб олдингиз, бундай паллада ҳеч бир мураббийга осон эмас. Ҳаттоки жамоанинг имкониятларидан келиб чиқиб элитада қолишига ишонмаганлар ҳам топилди...

- Тўғриси бу осонликча амалга ошмади. Турнир жадвалида сўнгги ўринларни эгаллаган жамоалар очко томондан бир-бирига жуда яқин эди. Қолган тўртта турда кучли ва номдор рақиблар билан куч синашдик. Шунинг ҳисобига жуда қийналдик. "Андижон"ни қабул қилиб олишдан олдин ўйладим, буни аввалги интервьюларимда ҳам айтиб ўтганман. Ахир жамоани кимдир қийин ҳолатдан олиб чиқиб кетиши керак эди-ку. Биз мураббийлар штаби шунга жазм қилдик. Таъкидлаганимдек рақибларимиз биз учун чўққи бўлди. Мана шу чўққидан ўтиб олсак мақсадимизга эришардик. Худога шукур жамоани Суперлигада олиб қолишни уддасидан чиқдик. Барчаси ўтиш ўйинида ҳал бўлди, плей-оффда "Нефтчи"дан устун келдик. Ушбу учрашувдан олдин "Нефтчи" таркибида йўқотишлар бор эди, футболчилари руҳий тушкунликка тушиб қолганди. Лекин ҳамма нарсага ойдинлик киритиладиган битта ўйинга футболчиларим борини беришини билардим. Ўзимга ҳам ҳар хил қўнғироқлар келиб тушди, "Андижон" учун Суперлига керак эмас, жамоа Про лигага тушиб кетади, ўйинни "Нефтчи"га бериб юборади деган гапларни эшитдим. Бундай гапларга эътибор бермасдан ўз ишимизни қилишда давом этдик. "Насаф" билан кубок баҳсида ёшартирилган таркибни туширдик, бир нечта футболчилар дебют қилишди. "Нефтчи" билан баҳсда ҳам уларга қўрқмасдан имконият бердик. Йигитлар ишончни оқлашди ва юзимизни ёруғ қилишди. Гол ўтказиб юборишгач тартибни сақлаб қолишди ва вазиятлардан унумли фойдаланишди. Бу ўзига хос ҳаёт ва мамот жанги бўлди.

- Қисқа вақт ичида футболчиларни руҳий "чуқурлик"дан олиб чиқиб кетишда қандай усуллардан фойдаландингиз? Фаолиятингизда ва тажрибангизда аввал ҳам бундай ҳолатга дуч келганмисиз?

- Жамоада 14 нафар футболчи қолганди. Қўл остимдаги йигитларнинг ҳеч кимдан кам жойи йўқ. Фақат кетма-кет мағлубиятлар сабаб ғалаба қозона олмаймиз деган нарса уларнинг онгига сингиб қолганди. Футболчилар аввалги раҳбарият даврида пулларини вақтида олишмаган. Лекин мана янги раҳбарият ўша ўйини кунини ўзида мукофот пулларини олишди. Менимча "Машъал" билан ўйиндан сўнг футболчилар ғалаба қозона олишларига ишонишди. АГМК билан ўйинда мураббий сифатида очиқ футбол таклиф қилганим, ҳимоявий ўйин қилмаганим хатойим бўлди деб ўйлайман. "Қўқон-1912" билан баҳсда омадимиз келмади, "Пахтакор"дек чемпион жамоага муносиб қаршилик кўрсата олдик. "Насаф" билан ўйин биз учун ўтиш учрашувга тайёргарлик вазифасини ўтаб берди. Мазкур беллашувда ҳаракатларимиз ўхшади, ҳимоядан ҳужумга ўтишда футболчилар аниқ ҳаракат қилишди. Чизиқлар ўртасидаги боғламлар ҳам ёмон чиқмади. Қисқа муддат ичида қилган меҳнатларимизни кўрадиган ўйин ҳисобланарди. Мана шундай масъулиятли ўйинларга руҳий тайёргарлик ҳам муҳим аҳамият касб этади. Боиси босим ҳам бор эди. Шунга қарамасдан кўрсатмаларимизни тўғри бажаришди. 

- Сиз келгунингизга қадар жамоанинг ўйинида қандай камчиликларни кўра олдингиз ва айнан қайси камчилик устида ишлаш орқали хатолар тўғриланди?

- Кўпроқ футболчиларнинг жисмоний ҳолатига эътибор қаратдик. Жамоага келганимизда икки ҳафта вақтимиз қолганди. Мана шу вақт ичида жисмоний ҳолатни оптимал кўринишга келтириб олишга ҳаракат қилдик. Ҳимоядаги камчиликларни кўриб чиқдик, жамоанинг ўша вақтдаги ҳолатида ҳимояда хато қилишга ҳаққи йўқ эди. Тартибли ҳимоя ва гол ўтказиб юбормаслик бир очко бор деганидир. Аввало ҳимояни тўғри йўлга қўйишга ҳаракат қилдик, чунки ҳужум қилаверганимиз билан охирги нуқтани қўйишга қийналдик. Ҳужум қилганингиз билан ҳимоя тартибсиз бўлса фойдаси йўқ. Иккинчи жиҳат тўпсиз қандай ўйнаш керак эканлигини ўргатдик. Мен шуни бир нечта йигитларда кўрмадим. Яъни тўпсиз ўйнашни айримлари билишмасди. Вақтимиз қисқалигига қарамасдан футболчиларга максимал даражада ниманидир етказа олдик.

- Жамоа элитада олиб қолинди. Вазифа бажарилди. Раҳбарият билан келаси мавсум режаларини гаплашиб олдингизми? Эшитишимизга қараганда сизга Суперлиганинг икки клубидан таклиф бўлган экан...

- Ҳа, вазифани бажардик. Бу билан мухлисларни ва бутун Андижон халқини табриклайман. Қувончига шерикман. Раҳбарият билан гаплашиб олдим ва бир йиллик шартнома имзоладим. Тўғри Суперлиганинг икки клубидан қизиқиш бўлгани рост. Қайси клублигини айтмоқчи эмасман. Уларни қизиқишини ҳурмат қиламан. Лекин жамоани қийин ҳолатда ташлаб кетмайман деб сўз берганман. Клуб раҳбарлари билан янги тизм ва стратегия ишлаб чиқдик. Ниятларимиз улкан.

- “Андижон”ни кўплаб футболчилар тарк этаётгани мухлисларни ташвишга солмоқда. Агар таркиб янада ёшартирилса жамоа Суперлигада қайси ўринлар учун курашади?

- Мухлисларни ишонтириб айтаманки, хавотирга ўрин йўқ. Ҳа, жамоани кўплаб футболчилар тарк этмоқда. Аксариятини шартномаси якунланган. Уларнинг шартномасини эса эски раҳбарият тузган. Шунингдек футболчилар йил давомида оладиган суммасига, бу нархга олиб қолишни раҳбарият билан келишиб хоҳламадик. Боз устига клуб учун трансфер таъқиқи қўйилган. Бунинг сабабига жиддий қизиқмадим. Аввалги раҳбариятдан қолган легионерлар билан боғлиқ қарздорликлар тўланиши керак. Янги мавсумга мўлжалланган сметадан ташқари ҳаражатлар ҳам бор. Футболчилар кетаётганини раҳбариятга айтдим, ўша “Бунёдкор”, “Пахтакор” академиясидаги футболчилар Андижонда ҳам кўп. Мухлислар ҳавотир олишмасин ёшларни атрофида 4-5та тажрибали ижрочиларни олган ҳолда жамоани шакллантирамиз. Ёшларнинг салоҳияти бор, секин аста ўша даражага олиб чиқамиз. Раҳбариятнинг ҳам мақсади шундай асосий жамоа, ўринбосарлар жамоаси, биринчи лига жамоаси клуб назоратида бўлади. Яхши савиядаги мураббийлар ишлашади. Масалан, Шўрбулоқда мақташга арзигулик академия бор. Бу йил шу академиянинг турли ёш тоифасидаги гурухлари турнирларда фахрий ўринларни эгаллашди. Мана “Насаф” ўзининг тарбияланувчилари билан совринли ўринни эгаллади. Биз ҳам қийин ҳолатдан чиқиб олсак йилдан йилга андижонлик йигитлар билан ҳамжиҳатликда ўсиб борамиз. Худо хоҳласа мухлислар кейинги йил бошқача "Андижон"ни кўришади.

- Клубнинг молиявий имконияти қандай?

- Молиявий имкониятларимиз ёмон эмас. Фақат олдимиздаги тўсиқ эски раҳбариятдан қолиб кетган қарздорликлар. Клубимиз вице-президенти Журъатбек ака бир неча ойдан бери ўша қарздорликларни тўламоқда. Рақамларда ифодалаш қийин. Шу инсонларга раҳмат айтиш керакки, эсласангиз мавсум ўртасида “Андижон” Суперлигада ўйнамайди деган хабар чиққанди. Шу ҳолатда ҳозирги клуб раҳбари қайсидир маънода “жарлик”дан олиб чиқиб кетди. Журъатбек ака ҳам ёш раҳбарлардан, қолаверса мен ҳам ёш мураббийман. Бош директоримиз ҳам ёш раҳбар. Йигитларга ишонамиз, мухлислар ҳам бизга ишонишларини истайман. Кеча президентимиз ҳам бежизга кейинги йилни “Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш” йили деб номламадилар. Имкон, ундан сўнг ишонч, ишонч билдирилгач уни оқлашимиз керак.

- Клубнинг стратегияси ўзгарганини айтдингиз. Ёшларга таяниладиган бўлса натижа қандай кўриниш олиши мумкин? Ҳозирги кунда натижага қараб мураббийнинг ишига баҳо берилмоқда...

- Ҳа, юқорида айтганимдек “Андижон”нинг стратегияси ўзгарди. Ёшларга эътибор қаратамиз. Академиядан ҳам бир нечта футболчиларни таклиф қилганмиз. Уларга таянамиз ва ишонамиз. Ёшлардан нимадир чиқаришга ҳаракат қиламиз ва шу орқали ўз ишимизга баҳо берамиз. Ҳа, тайёр футболчи билан ишлаш ҳаммага ҳам ёқади. Лекин биз мана шу ёш йигитларни катта футболчи даражасига олиб чиқмоқчимиз. Шунда ўзимизнинг ишимиз кўзга кўринади. Гарчи жамоани Суперлигада сақлаб қолган бўлсамда менга баҳо беринглар демоқчи эмасман. Кейинги мавсумда ёшлар билан яхши жамоа шакллантирганимда мухлислар, халқ баҳо бериши мумкин.

- Билишимизча янги мавсум февраль ойининг охирларида бошланади. Жамоа қачондан тайёргарликни бошлайди? Ноябрь ойида агар “Андижон” Суперлигада қолса хорижда йиғин ўтказиши мумкинлиги ҳақида маълумотлар тарқалган эди...

- 4 январь санасидан биринчи йиғинга киришамиз. Тайёргарликнинг иккита босқичини Андижонда ўтказамиз. Учинчи ҳал қилувчи босқич Тошкентда олиб борилади. Суперлигада ёшлар билан жон сақлаб қолиш учун курашмаймиз. Буни дарҳол айтаман. Хорижда йиғин ўтказишимиз режалаштирилган эди. У пайт ёшлар ўртасидаги Осиё чемпионати март ойида Ўзбекистонда ўтиши аниқ бўлганди. Бизнинг ҳисобимиз бўйича Суперлига кечроқ бошланса олдимизда вақтимиз кўпроқ қоларди. Қолган вақтдан фойдаланиб хорижга чиқишимиз кўзда тутилганди. Лекин Осиё чемпионати қолдирилди, мавсум эса 24, 25 февраль куни бошланиши мумкин. Агар жамоа ўзаги сақланиб қолинганда биз хориж йиғинини кўриб чиқардик. Таркибнинг ўзагини шакллантириш мақсадида кўплаб футболчиларни кўрикдан ўтказамиз. Молиявий ҳолатимиз бунга тўсқинлик қилмайди, Тошкентда йиғин ўтказсак маълум бир маблағни тежаган бўламиз, тежалган пулларни эса қарздорликларни ёпишга сарфласак мақсадга мувофиқ бўлади.

- Бу йил “Андижон” жамоасида катта ҳажмдаги ишни бажарган ва мавсум кашфиётларидан бири бўлган Дониёр Абдуманноповга Суперлиганинг бир қатор клубларидан таклифлар бўлаётган экан, шунингдек Фарҳод Соҳибжоновнинг ўйини қўл остингизда янада очилди...

- Фарҳод Соҳибжонов келгунимга қадар ўринбосарлар жамоасида тўп тепган, шунингдек ёшлар терма жамоасида ишлаганимда ҳам уни йиғинларга жалб қилар эдим. Салоҳиятини ва нималарга қодирлигини билардим. Агар ютуқлардан ҳаволаниб кетмасдан шу зайилда давом этса ўйини бундан ҳам яхшиланади. Дониёр Абдуманноповни эса “Бунёдкор”га Шўрбулоқдаги академиядан таклиф қилганман, ўсмирлар терма жамоасида етакчилардан бири бўлган. Унга Суперлига жамоалари ва хориж клубларидан қизиқиш мавжуд. Раҳбарият уни олиб қолишга ҳаракат қилмоқда. 

Абдулазиз Искандаров суҳбатлашди.

Rating: +8   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика