Нодиржон Камолов: «Олий лигадаги дебютим водийдаги учрашувга тўғри келганидан хурсандман»
25 apr 2016 10:03
News
Нодиржон Камолов: «Олий лигадаги дебютим водийдаги учрашувга тўғри келганидан хурсандман»
- Бугун ҳаётимда ўчмас из қолдириши табиий, — дейди Нодиржон. — Ўзим Фарғона футболи мактаби тарбияланувчисиман. Кўп йиллардан бери “Нефтчи” ёшлари таркибида тўп суриб келаётгандим. Хабарингиз бор, қишда “Қизилқум” жамоаси Фарғонада “Ҳоким кубоги” турнирида иштирок этди. Ана шу турнирда ўйинимни кузатган “Қизилқум” футбол клуби бош менежери Ҳамиджон Актамов ва жамоа мураббийлари мени Навоийга таклиф этишди ва улар билан шартнома имзоладим.
Мавсум бошидан бери “Қизилқум” ёшлари таркибида мунтазам майдонга тушиб келиш билан биргаликда асосий таркибда машғулотларни давом эттириб келяпман. Афсуски, кеча ёшларимиз кичик — 0:1 ҳисобида рақибга имкониятни бой берганида дилим озгина хира бўлганди. Бугун асосий таркиблар баҳсида йирик — 3:0 ҳисобидаги ғалабадан сўнг барчаси унут бўлди. Қолаверса, бугун илк маротаба олий лигада ўз дебютимни нишонладим. Гарчи, захирадан майдонга тушиб, йигирма беш дақиқа ўйнаган бўлсам-да, жамоамиз ғалабасига ҳисса қўшганимдан жуда хурсандман.
Дебют ўйиним Қўқонда бўлгани учун ота-онам, яқинларим ва дўстларим хатти-ҳаракатларимни стадионнинг ўзидан кузатиб боришди. Ниятим келгусида янада кўпроқ ўз устимда ишлаб, “Қизилқум” жамоаси муваффақиятларига улуш қўшиш, қолаверса, Ўзбекистон миллий терма жамоаси либосини кийсам, дейман. Муҳими, мураббийларимиз ишончини оқлаш учун бор куч ва маҳоратимни ишга соламан, - дейди Камолов.
Эслатиб ўтамиз, Нодиржон Камолов 2011 йили Алексей Евстафеев бош мураббийлигида Мексикада ўсмирлар ўртасида ўтган жаҳон чемпионатида Ўзбекистон терма жамоаси таркибида иштирок этган. Ўшанда илк маротаба ҳамюртларимиз мусобақанинг кучли саккизлигидан жой олиб барчани лол қолдиришганди.
“Қизилқум” ПФК Матбуот хизмати.
Comments