Наилож, омад чопмади
05 nov 2016 11:24
News
Наилож, омад чопмади
Аммо шундай футболчилар ҳам борки, улар нақадар истеъдодли ва моҳир бўлишмасин, совринга даъвогарлар рўйхатининг сўнгги 30лик рўйхатидан жой ола билишмади. Soccer.ru бугун эътиборингизни ана шундай чарм тўп усталарига қаратмоқда.
Дарвозабонлар
Ян Облак («Атлетико»)
Бизнингча, ҳозирги футбол оламидаги энг ёрқин ўйин намойиш қилаётган дарвозабонларнинг икки нафари совринга даъвогарлар рўйхатидан четда қолиб кетишди. Булар - Давид Де Хеа ва Ян Облак. Очиғини айтиш лозим, Испания термасининг ёзги Евро-2016даги муваффақиятсизлиги ва «МЮ» кўрсатаётган нурсиз ўйинлар Де Хеа натижаларига салбий таъсир кўрсатди. Аммо словениялик посбоннинг «Атлетико»даги ҳаракатларига қойил қолмай иложимиз йўқ. Шу боис, Янни мазкур терма жамоа кипери сифатида танлашга қарор қилдик.
Муқобил вариант: Давид Де Хеа («МЮ»).
Ҳимоячилар
Эктор Бельерин («Арсенал»)
Германиялик машҳур ҳимоячи Филипп Лам ўтган мавсумда ажойиб ўйинлар кўрсатиб, Гвардиоланинг ҳурматини қозонди. Бироқ «Арсенал»нинг янги футболчисининг ҳаракатларидан нафақат Арсен Венгер, балки АПЛнинг барча мухлислари бирдек ҳайратдалар.
Муқобил вариант: Даниэль Карвахаль («Реал»).
Леонардо Бонуччи («Ювентус»)
Буффоннинг номи «Олтин тўп»га даъвогарлар рўйхати ўттизлигида тилга олинишига сабаб - жамоадошлари ҳимояда яхши ҳаракат қила олмаётганларида эмас. Зеро Леонардо Бонуччи ва унинг натижалари айни пайтда кўпгина грандлар оромини ўғирлаган. «Ювентус»нинг Италия чемпионатида ғолиб чиқишида, Конте бошчилигидаги «Мовий гвардия»нинг Европа чемпионатидаги ишончли ўйинларида айнан Бонуччининг хизматлари беқиёс.
Муқобил вариант: Калиду Кулибали («Наполи»).
Лоран Косельни («Арсенал»)
Аслини олганда, Лораннинг ўрнига Жером Боатенгни танлашимиз мумкин эди. Чунончи, ҳатто Хуммельс ҳам ўтган ўйинлар давомида нисбатан барқарор ҳаракат қилди. Умуман олганда, Годин, Пепе ва Рамосларнинг рўйхатда бўлишлари - мантиқан тўғри. Айтганча, Тоби Алдервейрелднинг «Тоттенхэм»даги ўйинлари ҳам эътиборга арзийди. Бироқ барибир, бизнинг танловимиз - Лоран Косельни.
Муқобил вариант: Тоби Алдервейрелд («Тоттенхэм»).
Фелипе Луис («Атлетико»)
Чап қанот ҳимоясига номзодлар етарлича: «Бавария»дан Алаба, «Лестер»дан Фукс, бразилиялик Марсело, булар ҳам қайсидир маънода, мақтовга лойиқлар. Аммо биз франциялик журналистлар фикрига қўшилиб, эътиборни ҳужумкор ҳимоячига қаратдик.
Муқобил вариант: Рафаэль Геррейру («Лорьян»|«Боруссия» Д.).
Ярим ҳимоячилар
Алексис Санчес («Арсенал»)
Йилнинг энг яхши футболчиси номини аниқлаётганда, Америка кубоги бош қаҳрамонини эътибордан четда қолдириш адолатдан бўлмайди. Зеро Санчес фақатгина АПЛда яхши ўйин кўрсатибгина қолмай, қитъа чемпионатида Браво ва Варгасларга ўзларини кўрсатишлари учун ёрдам берди. Яна бир кучли ярим ҳимоячи бўлмиш Мхитарян эса Аргентина термасини мағлуб этмади. Лекин у бундеслигада ўзини кўрсатишга улгурган эди.
Муқобил вариант: Генрих Мхитарян («Боруссия» Д.| «Манчестер Юнайтед»).
НГоло Канте(«Лестер»|«Челси»)
«Лестер»нинг франциялик таянч ярим ҳимоячиси кўрсатган ўйинлар туфайли «тулкилар» ўтган мавсумда Англия чемпиони бўлишди. Бундан ташқари, айнан Канте «Челси» марказидаги муаммоларни тезда бартараф қилиб, Евро-2016да Погбага эркин ҳаракат қилиш имконини яратиб берди.
Муқобил вариант: Серхио Бускетс («Барселона»).
Каземиро(«Реал»)
Тўғрисини айтганда, жорий йилги футбол мавсумида марказий ярим ҳимоячиларнинг аксарияти ўзларини кўрсатишга муваффақ бўлишди. Ҳа, «ўттизлик»даги универсал Коке, Кроос ва Модричлар ҳам етарлича ҳурматга арзийдилар. Аммо Зидан ва унинг «Реал»ини ўта муҳим паллаларда қутқариб қолган инсонни унутиб бўлармиди?! Шунингдек, Жаку ва Пьянич, каталонияликлар сафида тобора порлаётган Ракитич ҳам Каземиро сингари, эътирофга муносиб.
Муқобил вариант: Иван Ракитич («Барселона»).
Месут Озил («Арсенал»)
Якуний рўйхатдан Озилга жой топилмагани - чиндан ҳам, ҳайратланарли воқеа. Иньестага бўлган ҳурматни сақлаган ҳолда айтиш керакки, Месутнинг жорий йилдаги натижалари астойдил ҳисоблаб чиқилса, Андреас хижолатда қолиши аниқ. Ҳа, биз мазкур рейтингни бекорга тузиб чиқмадик. Ахир, Месут - айни пайтда дунёдаги энг яхши ассистентлардан бири ва шу боис, у мақтовга арзийди.
Муқобил вариант: Деле Алли («Тоттенхэм»).
Филиппе Коутиньо («Ливерпуль»)
Аслини олганда, Филиппега рақобатчилар етарлича топилади. Негаки, истеъдодли ҳужумкор ярим ҳимоячилар дунё футболида ҳамма вақт топилган. Бироқ «Олтин тўп»га даъвогарлар рўйхати фақат шундайлардан ташкил топса, адолатга путур етарди. Аммо ўз навбатида, Клоппнинг энг севимли футболчиларидан бири «ўттизлик»ка кирмай қолиши - бироз ажабланарли. «Ливерпул»нинг ўтган вақт давомидаги ўйинларини синчиклаб кузатиб чиқсангиз, Филиппенинг нафақат чиройли финтлар кўрсатиши, балки жамоаси учун нақадар фойдали эканига ҳам гувоҳ бўласиз. Роналдиньонинг фикрича, Коутиньо «Барселона»да ҳам бемалол ўйнаб кетади. Нима ҳам дердик, профессионал баҳо!
Муқобил вариант: Давид Сильва («Манчестер Сити»).
Ҳужумчилар
Харри Кейн («Тоттенхэм»)
Ҳужум марказига Санчесни жойлаштирсак ҳам чакки бўлмасди. Бироқ якуний таркибдаги бу ўринга энг муносиблар - Роналдудан тортиб Неймаргача, Вардидан тортиб Дибалагача ўрин топишдики, дарҳақиқат, француз журналистларининг танловларига эътироз билдириш ноўрин. Аммо Кейннинг АПЛдаги голлари, уларнинг муҳимлик даражасига эътибор бермай ўтиб кетиш ҳам мумкин эмас. Астойдил исталса, бельгиялик ёш форвард - Ромелу Лукакуни ҳам рўйхатга қўшиш мумкин эди.
Муқобил вариант: Ромелу Лукаку («Эвертон»).
Кўряпсизми, 2016 йилги турнирларда қанчадан-қанча футболчилар ўзларини кўрсатишга муваффақ бўлишди! Афсуски, биз бугун тилга олаётган чарм тўп усталари бу галги «Олтин тўп» совринига даъвогарлар рўйхатидан четда қолишди. Бир томондан, Роналду, Гризманн ва Бэйлларнинг натижалари шундайки, улар билан ҳисоблашмасликнинг ҳам иложи йўқ. Майли, якуний қарорни France Footballга қолдирамиз. Лекин юқорида тилга олинган футболчилар чиндан-да, эътирофга арзийдилар.
Исроил Раҳимов тайёрлади
Comments