Мозий юлдузлари: Капитан Кан
03 dec 2020 12:46
News
Унда мозий юлдузлари ҳақида сўз боради.
Дарвозабон – ярим жамоа. Дарҳақиқат, миллионлар ўйинида сўнгги чизиқ вакилларининг ўрни улкан ҳисобланади. Футболда турли амплуада ҳаракат қилувчи ўйинчилар қилган хатоларини уларнинг ортидан тўғирлашнинг имкони бўлиши мумкин, аммо дарвозабон хатога йўл қўйсачи? Унда мазкур йўл қўйилган хато катта эҳтимол билан бутун жамоанинг ўйинига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бугун сиз азиз мухлисларга ҳикоя қиладиган қаҳрамонимиз “Горилла” лақаби билан танилган ўтмишнинг энг кучли дарвозабонларидан бири германиялик Оливер Кандир. Мазкур рукнимиз орқали аниқ ҳисоб-китобни ҳуш кўрувчи, немис диёрида туғилиб, шу юрт шарафини муносиб ҳимоя қила олган, мухлис ва мутахассислар олқишига сазовор бўлган карлсруэлик посбон томонидан босиб ўтилган мардонавор фаолият билан яқиндан танишамиз. Демак, қуйида немис қўриқчисининг юлдузли карьераси.
Карлсруэлик “булдог”
Оливер Рольф Кан 1969 йил 15 июн санасида Германия жанубидаги Карлсруэ шаҳрида таваллуд топган. Оливернинг ота-онаси Болтиқбўйи мамлакатларида туғилиб вояга етган этник немис бўлиб, кейинчалик ўз аждодлари юртига кўчиб келишган. Умуман олганда, қаҳрамонимизнинг оиласи спортга бефарқ бўлмаган ва оиланинг кенжа аъзоси Оливернинг мактаб даврларида футбол тўгарагига боришига қаршилик кўрсатишмаган. Қаҳрамонимиз мактаб даврларида спортга, хусусан футболга жуда қизиқар ва миллионлар ўйини сир асрорларини қунт билан ўзлаштиришга харакат қиларди. Болалик йилларида Оливерда нутқ борасида нуқсонлари бўлганлиги учун жамоавий тадбирларда қатнашмас, фақат оиласи даврасида бўлишни хоҳлар ва одамлардан ўзини олиб қочарди. Ҳаттоки, унга нутқи норасолиги учун тенгдошлари томонидан “булдог” лақаби ҳам қўйилганди. Оливер учун бу жараёнлар руҳий томонлама таъсир қиларди ва мактабдан кейин асосан яқинлари билан вақт ўтказар эди. Бу ҳолат оила аъзоларини ҳам ташвишлантирмай қолмади ва Оливернинг таълими, тарбияси, машғулотлари билан унинг отаси алоҳида шуғулланди. Футболни чин дилдан севган ёшгина Оливер келажакда моҳир спортчи бўлиб етишишни мақсад қилади ва машғулотларга зўр бериб, тер тўкарди. Кунлардан бир куни бобоси унга машҳур немис дарвозабони Зепп Майернинг спорт анжомларини совға қилади. Айнан мазкур совға Оливернинг ҳаётида янги бурилиш ясади ва у дарвозабон бўлишга аҳд қилди. Шаҳарда жойлашган футбол академиясида миллионлар ўйини билан жиддий шуғулланди ҳамда 1975 йилдан 1987 йилгача “Карлсруэ” клубининг ёшлар жамоаси сафида майдонга тушди.
Фаолиятнинг бошланиши
1987 йилги мавсумда эса клуб билан проффессионал шартнома имзолаб, жамоанинг захира даврозабони сифатида рўйхатга киритилди. Албатта, Канн ўша вақтлари иқтидорли бўлишига қарамасдан, бироз тажрибасиз ва ёши кичик бўлгани учун асосий таркибда унинг шериги Александр Фамуллага мураббийлар кўпроқ имконият беришарди. Оливер ўйинларни асосан захирада кузатиб, ўз имконияти келишини интизорлик билан кутарди. 1987 йил ноябрь ойида Бундеслиганинг навбатдаги турида асосий дарвозабон Фамулла қизил карточка олганлиги учун “Кёлн” билан бўлиб ўтадиган учрашувда “Горилла” асосий таркибда майдонга тушади. Аммо, ички биринчиликдаги дебют ўйинидаёқ ўз дарвозасидан тўртта тўп олиб чиқишга мажбур бўлди. Навбатдаги тур ҳам Оливер учун омадли ўтмади ва “Вердер”га қарши ўтган баҳсда рақиб жамоа ўйинчилари уни икки бора ранжитишади ва якунда Оливер дарвозабон Фамуллага асосий таркибдаги жойни бўшатиб беради. Қаҳрамонимиз дебют ўйинларида бу қадар мувафаққиятсиз иштирок этишини кутмаганлиги учун бироз муддат руҳий тушкунликка тушиб қолади. Бу жараёндан чиқиб кетиш учун ягона йўл эса машғулотларга зўр бериш эди ва Оливер ортга чекинмади, ўз устида ишлашда давом этди. 1990 йилги мавсумга келиб “Карлсруэ” устози Винфрид Шефер унга имконият тақдим қилди ва баъзи ўйинларда асосий таркибда майдонга туширди. Қаҳрамонимиз кейинчалик ўзининг тиришқоқлиги, меҳнатсеварлиги эвазига мураббийлар ишончини қозонади ҳамда жамоанинг асосий посбони бўлишга эришади. Айнан Оливернинг ишончли ўйинлари эвазига “Карлсруэ” Бундеслигада ажойиб натижаларни қўлга киритади ва 1994 йилги мавсумда УЕФА кубоги ярим финалига қадар етиб боради.
Салом, Мюнхен!
Оливер “Карлсруэ”даги ажойиб ўйинлари ортидан Бундеслиганинг фаворитлари назарига тушади ва ички биринчилик гегемони “Бавария” қаҳрамонимиз билан шартнома имзолайди. Мюнхенликлар сафида ҳақиқий афсонавий фаолият бошланди ва клубнинг алиштириб бўлмас посбонига айланди. 1996 йилда “Бавария” таркибида УЕФА кубогини боши узра баланд кўтарди ҳамда халқаро миқёсида дастлабки совринини нишонлади. 1997 йилги мавсумда биринчи марта Бундеслига чемпиони ва мамлакат кубоги совриндори бўлди. Аммо, 1999 йилги ЕЧЛ финалида жамоаси билан дахшатли ва аламли мағлубиятни қабул қилиб олди. “Ноу Камп” мезбонлигида ўтган финаллар финалида “қизил иблислар” томонидан учралган мағлубият Каннинг фаолиятидаги энг машъум воқеа бўлиб тарих зарварақларига муҳрланди. Бироқ, ўша йили турли номинациялар бўйича энг кучли дарвозабонлар рўйхатига киритилди. 2001 йил қаҳрамонимиз учун омадли келди ва ўша мавсумда мюнхенликлар билан ўзига хос “требл” қайд этди. Дастлаб Бундеслига ғолиблиги қўлга киртилди. Шунингдек, ЕЧЛ финалида “Валенсия” тиз чўктирилди ва Токио мезбонлигида ўтган Қитъалараро кубокда “Бока Хуниорс” мағлуб этилди. Шундан сўнг, Оливер клублар миқёсида халқаро майдонларда бошқа совринларга эга чиқа олмади ва фақатгина Бундеслига, кубок баҳсларидагина ғолибликни қўлга киритди. 2008 йилги мавсум эса “Булдог” учун сўнггиси бўлди, немис футболида ўзига ҳос из қолдира олган посбон ўша йили қўлқопларини михга илди.
“Немис машинаси”даги фаолият
1994 йилда Оливер биринчи бор терма жамоага чақирув олган бўлса ҳам якунда мундиалга бориш унга насиб қилмади. Аммо, Швейцария термасига қарши ажойиб дебютидан сўнг ўша вақтлардаги миллий терма жамоа устози Берти Фогтс 1996 йилда уни ўзи билан Европа чемпионатига олиб кетади. Албатта, Кан учун асосий таркибдаги жой кафолатланмаган, “немис машинаси”нинг сўнгги нуқтаси ҳақиқий рақобатлар майдони эди. Зеро, Андреас Кёпке ва Оливер Рек билан чин маънода рақобат қилиш учун Оливердан жуда ёрқин истедод ва тажриба талаб этиларди. Мусобақани захира дарвозабони сифатида ўтказган қаҳрамонимиз якунда жамоаси билан қитъа чемпионлигига эришди. 1998 йили Франция яшил майдонларида бўлиб ўтган жаҳон биринчилигига ҳам Кан захира даврозабони сифатида ташриф буюради. “Немис машинаси” мундиал чорак финалида хорватлардан қақшатгич “зарба” қабул қилиб олади ва мусобақадаги иштирокини якунлайди. Мундиалдан сўнг немисларнинг асосий дарвозабони Андреас Кёпке терма жамоадаги фаолиятига якун ясайди. Оливер учун бу жуда яхши имконият бўлиб, ундан немисларнинг асосий дарвозабони сифатида ўзини янги қирраларини намойиш этиши талаб этиларди. Карлсруэлик шоввоз клубдаги ва терма жамоадаги ёрқин ўйинлари билан фаолиятидаги энг юқори чўққига айнан ўша йиллари эриша олди. Афсуски, 2000 йилдаги Европа чемпионати немислар учун жуда аянчли якунланди, гуруҳ баҳсларидаги омадсизликлар ортидан мусобақани эрта якунлашга мажбур бўлишди. Айнан ўша қитъа биринчилигидан сўнг Оливер жамоадоши Оливер Бирхоффдан сардорлик боғичини олади ва кейинги ўйинларда миллатнинг бош жамоаси еткачиси сифатида сафдошларини майдонга бошлаб чиқади. 2002 йилда илк бора Осиё майдонларида ташкил қилинган мудиал баҳсларида Германия терма жамоасини сардор сифатида мусобақага бошлаб борди ва ажойиб ўйинлари билан барчанинг олқишига сазовор бўлди. Финалгача бўлган учрашувларда немислар атиги битта гол ўтказиб юборишади ҳамда ҳал қилувчи баҳсда Бразиля терма жамоасига мағлуб бўлишади. Оливер бутун мусобақа мобайнида ишночли ўйин намойиш этиб, жамоасини финалга қадар олиб чиққан бўлишига қарамай, финалда ўз дарвозасидан икки бор гол олиб чиқишга мажбур бўлади. Бразилялик ҳужумчи Роналдонинг “дубл”и эвазига якунда Жанубий Америкаликлар бош совринга эга чиқишди. Гарчи, “Сўйлоқ”дан икки гол қабул қилиб олганига қарамасдан қаҳрамонимиз мундиал сўнггида мусобақанинг энг яхши ўйинчиси деб топилади.
Якун!
Шундан сўнг, “немис машинаси” рулига келган Юрген Клинсманн терма жамоада бир қатор ротацияларни амага оширади. Жумладан, дарвозага Ленс Леманн вариантини лойиқ деб топади ва Оливер термадаги ўрнини йўқотади. 2006 йилда немис диёрида бўлиб ўтган мундиал баҳсларида Леман германияликларнинг биринчи рақамли посбони бўлди. Немислар жаҳон биринчилигининг ярим финалида Италиядан аламли мағлубиятга учрайди ва 3-ўрин учун бўладиган баҳсда иштирок этишади. Мазкур ўйинда Оливер асосий таркибда ҳаракат қилади ҳамда немислар Португалия устидан ишончли ғалабани қўлга киритади. Айнан ушбу баҳс “булдог” учун терма жамоадаги сўнгги ўйин бўлиб тарих саҳифаларидан жой олди. Оливер терма жамоа сафида 1995 йилдан 2008 йилгача харакат қилиб, 86 та ўйинда иштирок этди ва ўз дарвозасидан 78 та тўп олиб чиқишга мажбур бўлди.
Эришган ютуқлари:
Терма жамоа билан:
Европа Чемпиони: 1996 йил
Жаҳон чемпионати кумуш медал соҳиби: 2002 йил
Жаҳон чемпионати бронза медал соҳиби: 2006 йил
Конфедерациялар Кубоги бронза медали соҳиби: 2005
Клуб миқёсида:
Германия Чемпиони (8 марта): 1997, 1999, 2000, 2001, 2003, 2005, 2006, 2008 йиллар
Германия кубоги ғолиби (6 марта): 1998, 2000, 2003, 2005, 2006, 2008 йиллар
УЕФА Кубоги ғолиби: 1995/96 мавсум
ЕЧЛ ғолиби: 2001 йил
Қитъалараро Кубок ғолиби: 2001 йил
Шахсий ютуқлари:
Бундеслиганинг энг яхши дарвозабони: (5 марта): 1994, 1997, 1998, 1999, 2001 йиллар
УЕФА талқини бўйича Европанинг энг яхши дарвозабони: (3 марта) 2000, 2001, 2002 йиллар
Германиянинг энг яхши ўйинчиси: (2 марта) 2000, 2001 йиллар
Жаҳон чемпионатининг энг яхши ўйинчиси: 2002 йил
Лев Яшин мукофоти совриндори: 2002 йил
Оливер футболчилик фаолиятини якунлагандан сўнг, машҳур ZDF телеканали билан шартнома имзолаб, футбол таҳлилчиси бўлиб иш бошлади. Шунингдек, бир неча бор рекламалар роликларида суратга тушди, футбол ток-шоуларида иштирок этди. Аммо, якунда барибир қадирдон жамоаси “Бавария” клуби билан бўлишга аҳди қилди. Мюнхенликлар унинг фаолиятида улкан из қолдирганлиги учун клуб томонидан берилган таклифга йўқ дея олмади. Бир муддат жамоанинг футбол академиясида фаолият олиб борди ва бугунги кунда “қизиллар”нинг директорлар кенгаши аъзоси ҳисобланади.
Ҳа, Кан ўтмишнинг ажойиб юлдузи ва ҳақиқий жарима майдони қироли эди. Унинг моҳир ижролари, бетакрор фаолияти ҳамиша футбол иҳлосмандлари юрагининг тўридан ўрин олади. Оливер нафақат дарвозабон балки, сардор сифатида клуб ва терма жамоасининг алмаштириб бўлмас ўйинчиси бўлган. “Горилла”нинг сейвлари-ю, такрорланмас ўйинлари ҳозирда дарвозабонлик ҳадисини олаётган бўлажак чарм қўлқоп усталари учун ажойиб қўлланма бўлиб хизмат қилса ажаб эмас.
Фаррух Дониёров тайёрлади
Comments