Latest news

14:09Эшитдик-да! "Бунёдкор" бугун "Олимпик" ўйинчиси билан шартнома тузади  2 13:39"Пахтакор" стадионига таъмир керак. У Суперлигани қабул қила олмайди  13 13:10Энцо Фернандес АҚШда "Челси" сафига бориб қўшилди  1 12:52Ўзбекистонлик спортчиларнинг Париж Олимпиадасидаги иштирокидан ОНЛАЙН  1 12:31ЦСКА ҳужумчиси Греция клуби билан шартнома имзолайди   2 12:05Шерзод Файзиев қаерда?   6 11:50"Краснодар" бразилиялик футболчиси билан янги шартнома имзолади   1 11:29Леон Горецкага "Атлетико Мадрид" ва "Наполи" қизиқиш билдирмоқда  1 10:33«Олимпик» 7 нафар футболчи билан шартнома тузди  6 10:09Футбол, Ҳасанбой ва бошқалар. Бугун Париж Олимпиадасида иштирок этадиган спортчиларимиз рўйхати билан танишинг  3 10:00УзПФЛ. «Нефтчи» етти нафар футболчини рўйхатдан ўтказди ва яна шунча футболчи билан хайрлашди  6 09:28FourFourTwo. Футбол тарихидаги энг яхши таянч яримҳимоячилар рейтинги тузилди  10 08:56Ибаи Гомес: "Ўзбекистонга қарши ўйинда ғалаба қозонсак, кейинги босқичга йўл олишимизга ишонаман"  21 08:25«Насаф» собиқ дарвозабони ва яна икки нафар футболчи. «Қўқон-1912» уч нафар футболчи билан шартнома тузди  1 07:55Канада терма жамоаси гуруҳда иккита учрашувда ғалаба қозонди, бироқ уларда ҳозирча 0 очко. Қандай қилиб?  2

Максимилиан Фомин: "Кўп хатога йўл қўйдим, афсус қилишдан фойда йўқ" News

Максимилиан Фомин: "Кўп хатога йўл қўйдим, афсус қилишдан фойда йўқ"

Ўзбекистон 24-миллий чемпионати олий лигасида 9-тур ўйинлари ортда қолди.
Ушбу турдан сўнг  мағлубиятга учрамаган жамоа қолмади. Биз бир муддат аввал мавсумни омадсиз ўтказаётган Самарқанднинг “Динамо” клуби ҳимоячиси Максимилиан Фоминдан интервью олган эдик.

- Максимилиан, бу йилдан “Динамо” жамоасида ўйнаяпсиз. Умуман, Самарқанд клубига ўтишингиз қандай рўй берди? Бу жамоага сизни ким таклиф қилди?
- Қишда, яъни давралар оралиғидаги танаффус чоғида менга Тачмурад Агамуродов қўнғироқ қилиб, “Динамо”да фаолиятимни давом эттиришимни сўрадилар. Очиғи, Тачмурад Шамаковичнинг бу чорловидан жуда ҳам хурсанд бўлдим ва таклиф розилик бердим. Лекин биргина футболчининг истаги билан ҳамма масала ҳам ҳал бўлавермас экан. Бу борада бир нечта тўсиқларга дуч келдим. Ўша пайтда “Пахтакор” билан амалдаги шартномам бор эди. Лекин аввалги йилларда бўлгани каби яна ижара асосида қайсидир клубда ўйнашни хоҳламадим. “Пахтакор” эса мени шунчаки қўйиб юборгиси келмади. Шу боис, икки ойга яқин вақт мобайнида “Динамо”га кўчиб ўтишим амалга ошмади. Ҳеч қандай нажот қолмаганидан ўз трансфер ҳуқуқимни сотиб олишимга тўғри келди. Ўзга чорам қолмаганди. Дўстларимдан қарз олиб, трансферимни сотиб олдим. Шукрки, бугунга келиб қарзларимдан қутулдим. Ҳеч кимдан қарзим йўқ. Ҳозир ҳаммаси жойида.

- Трансфер ҳуқуқингизни қанчага сотиб олдингиз?
- Бу суммани айта олмайман. Шартномада шундай ёзилган. Ўйлайманки, мени тўғри тушунасиз.

- “Пахтакор” мураббийлари асосий таркибдан жой кафолатламаганликлари учун шундай йўл тутдингизми ёки бошқа сабаби борми? Балки, сабр қилиб, ўз навбатингизни кутганингизда яхши бўлармиди?
- 2013 йили ёзда ўтказилган ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатидан сўнг Самвел Бабаян аста-секин асосий таркибда ҳам ўйин амалиётини бериб боришини айтди. Лекин Ўзбекистон кубоги доирасидаги “Насаф”га қарши кечган ўйин (0:0)дан сўнг Самвел Вячеславович билан ўртамизда зиддият юзага келди. Менимча, ўша вазиятда айб кўпроқ менда эди. Шундан сўнг мен ўзимни нотўғри тута бошладим. Машғулотларга келмай қўйдим. Кўпчилик вазиятни юмшатишга уриниб кўрди. Лекин мен клуб раҳбарияти ва мураббийлар штаби билан ортиқ зиддиятга боришни истамадим. Раҳбарият эса мени мавсум якунланганидан сўнг Фарғонанинг “Нефтчи” жамоасига ижарага бериб юборди.

- Машғулотга келмай нотўғри иш қилгансиз. Ҳар қандай ҳолатда ҳам мураббий натижага жавобгар бўлган. Келажагингиз ҳақида ўйламадингизми?
- Ўша пайтда нотўғри фикрлаганимни кейин вақт ўтиши билан тушуниб етдим. Асосий таркибда ўйнашга тайёрман, деб ўйлагандим. Менга имконият беришмаётгани, асосий таркибда майдонга туширишмаётгани ёқмасди. “Насаф” билан ўйиндан кейинги воқеадан кейин жамоадан бутунлай кетишга қарор қилдим. Шу сабабдан ҳам машғулотларга бормай қўйгандим.

- Ўшанда қабул қилган қарорингиздан афсусдамисиз? Чунки “Пахтакор”нинг эшиклари сиз учун бутунлай ёпилган бўлиши мумкин?
- Ҳозир бу ҳақида ўйлашдан ҳеч қандай маъно йўқ. Кимнидир айблаш, қандайдир баҳоналар келтириш, бундан ҳеч қандай фойдани кўрмаяпман. Бўлиши керак бўлган бўлиб ўтди. Ўтиб кетган вақтни ортга қайтариб бўлмайди. Бундан буён ўз устимда икки баробар кўпроқ ишлаб, асосий таркибга муносиб ўйинчи эканлигимни исботлашим керак. Ҳозир бўлиб ўтган воқеалар билан чалғисам, ўйиним чиқмайди. Бу билан нафақат ўзимга, балки клубимга ҳам зарар етказган бўламан.

- “Динамо”дан бошқа жамоалардан ҳам таклифлар бўлдими?
- Ҳа, таклифлар етарлича бўлди. Лекин мен айнан Тачмурад Шамакович қўл остида ўйнашни лозим топдим. Бу мутахассис мен учун бегона эмас эди. Ўз вақтида “Пахтакор”ни ҳам чемпион қилган. Жамоанинг бугунги ютуқларида Агамуродовнинг хизматлари ва хиссаси катта бўлган, деб ҳисоблайман.

- “Динамо”дан кўра ўз олдига жиддийроқ мақсад қўядиган жамоага ўтиш вариантини кўриб чиқмадингизми?
- “Динамо” ҳам ёмон жамоа эмас. Таркибда кучли, ўз вақтида терма жамоада тўп тепган футболчилар жам бўлган. Шунчаки, мавсум старти биз учун омадсиз келди. Ўйинимиз чиқмаяпти. Ишончим комилки, ҳали ўз ўйинимизни топиб оламиз. Бунинг учун янада кучлироқ ўйин кўрсатишимиз, машғулотларга жиддийроқ ёндашишимиз керак. Бу гаплар ўзимга ҳам тааллуқли. Юқори савияда ўйнасам, кучли жамоаларнинг ўзлари мени топиб олишади. Бунинг учун эса ҳаракат қилишим шарт.

- Самарқанд шаҳри жамоаси билан қанча муддатга шартнома имзолагансиз?
- “Динамо” билан келишувимиз бир йилга мўлжалланган. Ўзим учун керакли хулосалани чиқариб олдим. Клуб раҳбарияти, мураббийлар штаби, мухлислар мендан нима кутаётганликларини биламан. Ҳаммасига ўзимга боғлиқ. Мазмунли ва ҳимояда ишончли ўйин намойиш этиб, аввалги хатоларни такрорламасликка ҳаракат қиламан.

- Нима учун жамоанинг ўйини ўхшамаяпти?
- Очиғи, буни билмайман ҳам. Аввалига бизга жамоавий ўйин амалиёти етишмади. Сабаби жамоа таркиби янгитдан шакллантирилганди. Футболчиларнинг бир-бирини тушуниб ҳаракат қилиши анча маромига келиб қолди. Энди эса бизга бироз омад етишмаяпти. Агар эътибор берган бўлсангиз, деярли барча ўтказган ўйинларимизда сўнгги дақиқаларда гол ўтказиб юбориб, мағлубиятга учраяпмиз ёки ғалабани қўлдан чиқаряпмиз. Гол ўтказиб юборгунга қадар эса жуда яхши ўйин намойиш этяпмиз. Жамоамиз мухлислари яна озгина сабр қилсалар, ҳаммаси ўз жойига тушиб кетади. “Динамо” яна ўз ғалабалари билан самарқандлик мухлисларни хушнуд қилишни бошлайди. Айнан шунинг учун ҳам бу ерга келганмиз ва ўз тақдиримизни “Динамо” билан боғлаганмиз.

- Ҳали шу пайтгача ўтказилган ўйинларда бирорта ҳам ғалабага эришмадинглар. Хатто ўз майдониларда ҳам зафар қучиш насиб этмади. Буни қандай тушуниш ёки қабул қилиш мумкин?
- Ҳа, бу ҳақида гапириш жуда ҳам қийин. Ўз мухлисларимиз кўз ўнгида ўтказган учта ўйинимиздан бирортасида ҳам ғалаба қозона олмадик. Келинг, мана шу ўйинларни таҳлил қилиб чиқамиз. “Қўқон-1912” жамоаси билан кечган учрашувда 0:1 ҳисобида ютқаздик. Азиз Ибрагимов томонидан киритилган “тоза” голни ҳакамлар инобатга олишмади. Бу билан биздан ғалабани юлиб олишди. “Қизилқум” билан 2:2 ҳисобида дуранг ўйнадик. Иккала голни ҳам қўшиб берилган дақиқаларда, аниқроғи, 90+2, 90+5-дақиқаларда ўтказиб юбордик. “Локомотив”га тенг курашлар остида кечган учрашувда 0:1 ҳисобида имкониятни бой бериб қўйдик. Юзага келтирилган кўплаб ҳавфли ҳужумларни голга айлантира олмадик. Кўряпсизми, жамоамизда салоҳият бор. Энг муҳими, ишлашдан тўхтаб қолмаслигимиз керак. Шунда ғалабалар келади.

- Жамоа раҳбарияти бундай салбий натижага қандай муносабат билдиряпти?
- Клуб раҳбарияти ҳам вазиятни тушуниб турибди. Нима бўлаётганини кўряпти. Ўйлайманки, улар бизни қўллаб-қувватлашади. Вазиятни эса ижобий томонга ўзгартиришга астойдил ҳаракат қиламиз.

- Ўзи аслида “Динамо” олдига жорий мавсум учун қандай вазифа қўйилган?
- Ҳар бир ўйинда жамоамиз мухлисларини хурсанд қилишимиз керак. Аммо истак билан унинг амалий ифодаси ҳамиша ҳам бир-бирига тўғри келавермайди. Шундай бўлсада, биз ўз олдимизга қўйилган вазифа ва мақсаддан оғишмаймиз. Ҳали олдинда мавсумнинг асосий ўйинлари бор. Тез орада вазиятни ижобий томонга ўнглаб, тўғри йўлга тушиб оламиз.

- Кеча (суҳбат 29 апрель куни уюштирилган, - муаллиф) Ўзбекистон Кубогида 1-лига клубига ютқазиб қўйдинглар. Нима учун “Пахтакор-2” клубига қарши кечган ўйинда ўринбосарлар жамоаси майдонга туширилди? Ёки кубок мусобақаси учун “Динамо” олдига вазифа қўйилмаганмиди?
- Жамоамиз раҳбарияти Ўзбекистон Кубоги учун ҳеч қандай вазифа қўймаган эди. Шунинг учун ҳам ўринбосарлар таркиби Қибрайдаги ўйинга юборилди. Мураббийлар штаби ёш, ўйин амалиёти кам бўлган футболчиларга имкониятни тақдим этди. Бу бир томондан тўғри йўл бўлса ҳам керак. Бошқа кучли чемпионатларни кўрсангиз, у ерда ҳам кубок ўйинларида асосий таркибга деярли дам берилади. Лекин ўринбосарлар таркибимиз бўлса ҳам “Пахтакор-2”га ютқазганлигини оқламайман.

- Жамоада молиявий муаммолар йўқми?
- Бу мавзуда мен ҳеч нарсани билмайман, деган тақдиримда ҳам ҳозирги ҳолат барчага кундек равшан. Буни беркитадиган жойи ҳам йўқ. “Динамо”да молиявий муаммолар бор. Хатто ўтган йилги мавсум учун ҳам етарлича қарздорлик сақланиб қолган. Бу йил ҳам муаммо ўз ечмини топмади. Албатта, бу жуда ҳам аянчли ҳолат. Умид қиламизки, яқин кунларда вазият ўзгаради ва барчаси ўз жойига тушади.

- Балки молиявий муаммолар ҳам салбий натижага сабаб бўлаётгандир? Чунки футболчилар пул олмаганидан кейин кайфият ҳам тушиб кетади?
- Албатта. Пул олмасдан ўйнаш жамоанинг умумий руҳиятига ҳам жиддий таъсир қилади. Маошларни қўя туринг, хатто экипировкаларни ҳам куни кеча беришди. Шу кунгача ҳамма ўзи топган ва дуч келган кийимда ўйинлар ва машғулотларга бораётганди. Буларнинг ҳаммаси салбий жиҳатдан инсонга таъсир ўтказади. Шунча муаммо бўлишига қарамай, футболчилар вазият ижобий томонга ўзгаришига умид қилиб, ҳар бир ўйинда майдонга ғалаба учун тушишяпти. Тўғри, ҳали ғалаба қозониш насиб этмади. Лекин интилиш бор.

- Бу йил ҳисобидан ҳали маош олмадингларми?
- Мавсум бошланиши олдидан “кўтарма” пулларининг маълум бир қисмини беришди. Кейин иккита ойлик маошни ҳам олдик. Бири ўтган йил, иккинчиси шу йил учун. Ҳозир ўтган йилги таркибдан ким жамоада қолган бўлса, ўша ўйинчилар 2014 йилнинг бир ойи учун ҳақ олишди, холос.

- Максимилян, умуман, бу йилги чемпионат сизда қандай таассурот қолдиряпти? Илк хулосаларингиз қандай бўлди?
- Жуда қизиқарли чемпионат гувоҳига айланяпмиз. Кутилмаган натижалар кўп. Совринли ўринларни эгаллайдиган ва аксинча, олий лигани тарк этадиган жамоаларни ҳам олдиндан айта олмайсиз. Бу эса чемпионатимизда ўзиш кўзга ташланаётганидан дарак беради. Бундай кутилмаган натижа билан якунланадиган ўйинлар сони кўп бўлса, олий лигамиз савияси шунчалик ошиб борарди.

- Сўнгги пайтларда келишилган ўйинлар ҳақида жуда кўп гапириляпти. Бундай ўйинларга гувоҳ бўлганмисиз, балки дўстларингиздан эшитгандирсиз?
- Ҳа, мен жуда кўп марта айнан бизнинг чемпионатда келишилган ўйинлар ҳақида эшитганман. Лекин бу йил бизнинг федерациямиз келишилган ўйинлар учун жиддий кураш бошлади ва бу илк турлардан бошлаб ўз самарасини берди. Бунинг учун мен ЎФФ президенти Мираброр Зуфарович Усмоновга ўз миннатдорчилигимни билдираман. Келишилган ўйинларни ташкил этаётганлар жиддий жазога тортилишларини эшитиб, ортиқ бундай жирканч ишга қўл уришмаяпти. Охиригача шундай бўлиб қолишини истардим.

- Собиқ жамоангиз “Пахтакор”нинг ҳам ўйинларини кузатиб боряпсизми?
- Албатта, вақтимга қараб, имкон қадар кузатиб боришга ҳаракат қиляпман. ОЧЛдаги ўйинларини ҳам кўриб боряпман. Қолаверса, Лигада қатнашаётган бошқа клубларимизнинг ўйинларини ҳам кузатяпман.

- Нима учун ёш футболчиларимиз жаҳон чемпионатларида яхши ўйнаб, кейин йўқ бўлиб қолишяпти? Мана ўзингиз ҳам вақтида жаҳон чемпионатида ўйнадингиз. Бу борада шахсий фикрингиз қандай?
- Бу қийин савол. Бунинг сабаблари жуда ҳам кўп. Масалан, турли ёш тоифасидаги терма жамоаларимиз таркибига назар ташлайдиган бўлсак, асосан “Пахтакор” ва “Бунёдкор” футболчиларидан иборат эканлиги ойдинлашади. Бу икки клубнинг асосий таркибига кириш эса осон иш эмас. Бунинг натижасида ўсмирлар ва ёшлар ўртасидаги жаҳон чемпионатларида ўзини кўрсатган бир гуруҳ истеъдодли ёшлар ёки захирада қолиб кетяпти ё бўлмаса, бошқа ўртамиёна клубларга ижарага бериляпти. Айнан мана шу вақтда истеъдодли ёшларни йўқотиб қўяпмиз. Минг афсуски, бу ўзбек футболининг энг катта муаммоси бўлиб қоляпти. Кейин клубларнинг бош мураббийлари ҳам мажбурликдан ёши катта футболчиларни майдонга туширяпти. Клуб раҳбарлари мураббийлардан натижа сўраяпти. Ўзи ёш футболчилардан ҳеч қачон натижа талаб қилиш керак эмас. Аввал унга етарлича ўйин амалиётини берилса, кейин натижа ўзи келаверади.

"Интерфутбол" газетаси, Камолиддин Алимов суҳбатлашди
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика