Интервью. Усмон Тошев: “Олий лигага чиқиш учун “Андижон”нинг иштиёқи катта”
17 jun 2017 11:33
News
Интервью. Усмон Тошев: “Олий лигага чиқиш учун “Андижон”нинг иштиёқи катта”
Виталий Легай бош мураббийлиги остида мавсумни бошлашган андижонликлар охирги турларда қимматли очколарни бой беришди. Тўртта ўйиндан бери ғалаба қозона олмаётган жамоа 3-ўринга тушиб қолди. Бу эса раҳбариятга ёқмагани турган гап. Шундан кейин янги тажрибали бош мураббий олиб келиш тараддудига тушиб қолишди. Виталий Легай билан Абдурашид Исмоилов истеъфога чиқарилди. Натижада ОФК инструктори сифатида ишлаб келаётган Усмон Тошев расман ишга киришди. 12 июнь кечки пайт клуб қароргоҳига етиб келган мутахассис эртасига вилоят жисмония тарбия ва спорт қўмитаси раиси Озод Саидов томонидан бош мураббий сифатида таништирилди. Мураббий эса янги жамоасида катта иштиёқ билан енг шимариб ишга киришди. Тошев футболчилар билан дастлабки машғулотни ўтказганидан кейин суҳбатлашишга рози бўлди.
- Сизни “Андижон” клуби бош мураббийи этиб тайинланганингиз билан табрикламоқчиман. Анчадан бери бирор-бир жамоада мураббийлик иши билан шуғулланмаётгандингиз. Ниҳоят, сизни яна ўз жойингизда кўриб турибмиз...
- Яна амалиётга киришганимдан хурсандман. Мураббийлик ишида 3-4 йил ишламаган бўлсам ҳам четда қолиб кетдим деб ўйламайман. Ўзингиз биласиз, мен кўп жойларда бўлдим, кўплаб одамлар билан гаплашдим, ўқиб изландим, тажриба орттирдим. Яна қачон мураббийликка қайтарканман деб чойхонада ош еб навбатимни кутиб ўтирмадим. Агар яхши инсонлар, нияти тоза, келажакни ўйлайдиган раҳбарлар бўлса мен иккинчи лигага келиб ҳам ишлашга тайёрман. Мана, Андижонда шундай одамлар бор экан. Айтсам ишонмайсиз, менга 1000 тадан зиёд табриклар бўляпти. Хориж мамлакатларидаги танишларимдан табрикларни қабул қилиб оляпман. Одамлар мени яна мураббийликка қайтишимни кутишаётганини ўйламагандим. Бундай эътибор ва табриклар учун раҳмат.
- Усмон Қудратович, “Андижон”дан таклиф келиб тушганида уни ҳар томонлама ўрганиб чиққан бўлишингиз табиий. Айтинг-чи, таклифни қабул қилишингизга аввало нима туртки берди?
- Биринчи туртки берган жиҳат – бу жамоанинг мақсади. Иккинчи навбатда клуб раҳбари Жаҳонгир Мадихонов менга қўнғироқ қилганида унинг гаплашиш маданияти, бирга ишлашга бўлган ишончи жуда ёқди. Ваҳоланки, бу одамни қачонлардир “Наврўз” стадионида кўргандим. Қайси вазиятда иккиландим? Ишлай оламанми-йўқми? Яъни, иш бўлса қиламан бўлмаса йўқ қабилида ўйлаганим йўқ. Менга бу нарсанинг албатта фарқи бор. Чунки бу ердагилар менга ишонишади. Мухлислар ҳам биз сиз биланмиз дейишди. Шунча йўл босиб келиб, ўзимга билдирилган ишончни оқлай олмасам бундан ёмони бўлмайди. Масъулият катта. Қаерда ишлашдан қатъий назар одам доим ўзидаги масъулиятни ҳис қилиши керак. Албатта, менда ҳаяжон бор. Лекин олдимга қўйилган вазифани бажаришимга ишонаман. Мен бахтли инсонлардан бириман.
- Ўзингизда ҳам мураббий сифатида натижаларга эришишга бўлган иштиёқингиз катта эканлиги сезилиб турибди. “Андижон”нинг мақсади эса олий лигага қайтиш. Иккала томоннинг мотивацияси бор. Уларни бирлаштирса нима бўлади?
- Биласизми, мотивация катта. “Андижон” жамоасининг мақсади аён – олий лига. Мураббийликда ҳар қандай инсоннинг саволига жавоб бера оламан. Анча вақт ишламаётганим ҳақида гапиришаётган бўлса, демак улар мени яхши билишмайди.
- Янги жамоангиз билан илк машғулотни ҳам ўтказдингиз. Дастлабки таассуротлар қандай?
- Жуда яхши. Бунгача ҳам менга жамоа ҳақида яхши маълумотлар беришган. Энди ўз кўзим билан ҳам кўриб турибманки, чиндан ҳам бу ерда яхши жамоа бор. Лекин биз биргаликда ишлашимиз керак. Ким бўлишидан қатъий назар – у “Ювентус” ёки “Реал” бўладими, барибир ишлаш керак. Чунки ҳар бир мураббийнинг ўз фикри ва дунёқараши бор. Ўйлайманки, бу ерда материал – жамоа бор. Тўғри, вақтимиз жуда оз. Аммо мен баҳона топмайман. Агар менинг маҳоратим бўлса, ўша оз фурсат ичида ҳаммасини жой-жойига қўйишим керак.
- “Андижон”нинг бунгача ўтказган ўйинларини кўрдингизми?
- Ҳали тўлиқ кўрганим йўқ, аммо эшитдим, бу борада менда маълумотлар бор. Клуб ўйинлари ёзилган дисклар қўлимда турибди, ҳали кўриб чиқишга вақтим етади. Ҳозирги вазифам тезроқ футболчилар билан тил топишиш. Улардан нима хоҳлаётганимни тезроқ тушунишлари лозим. Ўзаро ҳурмат, режим, тарииб-интизом борасида муаммолар бўлмайди.
- Мураббийлар штабида сизга кимлар ёрдам беради?
- Бухородан Фарруҳ Ҳамроев келди. Искандер Галиулинни ҳам ишга таклиф қиламиз. Қолаверса, Расул Раҳмонов ва дарвозабонлар мураббийи Бекзод Турғунов ҳам мен билан бирга ишлашади. Бизда аҳил мураббийлар штаби йиғилади. Барчасида ишлашга ва ўрганишган бўлган истаклари юқори.
- Яқинда интернетдаги “Википедия” тармоғи орқали сиз ҳақингиздаги маълумотларни қидирганимда охирги клубингиз сифатида Афғонистоннинг “Майванд” жамоаси кўрсатилган. Очиғи, бундай маълумот бизда йўқ эди...
- Ҳа, бу рост. Аммо буни кўпчилик билмайди. Аксарияти юлдуз мураббийларга қизиқишади. Мен эса оддий мураббийман. Дарҳақиқат, у ерда икки йил мобайнида бош мураббий бўлиб ишладим. Агар бу ердан таклиф бўлмаганида яна у ерга кетардим.
- У ердаги клубда бош мураббий бўлиб ишлашга қандай улгурдингиз? Тўғри, бир марта Афғонистонга бориб келганингизни биламан. Бироқ икки йил давомида қандай қилиб у ерда ишладингиз?
- Бориб келиб ишимни қилаверардим. Биласизми, у ердаги ёрдамчиларим кучли эди. Ҳа, мамлакатдаги вазият бироз нотинч. Аммо у ерда яхши мураббий ва футболчилар бор. Футбол федерацияси ва маҳаллий телевидениеси билан яқин муносабатдаман. Улар билан алоқадамиз. Аммо менинг “Андижон”га бош мураббий бўлганимни эшитишмади чоғи, ҳали табриклашгани йўқ (кулади).
- ОФК инструктори сифатида ишлаётгандингиз. Энди бу борадаги режаларингиз ўзгариши аниқ...
- Албатта, режалар ўзгаради. Лекин у ишимни ҳам ташлаб қўя олмайман. Инструкторлик – менинг билимимни оширишга ёрдам беради. Шу боис унга ҳам вақт топаман. Бу иш орқали кўп жойларга бордим, катта-катта мураббийлар билан танишдим, кўплаб саволларимга жавоб олдим. Назарий билим билан амалиётни бирлаштираман.
- Биринчи лига баҳсларини кузатиб борармидингиз? Унинг савияси ҳақида сўрамоқчи эдим.
- Бунгача биринчи лиганинг иккита ўйинини кўрдим. У ерда яхши ўйинчилар кўп. Лекин, албатта олий лигадан фарқи бор. Тезлик, маҳорат ва тушунчаси билан барибир ажралиб туради. “Машъал-2” мураббийи Диёр Мирзабоев яхши ишлаяпти. Унинг ҳаракатларидан жамоасининг ўйинида қўли борлиги кўриниб турибди.
- Сиз ўз олдига аниқ вазифа қўйган жамоага келдингиз. Босим сезиляптими?
- Босим йўқ. Мен мураббийман, ўқитувчиман. Футболга тўсатдан келиб қолганим йўқ. Менда қўрқиш мутлақо йўқ, бироқ ҳаяжон бор. Агарда ҳаяжоним йўқоладиган бўлса, унда ишимни тугатиб нафақага чиққаним яхши. Мен ортиқча гап-сўзларга эътибор бермайман. Бировга ўзимни исботлаш учун келганим йўқ. Шунчаки, жамоадагилар билан ҳамжиҳат бўлиб ишласак бўлди. Ишонасизми, уйдагиларга янги ишга ўтганимни ҳозиргина айтдим. Ойим қўнғироқ қилиб, “Андижонда нима қиляпсан”, деб сўраяпти. Опам ва акам ҳам яқиндагина мен ҳақимдаги хабарни эшитишди. Биргани рафиқам “Андижон”да иш бошлаганимни биларди холос. “Бухоро”да ишлаган пайтимда уйимдан базагача пиёда 10 дақиқалик йўл эди. Ўшанда бир-икки ойлаб уйга бормасдим, базада қолардим. Хотиним эса мени кўриш учун базага келарди. Футболни, ўз ишимни жуда яхши кўраман. Андижонда футболдан ташқари яна кўп иш қилмоқчиман. Агар ўз олдимдаги барча вазифаларни бажара олсам, мен хурсанд бўламан.
- “Андижон”да сизнинг олдингизга қўйилган вазифа аниқ. Лекин бунга эришишнинг иккита йўли бор: Яъни, жамоани олий лигага олиб чиқиш учун дарҳол натижага ошиқяпсизми ёки бира тўла бугунданоқ олий лига савиясига мос жамоани шакллантириб бормоқчимисиз?
- Аслида олий лигага чиқиш осон эмас. Бутун клубда иштиёқ жуда катта. Ҳа, биз олий лигага чиқамиз. Аммо шунга яраша 70-75 фоизга тайёр бўлиб чиқишимиз керак. Клубнинг инфраструктураси, таркиби, ўйин савияси бўйича шунга мослашиб боришимиз лозим. Агар ҳозир фақатгина олий лигага чиқсак бўлди, қабилида иш юритадиган бўлсак, унда кейин кеч қоламиз. Шунинг учун биз иш самарадорлигини аста-секин ошириб борамиз. Масалан, бугунги шароит биринчи лигага жавоб беради. Мисол учун стадионда ечиниш хонаси биринчи лига учун яхши, аммо олий лигага тўғри келмайди. Элитага қайтгандан сўнг бу ерга ҳакамлар, федерациядан меҳмонлар келишади. Улар эса мени яхши биладилар. Олий лига дегани ўз-ўзидан ҳамма нарса олий бўлиши керак деганидир. Ахир унинг номи ҳамма нарсани айтиб турибди-ку! Демак, олий лигага яраша майдонимиз бўлиши керак. Умуман, ҳамма-ҳаммаси шунга мос равишда бўлиши талаб этилади. Ҳали бунга етишиш учун вақтимиз бор. Мен ҳаммасини ўйлаб енг шимариб ишга келдим. Албатта, маҳаллий ёшларга ҳам қараймиз. Аммо ҳозирги кунда бизга ёшлар жуда шарт эмас. Масалан, 2005 йилда туғилган футболчини майдонга тушириб, ўзимча рекорд қўйдим деб реклама қилишим бу нотўғри. Ёшлар асосан ёшлар лигасида ўйнашлари лозим. Олий лигада эса олий тоифадаги футболчилар тўп суриши шарт. Унинг ёши 30 ёки 40 да бўладими, мен учун фарқи йўқ. Мана, ёшларни туширяпман, дея мақтанишлар шунчаки қуруқ гаплар. Ишимиз озгина олдинга силжиганидан кейин ёшларга ҳам албатта эътибор қаратишни бошлаймиз. Мен асосий таркибимиз учун маълум ёшда бўлган футболчилар гуруҳини тузаман ва уларни йил давомида кузатиб бораман. Йил охирига келиб яна бир ундан-да кичикроқ бўлган ёшлар гуруҳини ташкил қиламан. Мана шундай жараён “Андижон”да узилиб қолганди. Шу сабабли ҳар йили бу ерда 10-15 та футболчи алмашиб кетаверарди. Доим 1 сўм ўрнига 20 сўм сарфлаяпсизлар-у, аммо сира фойдаси тегмаяпти. Жамоа биринчи лигага тушиб кетяпти. Нима учун? Чунки пойдевор йўқ. Мен бу ерга катта режалар билан келдим. Ҳар томонлама ишлашимиз керак. Ишимиз фақат футбол ва машғулотдан иборат бўлиб қолмайди. Ҳозирги футбол бошқача. Масалан, миллий терма жамоамиз ўйинини бутун халқимиз кутди. Биз ҳам ишимизни шунга монанд олиб боришимиз керак.
- Сиздан терма жамоамиз ҳақида ҳам сўрамоқчи бўлиб тургандим. Эронга ютқазганимизнинг таҳлилларини нималарда кўряпсиз?
- Таҳлил қилиш жуда оғир. Чунки у ерда мураббий ишлаяпти. Лекин шахсий фикрим, албатта ЎЗбекистон ютишини хоҳлардим. Бироқ Эрон биздан кучлироқ. Кутилмаганда ушбу ўйинга бир қатор ўйинчиларимиз жароҳат олишди.
- Жаҳон чемпионатига чиқиш учун имкониятимизни қандай баҳолаяпсиз?
- Мураббий айтганидек, имконият бор. Лекин энди қолган имкониятлардан фойдалана оламизми ё йўқми? Биз ютқазсак, улар ютса ёки биз ютсак, улар дуранг ўйнаса...бу ёғи энди математик ҳисоб-китоблар бўлади. Биз бошқаларга қарамасдан ўз ўйинларимизда ютишимиз керак. Демак, ўзимизга эътибор берайлик. Борган сари вазифа оғирлашиб кетяпти. Чунки рақиблар ҳам мақсадга эришишни хоҳлашади.
- Рости, кўпчилик терма жамоага ишонмаяпти...
- Йўқ, бу нотўғри. Мен футбол ичидаман, сиз ҳам. Шу боис охиригача ишониш керак. Терма жамоа мураббийининг юрагида нималар бўлаётганини мен тушунаман. Ҳозир қаттиқ гапириш ёки сўкиш керак эмас. Кўпчилик ишдан кетишини истаяпти, майли, у кетади. Аммо ўша ҳам биз каби инсон. Ҳадеб ҳақорат қилиб шахсиятига тегиш бу Худога ҳам хуш келмайди. Ҳозир муборак Рамазон ойидамиз. Бундай пайтда ҳатто ёмон гапиришнинг ўзи бўлмайди. Ҳа, биз ютқаздик. Аммо мураббийдан сўрайдиган масъул одамлар бор. Ўшалар ҳал қилишади. Биз эса бўлар-бўлмасга уни сўкиб ташламайлик. Ҳар ким унга баҳо беришдан аввал ўзи кимлигига эътибор қаратсин. Сиз билан биз терма жамоа ичида нима гап эканлигини билмаймиз. Унинг ишга фақат танқидий кўз билан баҳо бермаслик керак.
ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.
Comments