Интервью. Манучехр Сафаров: "Осиёнинг икки карра энг яхши футболчисидан чиққан таклиф "Локомотив"га келишим учун етарли бўлди"
26 jul 2022 14:25
News
Интервью. Манучехр Сафаров: "Осиёнинг икки карра энг яхши футболчисидан чиққан таклиф "Локомотив"га келишим учун етарли бўлди"
Расман: "Локомотив" Осиёнинг 2021 йилдаги энг яхши ўнг қанот ҳимоячисини таркибига қўшиб олди
Гап Тожикистон терма жамоаси футболчиси Манучехр Сафаров ҳақида кетмоқда. Ёзги трансферлар ойнаси вақтида "Персеполис"дан "Локомотив"га кўчиб ўтган футболчи билан боғланиб айрим саволларимизга жавоб олдик.
- Аввало янги жамоангиз билан табриклайман. "Локомотив" варианти қаердан пайдо бўлди?
- "Локомотив" спорт директори Сервер Жепаров таклиф билан чиқди. У ўзбек футболида ўз обрўйига эга футболчи бўлган, икки карра Осиёнинг энг яхши футболчиси ҳисобланади. Ундан клубдаги вазият, мақсадлар ҳақида сўрадим. Шунинг ўзи етарли бўлди. Бу клуб Осиёда яхши номга эга. Қолаверса, бир неча карра мамлакат чемпиони.
- Ўтган йили ОЧЛ баҳсларидан сўнг "Истиқлол"дан "Персеполис"га ўтдингиз. Қизиғи клуб билан яна 2 йиллик шартномангиз бор эди. Бу борада қандайдир жиддий сабаб юз бердими?
- Очиғи бу ерда футбол жуда оғир. Кўпроқ жисмоний кучга таянилади. Фақат югуришингиз керак. Ўзбекистонда кўпроқ техникага эътибор берилади. Шартномам бор эди. Лекин ўйин амалиёти камлик қилди. Натижада кетишга қарор қилдим.
- Эрон футболи савияси кўпроқ қайси жиҳатлари билан ёдда қолди?
- Машғулот майдонлари, стадионлар деярли бир хил савияда. Иккинчидан машғулот тугаса ҳам, яна 1-2 соат қўшимча ишлашади.
- "Локомотив" варианти юзага келганда, кимдир билан маслаҳат қилдингизми ёки ўзингизнинг истаганингиз туфайли амалга ошдими?
- Агентим ўзбек клубларини яхши билади. Бундан ташқари, Зоир Жўрабоев билан маслаҳатлашдим. "Локомотив"да барча илиқ қарши олди. Инсонийлик томондан аъло даражада. Ҳамма ўз ишига профессионал. Иккита ўйинда майдонга тушдим. Мослашишда муаммо кўрмаяпман. Жамоадагилар ёрдамини аямаяпти.
- Ўзига ҳос алмашиш юз берди. Эҳсони Паншанбе Эрон клубига кетди, сиз ўзбек жамоасига келдингиз...
- Эҳсонига омад тилайман. Юқорида айтганимдек мен ўзим учун яхши чемпионатда ўйин амалиётига эга бўлишим керак эди.
- Эътибор берсак, Ўзбекистон чемпионатида собиқ "Истиқлол"чилар кўпчиликни ташкил қилмоқда. Мана яқинда мураббий Виталий Левченко "Нефтчи" бош мураббийига айланди. Нима деб ўйлайсиз, ушбу мутахассис иккинчи даврада вазиятни ўзгартира оладими?
- Виталий Левченко яхши мутахассис. "Нефтчи" Зоир Жўрабоевни таклиф қилди, лекин шартнома боис "Сурхон" қўйиб юбормади. Агарда жамоа бир оилага айланса, мураббийнинг кўрсатмаларини бажарса вазият ўзгариши мумкин.
- Турнир жадвалидаги интригани ҳисобга олсак, иккинчи даврада қандай кураш кутяпсиз?
- Имкон қадар ўзимни кўрсатишга, жамоага ёрдам беришга ҳаракат қиламан. Чемпионлик учун курашувчи жамоалар битта эмас, бир нечта. Бу ёқимли албатта. Мураббийларим Виталий Левченко, Анвар Норқулов, Алишер Тўхтаев, Фарруҳ Бердиевдан олган ўгитларим "Локомотив"да ҳам фойда келтиради, деб ўйлайман.
Comments