Илҳом Шомуродов: «Юбилей голни уриш - тарихда қолишдир»
06 oct 2015 00:58
News
Илҳом Шомуродов: «Юбилей голни уриш - тарихда қолишдир»
Асосийси, Илҳом «Насаф»нинг миллий чемпионатларимиздаги юбилей - 1000-голига муаллифлик қилди. Аниқроғи, у ҳисобни очувчи голи билан клуб тарихидан жой олди. Шу муносабат билан 24-турдан ўрин олган «Металлург» - «Насаф» ўйини арафасида тажрибали ҳужумчини эксклюзив суҳбатга чорладик.
- Илҳом, суҳбатимиз аввалида сизни жамоангизнинг «Навбаҳор» устидан қозонган йирик ҳисобли ғалабаси, қайд этган «дубл»ингиз ҳамда юбилей - 1000-гол муаллифига айланганингиз билан табриклаймиз. Айтингчи, наманганликларга қарши учрашувдан олдин юбилей голни уриш ҳақида ўйлаганмидингиз?
- Мазкур ўйиндан олдин клубимизнинг олий лигадаги голлари сони 999тани ташкил этаётганлиги ва «Навбаҳор» дарвозасига киритилажак биринчи тўп 1000-гол сифатида рўйхатдан жой олишини билардим. Лекин учрашувдан олдин мураббийларимиз юбилей голни ким уриши аҳамиятсизлигини айтиб, асосийси, ғалаба қозониш эканлигини уқтиришганди. Тўғриси, майдонга тушганимдан кейин 1000-гол эсимдан чиқди. Шоҳруҳ Гадоевнинг тўп узатишидан фойдаланиб, наманганликлар дарвозасини ишғол этган пайтим ҳам, юбилей гол хаёлимда йўқ эди. Шу вақт жамоамиз сардори Артур Геворкян қўли билан ишора қилиб, 1000 рақамини кўрсатди. Табиийки, қувончим ўз-ўзидан икки ҳисса ошди. Ахир юбилей голни уриш - бу тарихда қолиш демакдир.
- «Навбаҳор»нинг 1:5 ҳисобида доғда қолишини кўпчилик кутмаганди. Натижани қандай изоҳлайсиз?
- Аслида «Навбаҳор» яхши шаклланган клуб. Дейлик, биринчи даврада Наманганда бўлиб ўтган ўйинда ушбу рақиб билан 1:1 ҳисобида дуранг қайд этгандик. Билишимча, навбатдаги тўқнашувда меҳмонларнинг бир қатор асосий футболчилари дисквалификация ва жароҳатлар сабабли, майдонга тушишмади. Мисол учун, наманганликлар сафида ўйинчилар етишмаганлиги сабаблими, ҳаттоки, ҳужумчи Улуғбек Бақоев ҳимояга қайтиб ўйнашга мажбур бўлди ва кутилмаганда, ўз дарвозасини ишғол этиб қўйди. Асосийси, ўзимизда ғалабага иштиёқ кучли эди. Тезкор гол ҳам анча фойда берди. Тўғри, водийликлар тезда ҳисобни тенглаштиришди. Шундан кейин ташаббусни бутунлай ўз қўлимизга олиб, майдонда чинакамига ҳукмронлик қилдик. Тўғри, ўйиндан олдин ҳисобнинг бундай йирик кўриниш олишини ўзимиз ҳам кутмагандик. Лекин ишончли тарзда ғалаба қозонишимизга шубҳа қилмагандик.
- Жорий мавсум ортда қолган 23та турда 9та гол урдингиз. Умуман олганда, бу йил намойиш этаётган ўйинингиз борасида нима дея оласиз?
- Очиғи, ҳаракатларимдан тўлиқ қониқмаяпман. Ахир 23та учрашувда 9та гол - бу ҳужумчи учун анча паст кўрсаткич. Ҳа, олдинда яна 7та ўйин бор ва уларда шахсий статистикамни имкон қадар яхшилашга ҳаракат қиламан. Менимча, бир мавсум давомида 20та ёки кўпроқ гол урган форвардгина ўз ўйинидан қониқиши мумкин. Бироқ менда кўплаб ўйинларда тўп киритиш имконияти юзага келмади, аниқроғи, рақиб ҳимоячилари бунга йўл қўйишмади. Айрим пайтлар эса вазиятлардан самара чиқаролмадим. Бу бир тарафдан, чемпионатимизнинг кучайганидан далолат. Бундан ташқари, биринчи даврадаги айрим баҳсларда олдинги чизиқда якка ҳолда ҳаракат қилишимга тўғри келди. Чунончи, ҳужумдаги шерикларим - Кенжа Тўраев ва Азамат Алланиёзов жароҳатланишганди. Украиналик Александр Коблаш эса, мунтазам майдонга тушмади ва давралар оралиғида клубимизни тарк этди. Олдинги чизиқда ёлғиз ҳаракатланиш осон эмас. Бу ҳам балки оз гол урганимнинг сабабларидан биридир.
Умумий қараганда, жамоамизнинг кўплаб футболчилари жароҳатланишгани сабабли, асосан 12-13 нафар ўйинчи майдонга тушяпти. Ўйинлар ораси қисқа бўлган пайтлар бу ҳам ўз таъсирини кўрсатмоқда, чарчоқ аломатлари сезилмоқда. Нима бўлишидан қатъий назар, қайтараман, мавсум якунига қадар голларим сонини оширишга интиламан.
- Голларингизга асосан ким ассистентлик қиляпти?
- Албатта, гол уриш осон эмас, бу борада жамоадошларингиз ёрдамига эҳтиёж сезасиз. Сўнгги 3 йилдан буён голларимга асосан клубимиз сардори Артур Геворкян ассистентлик қиляпти. У ўйинни жуда яхши ҳис этади ва қулай вазиятга чиққанингизда тўпни вақтида етказиб беради. Фурсатдан фойдаланиб, Артур тўғрисида яна икки оғиз сўз: у ҳақиқий сардор ва етакчи. Қийин вазиятларда ўйинни ўз қўлига олади, майдонда ва унинг ташқарисида барча жамоадошларидан зарур маслаҳатларини аямайди. Умуман, Геворкян миллий чемпионатимизда легионер номини оқлаётган камсонли хорижликлардан биридир.
- Жорий йил Осиё Чемпионлар Лигасида қатнашган барча жамоаларимиз омадсизликка учрашди. Жумладан, «Насаф» гуруҳ баҳсларидан кейиноқ иштирокини тўхтатди. Сизнингча, клубингизнинг ОЧЛдаги муваффақиятсизлиги сабаби нима?
- Биринчиси - омаднинг етишмаганлиги. Чунончи, гарчи кучли гуруҳдан ўрин олган бўлсакда, номдор легионерларга бой рақиблар билан тенгма-тенг курашдик. Лекин ижобий натижа қайд этишимизга озгина омад етишмади. Муҳими, ушбу мусобақа савияси анча баланд ва унда орттирилган тажриба миллий чемпионат баҳсларида қўл келмоқда. Умид қиламанки, келаси йили ОЧЛда бошқача ўйин намойиш этиб, яхши натижаларга эришамиз.
- Олдинда «Насаф»ни сафарда «Металлург»га қарши кечадиган қийин учрашув кутиб турибди. Қаршида бўлиб ўтган биринчи давра ўйинида бекободликлар кутилмаганда, 1:0 ҳисобида ғалаба қозонишганди. Бўлажак учрашувда ҳойнахоҳ ўша мағлубият учун реванш олишни ўйлаётгандирсизлар...
- «Металлург» биз учун ноқулай рақиб саналади, айниқса, ўз майдонимизда. Бекободликлар сўнгги бир неча йилдирки, Қаршидан дуранг ёки ютуқ билан қайтишмоқда. Жорий мавсум ҳам ўз майдонимизда Рустам Мирсодиқов шогирдларига имкониятни бой бердик. Энг қизиғи, Бекободда ҳар сафар ғалаба қозонамиз. Бу йил ҳам ушбу ёқимли анъана давом этиши учун бор иштиёқ билан тўп сурамиз. Ҳар-қалай, яна ютқазишимизни тасаввур ҳам қилолмайман.
- Фаолиятингиз давомида кўплаб мутахассислар қўл остида тўп сургансиз. Албатта, «Насаф»нинг муваффақиятларида ҳозирги устозингиз Рўзиқул Бердиевнинг роли катта. У бошқа мураббийлардан нимаси билан фарқланади?
- Биласиз, Рўзиқул ака - собиқ футболчи. У муайян вақт хорижлик тажрибали мутахассислар - Виктор Кумиков ва Александр Демяненкога ёрдамчилик қилди ҳамда мураббийлик синоатларини ўзлаштирди. Рўзиқул ака биринчи навбатда, интизомга эътибор қаратиб, ички муҳитни яхшилай олди. Бу муваффақиятларимиз гарови бўлмоқда. У яхшигина руҳшунос ва ҳар бир футболчининг кўнглига йўл топади. Хуллас, биз - футболчиларни муносиб руҳлантирмоқда.
- Ҳужумчи сифатида айтингчи, ички чемпионатимизда қайси дарвозабонни доғда қолдириш қийинроқ?
- «Локомотив» посбони Игнатий Нестеров дарвозасини ишғол этиш осон эмас. Игнатий кўп йиллар давомида миллий жамоамиз сафида ўйнаган ва етарли тажрибага эга. У ҳужумчининг кейинги ҳаракатларини олдиндан сезиши билан ажралиб туради.
- Таниқли футболчи Отабек Шомуродовнинг укасисиз. Демак, футболни танлашингизда оилавий муҳит муҳим роль ўйнаган.
- Албатта. Оилада беш нафар ака-укамиз. Отам маҳалламиздаги болаларга мураббийлик қилардилар. Тўнғич акам - Азамат эса, ўша пайт собиқ иттифоқ чемпионати 2-лигасида қатнашган Термизнинг «Автомобилист» (кейинчалик «Сурхон»га айланган - IF изоҳи) жамоасида ўйнарди. Афсуски, у маҳалламиздаги ўйинлардан бирида оёғини синдириб олди ва жиддий жароҳат сабабли, футболчилик касбидан воз кечишга мажбур бўлди. Отабек акамни эса кўпчилик мухлислар яхши билишади. У миллий терма жамоамиз, «Сурхон» ва «Нефтчи» клубларида тўп сурган. Отабек айни пайт Жарқўрғонда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланяпти.
Болалигимда акаларим ўйинларини диққат билан кузатардим. Шу тариқа менда ҳам миллионлар ўйинига ўзгача ҳавас уйғонган. Аввалига кўча-кўйда тўп тепиб юрдим. 6-синфда ўқиётган пайтим футбол мактабига ёзилмоқчи бўлдим. Лекин оиламдагилар бунга қаршилик қилишди. «Битта оилага бир нафар футболчи етади, сени институтда ўқитамиз», - дейишди. Лекин футболга қизиқиш кучлилик қилиб, ўз аҳдимда қатъий турдим. Натижада отам қўлимдан етаклаб, Термиздаги футбол мактаб-интернатига олиб бордилар. Мазкур мактабни тамомлаб, катта футболдаги фаолиятимни вилоятимизнинг бош жамоаси - «Сурхон»да бошладим. Шу тариқа ўзбек футболида Шомуродовлар сулоласи пайдо бўлди...
- Ушбу сулоладан янги ўйинчилар етишиб чиқишмоқда. Мисол учун, жиянингиз Элдор Шомуродов «Бунёдкор»да ўйнаяпти...
- Элдор - Азамат акамнинг ўғли. Таъкидлаганимдек, отасига футболчилик армон бўлиб қолганди. У энди ўзи етолмаган орзуга фарзанди етишаётганидан хурсанд. Элдор ҳам футбол муҳитида улғайган ва бизга ҳавас қилиб, шу касбни танлаган. Унга ҳар бир ўйиндан олдин тегишли маслаҳатлар бериб, тажрибам билан ўртоқлашаман. Элдор «Машъал» академияси тарбияланувчиси ҳисобланади. Муборакликларнинг асосий таркибига энди-энди кираётганида, «Бунёдкор» унинг трансфер ҳуқуқини сотиб олди. Мана, айни пайт «қалдирғочлар»нинг асосий футболчиларидан бири ва миллий жамоада ҳам мендан олдин дебютини нишонлашга улгурди (кулади). Тўғри, мен ҳам бош жамоамиздан чақирув олганман ва ўртоқлик ўйинларида майдонга тушганман, аммо расмий баҳсларда эмас. Лекин бундан ҳали умид узмаганман. Жияним эса бу борада мендан ўзиб кетди. Элдорнинг муваффақиятларидан хурсандман, албатта. Ўз ўрнида таъкидлаш жоиз, «Бунёдкор» академиясида Отабек акамнинг ўғли Ойбек ҳам таҳсил оляпти. Қисқаси, оиламизнинг футболчилик сулоласи давом этмоқда ва у ишончли қўлларда.
- Болалигингизда қайси клубга мухлислик қилгансиз ва кимнинг ўйинларидан бошқача роҳатлангансиз?
- Ҳозиргача Англиянинг «Манчестер Юнайтед» жамоасига меҳрим баланд. Биласиз, мазкур клубда болгариялик Димитар Бербатов ўйнарди. Ушбу ҳужумчи ҳамда вақтида «Реал»да ўйнаган бразилиялик Роналдонинг ҳаракатларидан завқ олардим. Ўзимиздан эса айни пайт «Пахтакор»да ўйнаётган, бир пайтлари миллий жамоамизнинг «сеҳрли таёқчаси» ҳисобланган Анвар Солиевга ихлосим баланд эди. Ҳозирги вақтда эса, Одил Аҳмедов кўпчилик қатори менга ҳам ибрат бўляпти.
- Ўтган йилги «бронза» медали соҳиби - «Насаф» жорий мавсум қайси медални кўзлаяпти?
- Жамоамизда нафақат ўтган мавсумдаги
натижани такрорлаш, балки кумуш медални қўлга киритиш имконияти мавжуд.
Тўғри, «Локомотив» билан орадаги 4 очколик фарқни йўққа чиқариш осон
эмас. Лекин охиригача курашамиз. Аслида «темирйўлчилар» билан Тошкентда
кечган баҳсда лоақал, дурангга эришишимиз лозим эди. Лекин ички
чемпионат ва Ўзбекистон кубоги доирасида ҳар 3 кунда деярли бир хил
таркиб билан майдонга тушиб, чарчаб қолдик. Бу ўйинимизга салбий таъсир
қилди, чоғи. Энди асосий эътиборимиз Ўзбекистон кубогини қўлга киритишга
қаратилган. Ахир кубок соҳибига айлансак, келаси йили ОЧЛнинг гуруҳ
баҳсларига тўғридан - тўғри чиқамиз. Умуман, кубок финалига 5-марта йўл
олдик ва бу сафар имкониятни қўлдан бой бермаслик йўлида бор
маҳоратимизни ишга соламиз. Учрашувнинг нейтрал майдон, яъни Жиззахда
ўтказилиши ҳам жамоамизга қўшимча куч бағишлайди. 17 октябрда клубимиз
ишқибозлари бизни муносиб тарзда қўллаб-қувватлашади, деган умиддаман.
маълумот учун
Илҳом Шомуродов
Туғилган санаси ва манзили: 1984 йил 28 март, Сурхондарё вилояти Жарқўрғон тумани
Футбол билан 7 ёшидан шуғуллана бошлаган
Биринчи мураббийи: Одил Ҳасанов
Термиздаги футбол-мактаб интернатида таҳсил олган
Амплуаси: ҳужумчи
Ўйнаган жамоалари: «Сурхон» (Термиз) - 2001-2004 йиллар; «Тўпаланг» (Сариосиё) - 2005-2007 йиллар; «Машъал» (Муборак) - 2008 йил. 2009 йилдан «Насаф»да
Оилали, 2 фарзанднинг отаси
Мухлислик қиладиган клуби: «Манчестер Юнайтед»
Ёқтирган футболчилари: Криштиану Роналду, Лионель Месси ва Уэйн Руни
Улуғбек УМАРОВ суҳбатлашди.
Comments