Дунёнинг энг яхши 10 ўнг қанот ҳимоячиси
14 apr 2020 18:15
News
Дунёнинг энг яхши 10 ўнг қанот ҳимоячиси
Бир қарашда ҳимоя қанотида исталган футболчи ўйнаб кетаверадигандек - соғлиги ва бироз иштиёқ бўлса бас. Аммо жаҳон футболида барчаси буткул бошқача ва катта клублар анчадан буён ҳам ҳимояланишга, ҳам ҳужумда ёрдам беришга улгурадиган йигитларга "ов уюштиришади". Тезкор, моҳир ва чаққон футболчилар — бизнинг "ТОП-10"да!
10-ўрин. Джованни Ди Лоренцо («Наполи»; Италия)
Кучли ўнталикни кўпроқ марказий ҳимоячини ёдга соладиган Тома Менье ёки Россия термаси ҳимоячиси Фернандес очиб бериши мумкин эди. Бироқ бельгиялик бу мавсум у қадар ёрқин ўйин кўрсата олмаяпти, "зато" сафга қайтиб яхши спорт формасига кириб олаётган ҳамюрти Азарни шифохонага жўнатиб юборди. Марио эса охирги мундиалда ажойиб ҳаракат қилиб, Европанинг кўплаб клублари қизиқишига сабаб бўлган бўлсада, РПЛ қолди ва ЦСКА билан Европа Лигаси гуруҳ босқичидан ҳам чиқа олмади. Ди Лоренцо эса "Эмполи"дан "Наполи"га ўтгач, ўнг қанотни тўлиқлигича ўзиники қила олди, Италия терма жамоасида дебют ўйинини ўтказди ва миш-мишларга қараганда "Манчестер Юнайтед" скаутларини ўзига қарата олди. Ҳа, Италияда ҳимоячи ўзини яхши томондан кўрсата олди, лекин таркибида Ван Биссака бор МЮга Ди Лоренсо қанчалик керак деган саволга ҳеч ким аниқ бир жавоб бера олмаса керак.
9-ўрин. Серхи Роберто ("Барселона"; Испания)
Серхи кўринмас қахрамонлар сирасидан, катта клубларнинг бу каби сояда қолиб кетадиган тарбияланувчиларини жаҳон футболи кўп кўрган. Лекин орадан ҳеч қанча вақт ўтмай, яқиндагина академиядан чиққан иқтидор соҳиби 28 ёшга кирган бўлади. У ўн йилдан буён "Барселона" таркибида ва уч юзга яқин беллашувда майдонга тушди. Робертонинг ПСЖ дарвозасига урилган голи эса — ажойиб, лекин тарихда қолди. Серхи аниқ бир услуби йўқ футболчидек кўриниши мумкин, лекин бу кўпроқ унинг универсаллигидан бўлса керак. Ваҳоланки у маҳоратли ва маъсулиятли ўйинчи. Ва бу борада жамоадоши Семедудан устунроқ туради.
8-ўрин. Киран Триппьер ("Атлетико"; Англия)
Ўтган ёз "Манчестер Сити" тарбияланувчиси фаолиятидаги дадил қадамлардан бирини ташлади: "Тоттенхэм"дан Мадриднинг "Атлетико"сига бориб қўшилди. Киран Диего Симеоненинг ўзига хос руҳиятга эга жамоасига тезда мослашиб кета олди. Натижада, хорватиялик Врсалько ўриндиққа "михланди". Англиялик спортчи ҳимояда ишончли ўйин кўрсатиш билан бирга, "Атлетико"да бу энг муҳими, ҳужумда ҳам ўзини кўрсатишга улгурмоқда ва қисқа вақт ичида бир нечта голли узатма етказиб беришга муваффақ бўлди.
7-ўрин. Кайл Уокер ("Манчестер Сити"; Англия)
Қандай вазият бўлса ҳам, яқин йиллар ичида Англия термаси учун ўнг қанот ҳимоячиси муаммоси бўлмаслиги аниқ. Уокер — бу рўйхатда тўрттанинг иккинчиси. Хосеп Гвардиола абжир, жисмонан бақувват шогирдига тўлиқ ишонади ва у охирги беш мавсум давомида топ-даражадан тушиб кетганича йўқ. Кайл ортда қолаётган вазиятда ҳам ҳужумчига етиб олиши, ҳужумда ёрдам бериши ("Сити" сафида 130та ўйинда 3 гол + 12 "ассист"), мабодо керак бўлиб қолса, дарвозага ҳам туриб бериши мумкин. Майдондан ташқаридаги ҳунук ишларига қарамай, Кайл ўз ишининг устаси ва жаҳонда энг яхшилардан бири.
6-ўрин. Бенжамен Павар ("Бавария"; Франция)
"Бавария"дан бу рўйхатда бошқа бир вакил Йозуа Киммих бўлиши ҳам мумкин эди. Лекин германиялик футболчи таянч ярим ҳимоячи нуқтасида тўхтагандек, шу сабаб уни бошқа рўйхатдан қидиришингиз мумкин. Мюнхенликлар ўнг қанотида эса Жаҳон чемпиони Павар ҳаракат қилади. Бенжамен "Бавария" билан масалан Чемпионлар Лигасида зафар қучса, янада юқорироқ ўринга кўтарилиш имконияти бор.
5-ўрин. Рикарду Перейра ("Лестер"; Португалия)
"Лестер" бундан икки йил аввал деярли ҳеч ким танимайдиган португалиялик йигит учун 22 миллион евро тўлаб, кўпчиликни хайрон қолдирганди. Бироқ бугунги кунга келиб Рикардунинг нархи уч баробар қимматроқ! Перейра Брендан Рожерс жамоасининг алмаштирилмайдиган, муҳим футболчиларидан бири: АПЛнинг 28 учрашувида португалиялик 3та гол урди ва и 2 бор шерикларига самарали узатмани амалга оширди. Топ-клублар яқин вақтлар ичида 26 ёшли ҳимоячини "илиб кетишса" ажабмас.
4-ўрин. Аарон Ван-Биссака ("Манчестер Юнайтед"; Англия)
Рўйхатимиздаги яна бир инглиз. Айтишларига қараганда, Ван-Биссакани бирга-бир вазиятда алдаб кетишнинг иложи йўқ эмиш. Аммо Ван-Биссаканинг бу қадар юқори ўриндан жой олиши 22 ёшли футболчининг топ-клубда дебют мавсумини ўтказаётгани билан боғлиқдек. Ахир Аарон ўйинида пасайиш ёки қандайдир йўқотишларсиз "Кристал Пэлас" асосий таркибидан "қизил иблислар" асосий таркибига ўта олди. "Манчестер Юнайтед" қанчалик омадсиз даврларни бошидан ўтказмасин, жуда "Кристал Пэлас" даражасига тушиб қолмаса керак. Opta маълумотларига кўра, Ван-Биссака яккама-якка курашларда Европанинг энг яхши кўрсаткичига эга — 84.6%. Ҳимоячи учун тўланган 55 миллион евро бекор кетмагандек.
3-ўрин. Ашраф Хакими ("Боруссия Дортмунд", "Реал"; Марокаш)
Хакими эндигина 21 ёшда эканлигини ҳисобга олсак, у босиб ўтган йўл - фантастикадек туюлади. Марокашлик спортчи "Реал"да тўп тепиб улгурди, Жаҳон Чемпионатида ҳам иштирок этди, Германияда ҳам энг яхшилардан бири бўлишга улгурди. "Реал Мадрид" Ашрафни ижарага берганидан хабарингиз бор албатта. Хакими "Боруссия" сафида 10 та гол урди ва 17 та голли узатма етказиб берди. Унинг трансфер нархи эса 5 миллиондан 60 миллион еврога кўтарилиб кетди. Хакими — ўз амплуасида энг ёрқин футболчилардан бири ва у энг кучлиси бўлиш имкониятига эга. Бунинг учун унда вақт етарли. Фақат "Реал"да тажрибали ҳамкасби билан бўлиши кутилаётган рақобатда устун келиб, жамоанинг янги ғалабаларига муносиб ҳисса қўша олса бас.
2-ўрин. Дани Карвахаль ("Реал"; Испания)
Ҳар қандай ҳолатда ҳам Карвахалга менсимай қараманг. Ўзининг стабиллиги, ишончли ўйини ва матонати эвазига Дани исталган рақибини "ғажиб ташлай" олади. Буни Данилодан сўраб кўринг, у сўзларимизни тасдиқлаши мумкин. Ашраф каби Карвахаль ҳам Бундеслигада тажриба ошириб қайтди ва ўнадан буён "Мадрид" ўнг қаноти бўйича савол қолдирмади. Орадан етти йил ўтди: 4 брр ЕЧЛ бош совринини боши узра кўтаришга муваффақ бўлди, куршаувчан, майдонда ўзини ҳам, рақибини ҳам аямайди ва мунтазам равишда голли узатмалар бериб туради ("қаймоқранг" футболкада 45 та).
1-ўринда. Трент Александер-Арнольд ("Ливерпуль"; Англия)
Самарали ҳаракатлар борасида бугунги кунда Трентга тенг келадигани бўлмаса керак: "Ливерпуль" сафида 125 та ўйинда 6та гол ва 34 "ассист". Александер-Арнольднинг фаоллиги ва унинг ижросидаги жарима зарбалари "қизиллар"га ЕЧЛ бош совринини қўлга киритишда жуда ас қотди. Айнан Трент "Энфилд"да "Барселона" ҳимояси "ухлаб қолганини" сезиб қолганди. Баъзан ёш футболчига ҳимояланиши борасида саволлар пайдо бўлади, аммо Арнольд ҳужумдаги самарали ҳаракатлари ва прессингдаги фаоллиги билан "ёпиб" кетмоқда.
Омонжон Тўхтамирзаев тайёрлади
Comments