Бундеслига. Муросани хуш кўрадиган "Хоффенхайм", шов-шув кўтараётган "буқа"лар ва турнинг бошқа воқеалари
19 sep 2016 09:10
News
Бундеслига. Муросани хуш кўрадиган "Хоффенхайм", шов-шув кўтараётган "буқа"лар ва турнинг бошқа воқеалари
Ушбу турда бир-биридан қизиқарли беллашувлар бўлиб ўтди.
Турни очиб берган "Кёльн" ҳамда "Фрайбург" учрашувида кутилганидек мезбонлар ишончли ўйнашди ва йирик ҳисобдаги ғалабани расмийлаштиришди.
"Кёльн" ҳужумчиси Антони Модестнинг дубли ва ва Леонардо Биттенкуртнинг голи "Фрайбург"нинг мағлуб этиш учун етарли бўлди.
Петер Штогер шогирдлари ушбу ғалабадан сўнг турнир жадвалида 4-поғонага яхши ўрнашиб олишди. Шуни таъкидлаш жоизки, "Кёльн" ҳозирга қадар мағлубиятга учрагани йўқ ва ўз дарвозаси дахлсизлигини қуруқ сақлаб келмоқда.
Франкфуртга сафар уюштирган "Байер" эса меҳмондан "қуруқ" қўл билан қайтишга мажбур бўлди. Александр Майер ҳамда Марко Фабианнинг голларига "Байер" фақатгина Чичаритонинг биргина гол билан жавоб қайтарди. Рожер Шмидт жамоаси ушбу ўйинда мағлубиятдан қутилиб қолишлари мумкин эди. Аммо ўйин тугашига 2 дақиқа қолганида белгиланган пенальтини Хавьер Эрнандез тўғри амалга ошира олмади ва бу якунда "Байер"га қимматга тушди.
Ушбу ютуқдан сўнг "Айнтрахт" жамоаси 7-ўринга кўтарилиб олди.
Турнинг учинчи ўйини "Хоффенхайм" ҳамда "Вольфсбург" ўртасида кечди. Бундеслиганинг энг "қувноқ" жамоаси ва "бўрилар" ўртасида ўтадиган баҳсда кўплаб голлар киритилиши тахмин қилгандик. Аммо бу сафар "Хоффенхайм" яхши маънода одамни ажаблантирди, десак ҳам бўлади. Учрашувда ҳар иккала жамоа умумий ҳисобда дарвозалар томон 42 маротаба зарба беришди. Аммо бу зарбаларнинг бари бесамар кетди.
"Хоффенхайм" ва "Вольфсбург" дарвозаси шу куни ҳеч ҳам ишғол этилмади. Баъзида мезбонлар кипери Байманн ишончл иҳаракат қилган бўлса, кўплаб вазиятларда "бўрилар" футболчиларига аниқлик етишмади. Шу куни "Хоффенхайм" ҳимоячилари ҳам анча яхши ўйнашганини алоҳида таъкидлаш лозим.
Шу тариқа ўйин нурсиз дуранг билан якун топди. "Хоффенхайм" мавсумнинг учинчи ўйинида кетма-кет 3 бор дуранг ўйнаган бўлса, "Вольфсбург" бу сафар ўз дарвозаси "қулфи"ни ечгани йўқ.
3-турдан сўнг "Хоффенхайм" 3 очко билан 10-поғонада бораётган бўлса, "Вольфсбург" 5 очко билан 8-ўриндан жой олган.
Энг қизиғи, ушбу икки мағлубият нималигини билмай келаётган жамоалар ушбу турдан сўнг ҳам анъанани бузишгани йўқ.
Мавсум кашфиёти бўлишига кўп маротаба шаъма қилаётганим "РБ Лейпциг" жамоаси бу сафар ҳам менинг ишончимни оқлади, десам муболаға бўлмайди. Ральф Хазенхюттьл бошқарувидаги "РБ Лейпциг" сафарда "Гамбург"ни яхшигина адабини берди.
Бундеслиганинг янги вакили, дебютант саналган "РБ Лейпциг" футбол жамоатчилигини ажаблантиришда давом этмоқда. Ўтган турда "Боруссия Дортмунд" устидан қозонилган ғалаба шунчаки тасофид эмаслигини исботлаган "буқа"лар "Гамбург" дарвозасига жавобсиз (4та!) тўртта гол киритишди. Эмиль Форсберг, Давие Зельке ва Тимо Вернернинг дубли якунда "РБ Лейпциг"га тарихий ғалабани келтирди.
Ушбу ғалабадан сўнг "РБ Лейпциг" турнир жадвалида 3-ўринга чиқиб олди. Ральф Хазенхюттьл шогирдлари турнир жадвалининг юқори қисмида кўп ушлани қолишмас, аммо "буқа"лар мавсум давомида ҳали кўп ас қотиши кутилаётган муҳим очколарни ўз "чўнтак"ларига қўшиб қўйишмоқда.
Дортмундда кечган "Боруссия" ва "Дармштадт" ўртасидаги беллашувда стадионга ташриф буюрган ишқибозлар оз эмас, кўп эмас (6та!) олтита гол гувоҳига айланишди. Томас Тухель жамоаси ўтган турдаги муваффақиятсизликдан сўнг анча ғазаби қўзиганини амалда исботлади ва рақибига ҳеч қандай имконият қолдирмади.
Карло Анчелотти бошқарувидаги "Бавария"нинг бу сафарги рақиби "Ингольштадт" бўлди. "Бавария" ушбу ўйин олдидан бир қатор йўқотишларга дуч келганди. Томас Мюллер, Давид Алаба, Филипп Лам кичик жароҳатлари туфайли ушбу баҳсда жамоага ёрдам бера олишмаслигини Анчелотти ўйин олдидан айтиб ўтганди. Матс Хуммельснинг юзидаги кичик жароҳат боис Анчелотти ушбу ҳимоячининг ҳам хизматидан фойдаланмасликка қарор қилди. Боатенг ва Роббен жароҳатларидан энди қутилиб сафга қайтишаётганди. Ушбу футболчилар ўйин қайдномасига киритилди, аммо бошланғич таркибда уларнинг исми-шарифи кўринмади.
Бу каби йўқотишларга қарамасдан "Бавария" бу ўйинга яхши таркибда чиқди. Рибери, Левандовски, Видаль, Алонсо ва Мартинес каби футболчилар ушбу беллашувда асосий ролни бажаришди. Ўйин кутилмаганда меҳмонларнинг тезкор голи билан бошланди. Учрашувнинг 8-дақиқасидаёқ Дарио Лескано "Бавария"нинг ҳимоядаги бўшлиқларидан унумли фойдаланди ва жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиқди.
Лекин "Ингольштадт"нинг хурсандчилиги узоққа чўзилмади. Орадан 4 дақиқа ўтиши биланоқ Роберт Левандоски Риберининг тўп узатмасидан сўнг жуда чиройли тарзда Нийланд қўриқлаётган дарвозани ишғол этди ва мувозанатни тиклади.
Иккинчи бўлимни "Бавария" янада ҳужумкор руҳда бошлади. Франк Риберининг бу сафарги тўп узатишини Хаби Алонсо голга айлантирди. Алонсонинг узоқдан кучли тарзда йўллаган зарбаси йўлига рақиб посбони ғов бўла олмади ва "Бавария" ҳисобда олдинга чиқиб олди.
Ўйин тугашига оз вақт қолганида эса яна ўша тиниб-тинчимас Франк Рибери гол уришга чанқоқ турган жамоадошини қидириб топишда адашмади. Бу сафар ўнг қанот ҳимоячиси Рафинья франциялик дўстидан тўпни қабул қилиб олгач, ўйлаб ўтирмай узоқдан дарвозани кўзлади ва мўлжалда адашмади.
Шундай қилиб "Бавария" кетма-кет уч ўйинда ғалабани қўлга киритди ва турнир жадвалида пешқадамга айланди.
Мёнхенгладбахда бўлиб ўтган "Боруссия М" - "Вердер" баҳсида мезбонлар Виктор Скрипник учун бременликлар устози сифатидаги охирги учрашув бўлди. Мавсумни бир текисда ўтказа олмаётган "Боруссия М" "Вердер" қаршилигини осонлик билан енгишга эришди. Ушбу ўйиндан сўнг "Вердер" украиналик мутахассис Виктор Скрипникка чиқиш эшикларини кўрсатди.
Турнинг сўнгги иккита ўйини якшанба куни ўтказилди.
Дастлаб "Аугсбург" ҳамда "Майнц" жамоалари саф тортишди. Бу баҳсда меҳмонлар майдон эгаларидан кўра фаолроқ ва кучлироқ ўйнашгани боис сафардан муҳим ғалаба билан қайтишди.
Ўйин дебютида Юнус Маллининг тўп оширишини голга айлантирган Кордоба жамоасини ҳисобда олинга олиб чиқди. Учрашувнинг 73-дақиқасида Константинос мувозанатни тиклаган голга муаллифлик қилди.
Лекин бу гол "Аугсбург"ни мағлубиятдан қутқариб қолиш учун етарли бўлмади. Чунки ўйиннинг 75-Дақиқасида Юнус Малли яна тезда жамоасини ҳисобда олдинга олиб чиққан бўлса, учрашув якунланишига 9 дақиқа қолганида япониялик Муто баҳсга нуқта қўйувчи голни киритди.
Шу тариқа "Майнц" ушбу мавсумдаги дастлабки ғалабасини сафарда расмийлаштирди ва ўз ҳисобидаги очколарни 4тага етказиб олди.
Турни якунлаб берувчи ўйин Берлинда бўлиб ўтди.
Германия чемпионатида "Бавария" сингари йўқотишларсиз келаётган "Герта" ўз уйида мағлубиятдан боши чиқмаётган "Шальке"ни қабул қилди.
Кўпчилик айнан шу ўйинда "герта"нинг ғалабали серияси ва "Шальке"нинг муваффақиятсизлиги якун топади, деб тахмин қилганди. Аммо тахминлар пучга чиқди. Чунки Поль Дардаи шогирдлари яна бир маротаба ушбу мавсумдаги мақсад ва вазифалари анча жиддийлашганини амалда исботлай олишди.
Митчель Вайзер ва Валентин Штокернинг киритган голлари "Шальке"ни учинчи мағлубиятни тан олишига мажбур қилди.
"Герта" ушбу ғалабадан сўнг очколари сонини 9тага етказди ва "Бавария" билан турнир жадвалида ёнма-ён пешқадамлик учун курашаётган ягона жамоага айланди.
"Шальке" эса учинчи ўйинда 3-мағлубиятини қабул қилиб олди ва энг қизиғи, гельзеркирхенликлар ҳали бундеслига ўйинларида бирорта ҳам гол уришни уддасидан чиқишгани йўқ.
Бу мағлубият Маркус Вайнцирль учун сўнгги огоҳлик қўнғироғи бўлиши ҳам мумкин.
Турнинг барча ўйинлари
Кейинги тур индинга старт олади. Кейинги турнинг энг эътиборга молик ўйини Мюнхенда, икки пешқадам жамоалар "Бавария" ва "Герта" ўртасида кечади. Турнинг энг катта афишаси ҳақида кейинги тур превьюсида алоҳида тўхталамиз. "Герта"га эса янги чақирув, янги интрига ва чиройли ўйинлари учун раҳмат айтиб қоламиз. Поль Дардаи Берлинда яхшигина жамоани шакллантираётгани кишини қувонтиради албатта. Бу ҳақида кейинроқ.
Бундеслига 3-турининг рамзий терма жамоаси билан таништириб ўтамиз.
Дарвозабон: Тимо Хорн ("Кёльн")
Ҳимоячилар: Себастьян Лангкамп ("Герта"), Уилли Орбан ("РБ Лейпциг"), Павел Кадерабек ("Хоффенхайм"), Митчель Вайзер ("Герта").
Ярим ҳимоячилар: Эмиль Форсберг ("РБ Лейпциг"), Гонсало Кастро ("Боруссия Дортмунд"), Марко Фабиан ("Айнтрахт"), Торган Азар ("Боруссия Мёнхенгладбах"), Франк Рибери ("Бавария").
Ҳужумчи: Антони Модест ("Кёльн").
- Маълумот учун: Митчель Вайзер кўпгина ўйинларда қанот ҳимоячи сифатида ҳам, қанот ярим ҳимоячиси, яъни вингер ролида ҳам ўйнайди. Охирги ўйинларда "Герта" сафида Вайзер вингер сифатида ҳаракат қилмоқда. Аммо тур рамзий терма жамоасида Вайзерга ҳимоядан жой бердик. Сабаби, ушбу турда кўпгина ярим ҳимоячилар анча яхши ўйнашгани боис танловда анча қийналиб қолди одам.
Қизиқарли фактлар:
- "Хоффенхайм" ушбу мавсумда ғали бирорта ҳам ғалаба қозонгани ва мағлубиятга учрагани йўқ.
- "Шальке" 3-турдан сўнг ўз активида 0 очко ва 0 голга эга.
- Роберт Левандовски кетма-кет учинчи ўйинда гол киритмоқда ва тўпуралар пойгасида 5та гол билан пешқадамлик қилмоқда.
- Франк Рибери (4) эса ассистентлар орасида якка ҳокимга айланган.
- Йўқотишларсиз кетаётган жамоалар: "Бавария" ва "Герта".
- Ғалаба қозонмаган жамоалар: "Хоффенхайм", "Ингольштадт", "Гамбург", "Шальке", "Вердер".
- Тўп ўтказиб юбормаган жамоалар: "Кёльн" ва "Вольфсбург".
Шаҳбоз Беғамов
Comments