Бугун “Ювентус” – “Барселона”. Championat.asia ходимларининг ушбу учрашув ҳақида фикрлари қандай?
28 oct 2020 16:05
News
Бугун “Ювентус” – “Барселона”. Championat.asia ходимларининг ушбу учрашув ҳақида фикрлари қандай?
“Ювентус” – “Барселона”! Криштиану Роналду иштирок этиши сўроқ остида турган ўйинга сайтимиз ходимлари ўз таҳминларини билдиришди.
Нарзулла Сайдуллаев – сайтимиз “мотор”и, бош муҳаррири:
"Ювентус" Роналдусиз жуда ҳам кучиз эканини Италия А сериясидаги охирги икки ўйин яққол кўрсатиб қўйди. Лео Месси ўйнаган охирги "Эль класико"да ҳам "Барселона" мағлуб бўлди, яна ўз уйида. Бугун гуруҳнинг икки фаворити ўртасидаги баҳс бўлади. Бундай баҳсларда одатда дуранг кузатилади. Тахминимча 2:2 ҳисоби қайд этилса керак.
Шаҳбоз Беғамов – АГМК жамоаси матбуот котиби, “Бавария”га “Ювентус”дан кўпроқ мухлислик қиладиган инсон:
Иккала жамоа ҳам ҳозир тушунарсиз футбол намойиш этмоқда. Ўйин ва натижалар ҳам табиийки барқарор эмас. Янги мураббийларнинг фалсафаси ҳозирча номаълум. “Ювентус” — “Барселона” катта афиша, лекин жамоаларнинг айни ҳолати ўйин статусига тўлиқ жавоб берадиган даражада эмас. Ҳар қандай натижа рўй бериши ва исталган жамоа ғалаба қозониши мумкин. Тахмин қилиш керак бўлса, дуранг деган тўхтамда қоламан.
Абдулазиз Искандаров – футболчи ва мураббийлар билан интервью уюштириш бўйича ёш мутахассис:
"Ювентус" ҳамда "Барселона" қарама-қаршилиги турнинг энг қайноқ ва шиддатли учрашуви бўлиши кутилмоқда. Бу жамоаларнинг ЕЧЛ доирасидаги аввалги учрашувларида одатда жамоалар тўқнашган бўлса, эндигисида эса номлар майдонда учрашиши кутилган эди яъни Месси ва Роналду. Бироқ, Роналдунинг майдонга тушмаслиги бу борада бироз учрашувга бўлган қизиқишни сўндириши табиий. Боиси барчанинг нигоҳи мана шу номларга қаратилганди. Куман шогирдларининг “Эль-классико”даги ҳаракатларини кузата туриб "Ювентус"нинг имкониятларини юқори баҳолаган бўлардим. Тахминим 3:2 "Ювентус" фойдасига.
Жаҳонгир Файзуллаев – сайтда Толибжон Қосимовга фотографлик бўйича конкурент, Шаҳбоз Беғамов таъбири билан айтганда “Типаж”:
Бугунги "Ювентус" - "Барселона" учрашуви жуда ҳам қизиқарли бўлиши мумкин эди. Роналду - Месси тўқнашувини барча кутганди. Роналдунинг коронавирус юқтириб олиши ўйиннинг ҳароратига таъсир қилди. "Барселона" бугун ўзида ҳарактер кўрсатиб, "Эль классико"даги мағлубиятни эсдан чиқара олса ғалаба қозона олади. "Ювентус" гарчи ўз уйида ўйнаса ҳам, Роналду йўқлиги таъсир қилиши мумкин. Тахминимча, "Барселона" минимал ҳисобда ғалаба қозонса керак.
Фарҳоджон Узоқов – Championat.asia нинг Қўқондаги мухбири:
Менимча Бартомеуни кетиши футболчиларга ижобий таъсир қилади. “Барселона” сўнгги ўйинда “Реал”га ютқазганлиги учун жамоа бу ўйинда мағлуб бўлмаслик учун бор кучини ташлайди. Менинг тахминим дуранг ёки “Барселона”ни ғалабаси.
Фаҳриддин Рўзиев – “Милан”нинг Ўзбекистондаги ягона ёш мухлиси ва суюкли жамоасининг ишлари яхши бўлиб бораётганидан қувонаётган ходимимиз:
Афсуски, кўпчилик кутган дуэль яна кейинроққа сурилди. Криштиану бугун майдонга тушолмайди. Умуман олганда, ҳар икки томонда ҳам йўқотишлар етарлича. Бугун "Юве" мудофаасида Кьеллини, де Лигт ва Алекс Сандро кўриниш бермайди. "Барселона" томонда эса Пике дисквалификация қилингани, Юмтити лазаретдалиги боис 21 ёшли Рональд Араухо асосий таркибга киритилиши кутилмоқда. "Эль-Класико"даги мағлубиятдан кейин "Барселона" ғалаба учун ҳаракат қилиши табиий. "Кекса синьора" ҳам бу ўйинга яхши кайфиятда етиб кела билмади - "Верона" билан дуранг. Пандемия давридаги ўйинлар натижасини олдиндан тахмин қилиш қийинлашиб кетди. Ўйлашимча, ҳар икки жамоа ғалаба учун ўйнайди, якунда дуранг қайд этилади (1:1).
Оғабек Самисов тайёрлади
Comments