Latest news

17:09ЖЧ-2026 саралаши. Хитой - Япония (Онлайн натижа)  0 16:51КХДР — Ўзбекистон (матнли трансляция)  102 16:41Левандовски "Барселона" билан шартномани узайтирмоқчи  1 15:59ЖЧ-2026 саралаши. Индонезия - Саудия Арабистони. Асосий таркиблар маълум  1 14:50"Милан" "Реал"да ўйин амалиётига эга бўлмаётган вингерга кўз тикди  4 14:23Скамакка 3 ойдан кейин машғулотларга қайтди  0 13:55"Малага"нинг ёш вингери "Реал" ва "Барселона" эътиборига тушди  1 13:31Эшитдик-да! Илҳом Мўминжонов янги мавсумда водийда иш бошлайди   19 13:24"Ливерпуль" "Лион" футболчисини қўлга киритмоқчи   3 13:05Ўзбекистон ва КХДР ўзаро ўйинлар тарихи. Пхеняндаги мағлубият, Гейнрихнинг чиройли голи ва Австралияда "порлаган" Сергеев  10 13:05КХДР билан ўйинлар ёдингиздами?  7 12:44КХДР - Ўзбекистон учрашувини бизга яхши таниш ҳакам бошқаради  9 12:21АПЛнинг уч клуби Пулишични кузатмоқда  1 12:00Лаосдан гапирамиз  20 11:47Ўзбекистон терма жамоасининг КХДР билан ўйин учун тахминий таркиблари  27

Бугун 21:00. Сурия - Ўзбекистон. "Қизил бургутлар" ҳақида нималарни билиш керак? News

Бугун 21:00. Сурия - Ўзбекистон. "Қизил бургутлар" ҳақида нималарни билиш керак?

Бугун Ўзбекистон терма жамоаси Шаржада Сурия терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказади.

Ўқувчиларимиз эътиборига Сурия терма жамоаси ҳақидаги маълумотларни келтирамиз.

Сурия Осиёнинг кучли терма жамоалари қаторига кирмайди. Шунга қарамай ушбу жамоа халқаро майдонда бир қатор ютуқларга эришган. 1958 йилда Сурия Жаҳон чемпионати саралашида иштирок этган. Шу тариқа мундиал саралашида қатнашган Осиёнинг дастлабки жамоаларидан бирига айланган. Аслида бу жамоа 1966 йилги мундиал саралаш босқичида Исроил билан бирга Европа қитъаси саралашида иштирок этиши лозим бўлган. Бироқ Африка ва Осиё қитъа жамоаларининг "бойкоти"га қўшилган ҳамда саралашда қатнашишдан бош тортган.

Ушбу жамоага ҳеч қачон мундиал финал босқичига чиқиш насиб қилмаган. 1986 йилда Сурия Жаҳон чемпионатига чиқишга жуда яқин келганди. Аммо Ироқдан учралган мағлубият туфайли мамлакат орзуси амалга ошмай қолганди. 2014 йилги саралаш баҳсларида Сурия сафида мумкин бўлмаган футболчи (Жорж Мурод) ҳаракат қилгани учун ФИФА жамоани дисквалификация қилгани кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Бу ўйинчи Швеция ёшлар терма жамоаси сафида ўйнаган ва бошқа жамоа сафида ўйнаши учун ФИФАдан рухсат олиши лозим бўлган.

2018 йилги мундиалга чиқиш учун ҳам Сурия жуда яқин келганди. Учинчи саралаш босқичида ушбу жамоа Ўзбекистон бирга бир гуруҳдан жой олганини ўқувчиларимиз жуда яхши эслашади. Сурия охирги турда Эрон билан Теҳронда дуранг ўйнаб, 3-ўринни эгаллаган ва плей-оффга чиққанди. Ўзбекистон эса 4-ўринга тушиб қолганди. Плей-оффда Сурия Австралия билан тенгма-тенг ўйинларда умумий ҳисобда 2:3 ҳисобида ютқазиб қўйган.

"Қизил бургутлар" ўз тарихида олти бор Осиё Кубоги финал босқичида иштирок этган. Бироқ ҳар сафар мусобақани гуруҳ босқичидаёқ якунлашга мажбур бўлишган. 2019 йил январь ойида БААда ўтган Осиё Кубогида Австралия, Иордания ва Фаластин билан бир гуруҳдан жой олган бўлажак рақибимиз Фаластин билан дуранг ўйнаган, икки марта мағлуб бўлган ва 4-ўринни банд этганди.

2012 йилда Сурия Ғарбий Осиё кубоги финалида Ироқни мағлуб этиб, илк бор чемпионликни қўлга киритган. Ҳозирга қадар айнан мана шу ғолиблик жамоа учун сўнгги энг йирик ютуқ бўлиб қолмоқда. 

Пандемия туфайли Сурия терма жамоаси 2020 йилда ҳозирга қадар умуман ўйин ўтказгани йўқ. Бу жамоанинг энг сўнгги ўйини 2019 йил 19 ноябрь санасида ЖЧ-2022 саралаши доирасида Филиппинга қарши бўлиб ўтганди. Дубайда кечган баҳсда Сурия 1:0 ҳисобида зафар қучганди.  


СУРИЯ ТЕРМА ЖАМОАСИ
Лақаби
- қизил бургутлар
Конфедерация - ОФК
Бош мураббий - Набил Маълул (Тунис)
Сардор - Омар Ал Сома
Энг кўп ўйин ўтказган - Мусаб Балхуш (88)
Энг кўп гол урган - Фирас Ал Хатиб (36)
Уй стадиони - "Аббосиян" ва "Алеппо" Халқаро стадиони
ФИФА коди - SYR
ФИФА рейтингидаги ўрни - 79 (2020 йил 2 октябрь)

Биринчи расмий ўйин
1949 йил 20 ноябрь
Туркия - Сурия 7:0

Энг йирик ғалаба

1997 йил 4 июнь
Сурия - Мальдив ороллари 12:0

2001 йил 30 апрель
Сурия - Филиппин 12:0

Энг йирик мағлубияти
1949 йил 25 ноябрь
Греция - Сурия 8:0

1951 йил 16 октябрь
Миср - Сурия 8:0

Осиё Кубогидаги иштироки - 6 марта (биринчиси 1980)
Энг яхши натижаси - гуруҳ босқичи (1980, 1984, 1988, 1996, 2011 ва 2019)

Жаҳон чемпионати финал босқичига чиқмаган.




Совринлари
Ғарбий Осиё Футбол Федерацияси чемпионати
Чемпион - 2012
Вице-чемпион - 2000 ва 2004

Араб миллатлар кубоги
Вице-чемпион - 1963, 1966, 1988

Пан-Араб ўйинлари
Чемпион - 1957
Вице-чемпион - 1953, 1997

Ўртаер денгизи ўйинлари
Чемпион - 1987

Ғарбий Осиё ўйинлари
Вице-чемпион 1997, 2002 ва 2005




БОШ МУРАББИЙ

2020 йил март ойида тунислик Набил Маълул Сурия терма жамоасига билан икки йиллик шартномага имзо чекканди. Маълул Сурия терма жамоаси бош мураббийи сифатида илк интервьюсида жаҳон чемпионатига чиқиш мақсади борлигини айтиб ўтганди.

- "Олдимга қўйилган асосий вазифа Сурия халқини хурсанд қилиш. Уларни хушнуд этиш учун терма жамоа 2022 йилги жаҳон чемпионатига чиқиши лозим. Мен бунинг учун нима қилиш кераклигини жуда яхши биламан ва мақсад йўлида бор кучимни аямайман. Сурия терма жамоаси билан жаҳон чемпионатига чиқишни уддаласа бўлади. Мен футболчиларга ишонганим учун ҳам сурияликлар таклифини қабул қилдим. Терма жамоа аъзолари Миср, Туркия, Қувайт, Голландия каби мамлакатларда ўйнашади ва уларнинг кучи менга маълум. Албатта, вазифани бажариш сон бўлмайди, лекин бор кучимни ишга соламан. Ягона хоҳишим битта: Сурия билан жаҳон чемпионатига бориш", - дейди тунислик мураббий.



СУРИЯГА ҚАРШИ ОЛТИНЧИ ТЎҚНАШУВ

Ўзбекистон терма жамоаси Сурия билан шу кунга қадар беш марта ўзаро ўйин ўтказган. Натижалар тенгликни кўрсатмоқда. Иккала жамоа ҳам иккитадан ғалабага эришган ва бир бор дуранг қайд этилган.

Эътиборлиси Ўзбекистон терма жамоаси иккала ғалабани ҳам Тошкентда қўлга киритган. Сурияга қарши икки бор нейтар майдонда ўйнаганмиз ва икки бор ютқазганмиз.

Дастлабки учрашув 1996 йил БАА мезбонлик қилган Осиё Кубогида бўлиб ўтган. Ўшанда Сурия 2:1 ҳисобида зафар қучган, бироқ иккала жамоа ҳам гуруҳда қолиб кетганди. Биздан ягона голни "Нефтчи" афсонаси Сергей Лебедев пенальтидан урганди.

Навбатдаги икки ўйинни кўпчилик яхши эслайди. ЖЧ-2018 саралаши доирасида дастлаб Тошкентда ўтган баҳсда вакилларимиз Александр Гейнрихнинг урган ягона голи эвазига ғалаба қозонишган - 1:0. Суриядаги сиёсий вазият туфайли Малайзияда ташкил этилган учрашувда эса Сурия сўнгги дақиқаларда Омар Харбин томонидан пенальтидан урган голи туфайли зафар қучишган - 1:0.

2018 йил Тошкентда ўтган ўртоқлик учрашувида 1:1 ҳисоби қайд этилган. Биздан Марат Бикмаев пенальтидан гол уриб ҳисобни очганди. Бунга Омар Ал Сома жавоб берган эди.

2019 йил яна Тошкентда кечган ўртоқлик баҳсида Ўзбекистон терма жамоаси 2:0 ҳисобида зафар қучганди. Элдор Шомуродов дублга эришганди.




ТАРКИБ
Сурия ноябрь ойида БААда иккита ўртоқлик учрашуви ўтказади. Бугун Ўзбекистон билан, 16 ноябрда Иордания билан. Набил Маълул мазкур йиғинга 27 нафар футболчини чақирди. Улардан 7 нафари легионер ҳисобланади. Рўйхатда Швеция, Туркия, Руминия, Саудия Арабистони, Қатар, Ироқ ва Миср чемпионатларида ўйнайдиган футболчилар ўрин олган. Сурия терма жамоаси юлдузи Омар Ал Сома бу йиғинга чақирилмаган.

Ўзбекистон ва Иорданияга қарши ўртоқлик ўйинлари учун чақирилган футболчилар рўйхати:

Дарвозабонлар
Иброҳим Алма ("Ал-Хоржелаҳ")
Аҳмад Мадания ("Тишрин")
Таҳа Муса ("Ал Ваҳда")
Шаҳар Ал Шакер ("Хуттин")

Ҳимоячилар

Моаяд Ажан ("Ал Ваҳда")
Омар Мидани ("Ал Иттиҳод", Миср)
Ҳуссайин Жвайед ("Хуттин")
Холид Курдагли ("Тишрин")
Юссуф Ал Хамви ("Ал Жайиш")
Абдулраззоқ Ал Муҳаммад ("Тишрин")
Фарис Арнаут ("Хуттин")
Юссуф Муҳаммад ("Ал Ваҳда")

Ярим ҳимоячилар

Маҳмуд Ал Мавас ("Ботошани", Руминия)
Муҳаммад Мармур ("Тишрин")
Вард Ал Салама ("Тишрин")
Муҳаммад Осман ("Ал Харайтиат", Қатар)
Аиас Аосман ("Тузласпор", Туркия)
Муҳаммад Анз ("Ал Иттиҳод")
Тхаер Кроума ("Нафт Ал Басра", Ироқ)
Камел Хмеишеҳ ("Тишрин")
Маҳер Даабоул ("Тишрин")
Симон Амин ("Оребро", Швеция)
Муҳаммад Райхания ("Ал Иттиҳод")

Ҳужумчилар
Омар Харбин ("Ал Ҳилол", Саудия Арабистони)
Мардик Мардикиан ("Хуттин")
Алаа Ал Дали ("Тишрин")
Муҳаммад Малта ("Тишрин")



Эслатиб ўтамиз, Сурия - Ўзбекистон учрашуви 12 ноябрь куни Тошкент вақти билан соат 21:00да бошланади. Баҳс "Шаржа" стадионида бўлиб ўтади.



Нарзулла Сайдуллаев тайёрлади

Rating: +5   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика