Latest news

21:34АПЛ. "Вулверхэмптон" - "Манчестер Юнайтед" баҳси асосий таркиблар маълум!  0 21:09"Манчестер Сити"да нохуш статистикалар  2 20:52Пеп Гвардиола: "Бизда ҳозир шундай даврки..."  7 20:19Аканжи: "Адолатсиз натижа"  6 19:56Моуриньюнинг "Фенербахче"си Абдуқодир Ҳусанов бўйича таклиф билан чиқмоқчи  27 19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  1 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  33 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  5 18:48"Шўртан": Суперлигага тайёргарлик давом этмоқда  1 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  9 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4 17:14АПЛ. "Манчестер Сити" - "Эвертон": Асосий таркиблар маълум  14

Биринчи давра якунлари. “Локомотив” News

Биринчи давра якунлари. “Локомотив”

Миллий чемпионатимизда биринчи давра баҳслари якунига етди.
Энди одатимизга кўра олий лиганинг ҳар бир иштирокчиси биринчи даврани қандай тугатгани хусусида тўхталиб ўтамиз. Демак, мақоламизни биринчи давра пешқадами “Локомотив”дан бошлаймиз.

Тошкентнинг “Локомотив” футбол клуби жорий мавсумни аввалига Ҳаким Фузайлов бошчилигида бошлади. Аммо февраль ойида бўлиб ўтган Осиё чемпионлар лигасининг плей-офф босқичида юз берган омадсизликдан сўнг тожикистонлик мураббий истеъфога чиқиб, ўрнига барчамизга яхши таниш Вадим Абрамов бош мураббий этиб тайинланди. Натижада “Темирйўлчилар” чемпионатнинг биринчи ярмини шу мураббий қўл остида ўтказишди.



НИМАНИ КУТГАНДИК?
Ўтган йил олий лигада иккинчи ўринни эгаллаган “Локомотив”дан кўпчилик бу йил ҳам юқори ўринларни кутмоқда. Жамоа олдига қўйилган вазифалар маълум: Ўзбекистон чемпиони бўлиш ва Кубокни қўлга киритиш. Бунинг учун уларда имконият етарли. Кубокдаги вазифа деярли уддаланди: “Локомотив” ўз тарихида биринчи марта Ўзбекистон Кубоги финалига чиқди ва энди ноябрда “Бунёдкор”га қарши финал баҳсини ўтказади. Ички чемпионатда ҳам жамоа бир текис ўйин намойиш этмоқда. “Темирйўлчилар” чемпионлик сари ҳозирча қоқилмасдан бормоқда дея оламиз.

НИМАГА ЭРИШИЛДИ?
“Локомотив” биринчи даврани пешқадам сифатида тугатди. Жамоа 13 ўйинда 33 очко жамғарди, 10та ғалаба ва уч дуранг. Жамоа бирорта учрашувда мағлубиятга учрамади. Бу эса Вадим Абрамов футболчилар билан астойдил ишлаганини кўрсатади. “Темирйўлчилар” 13 беллашувда 27та тўп киритиб, ўз дарвозаларидан 7та гол ўтказиб юборишди.
Ўтган йил билан таққослайдиган бўлсак, биринчи даврада 32 очко йиққан жамоа 33та гол урганди. Бу йилгиси олтита голга кам. Бу эса жамоанинг ҳужумида пасайиш юзага келганидан дарак бермоқда. Тўғри, Иван Нагаев 8та гол билан биринчи давра тўпурари бўлди, бироқ яна бир моҳир ҳужумчи Фарҳод Тожиевнинг ишлари унчалик юришмади. Катта ниятлар билан таклиф этилган Вячеслав Шевченко эса атиги битта гол уришга эришди.



КУЧЛИ ТОМОНЛАРИ
“Локомотив”нинг кучли томони асосан ярим ҳимоясида намоён бўлди. Аслида Лутфулла Тўраев, Виктор Карпенко, иккала Жасур Ҳасанов, Фозил Мусаев каби футболчилар тўп тепган чизиқни кучсиз деб бўлмасди. Дарҳақиқат, жамоанинг энг кучли томони - ярим ҳимояси ҳисобланади. Айниқса, Тўраев – Мусаев - Ҳасанов (каттаси) триоси кўп нарсага қодир. Деярли барча ўйинларда жамоа ўйини айнан шу учлик орқали ташкил этилди.

КУЧСИЗ ТОМОНЛАРИ
“Локомотив”нинг кучсиз томони борми? Статистикага қарайдиган бўлсак, кучсиз томони йўқдек кўринади. Оддий мисол, жамоа биринчи даврада ҳаммадан кам гол ўтказиб юборди - атиги 7та. Лекин ҳар қандай жамоанинг кучсиз томонлари бўлгани каби “Локомотив”нинг ҳам ожиз нуқтаси йўқ эмас. Бу кўпроқ ҳимоя мисолида кўзга ташланди. “Локомотив” ҳимоячилари кўп ўйинларда хатога йўл қўйишди. Фақат уларнинг бахтига ё Нестеров дарвозада яхши турди ёки рақиб ҳужумчилари имкониятдан фойдалана олишмади. Шундай экан, “Локомотив” ўзининг ҳимоя чизиғи билан ҳам мақтана олади дейиш мушкул.



КИМЛАР ЎЗИНИ КЎРСАТДИ?
“Темирйўлчилар” сафида бир нечта футболчи ўзини кўрсата олди. Аввало тажрибали Лутфулла Тўраевни айтиб ўтиш даркор. Биринчи давранинг ҳамма ўйинида қатнашган Лутфулла катта ҳажмдаги ишни бажарди. У том маънода жамоанинг плеймейкери бўлди. Шунингдек, марказий ҳимоячи Бобур Йўлдошев ҳам биринчи даврани яхши савияда ўтказди. Иброҳим Раҳимов, Салим Мустафоев, Фозил Мусаев сингари футболчилар ҳам “Локо”нинг пешқадам сифатида танаффусга йўл олишида катта ҳисса қўшишди. Айтиб ўтганимиздек, Иван Нагаев биринчи давра тўпурари бўлди.

КИМЛАР ЎЗИНИ КЎРСАТА ОЛМАДИ?
Украиналик ҳужумчи Вячеслав Шевченкодан умид катта эди. Бироқ еттита учрашувда майдонга тушган ҳужумчи атиги битта гол урди. Ўзи иштирок этган беллашувларда Шевченко деярли кўзга ташланмади. Уни янги жамоаси ўйинига киришиб кета олмади десак ҳам бўлади. Бундан ташқари, Андрей Кожокарь ҳам амалда ҳеч нарсани қойиллатмади. Ҳаким Фузайлов пайтида жамоанинг асосий ўйинчиларидан бири бўлган Дилшод Жабборов Абрамов қўл остида захира ўйинчисига айланиб қолди. Шунингдек, Садриддин Абдуллаев ҳам ўз имкониятларини тўлиқ намойиш эта олмади. Бундан ташқари, кичик Жасур Ҳасановнинг ўйинида пасайиш юзага келгандек кўринди.



ХУЛОСА
Хулоса ўрнида нима дейиш мумкин? Кучли таркибни жамлаган “Локомотив” чемпионлик сари одимлашда давом этмоқда. Мана яқинда клуб сафига Александр Гейнрих ҳам келиб қўшилди. Бу эса жамоанинг чемпионлик борасидаги имкониятларини янада ошириши турган гап. “Локомотив” ҳозирги ўйини ва таркиби билан Ўзбекистон чемпиони бўлишга қодир, лекин чемпионлар лигасида бу ўйин билан узоққа бориш мушкул. Раҳбарият клубда маблағ борлигидан фойдаланиб, урғуни фақат асосий таркибга бермасдан, футбол мактабига ҳам сал эътиборлироқ бўлса чакки бўлмасди. Чунки футболда бугун пул билан мақсадга эришса бўлади, лекин эртанги кунга пойдевор қўйиш учун ўз тарбияланувчиларига ҳам эътибор қаратиш талаб этилади.



СТАТИСТИКА
Ўйинлар сони – 13
Урилган голлар – 27
Уйда урилган голлар – 17
Сафарда урилган голлар – 10
Ўтказиб юборилган голлар – 7
Уйда ўтказиб юборилган голлар – 3
Сафарда ўтказиб юборилган голлар – 4
Уйдаги очколар – 16
Сафардаги очколар – 17
Энг йирик ғалабаси - 4:0 (“Андижон”)
Энг йирик мағлубияти - мағлубиятга учрамади
Сариқ карточкалар – 23
Қизил карточка – 0
Нечта футболчи ўйнади – 22



КИМ ҚАНЧА ЎЙНАДИ?

Дарвозабон
Игнатьий Нестеров - 13 ўйин

Ҳимоячилар
Ислом Тўхтахўжаев - 13 ўйин, 1 гол
Виктор Карпенко - 13 ўйин, 1 гол
Иброҳим Раҳимов - 13 ўйин, 2 гол
Салим Мустафоев - 12 ўйин, 1 гол
Бобур Йўлдошев - 12 ўйин, 0 гол
Илҳом Суюнов - 3 ўйин, 1 гол
Сардор Раҳмонов - 2 ўйин, 0 гол

Ярим ҳимоячилар
Лутфулла Тўраев - 13 ўйин, 1 гол
Жасур Ҳасанов (катта) - 13 ўйин, 2 гол
Фозил Мусаев - 12 ўйин, 1 гол
Жасур Ҳасанов (кичик) - 9 ўйин, 2 гол
Акмал Холматов - 5 ўйин, 0 гол
Андрей Кожокарь - 5 ўйин, 0 гол
Дилшод Жабборов - 4 ўйин, 0 гол
Садриддин Абдуллаев - 4 ўйин, 1 гол
Қувондиқ Рўзиев - 2 ўйин, 0 гол
Сардор Мирзаев - 1 ўйин, 0 гол

Ҳужумчилар
Иван Нагаев - 12 ўйин, 8 гол
Фарҳод Тожиев - 12 ўйин, 5 гол
Вячеслав Шевченко - 7 ўйин, 1 гол
Александр Шадрин - 2 ўйин, 0 гол

Хайрулла Холиқов.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика