Latest news

19:32"ФарДУ" клубида мавсум якунларига бағишланган тақдирлаш маросими ўтказилди  0 19:24Муваффақиятсизлик давом этади: "Манчестер Сити" бу сафар ўз уйида "Эвертон" билан дуранг ўйнади, Холанд пенальтидан гол ура олмади  13 19:10АПЛ. Тез орада бошланадиган "Челси", "Тоттенхэм" ва бошқа жамоалар иштирокидаги ўйинлар учун таркиблар маълум  0 18:48"Шўртан" Суперлигани Қаршидаги стадионда бошлайди  0 18:41Қатор топ клублар ПСЖ футболчиси учун курашади  1 18:12"Чадормалу Ардакан" — "Истиқлол". Машарипов асосий таркибда  0 18:07Умид Эргашев "Насаф" билан хайрлашди. У "Навбаҳор"га ўтмоқда  6 17:55Фликка таянч ярим ҳимоячиси керак. Номзодлар: Канте ва Горецка  1 17:32"Реал"га ван Дейк керак эмас  4 17:14АПЛ. "Манчестер Сити" - "Эвертон": Асосий таркиблар маълум  14 16:49Эшитдик-да! "Андижон" икки нафар легионер билан шартнома имзолайди   15 16:33"Нефтчи" Билолхон Тошмирзаев билан шартномани узайтирди  1 15:50Аббос Файзуллаев: "Уйғонганимда бутун вужудим оғриган пайтларим бўлди"  4 15:18Olamsport: WBC рейтингидаги ўзбек боксчилари, бугун шахмат бўйича ЖЧ бошланади ва бошқа хабарлар  0 14:38"Пахтакор"нинг Туркиядаги ўқув-йиғин машғулотлари давомидаги рақиблари маълум  3

Биринчи давра ортда қолди: Салбий таассуротлар ва ПФЛга таклиф News

Биринчи давра ортда қолди: Салбий таассуротлар ва ПФЛга таклиф

Олий лигада биринчи давра баҳслари ортда қолди. Жамоалар энди кубок беллашувларидан кейин тўлиқ танаффусга чиқишади.
Август ойининг бошидан эса иккинчи давра ўйинлари старт олади. Олий лига савияси, ҳакамлар, ишқибозлар, лигамизни ривожлантириш учун қандай ўзгаришлар зарур эканлиги тўғрисида баъзи мулоҳазаларни айтиб ўтиш ниятидамиз. Зеро, кучли чемпионатга эга бўлмас эканмиз, футболимиз савияси ўсмоқда деб баралла айтишимиз нотўғри.

Дастлаб бир ҳолатга эътиборингизни қаратсак. Чемпионат март ойида стартга чиққанини инобатга олсак, олий лига жамоалари 13 тур учрашувларини ўтказиш учун нақд 4 ой сарфлашибди. Бунинг орасида Ўзбекистон Кубогида юқори лига клублари нари борса 5тадан ўйин ўтказишди. Демак, жами 18 баҳс учун 4 ой кетган бўлади. Бу эса ўйинлар орасидаги танаффус кўп бўлганини билдиради. Тақвим тузишда жамоаларнинг маълум бир ритмга тушиб олишини инобатга олиш лозим. Чунки 20 кунда 3 бор майдонга тушган футболчилар кейин шунча муддат мобайнида дам олишга мажбур бўлишяпти. Натижада бир давранинг ўзида икки марта яхши ҳолатга кириб, ўша ҳолатдан чиқиб кетиш содир бўляпти. Солиштириш учун, биринчи лигада жамоалар охирги 10 учрашувни 37 кунда ўтказишди! Демак, ҳар 3-4 кунда майдонга тушиш мумкин экан. Қолаверса, биринчи лигада жамоалар ўйин куни йўлга чиқиб, беллашувга етиб боришади. Чунки уларнинг молиявий аҳволи меҳмонхонада ётиб қолишни кўтармайди. Олий лига жамоаларида бир кун аввал ўша шаҳарга етиб бориб, футболчиларнинг ўзларига келиб олиш учун имконият мавжуд. Бошқа томондан бу йил тақвимда ўзгаришлар аввалги мавсумларга нисбатан камайган. Бу яхши, албатта.

Биринчи давра ўйинларидан хулоса қиладиган бўлсак, олий лига савияси ўрта даражага ҳам тортмаяпти. Бир неча йиллар олдин ҳар қандай жамоа ўз майдонида ҳужумкор футбол намойиш этишга ҳаракат қиларди. Ўша пайтларда 0:4 ҳисобида ютқазган жамоа ҳозир 4:0га ютаётган жамоадан кўра жонлироқ, шиддатлироқ ва мазмунлироқ ўйин кўрсатарди. Бу очиқчасига кўриниб турган ҳолат. Иккиланмасдан айтиш мумкин, ҳозир кучли бешликда бораётган жамоалардан бирортаси 1990-йилларнинг охири ёки аср бошида ўтган мавсумларда юқори бешликда бўлмасди. Футболчилар майдонда деярли юриб ҳаракат қилишяпти. Оқибатда стадионга келган мухлислар ўта суст, фаол ҳаракатда бўлмаган ўйинчиларни кўришмоқда. Давра охирларида бўлиб ўтган Тошкент дербиларида ўйининг ўзидаги шиддат унчалик билинмади. Савия тушиб кетаётгани ҳақида ўтган йили ҳам бир қатор фикрлар билдирилганди. Бу йил эса у янада очиқроқ кўзга ташланяпти. Футболчилар иштиёқсизлик билан тўп тепаётгандек туюлмоқда. Бу кетишда яқин йиллар ичида тузукроқ ўйин услубига эга бўлмаган жамоалар иштирокидаги беллашувларга гувоҳ бўламиз, шекилли. Авваллари “Нефтчи”, “Насаф”, “Бухоро”, “Динамо”, “Навбаҳор”, “Андижон”, “Трактор” сингари клублар ўз майдонларида ҳам, сафарда ҳам ҳар бир рақибга жиддий қаршилик кўрсатиб, ҳужумкор футбол намойиш этишарди. Биринчи даврада эса фақат уч жамоа ўйинлари озгина бўлса ҳам маъқул келди. “Олмалиқ”, “Металлург” ва “Насаф” қайсидир пайтда яхши савияда футбол кўрсатди. Игорь Шквирин шогирдлари давра боши ва охирларида, бекободликлар эса дастлабки турларда, “Насаф” охирги турларда савия жиҳатидан яхши футбол кўрсатишга интилишди. Пешқадам “Бунёдкор” ва унинг таъқибчиси “Локомотив” ҳам ҳар доим чиройли ва ҳужумкор футбол намойиш этишмаяпти. Футболда натижа биринчи ўринда дейдиганларга бошқа нарсани эслатиб қўймоқчимиз. Бу жамоалар таркибдаги футболчилар билан ҳужумкор ва чиройли ўйин намойиш қилишлари шарт! Европада ҳам барча миллий чемпионатларда пешқадамлар кўзни қувонтирадиган даражадаги ўйинлари билан ажралиб туришади. Бизда ҳозир кучлилар нима учун шундай мақомда эътироф этилишини ҳаракатлари билан ишқибозларга кўрсатиб бера олишмаяпти. Эҳтимол, клубларга хориждан мутахассисларни таклиф этиш керакдир. Академияларга ва клубда мураббийлар штабига чет эллик мураббийларни жалб этиш фойдадан холи бўлмасди. Чунки бизда “Про” лицензияни олиш билан Европада олишнинг катта фарқи бор. Ўзини кўрсатган жамоалар қаторига “Гулистон”ни ҳам кўшиш мумкин. Бироқ сирдарёликлар мавсумни муваффақиятли бошлаб, кейин молиявий муаммоларга дуч келишди. Натижада охирги турларда гулистонликлар салбий натижалар қайд этишди.

Юқори савияда ўйнайдиган футболчилар етишиб чиқмаётганига уларнинг ўзлари ва мураббийларни асосий айбдорлар деб айтиш мумкин. Чунки машғулотларда меҳнат қилмаган футболчи ҳеч қачон юқори савияга чиқмайди. Мураббийлар эса уларни ишлашга руҳлантира олиши лозим. Футболчиларга тўғри йўналиш бериш кўп нарсани ҳал этади. Бизда эса ўзини доно санайдиган мутахассислар яқин масофадан гол ура олмаган ҳужумчисини танқид қилишдан кўра журналистларнинг яхши мақола ёза олмаётгани тўғрисида гапиришни хуш кўришади. 

Журналистларнинг ёзмаган мақоласи фақат жамоаларнинг келишилган ўйинларда иштирок этгани ва ҳакамларнинг жамоаларга ёрдам бериш мақсадида “мукофот” пули олишини аниқ фактлар билан исботлаб бермагани қолди. Лекин ўзбекчада яхши сўзлай олмайдиган мураббийлар ўзбек журналистларининг танқидий мақолаларидан кўра рус нашрларини кузатиб боришни афзал билишади. Туя ҳам ҳаммомни орзу қилади. Балки, бу бир ҳавасдир.

Ҳакамлар савияси эса яна бир алоҳида мавзу. Бир қарасанг, улар жуда яхши ҳакамлик қилишади, бир қарасанг қайсидир жамоани очиқчасига “тинчитишади”. Баъзида қўпол хато қилган ҳакамларга нисбатан қандай чора кўрилгани ҳакамлар қўмитаси расмий маълумот ёки тушунтириш бериб бориши лозим. Чунки Европанинг деярли барча давлатларида шундай ҳолатга гувоҳ бўламиз. Баъзи қоидаларни яхши билмагани туфайли хато қилаётган ҳакамларни кўряпмиз. Уларнинг имтиҳондан қандай ўтгани барчани қизиқтиради. Тўпни аутдан ташлаганда ўйиндан ташқари ҳолатни қайд этиш, офсайддаги футболчининг ҳимояланаётган жамоа аъзоларига халал бераётгани ёки йўқлигини аниқлашда кўплаб камчиликлар учрамоқда. Энг салбий тарафи шундаки, бизда ҳакамларнинг ўйинни бошқариб боришдаги услубини билмаймиз. Кимдир қаттиққўл, кимдир кўп ҳуштак чаладиган бўлади. Ҳар ҳолда, Европада шундай. Бизда эса бир баҳснинг ўзида бир хил вазиятларга нисбатан бош ҳакамнинг турлича муносабатини кўриш мумкин. Табиийки, шундай ҳолатлар мухлисларнинг уларга бўлган ишончини сўндириб, турли гапларнинг тарқалишига олиб келади.

Стадионларга ташриф буюраётган ишқибозлар сони жуда оз. Фарғона, Қарши ва Наманганда ҳам мухлислар ташрифи бу йил тушиб кетган. Фарғонада стадионнинг таъмирлаб, бузиб ташланиши ҳамда жамоада ўзгаришлар туфайли шундай вазият юзага келган. Қарши ҳамда Наманганда ўтган йилдан бошлаб пассивлик кузатиляпти. Фақат Бухоро ва Гулистонда ўн минг атрофида мухлислар учрашувларни кузатиб келишмоқда. Тошкент шаҳрининг уч клуби иштирокидаги дербиларни эса 5 мингга етар-етмас ишқибозлар кузатиб борди. Бу жуда паст кўрсаткич. Лекин уларни ҳам тушуниш мумкин. Кимнинг савияси паст учрашувларга бевосита стадионга бориб, кузатгиси келади? Ундан кўра, уйда телевизор орқали томоша қилади ёки йўқ. Мухлисларни стадионга жалб қилиш учун шунга яраша ўйин намойиш этиш керак. Футболчиларнинг суст ҳаракатлари ёки жамоаларнинг ўзаро “олди-берди”сини кузатиш учун стадионга келиб ўтирмасаям бўлади. Бу мавсумда ишқибозлар ташрифи ўтган йилгига нисбатан аслида кам бўлиши кутиляпти. Лекин назоратчилар томонидан қайднома тўлдириш чоғида уларнинг сони ошириб кўрсатилади. Чунки ОФК талабига кўра, бир ўйинга ўртача ташриф 5 мингдан кам бўлмаган миллий чемпионатлар бу борада яхши саналади. Айнан шу банд туфайли ишқибозлар сони ошириб кўрсатилиши мумкин. Қолаверса, стадионларга аниқ неча нафар мухлис келганини аниқлайдиган тизимнинг ўзи йўқ.

Бу йилдан олий лига ўйинларига комиссарларнинг ташрифи йўлга қўйилди. Лекин бизнинг комиссарларни ОФК ўйинларини ўтказишда юртимизга келиб, ташкилий ишларни ҳал этадиган комиссарларга ўхшатиб бўлмайди. Чунки халқаро учрашувлардан 3 кун аввал Ўзбекистонга етиб келадиган ОФК комиссари барча ташкилий жараёнларда бош бўлади. Кийиниш хоналаридаги ҳолат, стадион, меҳмонхона, умуман ўйинга оид барча масала билан шуғулланади. Лекин бизда комиссарлар фақат ўйинни кузатиш учун келишмоқда. Балки, ОФКнинг талаби асносида шундай қарорга келингандир. Комиссарлик вазифасини ПФЛ ходимлари бажариб келишяпти. Умид қиламизки, яқин орада бу вазифа ушбу иш билан шуғулланувчиларга ўтади ва уларнинг фаоллиги сезилади.

Шу ўринда ЎФФ, хусусан, ПФЛга бир ҳолат устида бош қотириб кўришни маслаҳат берардик. Бир неча йилдан буён айнан ЎФФ ҳукуматимизнинг қўллаши остида жамоаларга бош ҳомийлар топиб бермоқда. Яъни, клубларнинг фаолият юритиши бевосита ҳукуматнинг футболни ривожлантиришга оид қарор ва фармонлари асосида содир бўляпти. Клубларнинг ўзлари эса пул топиш мумкин бўлган тўрт жиҳатдан деярли фойдаланишмаяпти. Трансферлар, ўйин куни стадионга тушадиган пуллар, атрибутлар сотуви ва ҳомийлик шартномалари орқали футбол клублари пул топишади. Бизда эса ҳомийлик шартномалари деярли имзоланмайди, клублар тайёр ўзларига бириктирилган компаниялар ажратиб берадиган маблағ эвазига кун кечиришади. Стадионларга кам мухлис кираётгани сабабли на атрибутлар, на чипталар ва бошқа маркетинг ёрдамида пул ишлаш имконияти жуда кам. Трансферлардан эса охирги йилларда фақат “Пахтакор” ва “Бунёдкор” қанчадир миқдорда пул ишлаб топишди. Шу икки жамоа кичик ҳомийлик шартномалари орқали клуб бюджетига фойда келтиришяпти.

Жамоаларнинг бюджети турлича бўлаётганининг асосий сабаби эса уларга бириктирилган компанияларнинг молиявий ҳолатига боғлиқ. Қайсидир жамоада пул етарли бўлган пайтда бошқасида бу борада муаммолар кўзга ташланаётгани сир эмас. Бундай ҳолатда вазиятдан чиқишнинг йўли жамоаларга минимал бюджетни тенглаштириб қўйишдир. Айтайлик, ЎФФ бир йиллик харажатлар учун ҳар бир жамоага бир хил пул белгилайди. Бу миқдор қанча бўлишини ЎФФнинг ўзи белгилаши мумкин. Қолгани эса жамоаларнинг юқоридаги тўрт унсурдан қай тариқа фойдаланиб, пул топишларига боғлиқ бўлиб қолади. Шунда бюджетлар орасидаги фарқ бунчалик сезиларли бўлмайди. Бу борада турли давлатлар тажрибасини қўллаб кўриш мумкин. Албатта, дастлаб чуқур ўрганиб чиққан ҳолда. Масалан, Қатарда миллий олимпия қўмитаси хорижлик футболчилар учун клубларга пул тўлайди. Уларнинг маоши ва бонус пулларини айнан Қатар МОҚ таъминлаб беради. Шу сабабли бу мамлакат жамоаларида деярли тенг савиядаги легионерлар тўп тепишади. Қолгани эса клубларнинг маҳаллий ўйинчиларни қанчалик яхши тарбиялаши ва мураббийнинг маҳоратига қаратилади. Бизда эса ҳомийлар ажратган пулларни тақсимлаш имконияти мавжуд. Минимал сумма бир хил қилингач, кўпроқ пул ажратган компаниялар маблағи айнан уларнинг таъминлаши остидаги клубларга ўтказиб берилиши ҳам мумкин. Бунда фарқ 3 бараварни эмас, бир ярим ёки 2 баравардан иборат бўлади. Шунда қайси жамоа раҳбариятининг фойдали иш коэффицентини топиш имконияти юзага чиқади. Ҳозир эса биз “Гулистон” ёки “Сўғдиёна”дан пешқадамлар қаторига кириш учун курашишни талаб қила олмаймиз. Биз буни савияси тушиб кетаётган олий лиганинг аввалги даражасига қайтишини истаётганимиз учун таклиф қиляпмиз. Чунки жамоаларнинг ўзлари пул ишлаб топишни ўрганишлари учун анча вақт керакка ўхшайди.

Клубларнинг бизнес фаолияти ҳақида гапирмасак ҳам бўлади. Агар давлат томонидан ажратилаётган маблағ клубларга бир хил миқдорда тақсимланса, шунда жамоалар ўртасидаги катта фарқ кузатилмасди. Англияда эса Қатардаги ҳолат сал бошқачароқ, трансляция ҳуқуқини сотишда олинадиган пулнинг тенг тақсимланиши орқали берилади. Яъни, ички бозордан тушган пулнинг барчаси тенг бўлиб чиқилади. Ташқи бозордан келган маблағ эса жамоаларнинг эгаллаган ўрни ҳамда трансляциялар сонига қараб белгиланади. Шу туфайли АПЛда грандлар билан аутсайдерлар деярли бир хил савияга яқин ўйин намойиш қилишга интилишади. Австралияда ҳам чет эллик футболчилар учун пул ажратиб берилади. 2,5 миллион Австралия доллари клубларга хорижлик ўйинчиларни таклиф этишга тақдим қилинади. Агар клуб “машҳур” (жаҳон юлдузларидан бири) ёки “меҳмон” (камида 10 ўйин учун таклиф қилинадиган машҳур футболчи) хизматидан фойдаланишни истаса, унда яна пул берилади. Шу тариқа клублар тенг савиядаги легионерларни таркибга жалб қилиш имкониятига эгалар. Ёки менежернинг иш юритиши барчасини ҳал қилади.

Япония ва Жанубий Кореяда клубларга мавсумда эгаллаган ўрнига қараб мукофот пуллари ва трансляциядан тушган маблағ бўлиб берилади. Саудия Арабистонида ҳам жамоалар ўринлари асосида тегишли миқдорда ажратилган пул билан бюджетларини бойитиб олишади. Ҳиндистонда эса вазият бошқачароқ. У ерда ёшлар жамоаси учун маълум маблағ, шунингдек, асосий таркибга мавсумдаги ҳар бир ғалаба учун мукофот пули ва яна пролиганинг ажратадиган пули тегади.

Биз бу таклифни ўйлаб кўриш учун киритиб ўтдик. Эҳтимол, бу кимларгадир ёқмас, бошқалар эса маъқуллар. Биз олий лига савиясини ортишини истаймиз. Чунки бу ўзимизнинг, миллий футбол. Унинг савиясини кўтармасдан туриб, юқори натижаларга эришиш ҳақида ўйлаб бўлмайди.


Беҳзод НАЗАРОВ.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика