Latest news

01:37Инглиз ҳакамлари ВАРдан сўнг ўз қарорини оммага эълон қилишни бошлайди  0 01:00"Манчестер Юнайтед" - "Ньюкасл"  12 00:50Ниҳоят! Рэшфорд 5та ўйиндан сўнг МЮ қайдномасига киритилди  1 23:52Аббос Файзуллаев ва ЦСКАнинг бошқа футболчилари 158 нафар болакайларга қарши майдонга тушишди  1 23:43"Барселона" ваъдасининг устидан чиқа олмади  7 22:53U20 Осиё Кубогининг энг яхши дарвозабони "Пахтакор" билан хайрлашди  3 22:28Риан Исламов "Навбаҳор"га ўтди  4 22:02Испан клуби МЮ билан Антони борасида музокаралар ўтказмоқда  2 21:09"Пахтакор" ўз стадиони тайёр бўлгунча ўйинларни қайси аренада қабул қилади?  6 20:44Ҳоланд, Винисиус, Ямаль — дунёнинг энг қиммат футболчилари  18 20:20Слотт "Ливерпуль" ҳимоячиси жароҳат олганини маълум қилди  3 19:58Магуайр Аморим билан тен Ҳагни солиштирди  6 19:35"Қуёш чиқади. Биз қайтамиз" — Гвардиола  1 19:13"Манчестер Сити" нигериялик қанот ҳимоячисига қизиқмоқда  0 18:49Расман: Олег Зотеев – "Андижон" аъзоси!  5

Хави ва Иньестадан кучлироқ бўлган Ла Масия қироли News

Хави ва Иньестадан кучлироқ бўлган Ла Масия қироли

Марио Росас ҳақида.

"1998 йилда "Барселона B" ўйинларини кузатиб борадиганлар 10-рақам эгасини алоҳида кузатишга ўрганиб қолишганди. Жамоанинг ўша таркибида Пуйоль ва Хави ҳаракат қиларди, аммо асосий эътибор Марио Росасга қаратиларди. Унинг иштиёққа тўла ҳаракатларида кўча футболининг нафаси келиб турарди", – ёдга олади 'Sport.es" бош муҳаррири Дидак Пейрет.

Росас шунчаки даҳо эди. Техник томонлама ўта кучли, чаққон, ўйинни ҳис қила оладиган ва исталган рақиб ҳимоясидаги камчиликни топа оларди. Дриблинг, зарба ва ҳаттоки тезлик билан ҳам муаммо йўқ эди унда. Ваҳоланки, Ла Масия вакилларининг аксариятига айнан тезлик етишмасди.

Марио Каталония клуби ўйин услубига жуда мос тушар, майдон бўйлаб эркин ҳаракатланиб, қисқа масофага тўп оширишларда ўзини кўрсатар ва тўпни ўзида яхши олиб юрарди. "Барселона" ва Росас бир-бирлари учун яратилгандек эди. Марио асосий таркибда Хавидан олдин дебют қилган ва чинакам юлдузга айланган бўлиши керак эди. Унинг ўйинларини кўрганлар, Росас Чемпионлар Лигаси Кубогини боши узра кўтараётганини, турнир финалида Лео Месси айнан унинг ажойиб тўп оширишидан кейин гол урганини бемалол тасаввур қила оладилар.

Андалусиялик йигитча Хосепнинг ўша кучли "Барселона"си устунларини қийнаб қўйганига ишонмайсизми? Унда Хавини гапига эътибор беринг: "Барселона"да яна битта Иньеста бор эди – Марио Росас. Агар сиз унинг ўйинини 15, 16 ёки 17 ёшида кўрсангиз: "Шу йигит асосий жамоа сафида майдонга тушганда, "Камп Ноу" гипноз остида қолиб кетади", - деган бўлардингиз. Чин сўзим, у Лаудруп ва Мессининг бир танадаги варианти эди. Росас ҳар икки оёқда ўйнай олар, дриблинг… Унда барчаси бор эди ва у ҳаммасини йўқотди. Бундан ҳайратдаман. Балки унга профессионаллик ёки характер етишмагандир – асл сабабини энди ҳеч қачон била олмаймиз".

Шундай бўлса-да, келинг биз вазиятга ойдинлик киритишга уриниб кўрамиз.

Хави таянч ярим ҳимоячи ролида, Пуйоль ўнг қанот ярим ҳимоячиси, Росас эса ҳужумчилар ортида ёрқин юлдуз каби нур сочарди.

У пайтлар "Барселона"да 3-4-3 тактикасини мақул кўришган ва Марио ҳужумчилар ортида ўйнарди. Уни Жоан Вила – бугунги кунда “Барселона”нинг биз ўрганган ўйин услубининг илк асосчиларидан бири, Кройффнинг дўстларидан бири шуғуллантирарди.

Қайд этиш лозим, аввалига бу услуб ва Вила иқтидорли ўсмир учун дахшатли кўринган. Ла Масияда қисқа масофага тезкор тўп оширишни талаб қилишарди, кўп ҳаракат қилишар ва тўп бир зонада узоқ қолиб кетишига йўл қўйилмасди. Айниқса горизонтал ўйин қахрамонимизни жуда қийнарди: Росас "Реал" мухлиси ҳисобланади ва тезкор вертикал футболни маъқул кўрарди.


"Мен олдинроқда ҳаракат қилардим ва голлар ҳамда ассистларга жавобгар эдим. Хави эса кўпроқ тўпни сақлаб қолиш ҳақида ўйлар ва шу сабаб, ортга пас берарди, – дейди Росас. – Мени бундан жахлим чиқарди, чунки у туфайли кўпинча тўп менга етиб келмасди".

Марио норозилигини яширмас, жанжаллашар ва мураббийнинг фикрига кўпинча қўшилмасди. У прессингда деярли қатнашмас ва тўп рақибдан олиб қўйилгач, паслар бўйича ажойиб статистикани қайд этарди. Лекин Марио Росас Каталония услубининг оддий аскари эмасди. Ла Масия жамоалари ва кейинчалик "Барселона В"да у Гвардиола жамоасидаги Мессидек ҳаракат қилган. Дриблинг, тезлик, ҳар икки оёқдаги зарба ва бошқа жиҳатлар уни гол машинасига айланишига туртки бўлди. Рақиб замонавий тил билан айтганда “автобус” қўядиган бўлса, Марио бир ўзи кутилмаган ҳаракатлари билан натижа келтирарди.

Эътиборли томони, у ҳар икки қанотда ҳам, марказда ҳам бирдек фойдали ҳаракат қиларди. Баъзан Марио тўп оширишни шунчаки унутиб қўяр ва катта тезликда 2-3 рақибини алдаб ўтиб, жамоадошларини қулай вазиятга чиқариб юборарди. Бу томондан у Микаэль Лаудрупни эслатиб юборарди. Ким кўрган, ким кўрмаган, лекин Лаудруп барчамиз яхши таниган Иньестадан анча аввал тўпни у оёқдан бу оёққа олиш эвазига рақибларини кўрдим демай ўтиб кетарди.

1997 йил Марио Росас "Барселона В" таркибида майдонга туша бошлади. У жамоа ҳам 3-4-3 тактик схемасидан фойдаланарди. Марказдаги ромбнинг ўнг қанотида кутилмаганда Карлес Пуйоль ҳаракат қиларди (у кейинроқ ҳимояга ўтган), таянч зонасида эса Хави эди. Жамоадошлари ҳам Росаснинг салоҳияти ҳақида гапирарди, лекин у мухлислар учун чинакам магнит эди. Ўзининг биринчи мавсумида Росас 19 гол билан Сегунда В нинг III гуруҳи тўпурарига айланди.

Луи ван Гал марказни эгаллаган 17 ёшли брюнетларга дарҳол эътиборини қаратди. Росас 1997/98-йилги мавсум сўнггида, Ривалдо ва Фигу чемпионликни нақд қилгач, асосий жамоа сафига қўшила бошлади. Росас дебютини "Саламанка" барбод қилган: рақиб биринчи бўлимдаёқ ҳисобда олдинга чиққан. Луи ван Гал эса ёш иқтидор эгасини танаффусда алмаштиришга қарор қилган. Айнан Росас ва Хави катта футболга кейинчалик Давид Сильва, Иньеста ва Санти Касорлани тортиқ қилган ажойиб футбол мактабининг биринчи мевалари ҳисобланишади. Орадан 16 йил ўтиб, Марио фаолиятини Терсерада якунлади – Испаниянинг тўртинчи лигаси.

Росас жаҳон футболи юлдузига айланиши керак эди, лекин кўп хато қилди ва ҳимояга ёрдам бермади

“Саламанка”дан сўнг Росас асосий жамоада умуман майдонга тушмади – ван Гал унга ишонарди лекин Клюйверт, Ривалдо ва Фигуни таркибдан чиқариб юбориш мушкул вазифа эди. “Барса” классик ўйинчиларсиз 4-3-3 тактикасига ўтганида, Марио ўзини бутунлай йўқотиб қўйди. Ўша пайтлар шундай схемада ўйнайдиган марказий ярим ҳимоячиларни жуда тезкор деб ҳисоблашган. Шу сабаб, креатив ўйинчини ҳужумга ўтказишди. “Мен учратган мураббийлар мен физикасиз ожиз эканимни айтишарди. Бўйи пастроқ бўлган ўйинчилардан воз кечиш керак эмас — Хави буни исботлаган. У туфайли Касорла, Иньеста ва Давид Сильвани ўз сафига қўшиб олишни исташарди. Аввал эса менга ўхшаш креатив кучсиз футболчилар ҳеч нарсага арзимасди”, – ёдга олади Марио.

Ван Гал таълим олиш ҳақида такрорларди, лекин ёш йигит қулоқ солмасди: “Мен Ла Масия ва “Барселона B” юлдузи бўлдим, кутишга эса сабрим етмади”. Росас “Алавес”га кетди ва тез орада тўғри йўлни танлаганига амин бўлди. У Ла Масиядан ҳақиқий оламга чиқди. У ерда Росас ҳеч қачон эшитмаган нарсаларини билди: ҳимоя, тўп учун кураш ва ҳ.к. Ўртамиёна клуб табиийки, кўпроқ ҳимояланади ва бундай футболда Марио фойда бермасди, у деярли майдонга тушмади.

“Ла Масия тарбияланувчилари бошқа клубларда ўйнашга бироз қийналади. “Барса”дан кетиб, паслар бериб ўйнаш ва тўп билан ишлаш ҳақида орзу қилгандим. Аммо тез орада бошқа клубларда кўпроқ ҳимояда ўйнашлари, доим ғалаба учун курашиб, босим ўтказишларини тушуниб етдим. Агар сиз шу нарсаларни эплай олмасангиз, ҳеч қачон юқори даражада ўйнай олмайсиз. Бундай ўйинга тайёр эмаслигимга фақат ўзим айбдорман”, – деган эди Марио фаолиятини якунлаётганида.

Марио ўйинни захира ўриндиғидан томоша қилишга чидай олмасди, ундан кучсизроқ футболчилар майдонда бўлиши эса унинг жиғига тегар, лекин уни сотишни исташмагани ҳаммасидан ҳам ўтиб тушганди. “Барселона” тарбияланувчиси “Рекреативо” билан ишни пишитиб қўйганди: Росас фойдали шартнома ундира олган, асосий таркибдан жой ва чинакамига ўсиш учун имконият кўраётганди, лекин “Алавес” раҳбариятига уларни огоҳлантирмай амалга оширилган бу иш умуман ёқмади. Мариони асосий таркиб машғулотларидан четлатишди ва бу сал қолса футболчини буткул “синдирарди”: “Мен фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйлаб қолгандим, футбол ўйнашга бўлган иштиёқ деярли йўқолганди”.

Кейин ҳам муаммолар давом этди. Росас ўзини "Саламанка" клубида синаб кўрди, лекин Сегундада унданда кўпроқ меҳнат қилишарди. Кейин океан ортига йўл олди, лекин у ерда ҳам “кетмони учмади”: Росас жамоадагилар ҳудди бир оиладек бўлиши, ажойиб атмосферага кўникканди. Каталонияда ҳеч бўлмаганда Хавининг латифалари жамоадагилар кайфиятини кўтарарди, “Метростарз” (ҳозирги “Нью-Йорк Ред Буллз”) футболчилари ҳаттоки машғулотларда ҳам деярли гаплашишмасди. Қисқа вақтдан кейин у Испанияга қайтди ва бир неча йил ўтиб, Сегундада “Кастельон” жамоасида тўп тепа бошлади.

Камтарона клубда Росасга “Барселона” таркибида битта бўлсада ўйинда майдонга тушган кекса юлдуз сифатида қарашарди. Ваҳоланки, Марио ҳали 30га тўлмаганди. Росас жарима зарбаларини амалга оширар ва ҳимояга деярли қайтмасди. 2008/09-мавсумда у 10та гол урди ва Ла Лигани забт этиш орзуси ҳали тирик эди. У ўжарлик қилмай, ўртамиёна клуб услубига кўника бошлади: “Ёшлигимда мен доимо қийин тўп узатишларини амалга ошириш, мушкул ҳолатдан ҳам максимал тарзда чиқиб кетишга ҳаракат қилардим. Улғайганим сари шуни тушуниб етдимки, майдоннинг баъзи зоналарида бундай қилишга ҳаққинг йўқ – рақибнинг қарши ҳужумига дуч келишинг мумкин”.

Ўхшамади. Марио фақат ўзини айбларди: "Ўшанда мен ҳозиргидек тажрибали ва ақлли эмасдим. Ўшанда мен қабул қилаётган қарорлар тўғридек туюларди. Ҳозирги ақлим бўлганида, кўп нарсани бошқачароқ қилардим, лекин ҳеч нимадан афсусланмайман". Аслида унга ҳеч нима ҳалақит қилмасди. Мариони Куэнка каби мунтазам жароҳатлар қийнамасди. Тунги клубларга бориб қандайдир кўнгилсизликка дуч келиб, "профессинал футболчи эмас" деган “мақтов” эшитмаган. Камдан-кам кимдир билан айтишган.

Ҳа, “Барса”дан ташқарида муаммоларга дуч келди: ўша пайтлар ҳатто Испанияда ҳам кучсизроқ клублар тўпга кўпроқ эгалик қилиш ва ақлли футбол ўйнашга ҳаракат қилмас ҳамда жисмоний куч ва чидамлиликни талаб қиларди. Каталония клуби мактаби чиндан ўхшаши йўқ эди, лекин Марио каби иқтидор соҳибларини бу қадар осон йўқотмасди. Де Ла Пенья ўз йўлини топиб кетди. Ваҳоланки, у Росасдан кучлироқ, тезкорроқ ёки иқтидорлироқ ҳам эмасди. (ўйинчиларга баҳони биз эмас Хави берган).

Мариога шунчаки характер етишмади. У бир неча бор омадсиз трансферларга дуч келди, жахл устида АҚШга кетиб қолди ва барибир асосийси: Ла Лигада ўйнаб кетиш учун ўзгариши кераклигини тушуниб етмади. Марио Росас фаолиятини 2014 йил якунлади. У 16 йил ичида 13та клуб сафида ўйнаб кўрди. "Барса" сафидаги бир тайм ичида иқтидори ва имкониятлари билан Хавини ҳайратга солган футболчи фаолиятининг энг юқори чўққиси ҳисобланади. 2015 йил у болалар жамоаси мураббийи бўлиб иш бошлади ва бугунги кунда "Новельда"ни бошқармоқда.

Иқтидор Росасни катта саҳнага олиб чиқди, лекин барчасига эришиш учун улкан иқтидорнинг ўзи камлик қилди.


Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +13   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика