Latest news

08:30Расман: «Қизилқум»ни яна 4 нафар футболчи тарк этди  0 08:06Суперлигада ўйнашга даъвогар «Хоразм»га «Локомотив» футболчиси ўтишга яқин  0 07:42А Серия. «Интер»да ғалаба, «Фиорентина» мағлуб бўлди  0 01:47МЮ босслари Рэшфордни таркибдан чиқариб юборган Аморимга босим ўтказишадми?  7 00:57"Арсенал"дагилар ҳавотирда  1 00:18"Интер" - "Комо". Таркиблар билан танишинг  0 00:01Зидан фақат иккита жамоани бошқариши мумкин  6 23:31ОКМК Дубайда Россиянинг икки клуби билан ўйнайди  0 22:43Роналду: "Қайси биринг Мессини мендан кучлироқ дединг?"  13 22:23Тозалик инспекторлари МЮ стадиони баҳосини 4дан 2га туширди. Нега?  4 21:18Расман: "Навбаҳор" африкалик футболчини ўз сафига қўшиб олди  14 21:00Ҳисобда акс этмаган — осон ғалаба! "Реал" - "Севилья" учрашуви таҳлили  5 20:41Умтитининг фаолияти хавф остида  5 20:19"Тоттенхэм" ҳужум чизиғини "Вулверхэмптон" вакили билан кучайтирмоқчи  0 19:56Раҳмоналиевнинг агенти футболчининг "Рубин"дан кетиши ҳақидаги хабарларга изоҳ берди  2

Вадим Абрамов: "Ўзимни УЕФА тасарруфидаги чемпионатда синаб кўриш қизиқарли туюлди" News

Вадим Абрамов: "Ўзимни УЕФА тасарруфидаги чемпионатда синаб кўриш қизиқарли туюлди"

Ўзбекистон миллий терма жамоасининг собиқ устози Вадим Абрамовнинг «Астана» клуби бош мураббийи этиб тайинланди. Жума куни у Қозоғистон жамоаси билан расман шартнома имзолади.
Бу клуб жорий мавсумда мамлакат вице-чемпиони бўлганди. Абрамов мураббийликдаги фаолиятини Фарғонанинг «Нефтчи» жамоасида ёрдамчи мураббий сифатида бошлаган. Шундан сўнг Тошкентнинг «НБУ-Осиё», «Трактор», «Локомотив» клубларида бош мураббий лавозимида ишлаган. Шунингдек, Ўзбекистон миллий ва олимпия терма жамоаларини ҳам бошқарган. Эътиборлиси, Абрамов бош мураббийлигидаги «Астана» клуби Европа Лигаси саралаш босқичида иштирок этади. Клуб бу йил ҳам ушбу босқичда қатнашиб, Болгариянинг «Ботев» клубига имкониятни бой берганди. «Астана» сафида ўтган мавсум легионерлардан сербиялик Ненад Эрич, ганалик Патрик Твумаси, Фокси Кетевоама, молдовалик Игорь Тигирлаш, македониялик Филипп Ивановски, черногориялик Дамир Кожашевич ҳамда Блажко Игумановичлар ўйнашди. Табиийки, мураббий алмашгач, таркибда ҳам сезиларли ўзгаришлар рўй беради. Биз айнан шу ўзгаришлар ҳақида маълумотга эга бўлиш мақсадида Вадим Абрамовдан эксклюзив интервью олдик.

- Вадим Карленович, бундан бир ойлар аввал матбуотда Қозоғистон клубларидан бири ва хатто терма жамоасини бошқаришингиз ҳақида хабарлар пайдо бўлганди. Ўша пайтда бундан ўзингизнинг ҳам хабарингиз бормиди? Умуман, Қозоғистонда ишлаш варианти қачон пайдо бўлганди?
- Очиғини айтсам, мен матбуотдаги турли гап-сўзларни муҳокама қилмайман. «Астана»да иш бошлашим шу ҳафтада ҳал бўлди. Ҳафта бошида менга клубдан қўнғироқ қилишганди. Мана кеча (суҳбат 30 ноябрь куни уюштирилган, - муал) «Астана» раҳбарлари билан учрашиб, гаплашиб олганимиздан сўнг шартномага имзо чекдим. Унгача ҳали ҳеч нарса ҳал бўлмаганди.

- «Астана» клубини танлашингизда айнан қайси омил муҳим рол ўйнади?

- Жамоанинг Еврокубокларда иштирок этиши мени кўпроқ қизиқтирди. Клуб раҳбарияти катта мақсадларни қўймоқда ва шунга етарлича шароит яратиб бериш мақсадида кенг кўламли ишларни олиб боряпти. Ўзимни УЕФА тасарруфидаги чемпионатда синаб кўриш қизиқарли туюлди.

- Деярли бир йил давомида ишсиз юрдингиз. Бу узлуксиз равишда ишлаб келаётган мураббий учун катта муддат ҳисобланади.
- Худди бир аср ишламаётгандек таассурот қолдирди. Бошқа томондан, яхшигина ҳордиқ чиқариб олдим. Ўз соғлиғим ва асабларимни тиклашга ҳаракат қилдим. Шифокор буюрган муолажаларни олдим. Кўпчилик бу ҳақда билмайди. Мураббийлик фаолиятимда юзага келган танаффус менинг фойдамга хизмат қилди, дейиш мумкин. Чунки биринчи галда соғлиқ туради. Мана энди бир йилга яқин вақт мобайнида тўплаган кучимни янги марраларни забт этиш сарфлайман.

- Клуб билан танишишга улгурдингизми? Дастлабки таассуротлар қандай?
- Жамоа ўтган мавсум Қозоғистон чемпионатида кумуш медалларни қўлга киритгани ва Европа Лигаси саралаш босқичида қатнашганидан хабарим бор, холос. Астанага борганимда, клуб раҳбарлари билан гаплашиб олдик. Режага кўра, 9 декабрь куни клуб қароргоҳида тўпланамиз. Эртасидан илк ўқув-машғулот йиғини бошланади. Шу йиғин давомида футболчилар билан яқиндан танишиш имконияти бўлади.

- Энди «Астана» раҳбарлари билан бевосита ишлайсиз. Ўзаро суҳбат чоғида нималарни ваъда беришди?
- «Астана» ўз олдига олий мақсадларни қўйган клуб. Табиийки, унинг раҳбарлари ҳам жиддий ниятли инсонлар. Ҳеч қандай муаммо кўрмаяпман. Мақсад аниқ бўлган жамоада ишлаш ёқимли бўлади. Шу билан бирга катта масъулият ҳамдир. Чунки хориж клубида илк маротаба ишлашга тўғри келмоқда.

- Қозоғистон вице-чемпионлари билан қанча муддатга шартнома имзоладингиз?
- Мураббийлар билан шартнома аниқ бир муддатга имзоланмайди. Мураббий клуб кўрсатаётган натижага қараб ҳам бир неча йил ишлаши мумкин ёки аксинча 5-6та турдан сўнг истеъфога чиқарилиши ҳам ҳеч гап эмас. Энди яхши ниятлар билан иш бошлаяпмиз. Муҳими, «Астана» раҳбарлари билан қарашларимиз бир-бирига мос келяпти. Ҳеч бир инсон ўзига ёмонликни истамайди. Шундай экан, жамоа мухлисларини хушнуд этадиган ўйин намойиш этишга ҳаракат қиламиз.

- Ҳар қандай ҳолатда ҳам аниқ шартнома муддати бор ва сиз унга имзо чеккансиз. Тўғрими?
- Тўғри. Лекин бу мен учун унчалик ҳам муҳим эмас. Мен Қозоғистонга астойдил ишлаш учун боряпман.

- Якунланган мавсумда «Астана» таркибида Македония, Сербия, Гана, Молдова каби мамлакатлардан ташриф буюрган легионерлар ўйнашди. Улар сиз қураётган жамоа режаларига мос келадими?
- Ҳозир бу борада аниқ бир нарса дея олмайман. Чунки уларнинг ўйинини ўз кўзим билан кўришим керак. Дискка ёзилган ўйинлар орқали тўлиқ тасаввурга эга бўлиш қийин. 9 декабрдан бошланадиган йиғинда биринчи галда легионерларга эътибор қаратаман. Билишимча, Қозоғистон чемпионати регламетига кўра, етти нафар хорижлик футболчини рўйхатдан ўтказиш мумкин. Шулардан беш нафари асосий таркибда майдонга тушишига рухсат берилар экан. Белгиланган лимитдан фойдаланишга ҳаракат қиламиз. Лекин буни мажбуран амалга оширмаймиз. Ўтган йилги легионерларга келсак, улардан талабимизга жавоб берадигани, яъни ўйин услуби, инсоний жиҳатларининг маъқулини жамоада олиб қоламиз. Футболчиларнинг ҳаёти ҳам мураббийларникига ўхшаган бўлади. Футбол қонунияти шундай. Бундан на мураббий ва на футболчи ҳафа бўлмаслиги керак.

- «Астана» бош мураббийи этиб тайинлашингиз билан бу жамоада ўзбекистонлик футболчиларнинг пайдо бўлиши мумкинлиги ҳақидаги хабарлар урчиди...
- Шундай гаплар қулоғимга чалингандек бўлди. Ўзинг билмаган легионер билан таққослаганда ўзимизникиларни таклиф қилиш ғояси яхши. Аммо бунинг учун бизнинг футболчилар бошқа легионерлардан устун бўлиши керак. Сунъий равишда, ўз ваколатимдан фойдаланган ҳолда бундай ишга қўл урмайман. Агар чиндан ҳам футболчиларимиз мавжуд легионерлардан ҳар томонлама устун бўлса, клуб раҳбарлари ва мухлисларига бирор нарсани исботлашим шарт бўлмайди.

- Мураббийлар штабида кимларни кўришни истардингиз?
- Кўпи билан икки нафар ёрдамчи мураббийни таклиф этмоқчиман. Агар бу саволга жавоб беришим шарт бўлса, майли айтаман. Ўзим билан бирга «Трактор» ва «Локомотив» клубларида ишлаган Марат Мифтахутдинов янги иш жойимда ҳам ёрдам беради. У сўнгги мавсумни «Машъал»да ўтказди. Унинг имкониятларини жуда яхши биламан. Иккинчи ёрдамчи мураббий масаласига яқин кунларда ойдинлик киритилади.

- Қозоғистон клублари жисмоний тайёргарликка катта урғу қаратишади. Ўйинлар ҳам кўпроқ курашлар остида кечади. Шуни инобатга олган ҳолда жисмоний тайёргарлик бўйича таклиф этиладиган мураббийга алоҳида эътибор берасизми?
- Ҳеч нарса эътибордан четда қолмайди. Лекин мен ҳозир бу ҳақда кўп гапиришни истамайман. Ҳали иш бошланмади. Ҳеч бўлмаса, бир ой янги иш жойимда ишлаб кўрай. Янги муҳитга мослашиб олай, кейин бафуржа гаплашаверамиз.

- Қачон Астана шаҳрига жўнаб кетасиз?
- 7 декабрь куни Қозоғистон пойтахтига учиб кетамиз. Юқорида айтганимдек, 9 декабрдан бир ҳафталик йиғин бошланади. Режага кўра, 15 декабрь куни Туркияга икки ҳафталик ўқув-машғулот йиғинини ўтказиш учун йўл оламиз. Март ойигача ўтказадиган йиғинларимизнинг барчаси Туркия ва БААда ташкиллаштирилади. Йиғинлар доирасида Европанинг бир нечта клублари билан ўртоқлик ўйинлари ўтказилади ва албатта, таркибга янги футболчилар кўрикдан ўтиш учун чақирилади.

- Терма жамоа мавзусида савол бермоқчи эдим...
- Кечирасиз. Бу мавзуда гаплашадиган ва саволларга жавоб берадиган махсус инсонлар бор. Терма жамоа ҳақида қанча саволингиз бўлса, бош мураббий жавоб беради. Мен «Астана» бош мураббийиман ва клубга доир саволларга имкон қадар жавоб беряпман. Лекин жавобларимдан ўзим ҳам қониқмаяпман. Чунки ҳали клубда иш бошланмади. Бир-икки ойдан сўнг суҳбатлашсак, жавоблар ҳам умуман бошқача бўлади.

Камолиддин Алимов суҳбатлашди.
Rating:    

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика