У "Ливерпуль" ёки "Манчестер Юнайтед"га кўпроқ мос тушарди. Тимо Вернердан нотўғри фойдаланишяптими?
21 jan 2021 18:30
News
У "Ливерпуль" ёки "Манчестер Юнайтед"га кўпроқ мос тушарди. Тимо Вернердан нотўғри фойдаланишяптими?
Тимо Вернернинг жисмоний ҳолати охирги вақтларда бот-бот тилга олинмоқда. Бугун германиялик форвард нега Фрэнк Лэмпард қўл остида очилиб кета олмаётгани борасида суҳбатлашамиз.
"Челси" "Лестер"га мағлуб бўлгач, Лэмпард боши узра "булутлар тўпланиб қолди" ва турли миш-мишлар ҳар бурчакдан янграй бошлади. "Ширин сўзлар"нинг бир қисми Тимо Вернер манзилига йўлланди. Ўтган мавсумнинг шу қисмида у "Лейпциг" сафида Бундеслигада 20та гол уриб улгурганди.
Айнан шу каби самарадорлиги учун ҳам "Челси" унга эътибор қаратганди. Орадан бир йил ўтиб, АПЛда у фақатгина 4та гол урди. Футболчини ҳимоя қилишни истаганлар учун "баҳона" ҳам йўқ эмас: бу 24 ёшли ҳужумчи учун бегона мамлакатдаги биринчи мавсум, янги лига нисбатан тажовузкорроқ ва унда ўйлаш учун кўп вақт қолдиришмайди. Аммо Лэмпард 57,6 миллион фунт стерлингга харид қилинаётган футболчидан ҳозиргидан кўпроқ нарса кутгани аниқ. Клубдаги кўпчилик гол урувчи машина сотиб олиняпти деб тахмин қилганди. Аммо амалда кўпинча бўладиган иш бўлди, яъни нимадир режадагидек кетмади ва барчаси мураккаб бўлиб чиқди.
"Кўклар" мухлислари Вернерни муваффақиятли ўйинларини ҳам унутмасликлари лозим. АПЛ 5-тур доирасида "Саутгемптон" билан ўйинда Тимо дубль ва голли узатма берганди. Кимлардир ўша учрашувдан кейин "Мана ҳаммамиз кутган Вернер қайтди" деганди. Ундан кейинги учта ўйинда футболчи яна иккита гол урди. Аммо... Вернер 11 ўйин аввалги "Шеффилд Юнайтед" устидан қозонилган ғалабадан кейин ҳозирча гол уролмади. Ва бу ҳолат фақат Фрэнкни ўйлантирмаётгани аниқ.
Хўш, муаммо нимада? Ким нима деса десин-у, лекин айнан шу йигит "Лейпциг" сафида 159 ўйинда 95та гол урган-ку! Англияда ҳам у ёмон бошламаганди, аммо кейин нимадир бўлди. Натижада савол туғилади, балки мураббийлар штаби Вернердан ўшандагидек самарали фойдалана олмаётгандир? Шунчаки футболчи оптимал спорт формасида эмас дейиш ҳам ярамайди, сабаби шунча пайтдан буён юқори даражада ўйнаган футболчи бирдан бунча муддатга спорт формасини йўқотиши мушкул вазифа. Англиядаги ҳаётга кўникиш? Наҳотки у Германиядагидан шунчалик фарқ қилса? Балки "Челси" Вернердан фойдаланишни билмаётгандир? Мисол учун, "Саутгемптон" устози Ральф Хазенхюттль, мураббий ва Вернер "Лейпциг"да икки йил давомида бирга ишлаган, айнан охирги вариантда тўхтаяпти.
"Мен Тимони биламан, — дейди Хазенхюттль. – Мен Вернер у қадар яхши ҳолатда бўлмаган вақтларда ҳам кўрганман. Бунга эса ўйин тизими унга мос келмаслиги сабаб бўларди. Жамоа кўрсатаётган ўйинда у ўзини кўрсата олмасди. Бу футболчи шундай типга кирадики, жамоа ўйинини унга мослаштириш зарур. Агар сиз буни бажарсангиз, у сизга ҳужумчидан кутиладиган барчасини бера олади".
"Лейпциг"да асосий қурол ким деган саволнинг жавоби аниқ эди. Турли схемалар қўлланиларди. Баъзан Вернер ҳужумнинг чап қанотида пайдо бўларди. Баъзан орқароқда, баъзида эса олдинги чизиқда, лекин ёнида шерик билан, одатда меҳнаткаш Юссеф Поульсен билан ҳаракат қиларди. Бироқ бу схемаларнинг барчасида Вернер рақибга имкон қадар каттароқ зарар етказиши учун имкон яратиш мақсад қилинарди.
Ўтган мавсумдаги ЕЧЛ 1/8 финалида "Тоттенхэм" ва "Лейпциг" тўқнашувини ёдга олсак. Биринчи учрашувда немислар 1:0 ҳисобида, айнан Вернернинг пенальтидан киритган голи эвазига зафар қучишганди. Ўша ўйиндан кейин Юлиан Нагельсманн Тимони чап қанотга кўчирди ва "шпорлар" ҳимоясининг керакли нуқтасига босимни оширди — бу нуқтада Моуриньо на Орьега, на Тангангега тўлиқ ишона олмасди. Қарши ҳужумларда Вернер ижросида ўша зонадан мунтазам босим лондонликларнинг асабига тегарди, лекин параллель равишда улар ҳужум қилиш ва гол уришлари ҳам зарур эди. Натижада улар омадсизликка учрашди - 0:3. Вернер шу кеча гол урмади, аммо умумий ғалабада ҳал қилувчи ролни ўйнади. Нагельсманн асосий фигурасини қандай ишлатишни яхши биларди, шу сабабли гол урмаса-да, ҳужум марказида бўлмаса-да, айнан у катта фойда келтирди.
"Челси"да ҳозирча бундай аниқ фикр йўқ. Лэмпард ҳали ҳам жамоаси учун оптимал таркибни танлай олмагандек. У тадқиқотларни давом эттирмоқда. Вернерни марказдан чап қанотга ўтказишди, ҳаттоки ўнг қанотга ҳам кўчириб кўришди. Лекин Нагельсманн ёки Хазенхюттлда бўлгани каби аниқ фикр, режа билан эмас, шунчаки ниманидир ўзгартириб кўриш учун қилингандек. Қайд этиш лозим Жиру ва Абрахамнинг ҳолати ҳам шунга ўхшаш. Француз марказий ҳужумчи ролида Премьер-Лиганинг беш ўйинида ҳаракат қилди, Тэмми – саккиз марта. Лэмпард нимани истаётгани ва жамоа қандай ҳаракат қилишини хоҳлашини ўзи тушуниб, шогирдларига тушунтирмаса, ҳужум чизиғи вакиллари имкониятларидан тўлиқ фойдаланиши мушкул. Айниқса гап нафақат жамоага, балки чемпионатга ҳам эндигина келган футболчи ҳақида кетаётган бўлса... "Челси"да ҳозирги дақиқага келиб Вернердан бир бош устун ҳужумчи бўлмаса-да, Лэмпард ҳужум тизимини Тимо атрофида қуришни истамаяпти.
"Кўклар" тўпга эгалик қилиш бўйича АПЛда тўртинчи кўрсаткични қайд этмоқда. Вернер "Лейпциг"далик даврида жамоа Бундеслигада айнан шу каби натижа қайд этарди. Бу ерда барчаси мос тушмоқда. Лекин Лэмпард жамоаси тўпга майдоннинг учинчи қисмида эгалик қилиш бўйича лигада 14-ўрин ва рақиб майдонида прессинг бўйича бор йўғи еттинчи. Иш ҳужум чизиғида тезкор комбинация ва тўп йўқотилгач, у учун дарҳол курашга киришишга етганда – "Челси" ортга қайтади. Вернер эса ўша прессингга ва тезроқ ўйнашга ўрганган. АПЛ статистикаси бўйича германиялик футболчига МЮ, "Ливерпуль" ёки "Саутгемптон" кўпроқ мос келарди. Ушбу жамоалар олдинги чизиқдаги ўйини бўйича "Лейпциг"га кўпроқ ўхшайди.
Шу ўринда яна бир муҳим омилни қайд этиш лозим. Вернер ҳозирча ҳаммасиданам кўпроқ ўзи билан ўзи курашаётгандек... Тимо фойдаланилмаган "қулай имкониятлар" бўйича чемпионатда фақат Бэмфорд, Вуд ва Уоткинсга имкониятни бой беряпти. АПЛда Вернер тўққизта яққол имкониятни кўкка совурган деб қайд этилган. Германияда ҳам Вернер ўта совуққонлиги билан ажралиб турмасди, лекин у ерда имкониятларнинг умумий сони ўз-ўзидан кўпроқ эди. Тезлиги, ҳаракатлари ва темп эвазига Вернер қолганини ёпиб кетарди.
Вазиятлар доим унинг ҳамроҳи бўлган. Биттасидан фойдаланмаса – бошқаси келарди. Агар Лэмпард режаларини кўриб чиқса ва уларда Вернер учун алоҳида роль топилса, Тимо ўз кучига кўпроқ ишона бошлайди ва вазиятлар ҳам пайдо бўлади.
Нозима Зарипова таржимаси
Comments