Пул топишни "Пахтакор"дан ўрганиш керак
01 aug 13:05
News


Пул топишни "Пахтакор"дан ўрганиш керак
Кимдир янги футболчи жалб қилди, яна кимдир футболчи сотувидан даромад қилди ёки ижарага бошқа клубларга бериб юборди. Табиийки бунда икки томонда манфаатлар тўқнашуви ётади. Қайсидир томон фойда кўриши керак бўлади. "Пахтакор" ёзги трансфер ойнасида Суперлиганинг қолган жамоаларидан фарқли пул томонлама фойда кўра олди. Эндиликда жамоа чемпионлик курашига қайтишни мақсад қилган. Бунга эса сабаблар етарлича.
"Пахтакор" мураббийга ниҳоят ёлчиди
Педру Морейра бошқарувидаги муваффақиятсиз сериядан сўнг, Камолиддин Тожиевга ишонч билдирилди. У аввал ҳам ўтган мавсумда жамоани қисқа вақт бошқарган, мавсумни Шацких якунлаб қўйганди. Аммо бу гал вазият бошқача тус олди. Тожиев раҳбарлигида жамоа кетма-кет 7 ўйинда мағлуб бўлмади ва 17 очко жамғарди. Ўзбекистон Кубогидаги 2 та ўйинни ҳам қўшсак умумий 9 та беллашув.
Айниқса, Қаршидаги "Насаф"га қарши иродали дуранг ҳамда Тошкентда "Навбаҳор" устидан қозонилган ғалаба жамоа кайфиятини кўтарди. Қиёс учун: Морейра 8 учрашувда 9 очко тўплаган бўлса, Тожиев 7 ўйинда 18:4 тўплар нисбати билан 17 очко жамғарди. Бу унинг муваффақиятли тактик ечимлари ва жамоа ичидаги ишонч муҳити самарасидир. Футболчилар мураббийга ишонмоқда, жамоа ҳар бир ўйинда ўзининг кучли тарафларидан максимал фойдалана оляпти. Фақат муаммо Тожиевда Про лицензияси йўқлиги.
Ёзги трансферлар. "Пахтакор" пул топишни уддалаяпти
Ёзги трансфер ойнасида "Пахтакор" нафақат спорт, балки молиявий томондан ҳам ютиб чиқди. Жамоа қуйидаги футболчилар билан хайрлашди:
Муҳаммадали Ўринбоев ("Антверпен", Бельгия), Абдулла Абдуллаев ("Дибба Ал-Фужайра", БАА), Отабек Жўрақўзиев, Муҳаммадали Усмонов, Саидумархон Саиднуруллаев (учовлон ҳам "Андижон"га), Улуғбек Ҳошимов ("Динамо"), Жонатан Лукка.
Уларнинг ўрни муносиб тарзда қопланди. Клуб ўзининг собиқ тўп тепарлари Хожимат Эркинов ва Азизбек Турғунбоевни қайтарди, мудофаага ироқлик Заид Таҳсин, ярим ҳимояга Беҳруз Асқаров келтирилди. Ҳужум чизиғига эса Бобир Абдихолиқов қўшилди. У Игорь Сергеевга муносиб рақобат туғдиради.
Қизиғи шундаки, "Пахтакор" бир неча трансферлардан катта фойда кўрди. Биргина Улуғбек Ҳошимов 2021 йилда "Нефтчи"га 200 млн сўмга берилган, 2024 йил ортга қайтди ва бир мавсумдан сўнг "Динамо"га 27 минг долларга сотилди. Муҳаммадали Ўринбоевнинг "Антверпен"га трансфери орқали 300 минг евро ишлаб олинди. Аббос Файзуллаевнинг ЦСКАдан "Истанбул Башакшеҳир"га трансфери эса 10% улуш билан 750 минг евро олиб келди. Бундан ташқари, Шаҳзод Азмиддинов ижараси учун "Андижон"дан тахминан 50, Маҳмуд Маҳамаджоновнинг "Динамо"га ўтишидан 80 миллион сўм олди. "Пахтакор"дан ниҳоятда ақлли юриш ва ҳаракат дея оламиз. Бировнинг чўнтагидаги пул билан ишимиз йўқ лекин "Пахтакор" бу борада қолганлардан кўра яхшироқ ҳаракат қиляпти. Футболчидан майдонда ҳам, майдон ташқарисида ҳам фойдаланишни уддасидан чиқмоқда.
Август — "шерлар" учун имтиҳон ойи
"Пахтакор"ни иккинчи давра бошида жуда зич ва қийин тақвим кутиб турибди. Жамоа:
1 август — "Машъал" (сафарда)
5 август — ОКМК (уйда)
11 август — "Динамо" (сафарда)
15 август — "Сўғдиёна" (уйда)
22 август — "Андижон" (сафарда)
Бундан ташқари, "Нефтчи" билан тўқнашув ҳам жуда муҳим. Мана шу 5–6 учрашув жамоанинг мавсумдаги энг ҳал қилувчи палласи бўлиши мумкин. Бу синовлардан муваффақиятли ўта олса, жамоа нафақат кучли учлик, балки чемпионлик пойгаси учун ҳам жиддий даъвогарга айланиши мумкин.
"Шерлар" олтин учун пойгага қайтадими?
Айни дамда "Пахтакор" 26 очко билан 6-ўринда. 3-ўриндаги "Динамо" билан фарқ — 3 очко, "ОКМК" ва "Бунёдкор"дан — 1 очко орқада. "Насаф" эса бор-йўғи 7 очкога илгарилаб кетган. Яъни, чемпионлик пойгасидан умид ҳали йўқолмаган.
Тожиев қўл остидаги "Пахтакор" майдонда ўйини ва руҳи билан бу умидни асоссиз эмаслигини исботлаяпти. Футболчиларда ишонч, жамоада куч, мураббийда эса стратегия бор. Эндиликда барчаси амалиётда ўз исботини топиши керак — барчасини вақт кўрсатади.
Similar news

Comments