Паттачилар
20 jul 2013 10:16
News
Паттачилар
«Пахтакор»нинг пойтахтдаги ва умуман Тошкентда бўлиб ўтадиган халқаро ўйинлар, марказий учрашувларни қўйиб юбормасликка ҳаракат қилади. Агар Олий лиганинг қолган ўйинлари ҳам талабга жавоб берганида, у ҳар турдаги 1та ўйинни стадиондан кузатиб боришига шубҳам йўқ.
Шу қўшнимга икки сафардан бери чипта топиб беришни ният қилиб, уддалай олмадим. Аслида кимгадир оғирлиги тушмайди. Чиптахона қаерда-ю, қайси пайтда чипта топиб бўлишини яхши билади. Фақатгина Ливан, Қатар каби терма жамоалар Тошкентга келгач, чипта ололмади. Ҳар сафар касса олдида кута-кута қайтиб келди.
Ҳар биримизнинг футболга умуман алоқаси йўқ бўлган танишларимиз бор. Ливан қандай жамоа-ю, Қатар Тошкентга қандай мақсадда ташриф буюрганидан мутлақо бехабар улар. Лекин анча овоза бўлган янги стадиондаги қандайдир машҳур ўйинни кўриш улар учун ҳам қизиқарли. Бойроқларига деса чипта 100 минг сўм бўлмайдими!
Бу холат айрим мутасадди рахбарлар учун жуда асқотади. Чипта савдосида сунъий тирбандликни вужудга келтириш улар учун муаммо эмас. Савдо тушумининг қонуний рақамлари терма жамоалар маркази ҳисоб рақамига ўтади. Чиптанинг олиб-сотарлар қўлига ўтиши эса уни олиб-сотар қўлига берадиган ва олиб сотадиганлар учун фойдали. Ўйин арафасида чиптанинг ўз нархидан 4-5 баробар қимматлашиб кетиши тахминий рақамларни тасаввур қилиб кўриш учун етарлидир.
Футбол биринчи навбатда мухлислар учун ўйналади. Демак, аммамнинг футболга умуман қизиқмайдиган ўғлидан кўра ҳалиги қўшнимнинг футболни стадиондан туриб томоша қилишга бўлган ҳаққи озгина бўлсада кўпроқ. Зеро клубларимиз ва терма жамоанинг мағлубиятларидан ўша киши кўпроқ азият чекади, бош жамоа ғалаба қозонган пайтда эса ўзини дунёдаги энг бахтли инсонлар қаторида хис қилади. Тўғри, 100 минг сўмга чипта сотиб олишга унинг қурби етмайди. Лекин чиптанинг асл нархи 15 минг сўм бўлсачи?
Терма жамоалар маркази футболимизнинг энг кўп маблағ сарф қилувчи ташкилотидир. Бундан кўз юмиб бўлмайди. Ҳар бир ёш терма жамоаларнинг бошдан-оёқ кийими-ю, уларнинг хорижий йиғинлари ва мукофот пуллари ҳазилакам маблағни талаб қилмайди. Мираброр Зуфаровичнинг ЎФФга ташрифидан кейин нафақат миллий терма жамоа, балки турли ёшдаги термаларга ҳам эътибор тубдан ўзгарди. Энг муҳими ЎФФ президенти терма жамоалар марказининг кам-кўсти учун етарли маблағ топиш системасини йўлга қўя олди.
Ўзбекистон терма жамоасининг ЖЧ саралаш учрашувларига бўлган қизиқиш анча катта. Айниқса сўнгги босқичдаги барча учрашувда стадион мухлислар билан тўлиб тошади. Мана шундай пайтда чипта савдосидан тушадиган даромад терма жамоалар маркази учун айни муддаодир. Бироқ чипта савдосидаги муаммо ва ўзбошимчаликлар сабаб мухлислар орасида «терма жамоалар маркази чиптанинг олиб-сотарлар қўлига чиқиб кетишидан манфаатдормикан?!» қабилидаги шубҳалар пайдо бўлди. Чунки чипта савдосидаги сунъийликни деярли ҳамма билиб туради-ю, аммо ҳар янги ўйин олдидан у билан боғлиқ муаммолар яна қалқиб чиқаверади.
Бироқ ақл билан фикр юритилса, бунга ишониш қийин. Масалан чипталар ўз нархида сотилган тақдирда ва стадион мухлислар билан тўлган ўйинларда энг камида 600 миллион сўм терма жамоалар маркази ҳисоб рақамида бўлади. Шу билан биргаликда мухлислар орасида норозилик келтириб чиқаришни ҳеч қандай сабаб билан оқлаб бўлмайди ва бунга айнан нуфузли ташкилотнинг бош бўлишини тасаввур қилиш қийин.
Боз устига, Ўзбекистон ҳамда Қатар терма жамоалари ўйинидаги чипта савдоси билан терма жамоалар маркази эмас, бошқа ташкилотнинг шуғуллангани юқоридаги таҳминлар асоссиз эканидан далолат беради. Яъни, терма жамоалар маркази ҳисоб рақами учун қонуний рақамлар ўтказиб берилди-ю, қолган фойда чипта савдоси билан шуғулланганлар учун қолади. Хулоса: терма жамоалар маркази қонуий рақамлардан ортиғи учун даъвогар эмас. Сунъийлик учун ўз мансабини суистеъмол қилаётган айрим кишилар жавобгар холос.
Кулгули томони, чипта савдосидаги муаммоларга ечим сифатида, улар маҳалла комиссиялари-ю, давлат ташкилотлари, шунингдек, олий ўқув юртларига бўлиб берилди. Бу билан гўёки чипталарнинг олиб сотарлар қўлига чиқиб кетиши олди олинди. Ва албатта тарқатилган чипталар адади ошкор қилинмади. Аниқроғи, футбол мухлислар учун ўйналади деган шиор бир четда қолди.
Мухлислар касса олдида уч кун офтобда сарғайишди-ю, айрим ташкилотлар ғойибдан келиб қолган чипталар билан нима хоҳлашса шуни қилишди. Тошкент маҳаллалари учун тарқатилган чиптанинг олис қишлоқлардан ташриф буюрганлар қўлига ўз нархида етиб бормаслиги кундек равшан. Аслида ҳар бир масаланинг нейтрал ечими бор. Фақатгина буни онгли равишда тушуниш ёки айрим кимсалар ўз нафсини озгина тийиб туриши керак бўлади.
«Бунёдкор» стадиони чими билан боғлик муаммолар шу йил бартараф этилса, келаси йилдан бошлаб миллий терма жамоанинг барча ўйинлари айнан мана шу стадионда ўтказилиши катта эҳтимол. Зеро айни пайтда бундан-да яхши стадионга эга эмасмиз. Агар футболдаги катта масалаларни ҳал қиладиган инсонлар чиндан ҳам чипта савдоси масаласини тартибга солишни исташса, уни электронлаштириш лозим (бу таклиф билан бир қатор ҳамкасбларимиз чиқишган, бироқ таклифга хайрихоҳлик билдирилмаган). Олдиндан бир нарсани айтиш керакки, электронлаштириш вазиятни тартибга солиш учун керак. Яъни, интернетни тушунмайдиган киши стадионга кира олмайди деган фикрга бормаслик лозим.
Масалан, «Бунёдкор» стадиони ўз бағрига 34 минг ишқибозни сиғдира олади. Булар орасида футболга алоқадор шахслар, терма жамоалар фан-клуби, журналистлар, меҳмон жамоа мухлислари, ОФК, ФИФА каби ташкилотлар учун тегишли бўлган ўринлар ҳам борлигини ҳисобга олиб, йил бошидан таҳминан 20-25 минг ўриндиқни бутун бир мавсум учун сотишни йўлга қўйиш мумкин.
Аммамнинг ўғли 4 йилда 1 марта футболга тушади. Қўшним эса бир йилда камида 15та учрашувни мана шу стадионда томоша қилишни истайди. Агар у ўзи учун 1та ўриндиқни бутун бир мавсум учун сотиб ололса, бунда футбол мухлислари манфаати ҳисобга олинган бўлади. Ва албатта ҳақиқий футбол мухлиси йил аввалидаёқ ўзи учун 1та ўриндиқ сотиб олишдан ва шу йўл билан чипта савдосидаги қинғирликлардан қутилиб қолишдан ўзини тиймайди.
Терма жамоа ёки шу стадионда ўйнайдиган клубнинг ҳар бир ўйинига паспорт ксеракопияси билан ташриф буюриб, фақатгина уни кўрсатган ҳолда чипта ҳарид қилиш масаласи айрим рахбарлар томонидан ўйлаб топилган расмиятчиликдан бошқа нарса эмас. Яъни, электрон қўлланмага асосланмаган система ҳеч қанакасига иш бермайди. Биргина паспорт ксеракопияси билан 100та чипта ҳарид қилиш ҳам ёки 100та одамнинг паспорт ксеракопияси билан 200та чипта олиб-сотар томонидан олиниши ҳам мумкин. Электронлаштирилган система эса бундай ишни бартараф қила олади.
Тўлиқ мавсум учун 20-25 мингта ўриндиқни электрон йўл билан бир йилда бир марта расмийлаштириш клуб учун оғир иш эмас. Масалан сиз ўз паспортингизни кўпи билан 4та ўриндиқ учун расмийлаштирасиз ва шу ўриндиқларни мавсум сўнггига қадар ўз номингизга сотиб оласиз. Демак, стадионда бўлиб ўтадиган ҳар қандай ўйин чиптасини ўз нархида сотиб олиш имконини қўлга киритасиз. Чунки сиз сотиб олган ўриндиқларни бошқа биров эгаллай олмайди. У сизнинг номингизга расмийлаштирилган бўлади. Агарда сиз хорижда бўлсангиз ёки қайсидир ўйинни қандайдир сабаб билан кўришни истамасангиз чипта билан шуғулланувчи ташкилотни ўйинга 3-5 кун қолганида хабардор қиласиз ва сизнинг чиптангиз эркин савдога чиқариб юборилади. Бу борада сотувчи ва талабгор ўртасидаги шартномага айрим бандларни ҳам киритиш мумкин. Масалан сиз кетма-кет бир нечта учрашувга ташриф буюрмасангиз сизга тегишли ўриндиқлар эркин савдога қўйилиши ёки бу ўриндиқлар учун ҳуқуқингиздан маҳрум бўлишингиз мумкин.
Терма жамоалар маркази бу билан чипта муаммларидан қутулади ва ўзига ёғилаётган қатор айбловлардан четда қолади. Яъни, чипталар билан шуғулланувчи ташкилот белгиланган суммани терма жамоалар маркази ҳисоб рақамига ўтказиб беради. Ўз навбатида мухлислар ўзлари учун кафолатланган ўриндиққа эга бўлишади. Мазкур ўриндиқларни ҳам жойлашган жойи ва футбол кўриш учун қулайлигига қараб нархлаш мумкин. 4 ёки 5тадан ортиқ ўриндиқни сотиб ололмаслик чипталарнинг олиб сотарлар қўлига ўтиб кетишидан асрайди. Шунингдек, олиб сотарларнинг ўзи ҳам йилда кўпи билан 3-5 марта бўладиган марказий ўйинлар учун таваккал қилиб, мавсум бошидан бир нечта ўриндиқни сотиб олишмайди.
Бу борада яна бир қатор таклифларни ўрганиб чиқиш мумкин. Юқоридаги таклиф ҳам камчиликлардан холи эмас албатта. У тартибга солиш ва маълум ўзгартиришлар киритишга мухтож. Муҳими, футбол мухлисларининг ҳуқуқи айрим кишилар томонидан паймол қилинмаслиги. Мен шунчаки ҳалиги қўшнимнинг футболни стадионда кўришини хоҳлайман холос.
P.S. “Истиқлол” санъат саройида бўлиб ўтадиган бир қатор концертлар ташкилотчиси Арслон Камоловни кўпчилик яхши танийди. Мазкур инсонни 4 минг кишига мўлжалланган концертлар учун чипта масаласини тўлиқ тартибга сололгани учун жуда хурмат қиламан. У ўтказадиган концертлар учун чиқарилган чипталар олиб-сотарлар қўлига ўтмайди. Сабаби Арслон Камолов чипталарни интернет орқали сотади.
Масалан сиз нафақат Ўзбекистон, балки хориждан туриб ҳам интернет саҳифасида кўрсатиб қўйилган ўриндиқни ўзингиз учун банд қилиш имконига эгасиз. Ўзбекистон шароитида интернет тўловлар тўла тараққий этмагани учун сиз фақатгина брон қилиш билан чекланасиз ва концертга маълум муддат қолгунига қадар уни сарой кассаларидан сотиб олиб кетасиз. Сарой кассасидагилар ҳам чиптани айнан сизнинг паспортингизга расмийлаштириб беришади ва сиз концертга паспорт ҳамда чипта текширувидан кейин киритиласиз. Яъни, брон қилган чиптангизни бошқа кишига сота олмаймиз. Агар ўзингиз билан 9та кишини концертга олиб киришни истасангиз, ўнинчи инсон айнан Сиз бўлишингиз лозим. Чунки қолган 9та чипта айнан сизнинг номингизга расмийлаштирилган.
Диёр ИМОМХЎЖАЕВ
Comments