Latest news

23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  0 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  2 22:17Янги футзал федерацияси раҳбари қандай ваъдалар берди?  0 21:46ПСЖ АПЛдан ҳужумчи олиши мумкин  0 21:15"Арсенал" Гёкереш борасида бир қарорга келди  4 20:41"Тоттенхэм" Сон Хён Мин билан хайрлашиши мумкин  2 20:17"Бавария" "Боруссия Д" вингерига даъвогар  0 19:581 йилдан бери гол урмаётган Грилиш "Сити"дан кетиши мумкин  2 19:52Санжар Турсунов — "Локо"нинг тушиб кетиши, Бердиевни табриклагани, клубдаги мантиқсиз ишлар ва келажаги ҳақида   5 19:35МЮ Брунунинг ходимлар харажатларини тўлаш таклифини рад этгани маълум бўлди  2 19:20Расман: Ўзбекистон футзал федерацияси ташкил этилди. Унинг раҳбари ҳам маълум  7 19:10Баҳодир Сейткамолов: "Мени Сейткамолов қилган "Навбаҳор" бўлади, Россияда юрдим лекин футболни соғиндим"  11 18:46БМБ футзал клуби раҳбариятида ўзгариш рўй берди  1 18:25"Ливерпуль" Венгрия терма жамоаси ҳимоячиси билан шартнома имзоламоқчи. Унга МЮ ва "Челси" ҳам даъвогар  0

Ўзбек тилини ўрганаётган Никола Валентич ёхуд сербиялик футболчи билан эксклюзив суҳбат News

Ўзбек тилини ўрганаётган Никола Валентич ёхуд сербиялик футболчи билан эксклюзив суҳбат

“Қўқон-1912” жамоасига иккинчи даврада икки нафар легионер келди. Булар сербиялик – Никола Валентич ва Дарко Гожкович. Ушбу ўйинчиларнинг ўйинлари мухлисларга манзур бўлмоқда.

Айниқса, Валентич бошқаларга ўрнак бўлаётганини эътироф этиш керак. Никола билан бир қатор қизиқарли мавзуларда суҳбатлашишни ният қилгандик. Бу борада бизга клуб матбуот хизмати яқиндан ёрдам кўрсатди.

– Никола, айни пайтда сиз 33 ёшдасиз. Бу ёшда легионер бўлиб ўйнаш сизга қийинчилик туғдирмайдими? Балки бу таваккалчиликдир!


– Йўқ, бу менга умуман қийинчилик туғдирмайди. 33 – бу фақат рақамларда акс этган холос. Ўйинга бор куч билан тайёргарлик кўриб ҳаракат қилса, бундай ёшда ҳам бемалол кучли ва сифатли ўйнаш мумкин. Шундай экан, 33 ёш бу мен учун рақамдан иборат холос.

– Бош мураббий Нўъмон Ҳасанов билан сиз ҳақингизда гаплашганимизда, ўзбекча сўзларни ўзлаштириб олганингиз ҳақида айтди. Айтингчи, айнан қайси ўзбек сўзларини ўрганиб олдингиз?



– Дарҳақиқат, Ўзбекистонга келганимдан сўнг ўзбекча баъзи-бир сўзларни ўрганиб олдим. Вода – сув, хлеб – нон, права – ўнг, левий – чап, бистрое – тез-тез, поехали – кетдик, друг – ошна, шунингдек, “Ассалому алайкум”, “ака-ука” каби бир қанча сўзларни ўзлаштириб олдим. Жамоадошларим билан ўзбек тилида гаплашишга ҳаракат қиляпман.

– Сизга бизнинг миллий таомларимиз маъқул келдими?


– Менга ҳаммасидан ҳам кўра ош жуда ёқди. Бу таом Ўзбекистонда биринчи рақамли эканлигини билдим. Олдинлари шашликни ёқтирардим, энди эса ошни.

– Айтингчи, “Қўқон-1912”га келишингиз сабаби нима билан боғлиқ?


– Сабаби битта: “Пахтакор”да ишлаган мураббий – Драган Дукич билан яқин муносабатда эдим. Айнан унинг тавсиясига биноан бу ерга келдим. У мендан “Қўқон-1912”га келиб ёрдам беришимни сўради ва мен таклифга рози бўлдим.

– Сиз фаолиятингиз давомида Сербия, Россия, Озарбайжон каби чемпионатларда тўп сургансиз. Хўш, айнан қайси чемпионатдаги фаолиятингиз ўзингизга маъқул келган?


– Ҳар бир чемпионатнинг ўзига хос жиҳатлари бор ва мен ушбу чемпионатларда тўп сурганимдан афсусланмайман. Россияда ўйнаш анча мушкулроқ. У ерда футболчидан катта куч талаб қилинади. Озарбайжон чемпионати ҳам ўзига яраша кучли. Аммо барибир россиячалик эмас деб ўйлайман. Ўзбекистонда ҳам футбол ривожланаётганлигига, чемпионатнинг савияси ортиб бораётганига гувоҳ бўляпман. Шундай хулосага келяпманки, бугунги кунда барча жойда футбол ўйнашни ўрганиб бўлишган. Яъни, ушбу яқин мамлакатлардаги футболнинг бир-биридан катта фарқи йўқ деб ҳисоблайман.

– Олий лигамизда тўп суриш сизга ёқяптими?


– Ҳа, ёқимли деган бўлардим. Умумий олиб қараганда, сизнинг чемпионатингизда тўп суриш менга манзур тушди. Бу ерда ўзига яраша кучли жамоалар бор ва шунинг эвазига чемпионат савиясини ёмон дейишга ҳаққим йўқ.

– Никола, мамлакатимизга мослашиб бўлдингизми?

– Футбол – алоҳида минталитет талаб қиладиган спорт тури ҳисобланмайди. Яъни, мураббий бизга кўрсатма беради. Майдонда эса унинг топшириқларини бажарамиз. Майдондан ташқарида эса оддий инсон каби яшаймиз. Билмадим, балки бу саволингизга тўлиқ жавоб бера олмаётгандирман. Аммо мен Ўзбекистонга фақат футбол ўйнаш учун келганман. Бундан бошқа мақсадим йўқ. Бир сўз билан айтганда, бу ерга мослашишда менга қийинчилик туғилмади. База ва машғулот, кейин эса ўйин! Биз мана шундай ҳаёт тарзига кўникканмиз. Шунинг учун ортиқча қийинчиликни ҳис қилганим йўқ. Бу ернинг инсонлари анча меҳрибон ва очиқкўнгил экан. Ўз навбатида маҳаллий мураббий ҳам менда жуда илиқ таассурот қолдирмоқда. Унинг футболга қарашларини фақат ижобий баҳолаш мумкин. Қисқаси, бу ерда менга ҳеч нима ҳалақит қилаётгани йўқ.

– Қўқонга келганингиздан кейин сизни бу ерда авваламбор нима ажаблантирди?


– Тўғрисини айтсам, мен дунёнинг кўплаб мамлакатларида бўлганман. Ўзингиз юқорида айтиб ўтганингиздек, бир қанча мамлакатларда тўп сурдим. Албатта, Қўқон ҳам ўзига яраша жозибали, чиройли шаҳар экан. Аммо мени бу ерда ҳеч нима ажаблантирмади. Мен пойтахт Белград шаҳрида яшайман. Бу ерда эса пойтахт Тошкентлигини биламан. Умуман, Ўзбекистонда Қўқондан ташқари Самарқанд, Бухоро сингари шарқона услубдаги ажойиб ва қадимий шаҳарлар бор. Барчаси менга ёқади. Хуллас, Қўқонда ҳам футбол ўйнаш ва дам олиш учун шароитлар яратилган. Нолишга ҳожат йўқ.

– Мен олдинги интервьюларингиздан бирини ўқигандим. Ўшанда оилангиз ҳамма нарсадан муқаддас эканлигини ва доим уйга келсангиз ўзингизни бахтли ҳис қилишингизни таъкидлагансиз. Шундай экан, Қўқонда ҳам оилангиз билан биргамисиз?


– Тўғри, оилам мен учун ҳамма нарсадан муҳим. Лекин айни дамда оилам Ватанимда яшамоқда. Мен эса бу ерда бир ўзимман.

– Қачондир оиланигизни ҳам олиб келасизми?


– Бунисини вақт кўрсатади, олдиндан бирор нарса дея олмайман. Кўп нарса бу ердаги фаолиятим қандай кечишига боғлиқ. Чемпионат тугаганидан сўнг уйга бораман ва ўшанда яна бир бор оилам билан маслаҳатлашаман. Агар имкони бўлса уларни ҳам бу ерга олиб келаман.

– “Црвена Звезда” жамоасида тўп суриш бу сизнинг орзуингизми?


– Ўзбекистонда “Бунёдкор” ва “Пахтакор” каби кучли жамоаларда тўп суришни барча футболчи истаганидек, Сербияда ҳам “Партизан” ва “Црвена Звезда” жамоалари шарафини ҳимоя қилишни барча ўйинчилар хоҳлашади. Албатта, мен ҳам ушбу клубда тўп суришни жуда хоҳлагандим. Лекин менда хорижда тўп суриш имконияти эртароқ пайдо бўлган. Мана, 9 йилдан ошдики, мен легионер сифатида турли мамлакатларда ўйнаб келяпман. Ўз пайтида менда “Партизан” клубида тўп суриш имконияти пайдо бўлганди. Аммо кутилмаганда олган жароҳат мени бундай имкониятдан маҳрум қилган.

– Ўз вақтида “Спартак” дарвозасини қўриқлаган Войцех Ковалевски билан “Сибир”да бирга фаолият олиб боргансиз. Эшитишимча, у билан яқин муносабатда бўлгансиз.


– Бир пайтлар у билан қадрдон дўст бўлганмиз, смс ёзишиб турардик, телефон ва фейсбук орқали гаплашардик. Муҳим учрашувларни бирга томоша қилардик. Масалан, “Реал” ҳамда “Валенсия” ўртасидаги ўйинларни кўрардик. Лекин охирги 2-3 йилдан бери алоқамиз узилган.

– Балиқ овига боришни хуш кўрасизми?

– Умумий айтганда, аксарият футболчилар қатори менинг ҳам хоббим балиқ овига боришдир. Дам олиш кунлари ёки таътил вақтларида имкон қадар балиқ овига боришни хуш кўраман.

– Қўқонда ҳам бўш вақтларингизда балиқ овига бордингизми?


– Ҳа, Қўқонда  икки марта балиқ овига боришга улгурдим. Биз борган жой сунъий кўл экан. Балки шунинг учун бўлса керак у ердаги балиқ овидан роҳатлана олмадим. Асосан катта, табиий кўлларда балиқ овлашга одатланганман. Доим ана шундай жойларга борардим. Бу ерда эса биз борган кўл сунъий экан.

– Никола, сиз учун “Рожденные побеждает” (ғалаба қозониш учун туғилган) нимани англатади?


– 15 йил аввал танамга татиуровка чиздирганман. Бу ёзув менга жуда кўп ёрдам беради. Мени руҳлантириб туради. Қийин вазияга тушиб қолганимда ушбу сўз менга катта руҳий кўмак бериб туради. Интилган, ҳаракат қилган инсон доим ютади. Айниқса, оғир вазиятга тушиб қолган киши олдинга қараб интилса албатта муродига етади. Шу нуқтаи назардан қараганда, бу сўз мени илҳомлантириб туради.

– Сизнинг ёқтирган клубингиз “Милан”ми?

– Ҳа, “Милан”! Билмадим, “Милан” нимаси биландир мени ўзига тортади. Кимдир “Реал”, яна кимдир “Барселона”ни ёқтиради. Мен эса “Милан”ни. У ерда олдиндан ажойиб футболчилар ўйнашади.


– Ёқтирган футболчингиз Зиданми?

– Ҳа, Зидан! Бунга гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

– Ёқтирган машинангиз BMW+5ми?


– Аввал шу русумдаги машинани ёқтирардим. Айниқса, ёшлигимда яхши кўрардим. Ҳозир эса унчалик машиналарни ажратмайман. Айни пайтда спортга ихтисослашган машиналарни ёқтираман ва ўзимда ҳам ана шундай автомобиль бор.

– Қўқонда ҳам ўз машинангиз борми?


– Бу ерда машинам йўқ.

– Ўз уйингизда қанақа машинангиз бор?


– AUDI.

– Биздаги маълумотларга кўра сизнинг севимли киноингиз Майкл Дуглас ижросидаги “Ўйин” фильми экан, шу ростми?


– Ҳа, рост. Бу жуда ҳам яхши кино. Бу кино менга ёққанлигидан уни такрор-такрор кўриб туришдан эринмайман.

– Сизнинг ёқтирган китобингиз “Пятая горла”. Китоб муаллифи Паоло Коэльо.


– Ҳақиқатан, шу китоб менга ёқади, тўғри айтдингиз. Паоло Коэльо яхши асар ёзган. Бу китобни ўқисангиз ўзингиз учун кўп нарса оласиз. Инсонни ҳаётда тўғри йўлга бошловчи асар ҳисобланади.

– Қайси русумдаги мобил телефонидан фойдаланасиз?


– iPhone.

– Бунгача ўзбек футболи ҳақида нималарни билардингиз?

– Бу ерга келишдан олдин Ўзбекистонда бир қатор дўстларим ўйнаганини билардим. Улар билан ўзбек футболи ва унинг савияси ҳақида бир неча бор гаплашганман. Интернет орқали ҳам бу борадаги маълумотларни ўқиганман. Қисқаси, келишдан олдин ўзбек футболи ҳақида етарлича тасаввурга эга бўлганман.

– Сиз ўз вақтида “Анжи” жамоасида ҳам ўйнагансиз. Аммо бу клуб сиз кетганингиздан кейин кучли таркибга эга бўлганди. Бундан афсусланмайсизми?

– Йўқ, афсусланмайман. Бундан таажжубланадиган жойи йўқ. Биз ўйнаган даврда клуб хўжайини бошқа эди. Кейин эса Сулаймон Керимов раҳбар бўлиб келди ва кейинчалик у клубни кучайтириб юборганди. Биздан кейин дарҳақиқат “Анжи” кучайди. Мен эса у ердан “Алания”га кетганман ва қароримни тўғри деб ҳисоблайман.

– “Алания”даги фаолиятингиз ҳақида ҳам гапириб берсангиз.


– Россиянинг тарихий жамоаларидан бирида ўйнаганман. Ўша пайтда “Алания”да жуда яхши жамоа шаклланганди. Афсуски, кейинчалик клуб банкротга учради. Натижада “Алания” қуйига шўнғиб кетди. Тўғриси, нимага бундай бўлганига тўлиқ тушунмайман. Аммо жамоанинг режалари улкан эди. Таассуфки, барчаси тескарисига кетди. Россиянинг мана шундай клуби тарқаб кетгани жуда ачинарли.

– Бу ерга келгач, бир қатор ўйинларингизни кузатдик. Айтиш керакки, ҳимоячи сифатида анча тажовузкор футболчи тариқасида таассурот уйғотдингиз. Ҳакамлар ҳам сизга сариқ карточкалар кўрсатишяпти…


– Ўйинлар давомида шундай вазиятлар бўладики, ҳакамлар бундай ҳолатни сариқ карточка билан жазолашади. Кўп вазиятларда ҳакамлар ўйиннинг боришига қараб карточка кўрсатишади. Айрим ҳакамлар футболчиларга эркинлик яратиб беради, яна айримлари эса ундай эмас. Ҳар бир чемпионатда ҳакамликнинг мақсади бир бўлса-да, уларнинг ўйинни бошқариш усуллари турлича. Ҳимоячи бўлсам-да, балки қўпол ўйнаётгандек мухлисларга туюлиши мумкиндир. Аммо ўйиннинг боришига ва рақибнинг ўйинига қараб вазият ўзгариб туради. Менинг мақсадим рақиб футболчиларини ўтказиб юбормасликдир. Шу боис ҳар бир вазиятда жон-жаҳдим билан курашаман. Ҳеч қачон атайлаб рақибга жароҳат етказишни истамайман. Майдонга тушганимда бутун эътиборимни ўйинга қаратаман ва зиммамдаги масъулиятни, менга билдирилган ишончни оқлаш учун охиригача курашаман. Балки шунинг учун менинг ўйиним сизларга қўполроқдек кўринаётгандир.

– Ўзбекистон чемпионатида бир қанча легионерлар тўп суришмоқда. Сиз учун уларнинг орасида қайси бири энг кучлиси? Ёки бу саволга жавоб беришга ҳали тайёр эмасмисиз?


– Тўғриси, чемпионатдаги кўп ўйинчиларни яхши танимайман. Қайси бири маҳаллий, қайси бири легионер эканлигини ҳам фарқлай олмайман. Менимча, мавсум охиригача яхшилаб билиб олсам керак. “Пахтакор”, “Локомотив”, “Бунёдкор” жамоаларидаги ўйинчиларни қисман таниб олдим. У ерда яхши савиядаги футболчилар борлигига амин бўлдим. Айниқса, “Пахтакор” жамоасининг ўйини ёқди.

– “Қўқон-1912”да энг яқин дўстингиз ким?


– Дарко Гожкович билан битта хонада яшаймиз ва у менинг энг яқин дўстим. Бир-биримизни жуда яхши тушунамиз.

–  Клубнинг сизга тўлаётган маблағи қониқтиряптими?


– Шуни айтмоқчиманки, бу ерда ойлик маошим ўз вақтида бериляпти. Шартномада белгиланган келишув шартлари амалга ошиб келмоқда.

– Кўпчилик мутахассислар Озарбайжон билан Ўзбекистон чемпионати савиясини бир-бирига ўхшашлиги ҳақида кўп гапирадилар. Сиз эса у ерда ҳам ўйнагансиз. Шунинг учун бу масалада фикрингиз қандай?


– Юқорида таъкидлаганимдек, бугунги кунда футболни ҳамма жойда ўйнашни ўрганиб бўлишган. Шунчаки, футболчилар ва муҳитда фарқ бўлиши мумкин. Лекин иккала чемпионатнинг футболи ўхшаш. Умуман, Ўзбекистон ва Озарбайжоннинг минталитети бир-бирига яқин. Лекин ўрни келганда айтишим керакки, у ердаги клубларнинг Ўзбекистон жамоаларига нисбатан кучлироқ легионерларни сотиб олишга қурби етади. Озарбайжонда моливий бюджети юқори бўлган бир қанча жамоалар бор. “Қорабоғ”, “Интер”, “Нефтчи”, “Габала”… бу жамоаларда футболчиларга яхшигина ойлик маош тўлашади.

– Ўз вақтида “Шўртан”ни бошқарган Игорь Криушенко “Сибир”да ҳам ишлаганди. Сиз ҳам фаолиятингиз давомида ушбу клубда тўп сургансиз. Айтингчи, у ерда мураббий билан йўлларингиз кесишганми?


– Ҳа, бирга ишлаганмиз.

ФИРДАВСХОН суҳбатлашди.

«Футбол Экспресс» газетасида олинди.

Rating: +6   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика