"Машъал"нинг собиқ футболчилари клубга омад тилашди
28 jul 2019 10:43
News
"Машъал"нинг собиқ футболчилари клубга омад тилашди
Жамоадан кетган футболчилар клубга ҳамон содиқ эканликларини яшириб ўтиришмади.
"А Про-лигада баҳслар жуда кескин ўтмоқда, собиқ жамоам "Машаъл"га иккинчи давра олдидан омад тилайман. Ўйламанки бу сафар улар Суперлигага чиқишади. Ҳар бир баҳсда мен уларга омад тилайман ва қўллаб қувватлайман. Омад ёр бўлсин!", - дейди "Локомотив" дарвозабони Жавоҳир Илёсов.
"Про-лигани кузатиб бораман албатда, ҳозирда "А" гуруҳида кураш муросасиз кечаётганидан хабарим бор. Собиқ жамоам "Машъал"да Суперлигага чиқиш учун яхши имконият бор ва улар бу сафар энди имкониятдан фойдаланишади деган умиддаман. "Машъал" ўзбек футболига керак, уларни тезроқ Суперлигага чиқишини хоҳлайман. Ҳамиша омад ёр бўлсин", - дейди "Қўқон-1912" ярим ҳимоячиси Жамшид Ҳасанов.
"А Про-лигада баҳслар чакки эмас, ҳар ҳолда ижтимоий тармоқларда кузатиб бораман. Шов-шувли учрашувлар ҳам бўлмоқда. Мен "Машъал"га ишонаман улар шу йили Суперлигага қайтади. Бу борада Муборак клубида муаммо йўқ, ҳаммаси аъло даражада йўлга қўйилган. Фақат жамоа бунга астойдил ҳаракат қилиши керак холос", - дейди "Қизилқум" ҳужумчиси Воҳид Шодиев.
"Бу мавсум "Машъал" яна Суперлигага чиқишга жуда яқин келмоқда. Ўйлайманки бу йил "газчилар" бу ишни уддалашади. Собиқ жамоамнинг ҳар бир учрашувининг натижасини кузатиб бораман. Бу йил ҳам жамоа ўтган йилгисидан асло қолишмайдиган даражада ҳаракат қилмоқда. Бу эса клубда ишлар профессионал тарзда йўлга қўйилганидан далолатдир. Омад тилаб қоламан ва улар буни қодирлар", - дейди "Андижон" аъзоси Абдуллоҳ Олимов.
"Биласизми мен "Машъал"га келганимда 22 ёшда эдим ва ўша вақтда жамоанинг асосий таркибида ҳужумда ўйнаш оғир эди. Чунки рақобат кучли эди. Кейинчалик жамоанинг асосий ҳужумчисига айландим, "Машъал" Суперлигага чиқса жамоанинг бирданига, ўринбосарлар ва Про-лигада қатнашадиган икки жамоаси яна тузилади. Мен аслида "Машъал"нинг 1-лигадаги "Машъал-2" жамоаси таркибида шаклландим. Ёшлар учун "Машъал" бемалол трамплен вазифасини бажариб беради", - дейди "Насаф" ҳужумчиси Ҳумоюн Муртозаев.
"Бу мавсум "Машъал"нинг кучлилар сафига қўшилишига шахсан ўзим умид қилаяпман. Про-лигада "газчилар" пешқадамлардан бири бўлиб келишмоқда. Энг ҳайратланарлиси "Машъал" бу мавсумда қўйи лиганинг энг ёш жамоаси бўлиб турипти. Шундай таркиб билан ҳам муборакликлар пешқадамлар, улар бу сафар ҳам жуда яқин келишди. Шу боис жамоага омад тилайман ва ишонаманки улар Суперлигага йўл олишади. "Машъал" мен учун энг қадрли жамоа, ҳар доим жамоанинг баҳсларини кузатиб бораман", - дейди "Динамо" ярим ҳимоячиси Бобур Қосимов.
"Мен нимага эришган бўлсам барчасига "Машъал" туфайли эришдим, Муборакда футбол учун барчаси аъло даражада аммо клубнинг қўйи лигага туширилиши эса бу хато бўлди. Бу мавсум ҳам "Машъал" яхши имкониятга эга бўлиб турибди, улар фақат яна бироз курашишлари керак. Йигитларга бўшашманг сиз уддалайсиз деб омад тилаб қоламан", - дейди Санжар Қувватов.
"Аввало "Машъал"га тезроқ ўз жойига қайтсин дейман, чунки "Машъал"нинг жойи Суперлигада. Муборак халқи ҳам футболни жуда севади. Муборакда футбол бўладиган кунни ҳақиқий байрамдек қабул қилишади. Ёшарган жамоага омад тилайман, улар ҳар нарсага қодир эканини исботлаб бўлди. Шахсан мен "Машъал"нинг Суперлигага чиқишига ишонаман", - дейди "Навбаҳор" ҳимоячиси Мирзоҳид Ғофуров.
Comments