Latest news

11:31Гвардиола: "Кейинги мавсум Чемпионлар Лигасида иштирок этмаслигимиз мумкин"  1 10:53"Машъал" Суперлигага қайтибгина қолмай, чемпионлик учун кураш олиб боришга тайёр!"  13 10:51«Сурхон» яна икки нафар футболчиси билан шартномани узайтирди  0 10:22«Нефтчи»ни яна бир легионер тарк этди  0 09:48«Қизилқум» терма жамоамиз собиқ футболчиси билан шартнома имзолайди  0 09:15Олег Зотеевнинг янги жамоаси «Бунёдкор» эмас, балки водий клуби бўлади  7 08:42ЎФФ янги раҳбари: «Мен сеҳргар эмасман, бироқ...»  4 08:10«Сурхон» «Пахтакор» футболчисини сотиб олиш ҳуқуқи билан ижарага олди  0 07:41«Нефтчи»нинг икки нафар футболчиси фаолиятини Андижонда давом эттиради  4 02:08Александр-Арнольд "Реал"нинг шорт листида биринчи ўринда турибди  3 00:44"Барселона" Германия терма жамоаси ўйинчисини трансфер қилишга яқин  1 00:02Моуринью Рэшфордни Туркияга чорламоқда  6 23:31Азизов, Эрматов, Аҳмедов, Маматқулов, Имомхўжаев ва бошқалар. Янги очилган футзал федерацияси тақдимотидан ГАЛЕРЕЯ  0 23:16Каземиро Ла Лигага қайтиши мумкин  1 22:45Янги федерацияни нималар кутмоқда?  3

Квальярелла, "Аталанта" ва Михайлович қўл остидаги "Болонья" ёхуд А Серия 2018/19 нималари билан ёдда қолди? News

Квальярелла, "Аталанта" ва Михайлович қўл остидаги "Болонья" ёхуд А Серия 2018/19 нималари билан ёдда қолди?

Шу билан бирга, Роналдунинг Италиядаги дебют мавсуми, ақлбовар қилмас "Эмполи" ҳамда бошқа унутилмас воқеалар ҳақида.

Роналду Италияда

Криштиану Роналдунинг Мадриддан Туринга кўчиб ўтиши нафақат А Серия тарихида энг қиммат трансферга қўл урган "Ювентус" учун, балки бутун чемпионат учун олдинга ташланган қадам бўлиши кутилганди. Мутахассисларнинг таҳминича, бешкарра "Олтин тўп" соҳибининг мамлакат чемпионатига келиши, мусобақадаги курашга бўлган эътиборнинг кучайиши, стадионларга мухлислар ташрифи кескин ошиши ва қолган жамоалар учун ҳам ўзига хос янги мотивация вазифасини бажариши керак эди. Амалда эса барчаси у қадар осон бўлиб чиқмади.


"Роналду Чемпионлар Лигасида зафар қучиш учун келди" деган сўзлар деярли бутун мавсум янграб ўтди. Лекин туринликлар "Аякс"га имкониятни бой бериб, чорак финалда тўхташди. Криштианусиз жамоа аввалги мавсумларда финалга етиб борганди дейишга шошилманг, португалиялик бўлмаганида "Юве" мусобақани бунданда аввалроқ тарк этарди – СR7 1/8 финалида бир ўзи "Атлетико"ни таслим қилди. Шундай бўлса-да, халқаро аренада замонамизнинг энг яхши футболчиларидан бири жамоани кутилган натижаларга етаклай олмади.

Чемпионат доирасида ҳам кескин бир нима ўзгарганича йўқ. Соддароқ қилиб айтганда, Роналду Гонсало Игуаинни ўрнини эгаллади холос. У "Ювентус"нинг тўпурари бўлди, лекин чемпионатнинг кучли учлигига ҳам кира олмади. 21 гол – сўнгги уч мавсумни инобатга оладиган бўлсак, туринликлар тўпурари учун энг ёмон натижа. Шунингдек, Роналдунинг ўзи ҳам МЮда тўп тепган даврларидан буён бунчалик кам гол урмаган экан. Испания у ҳар мавсум мунтазам 25тадан кўп гол уриб келган, тўққиз мавсумнинг олтитасида эса 30дан ортиқ гол уришга эришган.

21 аниқ зарба ва 8 ассист – Криш "Ювентус"нинг чемпионатдаги 70 голининг деярли ярмида иштирок этди. "Замбарак" бу билан унинг трансфери нафақат имиж йўлида бўлгани, балки у ҳамон ажойиб спорт формасида эканини исботлай олди. 

"Ювентус"нинг ажойиб старти

"Ювентус" биринчи турдаёқ "Кьево" билан ўйиндаги ўта қийин ғалабаси билан (3:2) кўпчиликни қўрқитиб қўйганди, лекин... Иккинчи марта "Кекса Синьора" биттадан кўп голни орадан тўрт ой ўтиб, "Аталанта" билан ўйинда (2:2) 26 декабрь куни қайд этди. Айнан шу куни туринликлар иккинчи бор чемпионатда очко йўқотишди – биринчи давра якунланаётган бир паллада.

Массимилиано Аллегри шогирдларининг ғалабали серияси тўққиз ўйинга етди. "Юве" "Женоа" билан ўйинда хотиржамликка берилиб (1:1), кейин яна саккиз ўйинда зафар қучди. "Аталанта" билан дурангдан сўнг, тўққиз ўйиндан 8тасида уч очкони қўлга киритди ва "Парма" (3:3) билан очколарни бўлиб олди. Биринчи мағлубият 17 март куни қайд этилди – "Женоа" билан сафардаги ўйин чемпионнинг 0:2 ҳисобидаги мағлубияти билан якунланди.

Биринчи даврадаги 53 очко – А Серия рекорди ҳисобланади. Бундай кучли старт кальчо тарихида бўлмаган. "Юве" 2013/14-йилги мавсум графигини ортда қолдириб кетаётганди. Ўша йили жамоага Антонио Конте мураббийлик қилган, клуб эса 102 очко тўплаган. Лекин чемпионлик расмийлаштирилиши биланоқ бу статистика жамоа учун қизиқ бўлмай қолди.

33-турда "Фиорентина" устидан қозонилган ғалаба "Юве"ни қаторасига саккизинчи бор мамлакат чемпиони қилди. Лекин чемпионатни юқори нотада якунлаб қўйиш учун футболчиларда иштиёқ етишмади – охирги беш ўйинда чемпионлар уч очко жамғардилар. Мавсумнинг охирги ўйинида сафарда "Сампдория"га имконият бой берилди 0:2. Шу тариқа Аллегрининг Туриндаги беш йиллик саргузашти ҳам якун топди. Шу ҳолида ҳам "Ювентус" финишда "Наполи" билан фарқи 11 очкони ташкил қилди. "Бьянконери"га муносиб қаршилик кўрсата олмади.

Аталанта!

Жан Пьеро Гасперини 2016 йил кузида "Аталанта"дан бўшатиб юборилиши мумкин эди. Бергамо клуби мураббийнинг илк мавсумида жуда ёмон старт олишди ва беш ўйинда тўрт бор мағлуб бўлишди. Ҳал қилувчи палла "Наполи"га қарши учрашувга тўғри келди. Гасперини асосий таркибда ёш Роберто Гальярдини ва Маттиа Кальдарани майдонга тушириб президентни карахт ахволга солиб қўйди, учрашув 1:0 ҳисобида "Аталанта" фойдасига якунланди. Шундан сўнг, бу жамоани деярли тўхтатиб бўлмади.

"Аталанта" 72 очко билан тўртинчи поғонани эгаллади, лекин тўртинчи ўрин ҳали Чемпионлар Лигаси йўлланмасини бермасди. Кейинги мавсум натижа бироз ёмонлашди ва жамоа еттинчи ўрин билан кифояланишга мажбур бўлди. Бироқ халқаро аренада ўзларини кўрсатишди ва анча шов-шувга сабабчи бўлишди. Икки ўйин ҳисобига кўра, "Эвертон"ни 8:1 ҳисобида ютиш ҳаммага ҳам насиб қилавермайди. Дортмунднинг "Боруссия"си билан охиригача курашдилар. 2018/19-йилги мавсумини Европа Лигасининг гуруҳ босқичидан бошлашди, аммо чемпионатнинг дастлабки саккиз турида бор йўғи бир ғалаба. Гасперини қовоқларини уйганча жамоа элитада жон сақлаш учун курашишини айтарди. Мухлислар эса ҳеч нимага қарамай, жамоани олқишлардилар.

Барчаси 23 йилдан бери илк марта мамлакат Кубоги финалига етиб бориш (чорак финалда "Ювентус" 3:0 ҳисобида таслим қилинган) ва чемпионатдаги учинчи ўрин билан якунланди. Чемпионат доирасида бергамоликлар "Интер" (4:1), "Наполи" (2:1) ва "Лацио" (1:0, 3:1)ни мағлуб этишди. 111 йиллик тарихга эга "Аталанта" биринчи марта бу қадар юқори ўринларга ета олди, Шу билан бирга, "Аталанта" А Сериянинг энг сермаҳсул ҳужумига эга бўлди – 77та гол!

Эътибор берсак, таркибдаги барча футболчи фаолиятидаги энг яхши мавсумини ўтказди: Йосип Иличичдан Ханс Хатебургача, Жанлуки Манчинидан сардор Папу Гомесгача, Мартин де Рондан тортиб Дуван Сапатагача. Гасперини ҳеч ким ишонмаган ишни амалга ошира олди ва куни-кеча "Рома" таклифини рад этиб, "Аталанта" билан шартномани узайтириш ниятида мухлисларнинг янада кўпроқ муҳаббатига сазовор бўлди.

Кутилмаган тўпурарлар

Чемпионат аввалида тўпурарлар пойгасини Роналду ютишига деярли ҳеч ким шубҳа қилмаётганди. Унга Мауро Икарди, Гонсало Игуаин, Чиро Иммобиле ва Эдин Жеко рақобат қилишга уриниб кўрар дейилганди. Якунда уларнинг ҳеч бири кучли учликка ҳам кира олмади. Лекин 36-ёшли италиялик, колумбиялик ва ҳали ёш бола дейилган польшалик ҳужумчи киришди. Фабио Квальярелланинг узоқ йиллик фаолиятидаги энг яхши мавсум 19та гол билан қайд этилганди. 2018/19-йилги мавсумда у ўз рекордини март ойи бошига келибоқ такрорлади. 28 октябрдан 26 январгача фахрий ўйинчи ҳар бир ўйинда гол урди – кетма-кет 11 тур. Габриэль Батистутани ортда қолдириш учун битта гол етишмади, лекин Квальярелла бу билан тўхташ ниятида эмас.


Фабио А Серия тарихидаги энг ёши улуғ тўпурар бўлди. У миллий терма жамоага қайтди ва у ерда ҳам гол уришга эришди (Евро-2020 саралаш доирасида Лихтенштейн дарвозасига). Энди Квальярелла "Наполи"га қайтиши кутилмоқда ва бу амалга ошса, Италия футболи тарихидаги энг "романтик" трансфер бўларди. Хабарингиз бўлса керак, ўз вақтида ҳужумчи таъқиб туфайли болаликдаги орзуси "Наполи"ни ташлаб кетишга мажбур бўлган.

Чемпионат аввалида Лука Тони "Аталанта"нинг янги футболчиси Дуван Сапатага эътибор беришни, Гасперини қўл остида ҳужумчи ўзини кўрсатишини таъкидлаганди. Декабрь ойига келиб афсонавий снайпер ҳақлиги ўз исботини топди – колумбиялик бир ойда тўққизта гол урди ва Гуннар Нордалнинг рекордини деярли такрорлади (10). Мавсумни эса 23та гол билан якунлади – бу Дуваннинг фаолиятидаги энг яхши кўрсаткич. Сапата камтарлик билан Гасперини қўл остида, Иличич ва Гомес ёнида тўп тепиб бомбардир бўлиш қийин эмаслигини таъкидлаб ўтди.

"Женоа" президенти Энрико Прецьози фақатгина видеоларда Кшиштоф Пьёнтек ўйинини кўриб, трансферни келишишга муваффақ бўлганди. "Краковия" тўрт миллион евро ишлаб олди, Грифонлар эса – биринчи даврадаёқ жамоа элитада жон сақлаб қолиши учун етарли очко тўплашига замин яратган ҳужумчини қўлга киритди. Ярим йилда польшалик йигитча 13та гол урди (уларнинг бештаси дастлабки тўрт турда. Шу тариқа, у Андрей Шевченко рекордини такрорлади) ва "Женоа"га беш ғалаба келтирди. Қишда уни "Милан"га 35 миллион еврога сотиб юборишди ва Кшиштофсиз Грифонлар бор йўғи уч бор ғалаба қозонишди. "Милан"да Пьёнтек у қадар ёрқин ўйин кўрсатолмагандир (9 гол), лекин жамоанинг энг яхши тўпурари бўлишга эришди. Илк мавсумдаги 22 гол – Шевченко давридан буён А Сериядаги энг сермаҳсул дебют.

Анчелоттининг қайтиши

2017/18-йилги мавсумда Маурицио Сарри қўл остида "Наполи" иложсиз маррага деярли етганди. Неаполликлар мавсумнинг охирги турларида Туринда ғалабани қўлга киритдилар ва "Ювентус"га деярли етиб олишди. Асаблар дош бермади ва якунда тўрт очкога қолиб кетишди. Аммо бу яқин йиллардаги чемпионлик учун энг қизғин кечган баҳс эди. Нафақат охирида, балки бутун чемпионат давомида Неаполь Туринни таъқиб қилиб келди. Лекин президент Аурелио Де Лаурентисга бу камдек кўринди – Саррининг ўрнини Карло Анчелотти эгаллади.

Карло отадан табиийки "Юве" билан рақобат ва халқаро майдондаги ғалабаларни кутишганди. Лекин ноябрь ойи охирига келиб "Наполи" "Ювентус"дан саккиз очкога қолиб кетди – А Серия тарихида 13 турдан сўнг, етакчи ва иккинчи ўриндаги жамоа ўртасидаги тафовут бунчалик бўлмаганди. "Наполи" ЕЧЛда гуруҳ босқичида қолиб кетди, Европа Лигаси чорак финалида "Арсенал"га имконият бой берилди ва Италия Кубогидан ҳам 1/4 финалдаёқ чиқиб кетди. Чемпионатда жамоа 79 очко тўплади –  Саррининг охирги мавсумидан 12 очкога кам. 

Анчелотти илк мавсумда "Наполи"га кўп нарса бера олмади. Лекин Де Лаурентис ҳотиржам ва бу ўтиш даври бўлганини таъкидламоқда. Карло Анчелоттини жамоага олиб келиш хато бўлмаслиги мумкин, лекин олдинга ташланган қадам ҳам сезилмаяпти.

Ёшлар ҳам жим турмади

Федерико Кьеза ва Николо Барелла ёшига қарамай, фахрий футболчига айланиб бўлишди – ёшда "Фиорентина" ва "Кальяри" ярим ҳимоячилари бошқа топ клубга кўчиб ўтишса керак. Янги юлдузлар кутилмаганда айнан грандлардан чиқиб қолди. Ҳеч кимга сир эмас, одатда катта клубларда ёш футболчиларга у қадар кўп имкон берилмайди. Николо Заньоло Раджа Наингголаннинг "Интер"га трансферининг бир қисми бўлиб хизмат қилганди ва мавсумни қаердадир ижарада ўтказиши керак эди. Лекин Кевин Стротман ҳам жамоани тарк этгандан сўнг, Эусебио Ди Франческо 19 ёшли ярим ҳимоячини олиб қолишга қарор қилди.

Сентябрь ойида у Чемпионлар Лигасида дебют қилди ва шундан кейингина А Серияда майдонга тушди. Декабрь ойида чемпионатдаги биринчи голини урди, февралда ЕЧЛ доирасида дубль қайд этган энг ёш италияликка айланди. Март ойида миллий терма сафида майдонга тушди. Мавсумни 33 учраушв ва 6 гол билан якунлади. Энди унинг трансфер нархи жуда қиммат ва "Ювентус"нинг эътиборини тортган.


"Юве"да иккинчи даврада яна бир юниор ўзини кўрсатди. Мойзе Кин ҳақида аввалроқдан билардик. У 16 ёшида "Юве" сафида дебют ўйинини ўтказган, кейин бутун мавсум Веронада ижарада бўлган. Лекин чемпионатнинг биринчи ярмида Аллегри ҳужумчига ортиқча эътибор қаратмади ва унинг 2019 йил бирданига катта саҳнага чиқиши икки баробар кутилмаган ҳол бўлди. 

Мойзе жами 536 дақиқа майдонда ҳаракат қилди ва чемпионатда 6та гол урди – жамоада фақат Роналду (21) ва Манджукич (9) ундан кўпроқ гол ура олишди. Роберто Манчини 19 ёшли иқтидор соҳибини термага таклиф қилди ва Кин икки расмий ўйинда 2та гол урди. 

Мауро Икарди можароси

2018 йил "Интер" сўнгги паллада тўртликка илиниб қолди ва Чемпионлар Лигаси стартидан аввал раҳбарият трансфер бозорида катта кўламдаги ишларни амалга оширди: Стефан Де Врей, Раджа Наингголан, Бальде Кейта, Шиме Врсалько, Квадво Асамоа, Маттео Политано, Лаутаро Мартинес – бир қарашда "нерадзурри" ҳам ЕЧЛга, ҳам "Ювентус" билан курашга тайёрдек эди. Лекин асосий куч жамоа етакчиси – агар Мауро Икарди яхши формада бўлганида, у ҳолда ҳеч қандай муаммо бўлмас эди.


Декабрь ўрталарига қадар ҳаммаси режадагидек кетаётганди. Икарди чемпионатда ҳам (9), ЕЧЛда ҳам гол ураётганди (4). Лекин "Интер" гуруҳдан чиқа олмади, чемпионатда эса Мауронинг голсиз серияси бошланиб кетди. У А Серия еттита турида рақиблар дарвозасини ишғол қила олмади. Европа Лигаси плей-оффи бошланай деб турганда эса жанжал бошланди – аргентиналикдан сардорлик боғичи олиб қўйилди.

Икарди хафа бўлди ва жароҳатини баҳона қилиб, майдонга тушмай қўйди. Бу орада "Интер" "Айнтрахт"дан мағлуб бўлиб Европа Лигасини тарк этди, чемпионат учинчи ўрин, кейин яна тўртинчи ўрин учун курашишга тўғри келди. Мауро апрелда қайтди, лекин тўққиз ўйинда иккитагина гол урди. Охирги турда пенальтидан гол ура олмади ва жамоасига панд бериб қўяй деди. Мухлислар футболчидан норозиликларини яшириб ўтиришмади. 11 гол – Икардининг "Интер"да беш йилдаги энг ёмон мавсуми.

Мауронинг трансфер нархи тушиб кетди ва янги мавсум биз уни "Интер"да кўрамизми деган савол очиқлигича қолмоқда. Жаомага Антонио Конте келиши ва мураббий Ромелу Лукакуни сотиб олишни истаётганини инобатга олсак, ким билади дейсиз, балки Икарди "Интер" либосида бошқа майдонга тушмаслиги ҳам мумкин.

Михайлович билан қайта "тирилган" "Болонья"

Биринчи даврадан сўнг, "Болонья" 13 очко, 10та урилган ва 15та ўтказиб юборилган гол билан 18-поғонани эгаллаб турганди. Иккинчи давра натижаси – 31 очко, тўққиз ғалаба, 38та урилган ва 41 ўтказиб юборилган голлар. "Биз Италия футболи тарихига кирдик. Чемпионатни тарк этай деб турган бирор бир жамоа якунда ўнинчи ўринни эгаллаганини эслай олмайман", – дейди Синиша Михайлович.

Михайлович февраль ойи бошида Филиппо Индзагини алмаштирди. Ва унинг қўл остидаги дастлабки ўйинда "Болонья" "Интер"ни мағлуб этди (1:0) ва бир йилдан буён илк марта сафарда зафар қучди. Кейин тўртта турда жамоанинг ишлари юришмади, лекин баҳорга чиқиб уларни таниб бўлмай қолди. Охирги 12 турда улар 8 ғлаба, 2 дуранг ва 2 мағлубият қайд этишди – максимал 36 очкодан 26 очко. Мавсумнинг шу қисмини фақатгина "Аталанта" яхшироқ ўтказди - 28 очко.

"Фиорентина"нинг омадсизлиги

Ўша 12 турда "Фиорентина" 5 очко жамғарди, табиийки бирор марта ғалаба қозона олмади. Биринчи даврада Европага йўлланма учун курашиш ниятидаги, Кубокда "Рома"ни 7:1 ҳисобида мағлуб этиб ярим финалга чиққан жамоа аянчли ахволга тушиб қолди ва сал қолса, А Серияни тарк этиши мумкин эди. Апрель ойи бошида ғалабасиз ўтган саккиз турдан сўнг (олти дуранг, икки мағлубият) раҳбарият Стефано Пьолига чиқиш эшикларини кўрсатди ва "Фиорентина"га Винченцо Монтелла қайтди.

Мухлислар раҳбарият норози бир пайтда, муаммо эса фақатгина мураббийда эмаслиги ўз исботини топиб борарди. Монтелла қўл остида ўтган саккиз ўйинда жамоа икки очко қўлга киритди, икки гол урди ва саккизта тўп ўтказиб юборди. Охирги турда "Фиорентина" жон сақлаш ўйинида "Женоа" билан дуч келди – жамоалар ўзларини қийнаб ўтирмай, 0:0 ҳисобидаги дуранг қайд этишди ва ҳамма хурсанд. Аммо барчасини кўриб, тушуниб турган мухлислар ҳар икки жамоани "илиқ сўзлар" билан сийлашди.

Энди нима бўлади? Клубни америкалик миллиардер Рокко Коммиссо сотиб олмоқда. Айтишларига қараганда, у бош мурайббий сифатида Монтеллани кўрмаяпти экан.

"Эмполи"нинг ажойиб ҳужуми ва "ажойиб" ҳимояси 

Бир қарашда барчаси адолатли ва таҳмин қилинганидек. Чемпионатни энг кўп гол ўтказиб юборган уч жамоа тарк этди. Кьево – 75, Эмполи – 70, Фрозиноне – 69 та гол. Лекин икки "шеригидан" фарқли ўлароқ "Эмполи"нинг сўнгги турда ҳам қутулиб қолиш имконияти бор эди. Жамоа рақиблари дарвозасига 51 бор йўл топа олди – "Милан"дан тўртта гол кам ва А Серияда қолган "Болонья", "Фиорентина", СПАЛ, "Парма", "Женоа", "Удинезе" ва "Кальяри"дан кўпроқ.

Жамоа биринчи даврани "Болонья"дан тепароқда якунлашди, лекин айтиб ўтганимиздек Михайловичнинг келиши кўп нарсани ўзгартириб юборди. Жамоа чемпионат давомида "Наполи"ни мағлуб этди ва "Аталанта" билан ажойиб ўйин намойиш қилишди. Ўйин 0:0 ҳисобида якунланди, бош қахрамон эса жамоа посбони Бартломей Драговски бўлди. У бир ўйинда 20 та сэйв амалга ошириб, А Серия рекордини ўрнатди.

Охирги ўйинларда "Эмполи" қаторасига учта ғалабага эришди: "Фиорентина", "Сампдория" ва "Торино". "Интер" билан ўйинда жамоага дуранг ҳам етарли эди, лекин драматик беллашув 1:2 ҳисобида якунланди. Андреадзоли шогирдлари ўйиннинг асосий қисмини ҳужумда ўтказишганини ва "Эмполи" қуйи дивизионга тушиб кетган бўлсада, айниқса иккинчи даврада энг ёрқин иштирокчилардан бири бўлганини қайд этиш лозим.

Шунингдек:

Рим жамоалари чемпионатни муваффақиятсиз тарзда якунлади. "Рома" 6 йил ичида илк бор олтинчи поғонани эгаллаб, Чемпионлар Лигасига йўлланмани қўлга кирита олмади. "Лацио" эса турнирни 8-ўринни банд этган ҳолда тамомлади ва Коппедаги ғалабаси туфайли еврокубокда иштирок этиш имкониятига эга бўлди.

Андреа Бардзальи, Серджо Пеллиссье, Стефано Соррентино ва Эмильяно Моретти фаолиятига нуқта қўйди, Даниэле Де Росси эса "Рома"дан кетди – сабаби жамоа ўз сардори билан шартнома муддатини узайтиришни истамади.

"Торино" клуб рекордини ўрнатди – 63 очко тўплади. Аммо еврокубокда қатнашиш учун бу етарли эмасди.

"Парма" биринчи давра учрашувларида омадли чиқишлар қилгани туфайли А Сериядаги ўрнини сақлаб қола олди. "Крестоносцлар" биринчи даврада 25 очко, иккинчи давра учрашувларида эса атиги 16 очко тўплашга муваффақ бўлдилар.

"Кьево" 11 йил деганда илк бор элитадан тушиб кетди. Вероналиклар бор йўғи икки марта ғалаба қозонишга муваффақ бўлдилар: "Фрозиноне" (1:0) ва "Лацио" (2:1).

"Фрозиноне" ҳужумчиси Даниэль Чофани чемпионат тарихидаги энг кеч голни урди – "Парма"га қарши баҳснинг 103 дақиқасида.

Чемпионатнинг энг яхши ассистенти – Папу Гомес, 12та голли узатма.

"Интер" посбони Самир Ханданович энг кўп қуруқ ўйин ўтказди – 17! У чемпионатнинг энг яхши дарвозабони деб эътироф этилди. Энг яхши ҳимоячи – Калиду Кулибали, энг яхши ярим ҳимоячи – Сергей Милинкович-Савич, энг яхши ҳужумчи – Фабио Квальярелла, энг яхши ёш ўйинчи – Николо Дзаньоло, мавсумнинг энг яхши футболчиси эса – Криштиану Роналду. Энг кўп томошабин ташриф буюрган чемпионат жамоаси – "Интер" (ҳар ўйинда ўртача — 61444). Энг кўп томошабин келган учрашув (рекорд натижа) – 78275, "Интер" – "Милан".

Мана Италия А Сериясининг 2018/19 йилги мавсуми ҳам ўз поёнига етди. Энди эса келгуси мавсумни интизорлик билан кутамиз. У қандай ўтиши эса — катта жумбоқ. Хўш, сиз А Сериянинг янги мавсумидан нималарни кутяпсиз?


Нозима Зарипова таржимаси

Rating: +8   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика