Купернинг номи ёки тажрибасига суянадиган пайт эмас
03 jun 2019 15:03
News
Купернинг номи ёки тажрибасига суянадиган пайт эмас
Натижа ўз йўлига, Туркия биздан кучли ва мағлубият кутилмаган воқелик бўлмади. Лекин Туркия фонида кўринмаган ўйинимиз кўпчиликда саволларни уйғотди. Аслида Осиё Кубогидан кейиноқ терма жамоамизда мураббий имзоси кўринмаганди. Буни аввал ҳам ёзгандим, мусобақадан кейин статистик маълумотлар билан ҳам асослаб бергандим.
Купер услуби ўзбек футболига бегона
Купер терма жамоамизга келганига оз вақт бўлгани йўқ. Орадан етарлича вақт ўтди. Умуман Куперда терма жамоамизни қитъа чемпионатига тайёрлаш учун етарлича муддат бўлди. Сентябрь, октябрь, ноябрь ва декабрда жамоа Осиё Кубогига тайёргарлик доирасидаги тўртта йиғинда жами 6та ўртоқлик ўйинлари ўтказди. Осиё Кубогига яқин эса жароҳатдан қўрққанини иддао қилган Купер ўйин амалиётисиз қитъа чемпионатига борди. Ваҳоланки жароҳатни нафақат ўйинда, балки исталган машғулотда ҳам олиш мумкин.
Осиё Кубогидаги илк ўйинда Уммон шунчаки индивидуал ҳаракатлар самараси ўлароқ мағлуб этилди. Туркманистон билан ўйинда даража ўз сўзини айтиб, ортиқча қийинчиликсиз ғалабани тантана қилгандик. Кейинчалик Япониянинг иккинчи таркибига ютқазган терма жамоамиз, нимчорак финалда Австралия билан 120 дақиқа дуранг ўйнаб, пенальтилар сериясида муваффақиятсизликка учради.
Осиё Кубогида терма жамоамиз ўйин тарафлама фақатгина Туркманистон билан баҳсда ўзининг якка ҳокимлигини ўрнатганди. Ўша баҳсда терма жамоамиз ижросида футбол томоша қилгандик.
Ёки ўтган йили кузда неча ойда бир йиғилган КХДРга қарши ва Қатарнинг иккинчи таркиби билан баҳсда нисбатан яхши ўйнаб, ғалаба қозонгандик. Эрон ёки Сурия билан беллашувда эса терма жамоамиз айтарли ҳеч нарса кўрсатмаганди.
Кечаги баҳсда ҳам терма жамоамиз ўйини ночор, ҳимоядан ҳужумга ўтишда ўша эски муаммолар, рақибга прессинг уюштиришда эса жуда суст ўйнадик. Қисқа қилиб айтганда, чуқур ҳимояланиб, позицион ҳужумларни унутдик. Бу нарса Купер қўл остида янгилик эмас.
Ўзбек футболига қарама-қарши услубни жорий қилаётган Купер (таҳлил)
Бир ҳақиқатни тан олиш керакки, Ўзбекистон терма жамоаси доим тўп билан ўйинда хавфли. Тўпсиз ўйнаш эса бизнинг энг кучсиз жиҳатларимиздан бири саналади. Тўғри, тактик ранг-баранг билимдон мураббий келиб, иккинчи рақам остида ҳам терма жамоамизни ўйнатиб юбориши мумкин. Лекин бу қийин масала. Ҳар ҳолда Купер қўл остида бу ишни жуда ёмон амалга оширяпмиз.
Футбол сифати, ўйин ташкиллаштириш, ҳимоядан ҳужумга ўтиш, позицион тўғри ҳимояланиш каби муаммолар ҳозирги ҳолатимиз ёмонлашиб бораётганини яққол кўрсатмоқда.
Купер терма жамоа рулига келгач, бир ойданг сўнг Ўзбекистоннинг ҳақиқий қиёфасини кўрсатишга ваъда берганди. Орадан анча вақт ўтди. Лекин Купер ваъда қилган қиёфа кўринмаяпти.
ЎФАда Куперга нега бу қадар юқори ишонч кредити тақдим этишмоқда, очиғи ҳайронман. Натижа десак, бундан асар ҳам йўқ. Терма жамоамиз Осиё Кубогидаги охирги йиллардаги энг ёмон натижани қайд этди. Ўртоқлик ўйинларида ҳам КХДР даражасидаги жамоаларни ютяпмиз. Ёки ўртоқлик турнирида вақтинча жамоага келган мураббий қўл остидаги Хитойни мағлуб этдик. Ўйин тарафлама қарасак, ҳеч қандай пойдевор қурилаётгани кўринмаяпти. Ҳимоядан ўйнаш пойдевори қурилиши эса бесамар иш.
Ўзбекистон МТЖнинг яқин келажакдаги қиёфаси, Купер фалсафаси ва услуби ҳақида
Одатда терма жамоада мураббийлар ўйинни чемпионатдаги етакчи клублар услуби ва ижросидаги ўйиндан келиб чиққан ҳолда қуради. Яъни, терма жамоанинг асосий ўзагини ташкил қиладиган жамоалар услубига қарама-қарши ўйин ташкиллаштирилмайди.
Масалан, бизнинг терма жамоанинг асосий ўзаги қайси жамоалар? "Пахтакор" ва "Локомотив" тўғрими? Чемпионатимиздаги етакчи жамоалар қайси услубдан фойдаланади? "Пахтакор", "Локомотив", "Бунёдкор" ва "Насаф" асосан тўп билан, биринчи рақамда футбол ташкиллаштиради. Яъни, ҳозирги терма жамоамиздаги футболчилар клубда тўп билан футбол ўйнаб, Купер қўл остида тўпсиз ҳаракатланишга мажбур бўлишмоқда. Натижада ўйин сифатига путур етмоқда.
Шу боисдан ҳам Купер услуби ҳақида кўп гапирилмоқда. Бир нарсани тан олайлик, мақсад Жаҳон чемпионатига чиқишми, унда шунга монанд вазиятга жиддий қараш лозим.
Эктор Куперга шунчаки хорижлик мутахассис бўлгани ҳамда жаҳонда ўз вақтида номини чиқариб олгани учун унинг тажрибасигагина ишониб қолаётгандекмиз.
Терма жамоага мураббий танлаётганда биргина хорижлик эканлигини инобатга олиб, тажрибасига суяниб қолиш ярамайди. Биргина бу жиҳат умуман етарли эмас. Мураббий танланаётганда кўплаб жиҳатлар бир-бирига мос тушиши керак. Майли, бизда буни тушунадиган мутахассислар йўқлиги туфайли Эктор Купер варианти танланди. Шунчаки Жаҳон чемпионатига чиққан деган критерияга амал қилинди. Чуқур таҳлил қилинмади ёки услуб жиҳатдан қанчалик бизга мос деган саволни кун тартибига қўядиган мутахассислар етишмади. Купер олиб келинди, унга маълум вақт берилди. Майли. Лекин унга янада ишониб ва вақт бериш учун иккинчи тарафдан ҳам нимадир олиш лозим. Аммо Купер тарафдан муносиб жавоб "янграмаяпти". Келажакда Купер терма жамоамизда ниманидир ўзгартириши мумкинлигига ишонч пайдо бўлиши учун сабаблар кўринмаяпти.
Мақсад ва вазифа Жаҳон чемпионатига чиқиш. Лекин ҳозир кўринмаётган ўйинимиз, саралаш босқичи бошланганда ёки Купер услубидаги ўйин орқали Япония, Жанубий Корея, Австралия, Эрон, Қатар, Саудия Арабистони, БАА ёки бошқа савия жиҳатдан бизга яқинлашиб қолган терма жамоалар билан рақобат қилиб, 4та йўлланмадан бирини қўлга киритишимизга ишонч жуда кам. Бу кетишда Купер қўл остида ҳам фақат индивидуал ҳаракатлар ёки стандартларга таяниб қоламиз. Купернинг номи ва тажрибаси эвазигагина Япония, Жанубий Корея, Австралия ёки Эронни мағлуб этишнинг имкони йўқ. Бунинг учун янги ғоялар, замонавий тактик қарашлар ва агрессив ўйин ташкил этадиган мураббий зарур бўлади.
Эктор Купер: "Натижадан хурсанд эмасман, лекин ўйинимизда ўзгариш бор дея оламан"
Узоққа кетмайлик, яқин ўтмишда Бабаян қўл остида ҳам терма жамоамиз тўпсиз, мазмунсизсиз ўйнаган, лекин шунда ҳам охирига қадар имконият сақланиб қолиб, биргина гол бизни Россиядаги мундиалдан ажратиб қолганди. Яъни, Куперсиз ҳам тўпсиз ўйнаб қийналган футболчилар орада бир Кападзе қўл остида соғинган футболдан чанқоқларини қондиришганди. Гарчи Бабаян билан ҳам Жанубий Корея ёки Эрон бизни мағлуб этишга қийналган. Бу Бабаян кучлироқ ёки яхшироқ эди, деган тушунчани бермайди. Шунчаки футболчиларимизнинг салоҳияти бунданда купроғига қодир, фақат шуни амалда юзага чиқара оладиган мутахассисга муҳтожлигимизни англатади холос.
Гап фақатгина Купернинг биз учун бегона услубида ҳам эмас. Балки иккинчи рақам билан ўйнашга ўрганган мутахассисда иккинчи режани йўқлиги вазиятни янада қийинлаштирмоқда. Тўпсиз, иккинчи рақамда тактик пухта ва керак бўлса вазиятга қараб ўйинни ўзгартира оладиган ранг-баранг мураббий бўлганида ҳам нимагадир ишонса бўларди. Лекин Куперга бўлган ишонч тобора камайиб, истеъфо қачон руй беради, деган савол кун тартибига чиқмоқда.
Орадан 120 кун ўтди, лекин ҳеч нарса ўзгаргани йўқ
Ҳар бир йиғин, ҳар бир дақиқа ғанимат. ЖЧ йўлланмаси йўлидаги кичик хатолар ҳам қимматга тушиши бизга кўп дарс бўлган. Лекин негадир тегишли хулосалар чиқарилмайди...
Comments