Ўзбекистон МТЖнинг яқин келажакдаги қиёфаси, Купер фалсафаси ва услуби ҳақида
07 сен 2018 14:02
Янгиликлар
Ўзбекистон МТЖнинг яқин келажакдаги қиёфаси, Купер фалсафаси ва услуби ҳақида
Авваламбор бир нарсани таъкидлаган бўлардим, ўртоқлик ўйинлари мураббий учун хизмат қилади. Буни одатда кўп айтаман ва ҳеч қачон ўртоқлик ўйинларидаги футбол ёки натижа учун мураббийни танқид қилмайман. Чунки бу каби ўйинларда нималарни синаб олиш, қандай тактикада ўйнаш, муаммоли чизиқларни тубдан ислоҳ қилиш мураббийнинг олдида турадиган энг асосий вазифа.
Эктор Купер ишлаган жамоаларидан одатда доим ҳимояни эҳтиёт қилиш функциясидан фойдаланган. Очиғини айтиш керак, бизга келганида ҳам Купер бизда бошқача услуб ёки тактикани танлашига ишонмаганман. Яъни, биз ҳам биринчи рақамни рақибга берган ҳолда "иккинчи" бўлиб ўйнашимизни тушунганман.
Яна бир гап, Купер терма жамоамизда авлодлар алмашувини ўтказмаслиги ҳам аён бўлган. Купер Ўзбекистон терма жамоасида қандай услубни қўллаши ва МТЖда авлодлар алмашувини амалга оширмаслиги ҳақида анча аввал ҳам ўз саҳифамда ёзгандим.
Энди бевосита кечаги ўйин ҳақида тўхталиб ўтаман. Кутганимдек Сурия билан баҳсда Шукуровдан (Ҳайдаровни кутилмаган жароҳати туфайли) ташқари қолган легионерлар Эрон билан ўйинга асралди. Асосан ўрта ва олдинги чизиқда синовдан ўтаётган янги номзодлардан иборат футболчилар синалди. Сурияда бизга ўхшаган ҳолат. Масалан Осиёнинг энг кучли футболчиси Омар Ҳарбин келмади. Янги бош мураббий Штанге қўл остидаги дебют ва терма жамоадан илк бор таклиф олган футболчилар. Деярли ўхшаш ҳолат.
Учрашувда Купер ўз анъанаси ва услубига содиқ қолган ҳолда ўйинни чуқур ҳимоядан қурди. Шуни ҳам айтиш керакки, Купер ўйиндан олдинги матбуот анжуманида терма жамоанинг бўлажак икки учрашуви ҳеч нарсани англатмайди. Яъни хулоса қилишга шошилманглар яна, деб огоҳлантирганди. Шунингдек, нима учун Сурия билан учрашувдан бир кун олдин биздан эртагаёқ мўъжиза кутманглар дегани маълум миқдорда ойдинлашди. Купер Сурия билан ўйинда танлаган тактикаси маҳаллий ишқибозларга маъқул келмаслиги билган ва олдиндан бу ҳақда огоҳлантирганди. Лекин шуни ҳам айтиб ўтиш керакки, масалан Сурияни кеча катта ҳисобдаги фарқ билан ютганимизда ҳам, ёки ҳужумкор ўйнаб, рақибни қийнаб қўйганимизда ҳам, буни биз мўъжизага юймасдик. Сурия билан ўйинда қўлга киритиладиган катта устунлик ёки йирик ғалаба - Ўзбекистон терма жамоаси учун мўъжиза эмас. Жанубий Корея, Австралия, Япония ёки Эрон билан ўйинда бўлса, бу бошқа гап, унга қўшилса бўлади. Аммо биз ўз кучимизни Сурия билан ўйинда текшириб, бундан эйфорияга бериладиган даражада кучсиз терма жамоа эмасмиз. Сурия билан ўйиндаги ҳар қандай натижа, ўйин ёки ҳисоб биз учун кўрсаткич эмас!
Купер ўйиндан кейинги матбуот анжуманида нега ҳимоявий ўйин қурганини қуйидагича изоҳлади:
"Мен терма жамоамиз ҳимояда ҳам ўйнай олишини истайман. Шундай пайтлар бўладики, вақти келса Сурияга қарши жамоалар билан ҳам ҳимоядан ўйнашга тўғри келиб қолиши мумкин. Шу боисдан ҳам биз ҳимояда қанчалик яхши ўйнай олишимизни текшириб олмоқчи бўлдим. Албатта, муаммолар бор, очиғини айтганда, муаммолар мен кутгандан ҳам кўпроқ. Лекин умуман олганда, бугунги футболчилар ҳаракатидан маълум даражада мамнун бўлдим. Терма жамоа билан ишни бошлаганимга атига 12 кун бўлди. Жамоа ҳали мен истаётган ёки улардан талаб қилаётган тактик кўрсатмаларни, ҳаракатларни тўлиқ тушуниб етмаган деталлар кўп. Буни эса аста-секинлик билан уддалаймиз. Мен Сурия ва яқинда бўладиган Эронга қарши ўйинлардан хулоса чиқаришга шошилмасликларингизни истардим. Мухлислардан сабр қилишни сўрайман", - деди Купер.
Матбуот анжуманида Купер нега ўйинни ҳимоядан қурганини ва нимани қўриб олмоқчи бўлганини тушунтирди. Мураббий нимани хоҳлаётганини ва жамоани қандай қиёфада ўйнатмоқчи эканини жуда яхши билади. Бу қиёфа ва услуб аслида Купер иши билан яхши таниш бўлган мутахассислар, футболчилар, журналистлар ёки мухлислар учун аслида янгилик эмас. Муҳими, ўша услубни ва футболчилардан нимани хоҳлаётганини ўйинчиларимизга тўғри тушунтириб, уларга ўз ўйин ғоясини сингдиришни уддалай олса бўлгани.
Мен ўртоқлик ўйинларида ёки тайёргарлик босқичида мураббийни иши, ўйини ёки натижасини танқид қилишни хуш кўрмайман. Шунчаки баъзи деталлар, ўйиндаги эпизод ёки таркибдаги ротация бўйича танқид, таҳлил ва фикр мулоҳаза юритиб кўриш мумкин.
Очиғи, мен Купер Сурия билан ўйинда ҳимоядан ўйинни қуриб, ҳимояда қанчалик яхши ўйнай олишимизни текишириб кўрганини тўлиқ оқламайман. Нега? Чунки аслида Сурия иккинчи рақам билан ўйнайдиган жамоа. Ҳимояда чидамли, қарши ҳужумда ёки стандартлардан ўз омадини синайдиган рақибга тўпни топшириб, уларни ҳужумга чорлаш орқали мудофаамизни асл қиёфасини шакллантириш қанчалик тўғри йўл, очиғи бир нарса дейиш мушкул. Кечаги ўйин, Купернинг гаплари ва ўйиндан олдинги матбуот анжуманида берган саволимга жавобидан шуни англадимки, эндиликда биз ҳар қандай рақиб билан иккинчи рақам остида ўйнаймиз. Купернинг услуби ва ҳимояни кучайтириб олиш орқали бизнинг асосий қуролимиз бўладиган мудофаамизни оптимал формага киритиш мақсадида мураббий энди ҳар қандай баҳсда ҳимоя чизиғимиз чидамини ошириш учун атайин кучли рақибми ёки кучсизми фарқи йўқ, ўйинни назорат қилишни уларга топширади. Шу орқали ҳимояни тартибга солиш жараёни давом этади.
Лекин ҳимояни тартибга солиш асосий вазифа бўлса, унда ўртоқлик ўйинларида жамоа танлаётганда ҳужумкор услубда ўйнайдиган спарринг рақиблар билан келишиш керак. Чунки Сурия ва Эрон терма жамоалари Купер бизда қурмоқчи бўлаётган услубда, яъни ҳимояда ўйнайдиган рақиблар. Ҳа, кеча аслида ҳимоядан ўйнайдиган Сурия ўз истамаган ҳолда биринчи рақамни тақиб олди. Бир нарсани тан олиш керак, гарчи Штанге учун ҳам кутилмаган бўлган бундай сценарийга рақиб жуда яхши киришиб кетди ва позицион ҳужумларни амалга оширишда, комбинацион футбол кўрсатишда очиғи сурияликлар ҳайрон қолдиришди. Бу ўйиндан ким кўпроқ озуқа олди деган саволга, мен иккиланмай биринчи навбатда Штанге ўзи учун жуда фойдали ва керакли хулосаларга эга бўлди, дея оламан. Чунки Сурия керак пайтда биринчи рақамда ўйнаши мумкинлигини, ҳужумкор услубни ҳам шакллантириш учун уларда потенциал борлигини Штанге англаган бўлиши керак. Агарда кечаги услуб ва ўйинни биз Жанубий Корея ёки шунга ўхшаш ҳужумкор услубда ўйнайдиган рақибга нисбатан қўллаганимизда, Купер кутилганидан кўпроқ жиҳатларни кўриб, ўзи учун белгилаб оларди, чамамда.
Ўртоқлик ўйинларида натижа бирламчи эмас. Лекин Сурия ва шунга ўхшаш жамоалар билан ўйинда, учрашув ФИФА таснифида ўтаётгани боис, рейтинг учун очколарни ҳам унутиб қўймаслик лозим. Бу ҳам қуръа пайти жамоаларни саватчаларга ажратаётганда ўз таъсирини кўрсатади.
Купер муаммолар кўп деб нафақат ҳимоядаги камчиликлар, балки ҳужум ташкил этиш ва айниқса, охирги зарбани беришдаги муаммоларни назарда тутган бўлиши мумкин. Аслида ҳам терма жамоамиздаги энг катта муаммо - ҳужум чизиғи. Ҳужумларда охирги "нуқта"ни қўйишда жуда оқсаб келамиз. Купердан аслида шу муаммони ечилишини кутгандик ва кутамиз. Албатта, тажрибали мутахассис бу муаммони кўрган ва биздаги ҳужумчи танқислигидан балки айнан Купернинг услуби бизга тўлиқ мос тушиш эҳтимоли ҳам йўқ эмас. Купер ҳимояни мустаҳкамлаган ҳолда ўйиндаги керакли балансни топа олса бўлгани. Танганинг иккита томони бўлгани каби, Купернинг бу услубидан ҳам яхши тарафларни излаш ёки кўриш мумкин. Муҳими, ҳали айтиб ўтганимдек, Купер нимани истаётганини ва ўз ғояси асосидаги футболни ўйинчиларимизга тўғри ва аниқ тушунтира олиши лозим. Чунки бизнинг футболчилар тўпсиз ўйнашга кўникишмаган ва табиийки бу услубни узлаштириш осон бўлмайди. Чунки ҳар бир футболчи ўзининг кучли тарафларидан фойдаланишни истайди. Купер футболчиларимиз кўникмаган услубни тушунтириши учун эса вақт керак. Купер бир нарсани аниқлиб олиши лозим чамамда, у истаётган футболни кўрсатиш футболчиларимизга тушунарлими? Улар буни қандай қабул қилишмоқда? Агарда футболчилар ҳам Купер услубини англаб етган ҳолда бу ишни уддалашга ишонишаётган бўлса, унда муаммо йўқ. Айнан шу жиҳатга ҳам кўп нарса боғлиқ.
Купер матбуот анжуманида футболчи танлаётганда авваламбор унинг жисмоний ҳолати ва жамоасида кўрсатаётган ўйини, яъни ўша кундаги оптимал спорт формасига эътибор қаратишини маълум қилди. Чунки у истаётган ҳимоявий ўйин қуришда, яъни тўпни рақибга бериб қўйган ҳолда ўйнаш натижасида футболчиларимиз кўпроқ куч йўқотишади. Шу боисдан ҳам Купер учун асосан футболчиларнинг жисмоний ҳолат биринчи ўринда турадиган жиҳат. Яна шуни айтиб ўтиш керакки, Купер ўз клубида асосий таркиб ўйинчиси бўлмаган футболчини ҳам терма жамоага жалб этиш тажрибасидан фойдаланиши мумкинлигини инкор этмади. Бу ҳам жаҳон футболи тажрибасида мавжуд. Яққол мисол сифатида Йоахим Лёв ва Германия терма жамоасини келтириш мумкин. Лекин Купернинг терма жамоага футболчи жалб этишдаги критерияларининг биринчи ва иккинчиси бир-бирига қарама-қарши. Аммо хулоса шуки, масалан қайсидир футболчи ўз клубида асосий таркиб футболчиси бўлмаган тақдирда ҳам Купернинг фалсафига кўпроқ мос тушиши мумкин. Айнан шуни назарда тутиб Купер ўз клубида асосий саналмаган футболчига ҳам таяниши мумкинлигини билдирди.
Қўшимча сифатида бир нарсани илтимос қилардим, баъзи ишқибозлар кечаги ўйинда футболчилар Куперни талабларини бажара олмади, ўйнай олмади, ундай-бундай қабилада ноўрин фикрларни билдиришган. Бир нарсани тушунинг, Купернинг услуби бизнинг футболга буткул тескари. Янги мураббийнинг қарашлари, фалсафаси, тактика ва услубига кўникиш ва ўрганиб олиш учун маълум вақт керак. Ўзбекистон терма жамоаси Сурия билан ўйинда ўзининг кучли тарафларини ишга солиб эмас, аввал бу рақибга қарши қўлламаган тактикасига асосан ўйнашга мажбур бўлди. Футболчилар эса майдонда мураббий кўрсатмасини бажаради. Тактик кўрсатмадан четга чиқадиган футболчини мураббий кечирмайди. Худди ишда ҳам ходимлар раҳбарнинг кўрсатмаси ва талабидан келиб чиққан ҳолда ишлагани каби.
Россия терма жамоаси ва Станислав Черчесовни рус матбуоти ва мухлислар шунақанги ерга ургани ва ўртоқлик ўйинларидан кейинги хулосалари билан кўмиб ташлагани кечагидек ёдимда. Ўшанда Россия терма жамоасига баҳо беришга эрта, шошилмаслик керак, деганида устимдан кулганлар кўпчиликни ташкил қилганди. Черчесов эса танқидлар ёмғири ва мазмунсиз ўйинлардан кейин ҳам ўзи учун етарли озуқа олганини қайта-қайта такрорлаганди. Ўшанда Россия терма жамоаси ўртоқлик ўйинларини барчасини жуда ёмон, аммо Конфедерациялар кубоги ва ЖЧни ажойиб ўтказган. Нима демоқчиман, мураббийни норасмий ўйиндаги футболи ёки натижаси учун танқид қилиш ва унга баҳо беришга шошилмаслик лозим. Ўзбекистон терма жамоасининг кечаги ўйинда ўзининг кучли тарафларидан фойдаланмагани, мазмунсиз ўйини ва мураббийнинг аниқ тушунтиришлари, матбуот анжуманидаги гаплари менга ўша 1 йил аввал рус матбуотидаги ҳолатни эслатди.
Буёғига терма жамоамиз буткул ўзгармоқда, Купер фалсафасини ўрганиш ва кўникиш жараёни бошланди. Келаси ўйинларда ҳам имкон қадар футболчиларни қўллаб-қувватлаб, ноўрин танқидлар ёки ҳақоратлар билан сийлашни бас қилсак мақсадга мувофиқ бўларди. Ўртоқлик ўйинлари мураббийнинг аниқ услубини ўзлаштириш, уни шакллантириш учун хизмат қилади. Натижа ёки ўйин сифати учун ўртоқлик баҳсларида кескин фикр билдириш эрта. Шу боисдан ҳам буёғига фақат Осиё кубогини кутамиз. Купер айтган мўъжизани биз Сурия билан ўйинда эмас, балки БААда бўладиган Осиё кубогида кутишга ҳақлимиз. Чунки мўъжиза ҳақида ҳам жаноб Купернинг ўзлари сўз очиб қўйдилар. Унгача эса мураббийлар штаби ва футболчиларга янги йўлда, катта марраларда омад тилаб қоламиз!
Фикрлар