Фарҳод Абдумавлонов: «Дўстларим мени Фигу деб чақиришарди»
26 nov 2015 11:19
News
Фарҳод Абдумавлонов: «Дўстларим мени Фигу деб чақиришарди»
Унда Колумбияда ўтказиладиган мундиалнинг 5та йўлланмаси учун кураш кечади. Ярим финалга чиққан терма жамоалар байрамни нишонлайверишлари мумкин. Шунингдек, чорак финалчилар орасида энг яхши натижага эга жамоа ҳам океан ортига йўл олиш имкониятини қўлга киритади. Шу пайтгача ўтказилган Осиё чемпионатларида терма жамоамизга ЖЧ йўлланмасини қўлга киритиш насиб этмаганди. Умид қиламизки, бу галги уриниш самарали якун топади. Маълумот ўрнида айтиш жоиз, пойтахтимиз ҳозиргача икки марта - 2006 ва 2010 йилларда қитъа чемпионатига мезбонлик қилган. Биз ушбу нуфузли мусобақага кўрилаётган тайёргарлик юзасидан терма жамоамизнинг етакчи футзалчиси Фарҳод Абдумавлонов билан суҳбат уюштирдик.
- Фарҳод, куни кеча Япониядан қайтиб келдинглар. Суҳбатимиз аввалида кунчиқар юртга уюштирилган сафар таассуротлари билан ўртоқлашсангиз.
- Японияда уч кун бўлдик. Сафардан кўзланган мақсад ушбу юрт терма жамоаси билан ўртоқлик учрашуви ўтказиш эди. Режага биноан икки кун ичида иккита ўйинда майдонга тушдик. Илк баҳсда мезбонларга 0:3 ҳисобида имкониятни бой бердик. Бу мағлубиятнинг ўзига яраша сабаблари бор. Биринчи галда йўл машаққати. Нагоя шаҳрига етиб бориш учун бир кун вақт сарфладик. Дастлаб Тошкентдан Сеулга, кейин эса Токио ва у ердан ўйин ўтказиладиган шаҳарга учдик. Манзилга ярим тунда етиб бориб, эртасига куннинг биринчи ярмида майдонга тушдик. Чарчоқ аломатлари ўз сўзини айтди. Қолаверса, Япония жуда кучли рақиб. Ҳар ҳолда улар амалдаги Осиё чемпионлари ҳисобланишади. Шунга қарамай, учрашув давомида дарвозани ишғол қилиш учун қатор имкониятларни яратдик. Лекин улардан унумли фойдалана билмадик. Баъзи ҳолатларда дарвозабон мезбонлар жонига оро кирди. Эртаси куни иккинчи ўйинни ўтказдик. Бу сафар 4:4 ҳисобидаги жанговар дурангга имзо чекдик. Баҳс ўта шиддатли кечди. Ҳатто унда ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин эди. Бироқ юзага келтирилган қулай вазиятлардан фойдалана олмаслик панд берди. Ўтказилган иккита ўйин биз учун ҳар томонлама фойдали бўлди. Япония сингари кучли жамоаларга қарши баҳсларда камчиликларимиз кўзга ташланади. Олдинда термамизни бир нечта ўқув-машғулот йиғинлари ва халқаро ўртоқлик учрашувлари кутиб турибди. Энг аввало, хатолар устида ишлаймиз. Режага кўра, декабрь ойида иккита хориж йиғини ташкил этилиб, унинг доирасида 4та ўртоқлик ўйини ўтказамиз. Аввалига 2-3 декабрь кунлари Минск шаҳрида Беларусь термаси билан ўртоқлик учрашувларида майдонга тушамиз. Бу жамоа билан шу пайтгача икки бор тўқнаш келганмиз. Боку шаҳрида ўтган халқаро турнирда беларусликларни 1:0 ҳисобида мағлубиятга учратганмиз. Тошкентда ўтган кичик турнирда эса 1:1 ҳисоби қайд этилганди. Кейин у ердан Доҳага йўл оламиз. 7-9 декабрь кунлари Қатар термаси билан иккита ўртоқлик баҳси ўтказилади. Январь ойида эса Тошкентда йиғин ташкил этилади. Шунингдек, бир нечта федерациялар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказиш бўйича музокаралар олиб бориляпти. Вьетнам ёки Озарбайжон термасидан бирининг Тошкентга келиши кутилмоқда. Ўйлайманки, февралга юқори спорт формасида етиб борамиз ва Осиё чемпионатида муносиб иштирок этиб, жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритамиз.
- Испаниялик мутахассис машғулотларда асосий урғуни нималарга қаратяпти?
- Хосе Мария Мендез тажрибали мутахассис. Таиланд клубини илк бор клублар ўртасидаги Осиё чемпионига айлантирди. Машғулотларга келсак, куннинг биринчи ярмида асосий эътибор техника ва тактикага қаратиляпти. Кейин эса жисмоний ҳолатни яхшилашга ҳаракат қиляпмиз. Бу ўринда фақат кучга ишлаш ёки югуриш эмас, балки тезлик ва тўп билан ишлашга ҳам аҳамият беряпмиз. Испаниялик мутахассиснинг фалсафаси шундай. Қолаверса, у кучли руҳшунос ҳам ҳисобланади. Бу мураббий бошчилигида энг олий мақсад - жаҳон чемпионати йўлланмасини қўлга киритишимизга ишонаман. Тошкентда ўтадиган Осиё чемпионати бизга энг қулай имкониятни тақдим этади. Бундан унумли фойдаланиб қолиш керак. «Ўз уйингда деворлар ҳам ёрдам беради», деб бежиз айтишмаган-ку! Аренани тўлдириб ўтирадиган мухлисларимизнинг қўллаб-қувватлашлари натижасида муваффақиятга эришамиз, деган умиддаман.
- Авваллари Эрон, Япония ва Таиланд асосий рақибларга айланишарди. Сўнгги йилларда эса қитъамизнинг бошқа термаларида ҳам ўсиш кузатилди. Шахсан сиз яна қайси жамоалардан рақобат кутяпсиз?
- Эшитишимча, қатарликлар Тошкентга кучли тайёргарлик билан келишади. Бу терма жамоа таркибида 4-5 нафар бразилиялик ўйинчилар бор экан. Сир эмас, жанубий америкалик футзалчилар бутун дунёда кучлилар қаторида зикр этиладилар. Қатар бошқа спорт турлари сингари футзалда ҳам легионерлар хизматидан фойдаланяпти. Юқорида айтганимдек, декабрь ойида ушбу юрт вакиллари билан Доҳада иккита ўртоқлик ўйинида майдонга тушамиз. Ўша учрашувларда рақиб кучини чамалаб кўриш имконияти пайдо бўлади. Қолаверса, Қувайт, Вьетнам, Ливан термалари бор. Билишимча, вьетнамликларга ҳам испаниялик мутахассис устозлик қилмоқда.
- Ўтган йили Қозоғистон чемпионатида ўйнаб, тажриба тўплаб қайтдингиз. Қўшни давлат чемпионати савияси ҳақида нима дея оласиз?
- Қозоғистон чемпионати жуда кучли. Фикримни «Қайрат»нинг сўнгги йилларда УЕФА кубогида эришаётган ютуқлари ҳам тасдиқлайди. Жамоа Европа чемпионлигини қўлга киритди. Қозоғистон клублари молиявий жиҳатдан анча барқарор. Ўз вақтида Таразнинг «СКА-Юг», Алматининг «БТА-Футзал» жамоаларида ўйнадим. Гарчи мамлакат чемпионлигини қўлга киритолмаган бўлсамда, совриндорлар сафидан жой олдик. Кубок баҳсларида финалга қадар етиб бордик. 2014 йилда Қозоғистон олий лигасида жамоалар сони қисқартирилди. Чемпионатда аввалгидек 10та эмас, 8та жамоа қатнашди. Маълум сабабларга кўра, «БТА-Футзал» мусобақадаги иштирокини тўхтатди. Шунингдек, Қирғизистоннинг «Дордой» клуби ҳам мусобақани тарк этди. Қозоғистон чемпионатида кучли клубларнинг иштирок этаётгани мухлисларни ўзига жалб қилади. Юқорида айтганимдек, жамоалар легионерлар ҳисобига кучайишган. «Қайрат»дан ташқари «Тулпор», «Аят» каби клублар чемпионат савиясини белгилаб беришади.
- Молиявий томондан олиб қарасак, чемпионатларимиз орасидаги тафовут камайяптими?
- Олдинги йилларга таққослаганда бу борадаги фарқ йўқолиб боряпти, дейиш мумкин. Жорий йилдан эътиборан мамлакатимиз жамоаларида ҳам молиявий барқарорлик кузатилди. Маош миқдори унчалик катта бўлмасада, футзалчилар билан ўз вақтида ҳисоб-китоб қилиняпти. Жамоаларни молиялаштириш борасида ҳар икки мамлакатдаги ҳолат деярли бир хил.
- Авваллари кўплаб футзалчиларимиз Қозоғистон чемпионатида тўп суришарди. Ҳозир эса вазият ўзгарган. Сизнингча, бунга сабаб нима?
- Биринчидан, Қозоғистон чемпионатида кучли рақобат ҳукмрон. Қолаверса, Ўзбекистон чемпионатининг савияси ҳам анча юксалди. Айтмоқчиманки, қўшни мамлакатга бориб, ўртамиёна клублар сафида ўйнашга ҳожат йўқ. Икки ойдан сўнг пойтахтимизда Осиё чемпионати ўтказилади. Бундай ҳолатда футзалчиларнинг терма жамоа бош мураббийи кўз ўнгида бўлгани маъқулроқ. Шу тариқа мураббийда уларнинг бугунги ҳолати билан танишиш имкони туғилади. Ўз вақтида Дилшод Ирсалиев ҳамда Жамолиддин Шарипов каби футзалчилар «СКА-Юг» шарафини ҳимоя қилишди. Александр Петров «БТА-Футзал» клубида бош мураббий лавозимида ишлади. Артур Юнусов Озарбайжон чемпионатида иштирок этиб қайтди. Мана, иккинчи йилдирки, термамизнинг собиқ сардори Шуҳрат Тожибоев Хитойда ўйнаяпти. Менимча, Осиё чемпионати якунланганидан кейин хорижда тўп сурадиган футзалчиларимиз сони ортади. Очиғи, менга ҳозир ҳам Қозоғистон клубларидан таклифлар келяпти. Лекин айни пайтда фикру хаёлим Осиё чемпионатига қаратилган. Таклифларни ушбу турнирдан кейин кўриб чиқаверамиз.
- Сиз тақлид қиладиган футзалчилар борми?
- Биласизми, ҳар бир футзалчидан ниманидир ўрганиш мумкин. Шахсан мен шу ақидага амал қиламан. Ҳар бир инсон қайси соҳада ишлашидан қатъий назар, изланиш ва ўрганишдан тўхтаб қолмаслиги керак. Айниқса, спортда бу жуда муҳим. Ҳамиша олдинга интилиб, янгиликлардан бохабар бўлиб бориш лозим. Саволингизга келсак, Ўзбекистон терма жамоасининг катта мураббийи Баҳодир Аҳмедовнинг ўйинларидан ҳар доим завқ олганман. У билан бир жамоада ўйнаш бахтига муяссар бўлганман. Аҳмедов Осиё чемпионатларида иштирок этиш бўйича рекордчи ҳисобланади.
- 19-24 октябрь кунлари пойтахтимиздаги «Ўзбекистон» спорт мажмуасида ўтган XX миллий чемпионатимизнинг 1-тур учрашувлари шуни кўрсатдики, рақобат бу йил анча кучли бўлади. Шундай эмасми?
- Фикрингизга юз фоиз қўшиламан. Олий лиганинг жорий мавсуми аввалгиларидан фарқли равишда муросасиз курашлар билан бошланди. Илк турдаёқ бир нечта кутилмаган натижалар қайд этилди. Масалан, биринчи турнинг илк куниёқ мен тўп сураётган «Ардус» клуби пойтахт вилоятининг «Олмалиқ» жамоасига 0:3 ҳисобида ютқазиб қўйди. Бу ўйиндан кейин кўпчилик «Олмалиқ»нинг биринчи турни юз фоизлик натижа билан якунлашини кутишди. Лекин амалда бундай бўлиб чиқмади. Қаршининг «Дўстлик» жамоаси билан баҳсда олмалиқликлар 0:2 ҳисобида имкониятни бой беришди. Ўз ўрнида қаршиликлар Андижоннинг «Турон» жамоаси билан баҳсда икки очко йўқотишди. «Олмалиқ» «Бунёдкор»га қарши кечган ўйин якунланишига 34 сония қолган бир пайтда мағлубиятдан қутулиб қолди. Иккинчи тур олдидан турнир жадвалида «Дўстлик» пешқадам. «Олмалиқ» ва «Ардус» эса уларнинг асосий таъқибчисига айланишган. Ўйлайманки, иккинчи давра учрашувларида йўқотилган очколар ўрнини тўлдириб оламиз.
- Фарҳод, энди футзалга кириб келишингиз ҳақида гапириб берсангиз.
- Ўрта мактабнинг 7-синфида ўқиб юрган кезларим Юнусобод туманидаги болалар ва ўсмирлар футбол мактабига борганман. Миллионлар ўйинидаги илк сабоқларни Аюб акадан олганман. Кейин Тошкент шаҳрининг «Саховат» жамоасида бир давра ўйнадим. Бу орада футзалга таклиф қилишди. Ўша пайтда алоқа ходимлари ўртасида турнир ўтказиларди. Мана шу мусобақада ўзимиздан яхши таассурот қолдиргандик. Турнирни кузатиб борган «Ардус»нинг ўша пайтдаги бош мураббийи Александр Петров мен ва дўстим Шаҳзод Бўриевни жамоага таклиф қилган. Бу биз учун кутилмаган чорлов эди. Чунки «Ардус» ўша йиллари Ўзбекистоннинг тенгсиз клуби бўлган. Александр Геннадьевичнинг кўригидан муваффақиятли ўтганимдан сўнг ушбу жамоа сафида ўйнай бошладим. Зарафшонда ўтказилган мамлакат чемпионати баҳсларида иштирок этганимдан кейин фаолиятимни бутунлай футзал билан боғлашга қарор қилдим. Ваҳоланки, ўша йили мени Қозоғистоннинг «Тараз» футбол клубига ҳам таклиф қилишганди. Билмадим, футзал кўпроқ маъқул келгани учунми, фаолиятимни ушбу спорт турида давом эттиришга қарор қилдим. «Ардус»даги бир йиллик фаолиятимдан сўнг мени миллий термага чақиришди. Ҳаётимдаги бу лаҳзаларни ҳеч қачон унутмайман. Мамлакат чемпиони бўлдим, легионер сифатида ўйнадим. «Ардус» таркибида клублар ўртасидаги Осиё чемпионатида кумуш медални қўлга киритдим. 2014 йили Вьетнамда ўтган Осиё чемпионатида терма жамоамиз билан бирга бронза медалини қўлга киритдик. Энди бош мақсадим - жаҳон чемпионатида қатнашиш.
- Катта футболда қайси жамоага мухлислик қиласиз?
- «Пахтакор»га. Болалигимда шу клуб сафида ўйнашни орзу қилганман. Европадан эса Мадриднинг «Реал» клуби ўйинларига бефарқ эмасман.
- Футболчилардан-чи?
- Авваллари Луиш Фигунинг майдондаги хатти-ҳаракатларидан завқ олардим. Футболга илк бор қадам қўйиб, «Дон Спорт» клубида ўйнаб юрган кезларим Фигу «Реал» жамоасида тўп сурарди. Дўстларим ўшанда мени Фигу деб чақиришга одатлангандилар.
- Келаси йили Францияда футбол бўйича Европа чемпионати ўтказилади. Бу сафар ушбу турнирнинг финал босқичида аввалгидек 16та эмас, балки 24та терма жамоа қатнашади. Нима деб ўйлайсиз, соннинг ортиши сифатга таъсир ўтказмасмикан?
- Буни вақт кўрсатади. Менимча, УЕФА бошқа ўртамиёна жамоаларга ҳам имконият бериш мақсадида шундай қарорга келган. Руминия, Украина, Словения, Сербия каби давлат термалари финал босқичига чиқолмай қолиб кетишарди. УЕФА шуларни инобатга олган бўлиши керак. Мана, Украина «плей-офф»дан муваффақиятли ўтди. Энг кутилмаган ҳолат сифатида албатта, Голландия терма жамоасининг финал босқичига чиқа олмаганини кўрсатиш мумкин.
- Шахсан сиз бўлажак Европа чемпионатида қайси жамоага мухлислик қиласиз?
- Германия термасига. Ўйлайманки, Европа чемпионлигини айнан Йоахим Лев шогирдлари қўлга киритишади.
Камолиддин Алимов суҳбатлашди
Comments