"Эль Классико"дан жонли репортаж ёхуд мен кутмаган Иньеста
22 nov 2015 16:22
News
"Эль Классико"дан жонли репортаж ёхуд мен кутмаган Иньеста
Ўхшамаган аккредитация
Испанияга боришим маълум бўлганидан сўнг биринчи бўлиб "Реал" клубининг матбуот хизматига хат ёзиш бўлди. Мақсад битта, учрашувга аккредитация олиш. Хат кетиши билан 3 соат ўтмай жавоб келди. "Сўровингиз қабул қилинди, 19 ноябрь куни жавобини оласиз". Чипта учун ҳаракат қилмадим. 1 ой аввал ёзилган хатга иккинчи жавоб айнан айтилган пайтга келди. "Биз билан йиллар давомида ишлаб келадиган ҳамкорларимиздан ўйинга бўлган эътибор катта бўлгани учун сизга аккредитация бера олмаймиз". Кайфият тушди. Чипталар қиммат. Бир ой аввал кассаларда сотиб бўлинган чипталарнинг нархи 500 евродан ошиб кетган. Ҳа, майли. Чиптаси борлар билан стадионга боравераман. жа бўлмаса атрофдаги муҳит билан танишаман-ку. Сайт учун репортаж бўлади дедим.
Мадрид шаҳрига кириб борар экансиз, мухлисларни кутиб олган гид (саёҳатчиларга "лағмон" илувчи) "Реал"ни маҳаллий аҳоли учун қанчалик устун туришини айтиб берди. Шу боисдан футбол бўладиган кунлари шаҳардаги барча эътибор "Реал"га қаратилади. "Эль Классико"ни-ку, айтмаса ҳам бўлади. Париждаги бўлган воқеалардан сўнг текширув бир неча баробарга оширилган. Стадион ҳудудига ҳеч қандай халта (сумка) кўринишидаги буюмларни олиб кира олмайсиз. Аввалги ўйинлардан фарқли равишда бу сафар мухлислар иккита кўча наридан чипталари билан текширувдан ўтишини айтишди. Бу эса мен каби чиптасиз мухлислар учун ўйинга кириш имкониятини янада туширарди. Боиси, кассада чипта қолмаган, олибсотарлар эса ичкарида.
7 ёшдан 70 ёшгача бўлган мухлислар
"Барселона" мухлислари аллақачон ўз секторларидан ўрин олганлар. "Реал"нинг ашаддий мухлислари ҳам. "Реал" мухлисларига дарвозанинг энг юқори қисмидан жой ажратилар экан. Стадион тўрт қават бўлиб, фақатгина биринчи қават ва иккинчи қаватнинг олди қаторидан футболчиларни яхши кўрасиз. Қолган қаватлар даромад топиш учундек гўёки. Майдон жуда узоқ. Хуллас, стадионга мухлисларнинг ташрифи ошган. Ҳар кимнинг қўлида ўз чиптаси бор, шундай экан, 5 дақиқа қолганида ҳам ўз ўриндиғига бориб ўтириши мумкин. Ҳеч ким бировни туртаётгани йўқ. Маркетинг ҳақида ҳеч нима демайман, "mute". Биз ҳам ўйинга атаб чиқарилган шарфларни ёйма бозорда 5 евродан олдик. Ўйинга кирмасак-да, шарфларни тақиб бирон бир кафега боришни режа қилиб тургандик. Боиси, меҳмонхонада ўйинни кўра олмайсиз. Умуман олганда, биронта жойдаги бепул ТВда "Эль Классико" йўқ. Футбол - бу пул. Стадион атрофида бепул wi fi ишлаб турибди. Стадионга оилавий ташриф буюриш одат. Икки қария, ёши чамаси 60-70 ёш оралиғида. 7 ёшли бола момо ва бобоси билан "Эль Классико"га киряпти. Уларнинг қўлида ойлик абонемент, бу дегани уларда футболга шундай тартибда кириш одат. Балки "Галатасарой"нинг ўйинида "Фенербахче" деб бақира олмассиз, аммо "Сантьяго Бернабеу"да "Барселона"нинг шарфи ёки формаси билан мадридликлар орасида юриб, "Барселона" - чемпион, гол урганда, "Гол" деб бақирсангиз сизга ҳеч ким индамайди. Ҳамма уриш, сайтимизнинг "коменти"да экан. Мухлислар ўртасидаги маданият жуда кучли, бир-бирига ҳурмат юқори. Қариялар олдида ҳеч ким сўкинмайди. Умуман, деярли сўкинишмайди.
Чипталар бор, чипталар...
Қатарда бўлиб ўтган Яман - Ўзбекистон учрашувига борган бир гуруҳ мухлислар, бирйўла Мадридга ҳам келган эдилар. Улардан ташқари яна 20 нафарга яқин мухлислар Тошкентдан Европага учдилар. Шу ўринда, фаолиятимдаги биринчи Европа сафарига йўл очиб берган Абдураҳмон Фозиловга ўзим ва сайтимиз номидан ўз миннатдорчилигимни билдирамиз.
Ўйинга бир ой аввал чипта олган аксар мухлисларимиз ҳеч қандай муаммосиз стадионга кириб кетишди. Биз эса ўзимизни омад қушимизни келиб бошимизга қўнишини кутаётган эдик. Мен кабилар 15 нафарга яқин эди. Бир киши чиптаси борлигини айтиб чиқиб қолди. Юқорида ёзиб ўтдим, асосий олибсотарлар стадионнинг ичида эди. Тартиб посбонлари эса чиптасизларни у томонга қўймаётгандилар. Абдураҳмон Фозилов ўша битта чиптанинг олдида, ичкаридан бизга ҳам чипта олишга ҳаракат қилишга кириб кетди. Кўп ўтмай бирин-кетин омад қушлари чиқиб келавердилар. Аммо мен учун улар таклиф қилаётган нархлар тўғри келмасди. Шунда...
Шерикларимиздан бири: "Нодирхўжа, бунда чипта бор экан, сўранг-чи нима деяпти", - деб мурожаат қилиб қолди.
Буни қарангки, бу киши олибсотар эмас, оилавий стадионга кирмоқчи бўлган ишқибоз экан. Аммо режалари ўзгариб қолиб, учта чипта эгаси ўйинга келмаганини айтди. Чиптани 410 еврога беришини айтди, кейин аниқлаштирсак, у чипталарни 410 еврога таклиф қилган экан. Ўйинга яқин бундай ҳолатлар кўпаяверар экан. Шунда уч кишига 136 евродан айланган чипта билан "Сантьяго Бернабеу" томон кириб бордик. Аммо юракда ғулғула бор эди. Сабаби 20 дақиқа аввал доғистонлик ишқибоз, олибсотарларнинг биридан чипта олаётган чоғида қўлга тушган экан, уни ҳам, сотувчини ҳам посбонлар паспортини олиб қўйишибди. Аксига олиб бундай пайтда сохта чипталар ҳам кўпайиб кетган. Стадион турникетига яқинлашар эканман, чипта назоратчиси уни махсус жойга қўйди, "қизил" чироқ. Тамом, чипта сохта экан. Икки сония ўтмай, у чиптанинг бошқа томонини қўйди, "кўк" ёнди, салом "Сантьяго Бернабеу", салом "Эль Классико"!
Буни сўз билан таърифлаб бера олмайман. Стадионга 85 000 нафар мухлис келди. Лекин ҳеч қандай тартиб бузиш йўқ. Юқорида айтиб ўтганимдек, ҳеч кимнинг жойига ҳеч ким эга чиқмайди. Стадион атрофи, секторлар ичида турли туман сотувлар авжида. Мухлислар нафақат футбол кўришади, балки улар учун бу чойхона, театр, дийдор, жонли ижро... Бари бир ерда, бари "Сантьяго Бернабеу"да. Нафақат бу ерда, балки Европадаги барча стадионларда шундай ҳолатга гувоҳи бўласиз. Мана футбол нима! Энг қизиғи, шу куни Ўзбекистонда чемпионни аниқлашаётгани тўғрисини айтсам, ҳаёлимнинг бир четига ҳам келмаганди. Сайтдаги "коментлар"да ўқидим, "тақдирлашнинг ахволини қаранг", демак, зиғирча ҳам ҳеч нима йўқотмадим. Олий лигада спектакл мавсуми якунига етган кунда, мен ҳақиқий футбол спектаклида эдим.
"Hala Madrid, Hala Madrid..."
Ҳар бир ўриндиққа мухлислар кўтариши учун катта оқ қоғоз қўйиб чиқилган. Бу нарсани "Ноу Камп"да қойиллатишади. "Реал"да шунчаки оқ фон ясашди холос. Ўйинга 45 дақиқа қолганда жамоалар майдонга чиқиб келишди. Меҳмон бўлса-да, "Барселона" футболчилари ўзларига ажратилган қисмнинг барча ерларига бориб мухлисларга қарсак чалиб қайтишди. Оз-моз ҳуштакбозлик бўлди, лекин бирон киши шахсиятга тегинмади.
20 дақиқа қолганида эса таркиб таништирилди. "Реал"нинг таркибини стадион жўр бўлиб айтди. Қўшиқчиларга ўхшаб авжини охирида олишар экан. Таркиб рейтингга қараб ўқилади. Сўнггида, "Кариииииммм Бенземаааааа, Гарет Бееейллллл... Криштиануууууу Роналдууууу". Айнан 7-рақам эгасига келганда стадион "портлади".
Мухлислар "Hala Madrid" қўшиғини айтишмоқда. Футбол бошланди!
Иньесталона
"Эль Классико"га тушсанг-у, у ерда Месси бўлмаса... Бироз аламли. Лекин сен "Барселона" мухлиси бўлсанг ва ҳисобни айнан улар очса, майдонда ким тўп тепиши ўз аҳамиятини йўқотади. Сайтимиздаги барча "Реал" мухлисларини ҳурмат қилган ҳолда айтаман, бу ўйинга мен ишқибоз сифатида тушдим.
Ўйин бошидаги вазиятдан унумли фойдаланганда балки "Реал" учун ҳисоб бошқача бўларди. Аммо Бравонинг маҳорати ва майдондаги Иньестанинг ўйини "Барселона"ни ўзгартириб юборди. Олий лигамизда футбол томоша қилар экансиз, ўртада тўп билан кетаётган ярим ҳимоячининг тўпни кимга оширишни билмай қолишини 90 фоиз вазиятда кўрасиз. Натижада тўплар яна орқага оширилади. Бу ерда ҳам футбол биз ТВда кўрганимизчалик жуда тез эмас. Футболчиларнинг энг кучли томонини икки вазиятда кўрасиз. Ҳимоядаги барқарорлик ва бўш турган футболчига тўпни қийинчиликсиз, чиранмасдан етказиб бериш. Бизнинг футболга айнан шу нарса етишмаяпти. Ва табиийки атрофдаги севрис. Шу стадиондаги муҳитга "Нефтчи" ва "Пахтакор"ни тушириб, тўпни аниқ бир-бирига етказиб беришни ўргатинг, улардан кам ўйин бўлмайди. "Барса" кеча тики-така ўйнамади. 20-30 метр масофалардан зўр чиқиб кетди. "Реал"да ҳам шундай бўлди, аммо "Барселона" посбонининг маҳорати каталонияликларга асқотди. Роналду яшин тезлигида учди деб айта олмайман. Лекин финтни турган жойида шундай тез ишлатиб олдинга чиқиб кетяпти-ки, худди уни учяпти деб ўйлайсиз.
РОМАНТИКА ёхуд Флорентино Перес "Реал"ни тинч қўй!
Ҳисоб 3:0 кўриниш олган вазиятда "Реал" мухлислари ўтирган секторда "Гол" дедим. Сал пастроғимда икки севишган, ўринларидан туриб қучоқлашди. Ана романтика. "Сантьяго Бернабеу"да, "Hala Madrid" дея қўшиқ айтган "Реал" мухлисларининг қоқ марказида, "Реал" мухлислари" бошларини чангаллаб ўтирган бир пайтда икки севишган туради-да, барчанинг олдида қучоқлашади, мен эса уларни суратга оламан...
4:0 дан кейин, ўйин бошида мозайка ҳосил қилиниши керак бўлган оқ байроқлар, Флорентино Переснинг ишдан кетишини сўраб ҳайқирган "Реал" мухлислари учун мағлубият байроғи сифатида кўтарилди. Гарчанд, Бенитес ҳеч нимани қойиллата олмаётган бўлса-да, айнан уни жамоага олиб келган Флорентино Перес барчасига айбдор сифатида қараляпти. Иньестанинг голига таъриф бермайман, шунчаки уни захира футболчисига алмаштираётганидаги ҳолат акс этган 9 сониялик видеони кўришингизни маслаҳат бераман.
Биздаги дербиларда рақиб футболчисини сўкиб, ҳуштак чалиб, бақириб, қийқириб кузатишаётганини кўриб ўрганиб қолган эканман, "Реал" мухлисларини қарсак билан "Барса" афсонасини кузатиб қўйишгани тақсинга сазовор бўлганини таъкидлаб ўтган бўлардим. Айнан Иньестанинг ўйини туфайли кеча ҳеч ким Мессини эсламади. Ўйинда ҳам битта вазиятга эга бўлган Леога бироз совуққонлик етишмади. Биргина Роналду эса жамоа бўла олмади.
Ўйин тугади, мухлислар тартибни сақлаган ҳолда стадионни тарк этдилар. Биз эса меҳмонхонамизга, буни қарангки, меҳмонхонамизнинг номи ҳам ўзгача - "Catalonia.
Бугун "Сантьяго Бернабеу"га саёҳат. Бу ҳақда энди эртага...
Ўз навбатида "CA"ни "Эль Классико"дан жонли репортажни тайёрлашида яқиндан ёрдам бергани учун, Ўзбекистон мухлислар клубининг сардори Абдураҳмон Фозилов ва "Oreo" савдо брендига ўз миннатдорчилигимизни билдирамиз.
Нодирхўжа Юлдашев.
Comments