Latest news

22:15Париж-2024. Марокаш ва Аргентина плей-офф йўлланмасини қўлга киритди  1 22:02"Андижон" сербиялик футболчи билан шартнома имзолади  2 21:41"Насаф" "Атлетико Мадрид"да ўйнаган сербиялик футболчини таркибга қўшиб олди  5 21:24ОКМКни Қосимов ва яна икки нафар футболчи тарк этди  8 21:03Париж-2024. Миср Испанияни мағлуб этиб, гуруҳ пешқадами сифатида плей-оффга йўл олди  10 20:51Аббос Файзуллаев: "Олимпиадага ҳеч ким мағлубиятга учраймиз ёки гуруҳда қолиб кетамиз деган мақсадда келмайди"  18 20:28"Металлург" 11 нафар футболчини рўйхатдан ўтказди, улардан 2 таси — легионер  5 20:10Россия кубоги. "Рубин" — "Акрон". Эсанов дебют қилади, Ашурматов ҳам асосийда  3 20:00Расмий хабар: "Насаф" Жанубий Судан терма жамоаси аъзоси билан шартнома тузди  12 19:55Париж-2024. Доминикан Республикаси - Ўзбекистон учрашувида ғолиб номи аниқланмади  164 19:44"Ювентус" янги мавсум сафар либосини намойиш этди  1 19:31"Зенит" ярим ҳимоячисини сотиб юбормоқчи  1 19:07Почеттино "Ньюкасл" бош мураббийига айланиши мумкин  2 18:38Миранчук "Аталанта"дан "Атланта Юнайтед"га ўтди  0 18:10"Футбол бола тилидан" лойиҳаси давом этади. Меҳмонимиз - 11 ёшли Абдуллоҳ Абдураимов  0

Бахтиёр Толипов: "Ўз-ўзини маблағ билан таъминлаётган ягона клуб бўлсак керак" News

Бахтиёр Толипов: "Ўз-ўзини маблағ билан таъминлаётган ягона клуб бўлсак керак"

Ўзбекистон клубларида ўз-ўзини маблағ билан таъминлаш борасида деярли фаолият кетмаётганлиги айни ҳақиқатдир. Қачонки ҳомийлардан пул ҳисоб рақамларига келиб тушади, кейин иш олдинга юради.
Қўқонликларни бу борада барчага ўрнак сифатида кўрсатиш мумкин. Шубҳасиз ҳаракатлари шу зайлда давом этса, яқин беш йил ичида мамлакатимизнинг етакчи клубларидан бирига айланишлари шубҳасиз. Биргина 300 нафар инсонларни иш билан таъминлаш билан бир қаторда, яхшигина миқдорда даромад олишлари муқаррар бўлган ип-газлама ишлаб чиқариш корхонасининг барпо этилаётганлиги фикрларимизнинг исботидир. Кенг кўламда давом этаётган қурилиш-монтаж жараёнини ўзимиз бевосита кузатиб, улкан таассуротларга эга бўлдик. Шу йилнинг охиригача эса клуб аъзолари учун мўлжалланган, замонавий типдаги базалари ҳам қад кўтаради. Барига бош-қош бўлиб турган ташаббускор инсон, «Қўқон-1912» клуби вице-президенти Бахтиёр ака Толиповнинг ҳамроҳлигида иш жараёни билан танишиб чиққач, бир қатор саволларимиз билан мурожаат этдик.

- Ҳар сафар амалга ошираётган ижобий ишларингнинг янги намунаси билан танишиб чиқамиз. Сиз бир жойда тўхтаб қолишни ёқтирмайдиган раҳбарлар тоифасига кирасиз. Бошқа амалга оширмоқчи бўлаётган режа ва ғояларингиз борлигини тахмин қилиш қийин эмас.
- «Қўқон-1912» олий лигага чиққанидан сўнг беш йилга мўлжалланган ривожланиш режасини тузиб чиққанмиз. Энг аввало клуб инфратузилмасини ривожлантириш бош мақсад қилиб олинган. Бугунги кунда ўзини-ўзи маблағ билан таъминлаб келаётган олий лигадаги ягона клуб бўлсак керак.  Ғоямиз бўйича йилдан-йилга маблағларимиз салмоғи ортиб бориши кўзда тутилган. Жамоа аъзолари учун мўлжалланган янги базани барпо этиш учун олиб борилаётган қурилиш ишлари йил якунида ўз ниҳоясига етади. Клуб қошида ип-йигирув комбинатини барпо қилишни режалаштираётгандик ва шаҳардаги кимё заводининг қаровсиз қолиб кетган биноларидан бирини бизга беришди. У жойда ҳам бунёдкорлик ишлари 60-70 фоизга амалга ошириб бўлинди. Қурилиш ишлари шу йилнинг 1 июлигача якунланиши керак. Барча дастгоҳлар хориждан келтирилади ва кредит асосида сотиб оламиз.

Республика «Асакабанк»дан 7 миллион 596 минг евро миқдорида кредит ажратишлари борасида ҳужжатларни тақдим этганмиз. Шартномалар тузилиб бўлинди. Июль ойидан кейин кондиционерларни ўрнатиш ишлари Туркия фирмаси томонидан амалга оширилади. 1 ноябрдан эса дастгоҳлар олиб келиниб, ўрнатилади. Мўлжалимиз бўйича 2016 йилнинг апрель ойидан бошлаб маҳсулотларимиз сотувга чиқарила бошлайди. Бир кунда жаҳон стандартларига тўла мос тушадиган калава 10 тонна-ю 800 кило миқдорида ишлаб чиқарувчи қувватга эга бўлинади.

Асосий маҳсулотлар экспортга чиқарилади. Қолаверса, ўтган сафар ҳам таъкидлаб ўтганимдек, шаҳардаги 4 йилдан бери битказилмай қолаётган автовокзал балансимизга ўтказилгач, ҳозирда уни ҳам капитал таъмирламоқдамиз. Қўқон шаҳар ҳокимининг бу борадаги қарори чиқди ва бундан буён автовокзалдан тушадиган даромадлар ҳам клуб тараққиёти учун хизмат қилади. У ҳам июль ойидан тўлиқ фаолият кўрсата бошлайди. Ишлаб чиқаришнинг иккала йўналиши бўйича алоҳида МЧЖ очганмиз. «Футбол-транс» МЧЖмиз бир кунда клуб ҳисоб рақамига 1 миллион сўм даромад келтирмоқда. Асосан юк ташувчи транспортлар ҳисобидан бўлмоқда. Автовокзал ишга тушгач эса йилига 1-1,5 миллиард сўм миқдорида фойда олиниши кўзда тутилмоқда. Комбинатимиз тўлиқ қувват билан ишлашни бошлаганда эса йиллик даромадимиз қўшимча равишда 5-6 миллиард сўмга кўпаяди. Режамизга кўра 2019 йилга бориб Осиё Кубокларида иштирок этишимиз керак.

Бунинг учун ундан аввалги чемпионатда камида совриндорлар қаторида бўлишимиз ёки биллур совринни қўлга киритишимиз талаб этилади. Демак, стадион ҳам барча халқаро талабларга жавоб берадиган даражада бўлиши керак. Шу сабабли шаҳар ва вилоят ҳокимлигига бир қатор таклифлар билан мурожаат этдик. Янги стадион қурмоқчимиз. Эскисини бузиб ташлаб, ўрнида барпо этиладиган бўлса, жамоа тўп суриб турадиган бошқа манзил қидиришимизга тўғри келади. Ҳозирги сиғим бизни қониқтирмайди. 15-20 минг ўринли янги спорт иншооти Қўқондаги Муқимий шаҳарчаси ҳудудида барпо этилиши кўзда тутилмоқда. Соф футбол ўйинига мослашган стадион бўлади. Келаси йили ўринбосарларни тайёрлайдиган академия қурилишини бошлаб олсак, кейингисида стадионга уринмоқчимиз. Таъсисчимиз - умуман қайси раҳбарларнинг олдига кирмайлик, барчалари футболни чин юракдан ёқтиришларига амин бўлмоқдамиз. Айрим юзага келган муаммоларимизни ҳал этиш учун қабулларига борганимизда, футбол учун бўлса марҳамат дея тезда бажариб беришяпти. Ўзим турли соҳаларда 30 йил раҳбар бўлиб ишладим. Бугунги замон раҳбарига ғояни айтиш эмас, мўлжалланган режангизнинг ечимини кўрсатиб бера олсангиз, шунда сизни қўллаб-қувватлашади.

- Пулни ўзинглар мис-қоллаб топишга ҳаракат қилмоқдасизлар. Ҳеч қайси ташкилотга маблағ сўраб кирмай қўйгансиз. Табиийки, сарф-ҳаражат ҳам омилкорликда бўлиши шубҳасиз. Барибир айрим футболчиларга кўтарма пуллари берилибди-ку! Бу борадаги позициянгизни яхши билардик.
- Хабарингиз бор, биринчи лигада эканлигимизда бундай тарздаги рағбатлантиришга қарши эдим. Жамоа аъзоларига вақтида маош, мукофот пулларини бериб турсангиз ҳам кўтарма пули «аралашмаса» иш битмас экан. Қишки ўқув-машғулот йиғинлари давомида назорат-синов учрашувларини йигитларимиз бироз бўш тарзда ўтказишди. Натижада таркибни кучайтириш учун четдан ўйинчи олиб келишга мажбур эдик. Икки нафар дегионерни қўшиб олдик: Голбан ва Аргун. Пуллар борасида йигитлардан қарз қолмаган. «Бухоро»ни ютган ўйинлари учун 1-2 кун ичида мукофот пуллари қўлларига тегади. Кўтарма пулларини беришда бошқа етакчи клубларнинг тажрибасини ўрганмоқдамиз. Вилоятимизнинг яна бир вакили - «Нефтчи» мутасаддилари билан ҳам мазкур соҳада маслаҳатлашиб, тўлов ўртача қанчани ташкил этишидан хабардормиз. Хориж клубларига бориб, тизимни ўрганиб келиш ниятим бор.

Кейинги мавсумда кўтарма пулларининг ўрнига маошлари миқдорини ошириб қўймоқчимиз. Яъни, 4 миллион сўм бирортасига маош тўлайдиган бўлсак, олмоқчи бўлган кўтарма пулини шунинг ичига қўшиб 12 ой мобайнида тўлаб боришни таъминлаймиз. Футболчи бундан ютқазмаслиги аниқ. Олдиндан ҳеч қайси спортчига катта миқдорда пул бериб қўйилмайди. Четдан таклиф этилганларги бевосита тўхталадиган бўлсам, мураббийларнинг фикрича, Голбан ўзига билдирилган ишончни оқламоқда. Ҳимоя қўрғонига айланган. Аргуннинг маоши эса ўзимизнинг футболчилар билан деярли бир хил миқдорда.

- «Қўқон-1912»нинг имиджини ошириш борасида ҳам ҳали кўп ишлар қилиниши керак. Қишда сизлар томондан таклиф қилинган бир қатор етакчи футболчилар розилик бермаганликларига ачиниш ила тўхталгандингиз. Ҳозирги кундаги барқарорликни эшитишиб, таклифингларга рад жавобини берганлар аттанг қилишаётгандир.
- Ўзим ҳам қишки йиғинлар давомида жамоа аъзолари жойлашган Тошкентдаги «Ўзбекистон» меҳмонхонасидаги ҳолатлари билан танишиб бордим. Дарҳақиқат, бир қатор малакали ўйинчиларимиз олдимизга келишиб, нима хоҳлашларини билдиришди. Шунингдек Туркияга чиқмоқчи эдик. Бу борада ҳатто туристик фирма билан шартнома имзолаб улгургандик. Лекин жамоа ҳали шаклланмаганлиги сабабли, хориж сафарини бекор қилишимизга тўғри келди. Хуллас, айрим ўйинчилар «Қўқон-1912» сафига қўшилишга иккиланишди.  Айтган шартларига ҳам кўнгандик. Барибир ўтишлари амалга ошмай қолаверди.

Бошқа жамоалар билан шартнома тузганлар бугунги кунда шароитларни солиштириб, бир-бири билан фикр алмашаётган бўлса, бизда барчаси ўз ўрнида амалга оширилаётганлигини эшитишаётгандир ва тутган йўлларидан афсусланаётган бўлишлари ҳам мумкин. Яна ким билади дейсиз. Қандай савиядаги ижрочилар кераклигини мураббийлар штаби ҳал қилади. Баъзи позицияларни кучайтириш учун ёзда янги футболчилар харид қилинади. Энди Ўзбекистоннинг олди ижрочилари биз томон талпина бошлашлари шубҳасиз. Чунки қандай савиядаги клуб сифатида шаклланаётганлигимиз аста-секин кўриниб бормоқда.

- Клубнинг барқарор молиявий сиёсати ҳақида гапириляпти-ю, лекин бир жиҳат кейинчалик айрим мунозараларни келтириб чиқарди. Яъни, клуб сайтининг вақтинча ишламаганлиги турли гап-сўзларнинг кўпайишига олиб келди. Интернет саҳифалари орқали мунозаралар анча қизиди. Жараённи шахсан ўзингиз кузатдингизми?
- Йил бошида Исломбек Рустамбековни матбуот котиби сифатида ишга олганмиз. Азалдан сизларнинг газетангларда чиқаётган мақолаларни тўлиқ кузатиб бораман. Ушбу йигит «Нефтчи» клуби, «championat.asia» сайтида ишлади. Мақола ёзиш услуби жуда маъқул тушарди. Ризқи қўшилган экан, Ойбек Вейсал ўғли бошқа ишга ўтишини айтиб, биздан кетиш ҳақида ариза ёзди ва бўшаб қолган ўринга Исломбекни таклиф қилиш имкони пайдо бўлди. Чақириб янглишмаган эканмиз. «Қўқон-1912»нинг ҳар бир ўйини матнли трансляция тарзида берилмоқда. Сайтимизнинг ишламай қолиш сабабларига келсак, Исломбек таклиф киритиб, замонавий тарзда қилиб янгисини очишни тавсия этди. Бир йил учун сайтнинг доимий тарзда фаолият кўрсатишига 300 минг сўм тўлаб қўйиш талаб этиларкан.

Ўтган йили март ойида маблағ ўтказган эканмиз ва муддати яқинлашгач, табиийки, тўхтади. Янги очилаётганлиги учун вақтинчалик фойдаланмай туришга аҳд қилинди. Жараён бироз чўзилиб кетганлигида менинг ҳам айбим бор. Аммо шу вақт мобайнида «championat.asia» билан шартнома қилиб, рўй бераётган барча янгиликларимизни эълон қилиб боришди. «Фейсбук», «Твиттер», «Инстаграм» орқали ҳам вақтинчалик жамоага оид хабарлар ёритиб борилди. Орада «жонкуяр» мухлисларимиз бор экан, шулардан Собиржон деган укамиз қўқонлик ишқибозлар номидан «Uff.uz»да чиқиш қилди. Бу йигитнинг танқидий фикрларини тўғри қабул қилдик. Шартнома имзоланиб, пули ўтказилди ва сайт яна фаолият кўрсата бошлади.

Афсуски, шу билан ҳам гап-сўзлар тинмади. Турли тарздаги фикрлар ичида ўз фикрларини холис баён этувчилар ҳам учраб турди. Қарангки, озгина камчилик, ёмонлик сари етаклай бошлади. Жамоа, матбуот котибимиз ҳақида бўлмағур гаплар кўпайиб кетди. Инфратузилмани аста-секин изга солиниб, турли клубларнинг иш услубларини ўрганишга ҳаракат қилмоқдамиз. Барибир биринчи ва олий лига орасида катта фарқ бор. Ҳали яхши даражага чиқиб боришимиз учун маълум фурсат кераклигини тушуниб турибмиз. Шу мақсадда ўзимиздаги ходимларни малакасини оширишлари борасида қайғурмоқдамиз. Шу йилнинг 1 майидан клубнинг маркетинг бўлими ишга тушди. Танқидлар акс таъсир кўрсатиб, ишдан бўшатилиши талаб этилган Рустамбековни мазкур бўлимга раҳбар этиб тайинладик. Ўзимизнинг босмахонамизни қиляпмиз. Эндиликда сайтда ишловчи матбуот котибини маркетинг раҳбари ишга олади. Спорт журналистикаси бошқача экан.

Матбуот котибимиз ёрдамида қишки селекция жараёнида жамоага катта ёрдами текканлигини эътироф этишим керак. Чунки ҳар бир биз томондан қизиқиш билдирилган футболчилар ҳақида тўлиқ маълумотга эга бўлиб турдик. Тайёр энциклопедия вазифасини ўтаб турди. Баъзи ўйинчиларни тавсия қилишганда, фалон йили жароҳат олган, ишқилиб жамоага мос тушармикин қабилида фикрлар билдирди. Тиббий текширувдан ўтказилганда, дарҳақиқат, барча айтганлари ўз тасдиғини топди. Ҳар бир ходимимизнинг меҳнатини қадрлаймиз. Юқоридаги мавзуга қайтсак, ҳар гап битта оғиздан чиқади. Мевали дарахтга тош отилади. Биз унинг ҳосилини Қўқонда олмоқчимиз.
 
Абдулҳафиз АБДУЛАЗИЗ ўғли суҳбатлашди.
Rating: +1   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика