Latest news

15:43ЦСКА - "Ростов". Таркиблар эълон қилинди  2 14:53Суперлига. "Олимпик" - "Бунёдкор" (матнли трансляция)  0 14:48Гвардиола: "Манчестер Сити"га дунёнинг энг яхши футболчиси етишмаяпти"  10 13:50Энрике: "Ҳайратланарли томоша кўргингиз келса "Дю Солей Цирки"га боринг"  1 13:426+4+3. Кузги имтиҳондан яхши ўтдик  21 13:16Родри Пеп ва Симеоне ўртасидаги фарқни айтди  5 12:11"Реал" 11 ойдан бери "Бернабеу"да 15 млн. евро даромад келтириши кутилаётган бар-ресторанни очолмаяпти  1 11:39Пети: "Анчелотти ва яна бир неча футболчилар Мбаппе "Реал"га ўтишини хоҳламаганига ишончим комил"  18 10:54Аморимнинг МЮдаги илк трансфери бразилиялик футболчи бўлиши мумкин  1 10:20Кейн Холландга тегишли бўлган Бундеслига рекордини янгилади  6 09:47Лунин А Серияга кўчиб ўтиши мумкин  1 09:11Goal мундиал фаворитлари рўйхатини янгилади. ТОП-10да ўзгаришлар бор  7 08:45Аморим «Манчестер Юнайтед»да нималарни ўзгартириш кераклигини айтди  3 08:18Sofascore. «Ал Ваҳда» дуранг ўйнади. Ҳожимат Эркиновнинг ҳаракатлари неча баҳога лойиқ кўрилди?  3 07:46Суперлига. Бугун турнинг қизиқарли баҳсига гувоҳ бўламиз  5

Азамат Алланиязов: “Келишилган ўйинлар бор экан, футболимиз ривожланмайди” News

Азамат Алланиязов: “Келишилган ўйинлар бор экан, футболимиз ривожланмайди”

Ўзбекистон 24-миллий чемпионати 20-тури доирасида “Насаф” сафарда "Қизилқум" меҳмони бўлади.

Ўтган турда "Бухоро"ни енга олмай, яхшигина шов-шувга сабабчи бўлган жамоадан мухлислар ўша икки очко йўқотилган ўйин тасодифий бўлганлиги ва "Насаф" яна ғалаба қозонишни бошлашини кутишади. Биз жамоанинг ёш, истеъдодли футболчиларидан бири Азамат Алланиёзовдан интервью олдик.


- Азамат, футболни танлашингизга ким ёки қайси омил сабаб бўлган?
- Футболни танлашимга дадам сабабчи бўлганлар. Ўзлари қўлимдан етаклаб, Нукусдаги футбол мактабига етаклаб олиб борганлар. 2001 йили футбол интернатида таҳсил олишни бошлаганман. Илк мураббийим Йўлдош Қўшчонов миллионлар ўйинининг илк сир-асрорларини ўрганишимда катта ёрдам бердилар. Улардан бир умрга миннатдорман.

- Футболга кириб келган илк даврингизда кимга ҳавас қилгансиз?
- Дадам билан бирга украиналик машҳур ҳужумчи Андрей Шевченконинг ўйинларини мириқиб томоша қилардик. “Милан” иштирокидаги учрашувларни умуман қолдирмасдик. Табиийки, Шевага ўхшашни хоҳлаганман. Менимча, тенгқурларим орасидан кўпчилик айнан Шевченконинг ўйинларига ҳавас қилган.

- Нукусдаги мактаб интернатида сиз билан бирга таҳсил олган футболчилардан ҳозир кимлар катта футболда фаолиятларини давом эттиришяпти?
- Мен билан бирга ўқиганлардан Ойбек Нурбоев, Саламат Қутибоев, Азамат Бобожонов, Наврўз Алимов каби дўстларимиз олий лиганинг турли клубларида тўп тепишяпти.

- Шунча истеъдодлар борку, лекин Қорақалпоғистоннинг олий лигада жамоаси йўқ. Буни қандай изоҳлайсиз?
- Албатта, сиз айтгандек истеъдодлар етарли. Қорақалпоғистонда футболни жуда ҳам яхши кўришади. Лекин молиявий муаммолар сабаб ҳозирча олий лигада жамоамиз йўқ. Аммо мен ишонаманки, яқин йилларда “Орол” жамоасининг аввалги шони тикланади. Қорақалпоқ заминига катта футблол яна қайтади. Вақти келиб биз ҳам ўзимиз туғилиб ўсган шаҳар жамоаси шарафини ҳимоя қиламиз.

- Илк профессионал шартномангиз қачон ва қайси клуб билан имзоланган?
- 2007 йили “Орол” жамоаси билан биринчи профессионал шартномага имзо чекканман. 2010 йилда эса “Насаф” клуби билан шартнома имзоладим. Аввалига ўринбосарлар таркибида ўйнадим. Секин-аста мураббийлар асосий таркибга қўя бошлашди.

- Мана беш йилдан бери “Насаф” жамоасидасиз. Ўша Қарши клубига келган илк даврларингизни эслаб кўрингчи. Ўтган давр билан таққослаганда қандай ўзгаришлар рўй берди?
- Бир ярим йил мобайнида “Насаф” жамоасининг ўринбосарлари таркибида тўп тепдим. Кейин украиналик машҳур мураббий Анатолий Демьяненконинг таклифи билан асосий таркиб машғулотларига жалб этилдим. Иккинчи даврага тайёргарлик Ялта шаҳрида бўлиб ўтганди. Асосий жамоа билан бирга иккинчи даврага тайёргарлик кўрдим. 2012 йили ҳужум чизиғидаги кучли рақобат сабаб “Насаф-2” жамоасида ўйнадим. Мана 2013 йилдан то шу кунгача “Насаф”нинг асосий таркибида ўйнаб келяпман. Афсуски, жароҳат сабаб бир йил катта футболдан четда қолиб кетдим. Ҳозирда ўзимнинг аввалги спорт формамни тиклаб олаяпман.

- Анатолий Демьяненко ҳақида қандай фикрдасиз?
- Бу мутахассисга ортиқча таъриф бериш шарт бўлмаса керак. Бу мураббий билан бирга 2011 йили ОФК Кубогида бош мукофотни қўлга киритдик. У кучли стратег бўлиш билан бирга ажойиб инсон ҳамдир. Айнан Демьяненконинг таклифи билан асосий таркиб машғулотларига таклиф этилгандим.

- “Насаф” таркибида киритган илк голингиз ёдингиздами?
- Ўзбекистон Кубоги доирасида Самарқанднинг “Регистон” жамоасига қарши кечган учрашувда илк голимни киритгандим. Чемпионатдаги биринчи голимни эса адашмасам, “Металлург” клуби билан бўлиб ўтган ўйинда нишонлаганман.

- Ўша голларни кимга бағишлагансиз? Ўзи умуман киритган голларингизни алоҳида нишонлайсизми?
- Очиғини айтсам, киритган голларимни алоҳида кимгадир бағишламайман. Кейин ортиқча нишонламайман ҳам. Чунки ҳужумчининг вазифаси гол киритиш хисобланади. Шунчаки, ўз голларим билан жамоам муваффақиятига хиссам қўшсам, бундай ўзимни бахтиёр хис қиламан.

- Ҳозир ҳам “Насаф”да рақобат кучли. Буни хис қиляпсизми?
- Албатта, рақобат жуда ҳам кучли. Аслида шундай бўлиши ҳам керак. Рақобат бўлмаса қандай қилиб ўсишга эришиш мумкин? “Насаф”нинг асосий ҳужумчиси бўлиш учун астойдил ҳаракат қиляпман.

- “Локомотив”нинг ўз майдонида “Металлург” билан бўлиб ўтган ўйинда очко йўқотиши “Насаф” учун қўл келди. Бундан максимал даражада фойдаланиш энди ўз қўлларингизда...
- Худди шундай. Иккинчи даврада осон ўйинларнинг ўзи бўлмайди. Ҳар бир йўқотиладиган очко қимматга тушиши турган гап. Лекин биз асосий рақибларимизнинг очко йўқотишини кутмаслигимиз керак. Ўз ўйинларимизда ғалаба қозонишимиз бу биринчи галдаги вазифамиз хисобланади.

- “Насаф” ҳар йили совринли ўринлар учун курашади. Лекин чемпион бўлиш ҳозирча сизларга насиб қилмаяпти. Бу жамоада чемпионлик руҳиятининг етишмаслигиданми ёки бошқа омиллари борми?
- Бунинг ўзига яраша сабаблари бор. Ўтган йилларда “Пахтакор”, “Локомотив”, “Бунёдкор” жамоалари жуда кучли ўйин намойиш этишганди. Мана бу йил ҳам кураш қизғин паллага кириб боряпти. Ҳеч бир жамоа осонликча таслим бўлишни хоҳламайди. Насиб қилса, бу йил чемпион бўлиш учун уриниб кўрамиз. Ҳали имкониятимиз бор. Бундан максимал даражада фойдаланишга ҳаракат қиламиз.

- Лекин бу курашда “Пахтакор” ва “Локомотив” жамоаларининг имконияти юқорироқ кўриняпти.
- Ҳали ҳеч нарса ҳал бўлгани йўқ. Биз ҳам сўнгги тургача чемпионлик учун курашамиз.

- Агар вазиятга реал кўз билан қарасак-чи?
- Мақсадимиз – чемпионлик ва Ўзбекистон кубогида зафар қучиш.

- Биринчи даврада кутилмаган ўйинларда қимматли очколарни бой бериб қўйдинглар. Ўз майдонингизда “Металлург”га ютқаздинглар...
- Ҳа, бу биз учун кутилмаган “совға” бўлди. Ўзи “Металлург” биз учун ноқулай рақиб бўлиб келган. Энди иккинчи давра ўйинларида йўл қўйилган хато ва камчиликларни такрорламасликка ҳаракат қиламиз. “Металлург” билан Бекободда кечадиган жавоб ўйинида қарзимизни узамиз, деб ўйлайман.

- Умуман биринчи даврадан қандай таассуротлар қолди?
- Йўқотган очколаримизни инобатга олмаса, иккинчи даврани ёмон ўтказмадик. Ҳали чемпионлик учун курашишга имкониятимиз етарли. Иккинчи даврадаги ҳар бир ўйинга ғалаба иштиёқида тушишимиз шарт. Фақат шу йўл билан мухлисларни хушнуд этишимиз мумкин. Гувоҳи бўлганингиздек, биринчи давра ўйинлари кутилмаган натижаларга бой бўлди. Кураш ҳам турнир жадвалининг юқори қисмида, ҳам аутсайдерлар ўртасида кескин кечяпти. Ўткинчи ўйинланинг ўзи йўқ.

- Олдинда “Локомотив”га қарши кечадиган кубок ўйини бор. Бу икки учрашувдан нималарни кутяпсиз. Финалга чиқиш учун “Насаф”нинг кучи ва салоҳияти етадими?
- Албатта етади. Ниятимиз Қаршига Ўзбекистон кубогини олиб келиш.

- Айтиш ҳамиша осон бўлган. Лекин буни амалда исботлаш керак.

- Худди шундай. Биз айнан шу режаларимизни амалда исботлашга ҳаракат қиламиз.

- “Бунёдкор” – “Пахтакор” жуфтлигида қайси жамоа финалга чиқишини тахмин қиляпсиз?

- Олдиндан бирор нарса дейиш қийин. Ҳар икки клубнинг имкониятларини деярли бир хил баҳолайман. Йўл қўйиладиган кичик бир хато ҳам бу жуфтликда финал чиптаси тақдирини ҳал қилади. Қолаверса, бизнинг жуфтлигимизда ҳам иккала жамоага ҳам осон бўлмайди.

- Яна болалик йилларига қайтсак. Ёшлингингизда қайси жамоада ўйнашни орзу қилгансиз?

- Ҳар бир футболчи болалигида Европада ўйнашни орзу қилса керак. Менда ҳам шундай истак бўлган. Лекин барибир Европага йўл Ўзбекистондан бошланишини инобатга олсак, ҳар бир футболчи сингари олий лига клубларида тўп тепишни хоҳлаганман.

- Олий лигада қайси клубда ўйнашни орзу қилгансиз?
- “Насаф”да.

- Футбол ортидан олган биринчи маошингиз қанча эди?
- Биринчи маошимни “Орол” жамоасида олганман. Ўшанда 50 минг сўм беришганди.

- “Насафда”чи?
- Бу кунни эсдан чиқармай. “Насаф”даги илк маошим 175 минг сўм бўлганди

- Ҳозирчи?
- Келинг ҳозиргиси сир бўла қолсин.

- Маошларни вақтида оляпсизларми?
- Ҳа, имкон қадар вақтида бериляпти?

- Биринчи даврадан қарздорлик йўқми?
- Озгина бор, лекин уларни ҳам тез кунда беришар экан.

- Сизга ўйинни келишиш бўйича мурожаат қилишганми?
- Йўқ, умуман бундай ҳолатга дуч келмаганман.

- Умуман келишилган ўйинларга муносабатингиз қандай? Балки бу ҳақида эшитгандирсиз?
- Табиийки, бундай жирканч ҳолатга қаршиман. Бундай ўйинлар сақланиб қолар экан, ўзбек футболи умуман ривожланмайди. Жаҳон чемпионатига чиқиш орзуси ҳам армон бўлиб қолаверади.

- Кўпчилик 7, 9, 10, 11-рақамли футболкаларда ўйнашни ёқтиради. Шахсан сиз учун рақамларнинг аҳамияти борми?
- Менга умуман бунинг аҳамияти йўқ. Сиз айтган рақамларда ўйнаш мумкин. Лекин гол киритмагандан, жамоасига фойдасига тегмагандан кейин, бунинг қандай аҳамияти бор?

- Миллий ва олимпия терма жамоамиздаги ўзгаришларга муносабатингиз қандай?
- Муносабатим ижобий. Анча ўзгаришлар бўлди. Нима бўлган тақдирда ҳам бу ўзгаришлар ўзбек футболи ривожи учун ишласа, уни оқлаш мумкин. Асосий мақсад жаҳон чемпионатига чиқиш экан, бунинг учун ҳамма ҳаракат қилиши шарт.

- Профессионал футболчи сифатида айтингчи, маошларнинг ўз вақтида берилмаслиги, жамоа ўйини ва натижасига салбий таъсир кўрсатадими? Ёки бунга бирламчи восита сифатида эътибор қаратмайсизларми?

- Албатта таъсир қилади. Футболчиларнинг бошқа ҳунарлари йўқ. Футбол орқали рўзғор тебратамиз. Лекин фақат пулни ўйлаш ҳам тўғри эмас. Меҳнатдан қочмасангиз, пулнинг ўзи кейин кетингиздан таъқиб этади. Фикримни мисоллар орқали исботлашим шарт бўлмаса керак.

- Европадан қайси жамоаларга мухлислик қиласиз?
- Мадриднинг “Реал” клуби мухлислик қиламан.

- Футболчиларданчи?
- Криштиану Роналду ва Златан Ибрагимовичга.

- Роналду кучлими ёки Месси?
- Ҳар икки футбол юлдузининг ҳам ўзига яраша кучли жиҳатлари бор. Роналдуда тезлик, Мессида дриблинг ишлатиш қобилияти кучли.

- “Реал” кучлими ёки “Барселона”ми?
- “Реал” (кулади).

- Лекин ўтган мавсум якунида “Реал” эмас, “Барселона” чемпион бўлдику!
- Энди бу футбол. Айниқса, Европа футболида бундай ҳолатлар тез-тез учраб туради.



 Камолиддин АЛИМОВ суҳбатлашди

Rating: +4   

Comments

championat.asia
< show latest news
Яндекс.Метрика