UZ

Сўнгги янгиликлар

07:39U-17 Жаҳон чемпионати. Бугун нимчорак финал йўлланмаси учун майдонга тушамиз  3 02:50ЖЧ-2026 саралаши. Хорватия жаҳон чемпионатида, Германиядан ғалаба ва бошқа натижалар  0 01:55U-17 Жаҳон чемпионатида 1/8 финалга чиққан илк иштирокчилар маълум бўлди  7 01:33Одил Ҳамробеков: "Эрон термасидаги жамоадошларим финалга чиққанимиз билан табриклашди"  3 01:15Рустам Ашурматов: "Фабио Каннаваро ўзи билганларини ўргатиб, барчасини бирдек олиб бормоқда"  4 01:00Абдулла Абдуллаев: "Ҳақли равишда ғалаба қозондик"  0 00:51Отабек Шукуров: "Йиғин бошлангандан кейин 4 кун мобайнида мураббийлар Мисрнинг қандай ўйнашини уқтириб борди"  6 00:23Элдор Шомуродов: "Замонавий футболда барчасига тайёр туриш керак"  8 00:10Фабио Каннаваро: "Жаҳон чемпионатига чиққандан кейин стратегия тузилган ва биз буни бажариш учун қўлимиздан келганини қиламиз"  17 23:54Мбаппе рекорд ўрнатди  4 23:10Al Ain Cup. Ўзбекистон – Миср 2:0  20 23:01Миср 8 ой деганда илк марта ютқазди  21 22:53Al Ain Cup. Остон Ўрунов порлаган оқшомда Ўзбекистон Мисрни мағлуб этди, финалда яна Эрон билан ўйнаймиз  468 22:23"Барселона" "Челси" билан бир ҳимоячи учун курашади  0 22:09Остон Ўрунов миллий термадаги 9 ва 10-голларини урди  6

Хайрулла Холиқовнинг устозлардан иборат рамзий терма жамоаси Янгиликлар

Хайрулла Холиқовнинг устозлардан иборат рамзий терма жамоаси

Бугун 1 октябрь - Ўқитувчи ва мураббийлар куни.

Аввало юртимиздаги барча ўқитувчи ва мураббийларни бугунги касб байрамлари билан табриклайман. Бугун менга таълим берган устозларимни футболга хос равишда, яъни рамзий жамоа тузган ҳолда ёдга олиб табриклашни лозим топдим. 

Бунда мактабга энди биринчи синфга қадам қўйганимдан бошлаб то ҳозиргача менга йўл-йўриқ кўрсатган ҳамда кўрсатиб келаётган 11 нафар устозни саралаб олдим. Албатта, устозлар кўп ва уларнинг ҳар бирига ҳурматим баланд. Шу боис 11 кишини алоҳида ажратиб олиш анча қийин бўлди. Қуйида 4-4-2 схемаси бўйича рамзий жамоадан ўрин олганларга бирма-бир тўхталмоқчиман. 


Самадов Сами (биринчи ўқитувчим)

Мактабга биринчи қадамни қўйган пайтим биринчи ўқитувчим Самадов Сами бўлган. Бундан бир неча йил олдин вафот этдилар, жойлари жаннатда бўлсин. Сами муаллим бизга жуда яхши дарс ўтганлар, бу инсонни ҳеч қачон унутмайман. 


Муҳаммадиев Зайни (синф раҳбари)

Кейинчалик Муҳаммадиев Зайни домла бизга синф раҳбарлик қилдилар. У киши оғир-вазмин ва ўта зукколиги билан ёдимда қолган. Муҳаммадиев мактабда ўқиб юрган кезларимиз касаллик сабаб оламдан ўтганлар, у кишининг ҳам охиратлари обод бўлсин. 

 

Еттиев Иззатилло (меҳнат ўқитувчиси)

Еттиев Иззатилло бизга меҳнат фанидан дарс берганлар, ҳам менинг қайнотам ҳисобланадилар. Бу кишини ўз касбига садоқатли, шу билан бирга ўқувчиларга нисбатан ниҳоятда талабчан деб биламан.


Ҳайдар Акбаров ("Спорт" газетаси)

Спорт газетасига энди ишга келганимда Ҳайдар Акбаров бош муҳаррир бўлиб ишларди. У кишидан кўп нарса ўргандим. Ҳайдар ака айниқса тилга эҳтиёт бўлиб ёзиш керак дерди ва жумлаларни қандай тузишни ўргатарди. Эсимда, қайси бир мақолада Англия Португалияни ер тишлатди деб ёзганимда, унақа ёзманг Англия урушда эмас-ку деб дакки бергандилар.


Шерали Ҳабилуллаев ("Спорт" газетаси)

Шерали Ҳабибуллаев ўша йиллари газетада бош муҳаррир ўринбосари бўлиб ишларди. У киши менга қайси мавзуда кўпроқ ёзсам одамлар эътиборини тортишни ўргатди. У кишининг ҳам жуда кўп фойдаси теккан. 


Абдужалил Аралов ("Машъал" ПФК)

Гарчи "Машъал"га Баҳром Давлатовнинг таклифи билан ишга борган бўлсам-да, Баҳром ака кўпинча сафарда бўларди, шу боис Муборакдаги ишлар унинг ёрдамчиси Абдужалил Аралов зиммасига юклатилганди. Абдужалил ака билан бирга ишлаб у кишидан клуб фаолияти нималигини ўргандим. 


Неъматжон Аҳмедов ("Ўзбекистон футболи" газетаси)

Неъматжон Аҳмедов камгап журналистлардан бири. "Ўзбекистон футболи"да энг кўп интервью қиладиган ҳам шу киши бўлган. Неъмат ака билан бир нечта сафарларда бирга бўлганмиз. У киши орқали кўплаб футболчи ва мураббийлар билан танишганман. 


Ойбек Юнусов ("Ўзбекистон футболи" газетаси)

Ҳеч шубҳасиз Ойбек Юнусовни Ўзбекистон футзалини энг яхши ёритган журналистлардан бири дея оламан. Тўғриси, футзал деганда кўз олдимга биринчи бўлиб Ойбек ака келарди. Ҳозирча у кишидек кўп ёзадиган бошқани кўрмадим. Ойбек Юнусов билан газетада бирга ишлаб анча воқеаларни бошдан ўтказдик. Ойбек аканинг 500 км. йўл босиб тўйимга боргани менга катта қувонч бахш этганди.


Тўлқин Рўзиев ("Спорт" газетаси)

Тўлқин Рўзиевни атайин плеймейкер нуқтасига қўйдим. "Спорт" газетасига энди ишга келган йилларим мени ҳаммадан ҳам ўзига яқин олган Тўлқин ака бўлганди. Тўлқин ака биринчи навбатда менга репортаж қандай тайёрланишини ўргатди. Яқинда у кишини кўчада учратиб қолиб жуда қувондим.  

 

Бахтиёр Ширинов ("Ўзбекистон футболи" газетаси)

Бахтиёр Шириновни ортиқча таништириб ўтиришнинг ҳожати бўлмаса керак. Бу инсонни футболдаги ҳамма танийди десам муболаға бўлмайди. Бахтиёр ака ҳеч қачон ўз маслаҳатини аямаган ва доим тўғри йўналиш бериб келган. Бахтиёр ака билан "Ўзбекистон футболи" газетасида танишганман. Шириновнинг суҳбатини эшитиб асло зерикмайсиз. Футболни жуда теран тушуниши мени доим ҳайрон қолдиради.  


Ҳасан Пирмуҳамедов (фотосуратчи)

Ўзимизнинг Ҳасанбой. Гарчи ёши мендан кичик бўлса-да, уни ўзимга устоз деб биламан ва ҳазиллашиб тоға деб чақираман. Агар Ҳасан ака бўлмаганида тўғриси қўлимга фотоаппарат ушламаслигим ҳам мумкин эди. Чин маънода шу инсон менга футболда расм олишни ўргатди. Эҳ-ҳе нечталаб ўйинларда бирга ишлаганмиз. Ҳасан ака иккимиз расм олиб юрганимизда ҳозирги мураббийларнинг кўпчилиги футболчи бўлиб майдонда тўп тепиб юришарди. 


P.S. Юқорида айтиб ўтганимдек, 11 устоздан иборат рамзийни тузиш осон бўлмади, чунки устозлар кўп. Ҳатто бир оғиз сўзни ўргатган ёки бўлмаса тўғри қадам ташлашни кўрсатиб берган ҳам мен учун устоз ҳисобланади. 

Х.Холиқов.

Рейтинг: +4   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика