Вақтинчалик меҳмонлар...
24 май 2020 13:36
Янгиликлар
Вақтинчалик меҳмонлар...
Ўз клубида жой топилмай, бошқа клубга ижарага бериб юборилган баъзи футболчилар ўзларини ижобий томондан кўрсатиб, дунёнинг энг яхшилари қаторидан жой олишмоқда.
Дарвозабон
Альбан Ляфон (Франция) — "Фиорентина"га тегишли, "Нант"да тўп тепмоқда
Ляфон катта футболга тенгдоши Доннарумма билан бир вақтда ёриб кирди — 16 ёшда! "Тулузе"да ўтган уч мавсумдан сўнг иқтидорли голкипер "Фиорентина"га кўчиб ўтди, у ерда асосий жамоада бир мавсум ўтказди, лекин Флоренцияда тўлиқ бахтли эмасди. Натижада Лига 1"га қайтиш борасида келишувга эришди. Италияликлар Альбанни "Нант"га икки йилга ижарага берди. Ҳозирда ёш дарвозабон айнан шу ерда тажриба орттирмоқда. Апрель ойида узунқулоқ гапларга қараганда, Льяфонга Мадриднинг "Реал" клуби қизиқиш билдираётгани айтилди, дарвозабоннинг ўзи эса кун келиб ўзи ёшликдан мухлиси бўлган "Арсенал" таркибида ўйнашни орзу қилади.
Ўнг қанот ҳимоячиси
Ашраф Хакими (Марокаш) — "Реал"га тегишли, "Боруссия"да тўп тепмоқда
Икки йил аввал Хакими Мадриддан Дортмундга йўл олганда унинг трансфер нархи 5 млн еврони ташкил этарди, ҳозир Ашраф таҳминан 10 баробар қимматроқ туради. У Германияда шу қадар ўсишга эришдики, бугунга келиб, Хакими ўз қанотида дунёнинг энг яхши футболчиларидан бири: "Боруссия" таркибидаги 66 ўйинда футболчи 27 бор самарали ҳаракат амалга оширишга улгурди. "Боруссия" мухлислари яхши билишадики, Ашраф ҳужумни бошлаб беришди, тўпни катта тезликда олдинга етказиб, шерикларини қулай вазиятга чиқаришда катта ҳажмдаги ишни бажаради. Бундай футболчи имконият берилса, Карвахални ҳам таркибдан чиқаришга қодирдек.
Марказий ҳимоячилар
Крис Смоллинг (Англия) — МЮ га тегишли, "Рома"да тўп тепмоқда
"Манчестер Юнайтед" асосий таркибида жойини йўқотиб қўйган Смоллинг "Рома"га кўчиб ўтди ва бирдан ҳимоянинг асосий футболчисига айланди. Бир неча ой давомида Крисни сотиб олиш ҳаракатини қилди, лекин клубга трансфер суммаси тўғри келмади. Энди римликлар бошқа марказий ҳимоячи қидириш билан оввора. Афсус, Смоллинг ва "Рома" бир-бирига жуда мос тушганди.
Жанлука Манчини (Италия) — "Аталанта"га тегишли, "Рома"да тўп тепмоқда
"Рома"нинг бу мавсумдаги иккинчи марказий ҳимоячиси ҳам ижарада ҳаракат қилмоқда. Лекин Манчини мавсум якунига етгач, тарихий шаҳарни тарк этмайди: "бўрилар" "Аталанта" билан трансфер ҳуқуқини тўлиқ сотиб олиш борасида келишувга эришдилар. Шубҳасиз, клуб учун бу омадли трансфер.
Чап қанот ҳимоячиси
Серхио Регилон (Испания) — "Реал"га тегишли, "Севилья"да тўп тепмоқда
Ўтган мавсум Регилон "Реал"да порлаб чиқди ва Лопетеги ҳамда Солари даврида Марселони асосий таркибдан чиқариб юборди. Аммо Зидан ёш Серхиони ижарага жўнатишни лозим топди, ҳимоячи ҳам ўзини йўқотиб қўймади ва "Севилья"да ёмон ўйин кўрсатмаяпти.
Ярим ҳимоячилар
Жедсон Фернандеш (Португалия) — "Бенфика"га тегишли, "Тоттенхэм"да тўп тепмоқда
Иқтидорли Жедсонни қишда Жозе Моуриньо "Тоттенхэм"га чорлади. Афсуски, АПЛдаги танаффус туфайли Фернандеш айтарли имкониятга эга бўлмади ва ўзини кўрсатишга улгурмади. Лекин бунинг учун ҳали вақт етарли, сабаби ижара муддати 2021 йил ёзгача мўлжалланган.
Никола Барелла (Италия) — "Кальяри"га тегишли, "Интер"да тўп тепмоқда
Ўтган мавсум кўплаб гранд клублар эътиборига тушган Барелла "Интер"га жуда зўр мослашиб кета олди. Лекин кейин жароҳат панд бериб, сафдан чиқди. Клубдагилар 45 миллион еврога буткул ачинишмади. Бу мавсум Никола Миланда ижара асосида тўп тепган бўлсада, "нерадзурри" хавбекнинг трансфер ҳуқуқини сотиб олишни уддалашди.
Мартин Эдегор (Норвегия) — "Реал"га тегишли, "Реал Сосьедад"да тўп тепмоқда
Мартин "Реал"га шов-шув кўтарган ёш болакай бўлиб келганди, лекин Эдегор катта футболда ўз ўрнига эга бўлиш учун анча тер тўкишига тўғри келди. "Реал Сосьедад"га ижара — Нидерландия сафаридан кейинги учинчи пункт. Нидерландияда норвегиялик "Херенвен" ва "Витесс" сафида ҳаракат қилди. "Қироллик клуби"нинг Эдегордан умиди катта, Мартинни Лука Модричнинг ўринбосари сифатида кўришмоқда.
Филиппе Коутиньо (Бразилия) — "Барселона"га тегишли, "Бавария"да тўп тепмоқда
Коутиньо "Ливерпуль"дан кетгач, ўз ўрнини ҳали ҳам тополмагандек. "Барселона"да Филиппе қанчалик ҳаракат қилмасин, асосий футболчилардан бирига айлана олмади, "Бавария"да нисбатан ёмон бўлмаган статистикасига қарамай, бразилиялик билан ҳамкорликни узайтиришмоқчи эмаслар. Ёзда катта эҳтимол билан ярим ҳимоячи ўзига яна янги клуб қидиришига тўғри келади чоғи.
Ҳужумчилар
Деян Кулушевски (Швеция) — "Ювентус"га тегишли, "Парма"да тўп тепмоқда
Деян Кулушевски мавсум давомида қизиқ бир воқеага сабабчи бўлди: у клубини ўзгартирди, лекин "Парма"да қолди. Қизиқ томони шундаки, ушбу мавсум 5 та гол ва 7 та "ассист" қайд этган 20 ёшли швед ушбу трансфер амалга ошгунга қадар ҳам, ундан кейин ҳам "Парма" билан шартномаси йўқ эди. Асли "Аталанта"га тегишли Деян қишда 35 миллион евро эвазига "Ювентус"га трансфер қилинди, ўз навбатида "Кекса синьора" ҳам Кулушевскини "Парма"га ижарага бериб юборди. Тиниб тинчимаган одамлар-ей, нималарни ўйлаб топишмайди-а?!
Мауро Икарди (Аргентина) — "Интер"га тегишли, ПСЖда тўп тепмоқда
Аргентиналик "Интер" билан келишолмай қолгач, Парижга йўл олди. Франция пойтахтида Икарди клуб рекордчиси Каванини таркибдан чиқариб юбора олди. Унинг статистикасига хавас қилса арзийди: 31 ўйинда 20 та гол ва 4 самарали узатма. Икарди ПСЖда яхши ўйин кўрсатди, лекин унинг келажаги сўроқ остида. "Пари Сен-Жермен" футболчини арзонроққа сотиб олиш ниятида, лекин бунга "Интер" кўнмаяпти.
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар