UZ

Сўнгги янгиликлар

00:33Шацких: "Ҳужумда эса бизга охирги узатма ёки зарба етишмади"  3 00:05Роналду 30 ёшга тўлганидан бери 450та гол урди  4 23:37Шавкат Мирзиёев - Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасининг раиси  10 23:20"Ал Аҳли" муддатидан аввал кейинги босқичда, Роналдунинг голлари "Ал Насср"га 3 очко тақдим этди  16 22:54Элит ОЧЛ. "Истиқлол" ва "Пахтакор" ўртасидаги зерикарли ўйинда ҳисоб очилмади  43 22:30Ансу Фати Роналдунинг жамоадошига айланиши мумкин  1 22:20"Барселона"нинг XXI асрдаги энг яхши футболчилари  13 21:25Британия топ-клублари Шотландия ёшлар терма жамоаси сардорини кузатишмоқда  0 20:45"Эвертон" собиқ футболчисига ҳайдовчи бўлиб ишлаш таклиф қилинди  1 19:45Элит ОЧЛ. "Истиқлол" – "Пахтакор". Таркиблар эълон қилинди. Машарипов бошланғич таркибдами?  18 19:20"Sky Sports"нинг Рубен Аморим билан жонли эфирда уюштираётган суҳбатини бузиб қўйган Эд Ширан кечирим сўради  0 18:55"Нефтчи" – "Насаф" баҳсида қаршиликлар футболчисини четлатиш учун асос бўлмаган — Эксперт-ҳакамлар комиссияси хулосаси  9 18:24"Астон Вилла" "Манчестер Юнайтед" ҳужумчисини сотиб олмоқчи  1 17:58"Реал" "Ливерпул"га қарши ўйин олдидан жиддий йўқотишга учради  21 17:31Салоҳ: "Деярли декабрь бўлди ва мен клубда қолиш учун бирорта ҳам таклиф олмадим"  4

Умид Аҳмаджонов билан жиддий суҳбат. Абрамов ва Аҳмадалиевни футболга қайтарамизми? Янгиликлар

Умид Аҳмаджонов билан жиддий суҳбат. Абрамов ва Аҳмадалиевни футболга қайтарамизми?

Сокин денгизда беманзил сузиб кетаётгандек таассурот қолдираётган Ўзбекистон футболи, сўнгги ярим йилда кучли пўртанага тушиб қолгандек.

Кемадагилар ҳаракатда. Хўш, бу ҳаракатлар бесамар кетиб, бортдагилар сувга ғарқ бўладими ёки капитан ҳамда экипаж аъзолари қаҳрамонга айланадими?

Биз назарда тутаётган капитан ҳақида маълум вақт жуда кўп ёзилди. Бу худди ҳаво берилаётган шарга ўхшаб кўринди. Бироқ шар маълум кенгликка етгач, чиқишлар бироз камайди, аммо ҳаракат тўхтамади. Ишим ва оилам сабаб узоқ муддатга хорижга йўл олдим. Бу футболдан бироз узоқлашишимга олиб келиши рост. Шундай бўлса-да, мен назарда тутаётган кеманинг тақдири доим қизиқ бўлиб қолади. Шуни инобатга олиб, Тошкентдаги сўнгги куним Умид Аҳмаджонов билан кўришишга қарор қилдим.

Бунгача чамаси бир ҳафталар вақт бўлди. Қабулхонада ёнида Аҳмаджоновни 4 соатга яқин кутдим (вақт олдиндан келишилмаганди). Иштиёқ кучли бўлгани учун (балки сўнгги имкониятим учун) сабр қилдим. Кетма-кет икки йиғилишдан чиққан Аҳмаджоновга кимлигимни, мақсадимни, кетаётганимни ва уни қанча кутганимни айтдим. Хуллас, суҳбатга кўндирдим. Телефоним хотирасига ёзиб олганларимни эса ҳозир Европада туриб оққа туширяпман. Яна озгина кечиктирсам, бу интервьюнинг сариқ чақалик қадри қолмаслиги мумкин. Чунки унда янгиликлар кўп.


“Ишонсангиз, айрим кунлари ҳатто уйга ҳам бораётганим йўқ — деб гап бошлади суҳбатдошим. Кейин эса графинда турган сувдан қуйиб узатди. — Анча кутиб қолибсиз...


Икки бор қайтиб кетмоқчи бўлдим. Лекин ўзимни қийнаётган саволларимни бермасам бўлмасди — дедим кулиб. — Адашмасам, Президент қарори устида иш кетаётган экан.
— Ҳа, шундай. Ё футболни одам қиламан ёки уни йўқ қиламан деганларининг эртаси куниёқ мени қабулхонага чақиришди. Бунгача ўзимизнинг ҳам режаларимиз бор эди, бироқ ўша куни Шавкат Миромонович томонларидан шундай имкониятлар тортиқ қилиндики, етти ухлаб тушимга ҳам кирмаганди.
Қарорни ўқигандирсиз, унда ҳаммаси тушунарли қилиб ёзилган. Бироқ уни изга тушириб олиш осон эмас. Чунки ҳамма нарса ўзимизгагина боғлиқ бўлиб қолмаган. Биз ҳозир Молий вазирлигидан тортиб, Олий таълимгача — ҳамма ташкилотларга кириб боряпмиз. Деярли барча ҳокимликлар билан тун-у кун алоқада бўлиб турибмиз. МОҚдан тортиб Спорт вазирлигигача, ЎФА, ПФЛ — хуллас ҳаммасида ишчи гуруҳ кунига 16—18 соатдан ишлашига тўғри келяпти.
Аммо нолимаймиз. Чунки Президентнинг шахсан ўзлари спорт учун шунча нарса бериб қўйса-ю, биз ундан эплаб фойдалана олмасак, бу нима деган гап? Олдиндаги 2—3 йил давомида босиб ишлашда давом этсак, менимча футбол ҳам, умуман мамлакат спорти ҳам ўз рельсига тушиб олади.

— Қарорга кўз югуртириб чиқдим, ўзгаришлар анча катта. Ва ҳозир унинг устида иш қизғин давом этяпти. Мен эса бошқа масалалар ҳақида саволлар бермоқчи эдим. Асосан футбол ҳақида.
— Футбол дейишим билан суҳбатдошим бош чайқаб, кулиб қўйди.  
— Спорт бу спорт. Аммо футбол буткул бошқа масала, денг... Бемалол.

Биринчи мавзу — “Бухоро”


— “Бухоро” футбол клуби тўлаши керак бўлган 300 миллион керагидан кўпроқ эмасми?!
(Мен энди анча дадил эдим).
— Кўп. Жуда кўп! Чунки “Бухоро” футбол клуби раҳбарияти аввалги хатосидан хулоса чиқармади.

Сиз бир нарсани тушунинг, ҳар қандай қарорнинг тўғри ёки нотўғри эканини исталганча муҳокама қилиш мумкин. Аммо масаланинг яна бир томони бор: тартиб бўлмаса, ишда унум бўлмайди. Клублар шу кунга қадар қандай ишлади деган саволга, Олий Лига ўйинларига келадиган мухлислар сони жавоб бериши мумкин. Биз эса Суперлигада клубларга тиним бераётганимиз йўқ. Улар ишлаши шарт! Кимга ёқмайдиган бўлса, ўрнини бўшатиб қўяверсин, ўринбосар албатта топиб берамиз.

Кўпчилик айтяпти, келаси ўйинига мухлисларни киритмаслик мумкин эди-ку, деб. Сизнингча, ўзини ҳурмат қилмайдиган одамни 1 та ўйин билан тарбиялаб бўларканми? Биз мухлисларни стадионга қайтариш илинжида шунча ҳаракат қилиб туриб, яна ўз қароримиз билан уларни стадиондан четга чиқариб қўйишимиз керакми? Муаммодан қочиш ярамайди, уни ечиш керак. Ахир оилавий секторлар ташкил қиляпмиз, мухлислар Жаҳон Чемпионатини кўришни истаса, Суперлигада танаффус қилиб беряпмиз, ҳали Рамазон кунлари бор олдинда. Унда ҳам рўзадорларга қулайликлар яратиб бериш ниятимиз бор. Нима демоқчиман, ҳаммаси футбол мухлиси учун. Мадомикин шундай экан, ўша мухлислардан ҳеч бўлмаса ўзларини ҳурмат қилишни талаб қилишга ҳаққимиз бўлиши керак.

— Бироқ уларни ҳам балки тушунса бўлар. Балки яхши ҳакамлик бўлганида, улар жунбушга келмас эди...

— Тўғри. Бироқ ҳакам хато қилса, уни биз жазолаймиз, мухлислар эмас. Улар бир нарсага ишонишсин, нохолис ҳакамликни ўзимиз ҳам истамаймиз. Бундай ҳакамликка қарши фақат биз эмас, бутун жаҳон кураш олиб боради. Мақсадимиз ким хато қилса, уни “чопиш” эмас. Мухлисларнинг ҳаракати хато бўлса, улар билан ишлаш керак. Ҳакам хато қилса, у билан ҳам ишлаш мумкин. Бироқ ҳакам порахўр бўлса, шундагина ундан воз кечиб қўя қоламиз. Ахир ким хато қилмайди — ҳамма. Билиб туриб қилинган хато эса кечиришга арзигулик эмас.

— Равшан Эрматовни қўйиш мумкин эмасмиди ўша учрашувга?
— Кўп беришди шу саволни. Агар мен ҳамма ишга аралашсам, унда ўзимнинг ишимни ким қилади? Бизда Ҳакамлар қўмитаси бор, Интизом қўмитаси бор ва ҳоказо. Бу биринчидан.

Иккинчидан, мана сизга тақвим. 5-турга назар солинг. “Локомотив” — “Қўқон-1912” ўйини сизнингча қандай? “Насаф”нинг Наманганга ташрифи-чи? Суперлигада шундай муҳит истаяпмизки, ўткинчи ўйинлар бўлмасин. Суперлига фақатгина “Бухоро” ёки “Пахтакор”дан иборат эмас.  

Учинчидан, Равшан Эрматов афсуски бизда 1 дона. Уни ҳар турда олти бўлакка бўлиб, ҳамма ўйинга қўйиб чиқишнинг иложи йўқ. Имкони бўлганида ҳам бу йўлдан юрмасдик, бу хато бўларди. Ҳаммасини фақат унинг елкасига ташлагандан кўра, қолганларни Эрматов даражасига олиб чиқишга ҳаракат қилсак тўғрироқ эмасми? Чиқа олмас балки, бироқ биз ҳеч бўлмаганда қўл қовуштириб ўтирган бўлиб чиқмаймиз.

Тўртинчидан, Эрматов каби ФИФА рефериларининг зиммасида халқаро ўйинларни бошқариш каби вазифа ҳам бор. Агар уларнинг сафари яқин бўлса, ҳакамларни тақсимлашда ҳам шундан келиб чиқилади.

Бешинчидан, учрашув тизгинини қўлдан чиқарган ҳакамга жазо чораси бор. Хато қилса, у устида ишлашга мажбур. Аммо билиб туриб хато қилса, айтганимдек, ундан воз кечамиз.


— Ҳеч ўйлаб кўрдингизми, ҳамма муаммо фақатгина “Пахтакор” билан ўйиндан кейин бошланяпти...

— Тўғри, адашмасам бу тўртинчиси. Бу клубга нисбатан кимда нафрат бор, кимда бошқа билмадим-у, лекин ҳолатлар айнан унинг иштирокидаги ўйинларда бўлаётгани ўзингиз айтганингиз каби бор гап. Мен сизни ишонтириб айтаманки, ўша куни Бухорода “Бунёдкор” ёки “Навбаҳор” меҳмон бўлганида-ю, ҳолат такрорланганида ҳам барибир шу чора кўриларди.

Мен ҳатто сафарда бўлганимда ҳам Суперлига ўйинларини жонли кўришга ҳаракат қиламан. Ўша куни хонада бир неча киши билан ўйинни бирга томоша қилаётгандик. Стадиондаги ҳунук манзара ТВ орқали шундай аниқ эшитилдики, футбол кўраётган миллионлаб одамлар ўша ҳунук сўзларни биз билан баробар эшитишди. Бундай ҳолат бир неча бор такрорланди. Шундай кейин ҳам жим ўтиришимиз керакмиди ёки “Спорт”даги жонли трансляцияни тўхтатишимиз керакми, уйида ўтирган болаларнинг тарбияси ҳам “Бухоро”даги стадиондан сабаб бузилмай қўя қолсин деб. Ахир жонли эфирларга қанча машаққат билан эришаётганимизни ҳамма кўриб турибди-ку.

Мен тушунаман, спорт ҳиссиётлар билан чамбарчас боғлиқ. Миллий терма ўйинига тушганимизда ҳам ўзимиз билмаган ҳолда ҳунук сўзларни айтиб юборамиз. Бу табиий бир жараён ва бундан мухлисларни ҳеч ким мосуво ҳам қилмоқчи эмас. Футболни жим томоша қилса, унда кўрмай қўя қолган яхши-ку. Аммо оммавий равишда, қандайдир аҳмоқларга эргашиб бундай иш қилишни оқламаймиз. Ҳакамга эътироз борми, стадион шовқин кўтарсин, мухлислар “Бухоро” билан ҳар қандай ҳолатда ҳам бирга эканини айта олишсин баралла, ҳунук сўзлари йўқ кричалкалардан бемалол фойдаланишсин. Бироқ тартибсизлик келтириб чиқариш, оммавий равишда бузуқ сўзларни ишлатишга қарши кураш олиб борамиз. Майли, ҳозир танқид қилувчилар кўпдир. Бироқ вақти келиб одамлар ўзини ҳурмат қилишга кўникиб борса, бу бизнинг ютуғимиз бўлади.

— Айтайлик, клуб 300 миллионни тўлай олмади. Нима бўлади?

— Тўламагунича қўйилмайди. Мана шундай жарима тўланганидан кейингина стадион ва клуб раҳбарияти енг шимариб ишлайди. Фан-клуб фаоллашиб, ҳар бир сектор учун жавобгарлар қўйилади, мухлислар билан учрашувлар ўтказилади, улар учун шароитлар янада яхшиланади. Йўқса иш давом этаверади. Мухлислар завқ олиши учун стадионга келаверсин, эшиклар очиқ. Бироқ завқ олиш учун “Бухоро” стадионидаги ўриндиқларни синдириш, айтайлик стадионга бирор буюмни улоқтириш шарт эмас, бундай ишларга қарши жиддий курашилади. Биз ҳар бир одамнинг оғзидан чиқаётган сўзга тақиқ қўймоқчи эмасмиз, биз оммавий тартибсизликни йўқотиш устида иш олиб бормоқчимиз.


— Юқорида ким ҳам хато қилмайди, деб айтиб ўтдингиз. Бухоролик футбол мухлислари ўз хатоларини тушуниб, видеомурожаат билан ҳам чиқишди.

— Биринчи хатони кечириш мумкин. Иккинчиси бу иш одатга айланаётганидан дарак беради. Менга мухлислар мурожаатини кўрсатишди. Бир тарафдан хурсанд бўлдим, эплай олишларига ишонгим келди. Бироқ ҳаммаси фақат қуруқ гапдан иборат бўлиб қолмаслиги керак. Энди ўша 300 миллионни қайтариш мухлисларнинг ўз қўлида бўлади. Клублари ривожини чиндан ҳам исташса, ўзларини ҳурмат қилишсин ва чиройли мухлисликлари билан 300 миллионни “Бухоро”га қайтаришсин.

На ПФЛ, на ЎФА ўша пулларни еб кетмайди. Ҳеч ким “Бухоро”нинг пулига тегмайди! Биринчи босқич якунларига кўра ҳаммаси жойида бўлса, хато қилганлар хулоса чиқарган бўлса, пул қайтарилади. Иш давом этадиган бўлса, 300 миллионнинг ҳаммасига болалар боғчалари учун спорт анжомлари сотиб оламиз ва тарқатиб юборамиз. Футболни ҳам, тарбияни ҳам шулардан бошламасак, қон билан кирган нарса, жон билан чиқар экан деган хулосага келиб қоламиз.

— “Навбаҳор” ва “Бунёдкор” учун солинган жарималарнинг тақдири нима бўлди?

— Улардан воз кечдик. Муҳими ҳар икки клубга ва шу орқали қолганларга ҳам ЎФА қарорларини ҳурмат қилиш кераклигини тушунтирдик. У ўртоқлик ўйини бўладими ёки бошқами — ўз хатосини тушуниб етмаганлар спортга қадамини ҳам босмайди. ЎФА қароридан кейин уни муҳокама қиладиган одамлар, клублар вакиллари топилди, ҳаммасидан хабардормиз. Аммо футболчининг ҳаракати четда қолди. Биз эса уни четда қолдирмаймиз. Тил учида хато қилдим деб, қўйгани кам. Ҳар ким нима қилганини онгли равишда тушунсин ва қолганларга ҳам шуни тушунтира олсин. Клублар эса тартиб ҳақида унутмасин. Олдинги даврлар ўтиб кетди. Энди ҳаммаси бошқача бўлади.

“Бухоро” ҳам ўйламасин, пулдан шунчаки воз кечилади деб. ЎФА бир марта кечиради, икки марта кечиради. Кейин кеч бўлади. “Навбаҳор” билан бўлган воқеа “Бухоро”га ўрнак бўлсин, “Бухоро” воқеаси яна бошқа клубга. Нима демоқчиман, 1 та воқеадан ҳамма хулоса чиқарсин. Бизда биринчи марта шундай бўлди-ку деган гаплар ўтмайди. Бу футбол майдони эмас ҳар бир футболчига алоҳида сариқ ва қизил кўрсатиб чиқадиган. Биз учун кимдирнинг хатоси қолганлар учун ҳам сабоқ бўлиши шарт.

Иккинчи мавзу — Абрамов, Бабаян, Аҳмадалиев масаласи...

“Бу саволларимнинг ярми эди” деганимда Аҳмаджонов қандай қараганини тасвирлаб бера олмайман (: Аксига олиб ўша кадрни мухрлаб қўйиш учун фотокамерам ҳам йўқ эди.

Шу ергача суҳбатимиз давомида Аҳмаджоновнинг мобил телефони камида 20 марта ўз эгасини чақирди. Улар орасидан фақатгина 1 тасига жавоб берилди (Қўқонда қурилиши керак бўлган стадион масаласида).


— Тартиб ҳақида гапирдингиз. Кейин эса хатосидан хулоса чиқарганларга имконият бериш ҳақида ҳам. Вадим Абрамов билан нима юз берганини очиғини тушуна олмаганман. Лекин менимча у яхши мутахассис эди...
— Ҳа, у ёмон ишламаган. Аммо сиз тушунмаган нарсаларни унинг ўзи жуда яхши тушунади. Ким нима қилган бўлса ҳам, бу унга ҳамма нарса мумкин дегани эмас. Абрамов мисолида буни қолганлар ҳам тушуниб олиши керак.

Унинг каби мутахассисларни четга чиқариб, бирор нима ютмаймиз. Абрамов футболдаги билимларини кимгадир ўргатиши, қайсидир клуб билан ишлаши, муваффақиятга эришиши мумкиндир. Бемалол. У футболга қайтади, аниқроғи, биз уни футболга шунчаки душман қилиб қўя олмаймиз. Чунки ҳаётининг катта қисмини шу соҳага бағишлаган. Аксинча, ундан ўрганиш мумкин бўлган жиҳатлар борми, марҳамат, ўргатсин, шогирдлар орттирсин, футболчилар етиштириб чиқарсин. Биз уни эркин фикрлари учунгина четга чиқариб қўймадик.

Айни пайтда футболда фаолият олиб бораётганлар бир нарсани яхшилаб билиб олсин. Қайсидир мураббийда, қайсидир футболчида ёки раҳбарда қинғирлик, коррупция ҳолати ёки қандайдир бошқа жиноят кўринса, улар энди қонун олдида жавоб беради. Ҳеч ким ўз манфаатини клубникидан, мухлисларникидан устун қўймайди. Чунки футбол ҳамманики, меники ёки сизники эмас. Шавкат Миромоновичдан шундай топшириқ бор, буёғига давлат пулини, халқ пулини кимдир еб кетишига йўл қўя олмаймиз. Шунингдек, кимдир тотализатор компаниялари орқали пул ишлаб олиш мақсадида футболдан, футболчилардан фойдаланаётганини сезиб қолсак, уларга ҳам жиддий чоралар кўрилади. Биз футбол бўйича чора кўрамиз, қолгани билан прокуратура шуғулланади. ФИФА айтган, футболга ҳеч ким аралаша олмайди, деб ўйлашмасин. Ўз-ўзидан ташқи таъсир футболга бурун суқмайди, бироқ биз унинг ичидаги қуртларни қуритиш учун ҳаракат қиламиз. Ўша ФИФАни бошқарган амалдор инсонлар вақти келиб жавоб бераётганини ҳамма кўриб, билиб турибди.


— Ого, демак Вадим Абрамовга яна имконият берилиши ҳақида биринчи бўлиб мен биляпманми?

— Яқин орада унинг ишини Ижроқўм қайта кўриб чиқади. Абрамов ўз тажрибаси билан Ўзбекистон футболига фойда келтиришни истаса, унга имконият берилади.

— Бабаян масаласи нима бўлади? Бунгача унинг четлатилгани ҳақида ўқигандик. Футболга қайтганини Латвия нашларидан билдик.

— Унинг борасида позициямиз ўзгармайди. Миллий терма жамоадан ўз манфаати йўлида фойдаланган деб ҳисоблаганимиз учун ҳам яқин орада ўзбек футболига қайтаришни режалаштираётганимиз йўқ. ЎФА қарори фақат биз учун амалда бўлади. Халқаро миқёсда эса омадини берсин. Энди бизнинг футбол фақатгина битта инсонга қараб қолмайди, фақат бир киши ҳаммасини ўз ҳолича ҳал қилиб ташламайди. Ҳамма бир ёқадан бош чиқаришга интилади. Шунингдек, насиб бўлса мундиални ўтказиб олсак, хорижлик тажрибали мутахассисни ҳам Ўзбекистонга олиб келамиз.

— Ёшини кичиклаштирган деб топилган футболчилар ҳақида-чи? Улар нимадандир умид қилиши мумкинми?

— Бу жиддий масала. Биз бундай иллатни буткул йўқотиш учун ҳаракат қиламиз. Яқин келажакда футболга кириб келаётган ҳар бир болани умумий базага киритиш ва шу орқали уларни назорат қилиш тизимини Ўзбекистонга олиб кирамиз. Бу тизим Европа ва Осиёнинг айрим мамлакатларида муваффақиятли ишлаяпти. Бунда қандайдир футболчи 14—15 ёшида пайдо бўлиб қолмайди, биз уларни ўша кичик гуруҳчаларда тўп тепишни бошлаганидан буён назоратга оламиз. Бу эса юқоридаги иллат учун яхшигина болта уради.

Шу вақтгача ўзимизни алдаб келдик болалар ва ўсмирлар футболида натижа кўрсатиб. Энди биз улардан натижа талаб қилмаймиз. Мураббийлар олаётгани соврини билан мақтанишни йиғиштирсин, улар қандай савиядаги футболчиларни тарбиялаб бераётганига эътибор қаратсин.


— Лекин Аҳмадалиевни олиб қарасак, у ўз қанотида терма жамоа даражасига чиқиши мумкин эди. Қолаверса, хато қилганида анча ёш бўлган. Кейин эса хулоса чиқариб, ўз исм-шарифи билан ўйнашни бошлаганди.

— Ҳа, ўша Дилшод Аҳмадалиев ҳам, бошқаси ҳам жуда ёш вақтида хато қилган. Биз кап-катта одамларни кечириб, иқтидорларни футболдан бездириб қўймаймиз. Уларни қайтарамиз футболга. Ниятимиз одамлар кўнглини спортдан бездириш эмас, спорт ичидаги иллатларни йўқотиш. Ўша Аҳмадалиев ва бошқалар мисолида футбол мураббийлари ҳам, бошқалар ҳам қулоғига яхшилаб қуйиб олсин, энди олдинги футбол йўқ. Олдинги футболда ишлаган мураббийлар ҳам, раҳбарлар ҳам, энди янги талаблар бўйича бирдек жавобгар бўлади. Кейинги сафар фақатгина футболчини эмас, мураббийи ва ўша мактаб раҳбарини ҳам қўшиб ҳайдаймиз, футболчининг ота-онаси эса давлат ҳужжатини сохталаштириш бўйича жиноий жавобгарликка тортилади. Бундай бўлмаслиги учун мураббийлар, клублар раҳбарлари ҳар бир болани яхшилаб текширсин, мактаби ҳам, боғчаси ҳам, маҳалласи ҳам четда қолиб кетмасин. Ота-оналар эса озгина ақли бўлса, мурғак болаларни жиноят йўлига бошламасин. Сўнгги пушаймон ўзингга душман деганларидек, биз болаларни эмас, уларни бош айбдор деб ҳисоблаймиз.

Суҳбат якунида Аҳмаджоновга самимий миннатдорчилик билдирдим. У билан суҳбатгача умуман бошқа одамни тасаввур қилдим. Аммо Абрамовнинг қайтиши, Аҳмадалиевга яна имкон берилиши, “Бухоро” футбол клуби билан боғлиқ масалалар кайфиятимни кўтарди.

Мен юқорида айтганим кема чўкиб кетадими ёки йўқ маълум эмас. Аммо унинг ичидагилар ҳаракат қиляпти. Ҳаракат қандай самара беришини вақт кўрсатади. Аҳмаджоновнинг ўзи айтганидек, хато ҳаммада бўлади: кимдир билиб қилади, кимдир эса билмасдан. Умид қиламанки, балки 1 йил, балки 4—5 йилдан кейин Тошкентга қайтганимда бизда умуман бошқача футбол бўлади.  


Матлюба Мустаева суҳбатлашди    

Рейтинг: +219   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика