UZ

Сўнгги янгиликлар

14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  1 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  0 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  4 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  4 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   20 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  12 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1 09:10«Бунёдкор» терма жамоамизнинг икки нафар футболчиси билан музокара олиб бормоқда  3 08:37Аббосбек Файзуллаев Ўзбекистондаги энг тез футболчи ким эканлигини айтди  8 08:0620 кун аввал "Навбаҳор" билан икки йиллик шартнома тузган футболчи легионерга айланди  2

Суймаганга суйкалма… Янгиликлар

Суймаганга суйкалма…

Игорь Денисов ва Павел Погребняк янги мавсумни Москванинг «Динамо»си билан бирга Россия биринчи дивизионида бошлашди.

Маҳаллий юлдузлар (ахир УЕФА кубоги ва суперкубоги ҳаммага ҳам насиб этавермайди)нинг қуйи лигада тўп суришлари сhampionat.com сайтини олдин шундай қисматга дуч келган, яъни ўз жамоалари билан пастга шўнғиган европалик таниқли футболчилар ҳақида ҳикоя қилишга ундади. Улардан айримлари омадсизликка қарамай, жамоага содиқ қолишган, баъзилари эса дарҳол «жуфтакни ростлашган». Клублар эса бундай ҳолатда «Суймаганга суйкалма» мақолига амал қилишган.

Давид ТРЕЗЕГЕ

«Эркулес» билан (2011 йил)


Франция терма жамоаси тарихидаги энг ёрқин ҳужумчилардан бири «Эркулес»га ўтган пайти жарима майдончасининг исталган нуқтасидан гол ура оладиган қудратли тўпурар даражасида эмасди. 32 ёшни қаршилаган фахрий «Ювентус»даги кучли рақобатга дош беролмай, Испанияга йўл олди. Франциялик голеадор кутилганидек, аликантеликлар сафида ҳам юқори савияда тўп сурди. Хусусан, 12та гол уриб, «Эркулес»нинг энг яхши тўпурари бўлди. Таққослаш учун айтсак, вақтида «Реал» эътиборини тортган таниқли ҳужумчи Ройстон Дренте  ўша мавсум «Эркулес»да атиги 4та гол билан чекланганди. Лекин Давид қайд этган маҳсулдорлик ҳам клубнинг примерода ўз  ўрнини сақлаб қолишига камлик қилди. Сегундада тўп суришни истамаган Трезеге шундан кейин БААга йўл олди ва 6 ойдан сўнг Аргентинада ўйнаш вариантини маъқул кўрди. Шу тариқа «Ривер Плейт» ҳамда «Ньюэллс Олд Бойз» клубларида 3 йил самарали фаолият юритди.

Уэйн БРИЖ ва Робби КИН «Вест Хэм» билан (2011 йил)

Лондонлик «болғачилар» ўша йили ўта омадсиз тўп суриб, АПЛда сўнгги поғонани банд этишди. Бу муваффақиятсизлик жамоани элитада сақлаб қолиш учун сафарбар этилган Уэйн Бриж ва Рой Кин фаолиятида қора доғ бўлиб қолди. Қишки трансферлар пайти Лондон клуби сафига қўшилган Уэйн мавсумнинг қолган барча беллашувларида тўлиқ иштирок этди. Бироқ тажрибали ҳимоячининг кўмаги унча сезилмади. Ижара келишуви муддати якунига етгач эса, Бриж «Сандерленд» орқали чемпионшип вакили - «Брайтон энд Хоув» сафига қўшилди ва бу клубда «Манчестер Сити» билан тузган шартномаси тугагунча тўп сурди.

«Вест Хэм» мураббийи «Тоттенхэм»­дан ижара шарти асосида олинган Рой Кинни эса захира ўйинчиси сифатида кўрди. Шу сабабли, таниқли футболчи бор-йўғи 9 марта майдонга тушиб, 2та гол урди.  Кин ўша мавсум якунлангач, дарҳол MLSга равона бўлди.


Жузеппе РОССИ

«Вильярреал» билан (2012 йил), «Леванте» билан (2016 йил)

«Вильярреал» омадсизликка юз тутишидан бир йилча олдин ҳам Испания лигасида етакчи жамоалар қаторида юрганди. Очиғи, кечагина ЕЧЛда бинойидек тўп сурган жамоанинг сегундага йўл олишини ҳеч ким кутмаганди. Боз устига, Диего Лопес, Борха Валеро, Кани, Бруно Сориано ва Европа чемпионлари - Карлос Марчена ҳамда Маркос Сеннадек юлдузларнинг қуйи лигада ўйнашлари тасаввурга сиғмасди. Эҳтимол, тажрибали ҳужумчи Жузеппе Росси мавсум стартида жароҳатланмаганида, «ғаввослар» бунчалик аянчли вазиятга тушмасмидилар? Хуллас, биринчиликнинг 10-турида «Реал»га қарши майдонга тушган футболчи деярли 2 йил муддатга футбол билан хайрлашди. Ниҳоят, Росси жорий йилнинг бошида «Леванте»да кўриниш берди. Аммо унинг 6та голи жамоанинг примерода қолишига ёрдам бермади. Энди шу пайтгача ўзининг юксак салоҳиятини тўла намойиш этолмаган 29 ёшли ҳужумчи «Фиорентина» сафида бу кемтикни тўлдиришга уриниб кўради.

Адриан МУТУ

«Чезена» билан (2012 йил)

Яна бир ноёб иқтидор соҳиби, бироқ у ҳам ёрқин фаолияти билан мақтанолмайди. «Фиорентина»да 5 йил тўп сурган руминиялик ҳужумчи кейинчалик «Чезена» сафига қўшилди. Бироқ бахтига қарши жамоа ўша мавсум «А» серияси билан хайрлашди. Ваҳоланки, Адриан мунтазам равишда майдонга тушиб, рисоладагидек тўп сурган ва 8та гол билан жамоа тўпурари бўлганди. Қуйи лигада ўйнашни истамаган ҳужумчи Франциянинг «Аяччо»сига ўтди. Бу жамоа­да ҳам дурустроқ натижага эришолмаганидан кейин эса, топ-чемпионатлардан кўнгли совиди, чоғи, фаолия­тини якунлаш учун ватанига қайтди.

Лукаш ПОДОЛЬСКИ

«Кёльн» билан (2012 йил)

Таниқли футболчилар асосан ўз фаолиятларининг якуний босқичида қуйи лигада ўйнашга мажбур бўлишади. Германиялик иқтидор соҳиби аксинча, 27 ёшидаёқ шундай қисматни татиб кўрди. 2012 йили «Бавария»даги кучли рақобатга дош беролмаган ҳужумчи қадрдон клуби - «Кёльн»га қайтди. Кейинчалик бу жамоада мухлисларнинг чинакам ёқимтойига айланиб, мавсумни 18та гол билан якунлади. Аммо «такалар» ҳимояда шунчалик ҳотамтойлик қилишдики, нақ 75та (!) гол қўйиб юборишди. Подольски ўз шаҳри ва клубини қаттиқ севсада, катта футболдан кўнгил узолмади ва «Арсенал» сафини тўлдирди.

Жулио СЕЗАР

«КПР» билан (2013 йил)

Бир қатор таниқли юлдузлар ва Харри Реднаппдек малакали мутахассис жалб этилди, аммо шу тадбир ҳам Лондон клубининг элитада кўпроқ фаолият юритишини таъминламади. Ваҳоланки, таркибда Жозе Босингва, Роберт Грин, Парк Жи Сун, Шон-Райт Филлипс, Лоик Реми ва албатта, тажрибали Жулио Сезардан иборат ажойиб гуруҳ йиғилганди. Таассуфки, нуфузли совринларни қўлга киритган шу юлдузлар кескин рақобатга дош беролмадилар. Сезарга келсак, у мавсумнинг аксарият учрашувларида майдонга тушиб, ажойиб «сэйв»ларни намойиш этди. Бироқ «Интер»дагидек катта қаҳрамонлик кўрсатолмади. Чунки «КПР»нинг ҳимоя чизиғи миланликларнинг моуриньоча қурилган истеҳкомига сира ўхшамасди. Жулио қуйи дивизионда ўйнашга розилик бериб, астойдил тайёргарлик кўрди. Лекин Грин билан рақобатда устунлик қилолмай, захира ўриндиғида қолиб кетди. Натижада бразилиялик тажрибали посбон қишда Канаданинг «Торонто» жамоасига йўл олди ва ярим йиллик фаолиятидан сўнг «Бенфика» таркибига қўшилди.

Рио ФЕРДИНАНД

«КПР» билан (2015 йил)


«КПР» 2013|2014 йиллар мавсумида АПЛга қайтди ва бир қатор таниқли ўйинчилар ҳисобига анча кучайгандек бўлди. Энг ёрқин ўйинларини «МЮ»га бағишлаган Рио мавсумни асосий таркибда бошлади. Бироқ фахрий ҳимоячининг ҳаракатлари Харри Реднаппни асло қониқтирмади. Натижада мураббий Ричард Даннга кўпроқ ишонч билдирди ва Рио 11та учрашувдаги иштирок билан чекланди. Якунда клуб шартнома муддатини узайтириш масаласида сукут сақлагач, Фердинанд катта футбол билан хайрлашиб қўя қолди.

Флоран МАЛУДА

«Мец» билан (2015 йил)

Мухлислар вақтида  «Челси»-«МЮ» беллашувларида Флоран Малуда ва Рио Фердинанд ўртасидаги кескин қарама-қаршиликни мароқ билан томоша қилишганди. Жумладан, ЕЧЛ-2008 финали кўпчилик ёдидан кўтарилмаган бўлса керак. Тақдир тақозоси билан ўтган йили икки футболчи ҳам ўз жамоаси билан қуйи дивизионга тушиб кетди. «Кўклар» асосий таркибига киролмаган Малуда Туркияга йўл олган, лекин у ерда бош мураббий Воҳид Халилхожич билан жанжаллашиб қолгани боис, ўз юртига қайтганди. У «Мец» билан шартнома тузиб, баҳоли қудрат тўп сурди. Бироқ жамоа мавсумни жуда суст ўтказди. Шундан кейин Флоран Ҳиндистон ва Миср сафарига отланди.

Жолеон ЛЕСКОТТ

«Астон Вилла» билан (2016 йил)

Бу футболчи сара юлдузлар сирасига кирмайди. Лекин энг кучли чемпионатда 16 йил фаолият юритиш катта натижа ҳисобланади. Тўғри, Жолеон сўнгги йил воқеаларини имкон борича тезроқ унутиш ниятида. Чунки «Астон Вилла»нинг қайд этган «қаҳрамонлиги»ни таърифлашга тил ожиз: клуб 38та учрашувда бор-йўғи 27та гол уриб, 76та қўйиб юборди ва атиги 17 очко жамғарди. Хуллас, Бирмингем жамоаси ҳақли равишда турнир жадвалининг сўнгги поғонасидан жой олиб, 1987 йилдан буён илк марта АПЛни тарк этди. Жумладан, Лескотт ҳам барча жамоадошлари сингари мавсумни ўта қониқарсиз ўтказди ва чемпионшипда дебют қилишга маҳкум бўлди.

Лука ТОНИ

«Верона» билан (2016 йил)

Таниқли ҳужумчининг тарихи бош-қаларникидан кескин фарқланади. «Верона» мавсум якунига кўра, «В» сериясига тушиб кетган бўлсада, хизмат кўрсатган фахрий катта футбол билан бошини баланд тутган ҳолда хайрлашди. Албатта, ўтган мавсум урган 6та голини аввалги 2 йил давомида кўрсатган жасоратига қиёслаш кулгули. Умуман, Лука 39 ёшга тўлгунича ҳайратланарли ва шонли йўлни босиб ўтди. Мана, буёғига юксак савияда тўп суролмаслигини англаб етди, шекилли, босиб ўтган йўлидан қониқиш ҳосил қилган ҳолда, бутсаларини михга илди.

С.РАҲМОНОВ тайёрлади

Рейтинг: +3   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика