UZ

Сўнгги янгиликлар

16:14"Металлург" академияси ёпиладими? Академия бунга жавоб берди  0 15:53Расман: Егор Кримец - "Сўғдиёна" футболчиси!  3 15:27ЖЧ-2010нинг энг яхши футболчиси Форлан: "Испанияда "Атлетико" рамзини ҳеч қачон ўпмаганим учун танқид қилишарди"  2 14:54Йўғе! Дани Ольмо агенти билан бирга Манчестерга учиб келди  3 14:22Олмалиқдаги "ОКМК спорт мажмуаси" ҳудудида янги табиий майдон қурилмоқда  1 13:54"Бунёдкор" ўз тарбияланувчиси билан шартномани 2 йилга узайтирди  0 13:27"Шўртан" 2025 йилги мавсумни Қаршидаги стадионда бошлайди  1 12:51Эронда нима гаплар? Юсуповда навбатдаги "қуруқ ўйин", Машарипов тўлиқ ўйнади  2 12:20ПФЛ "Олимпик"ка 5 январгача муҳлат берди, акс ҳолда...  5 11:51Қиз фарзанди дунёга келгани сабаб ўйиннинг 1-бўлимини ўтказиб юборган ва 2-бўлимга етиб бориб хет-трик қайд этган футболчи ҳақида билармидингиз?!  5 11:22Бекободда футбол ўлмоқда. "Металлург" кетидан Шавкат Мирзиёев ташриф буюрган академия ҳам ёпилади   22 10:55Қойил! Аморим тен Хагнинг антирекордини янгилади  15 10:22Аббосбек Файзуллаев «Монако» ҳақидаги саволга жавоб берди  5 10:07Расман: Санжар Қувватов - «Қизилқум» жамоаси футболчиси  1 09:47Бир йил аввал саратон билан курашган футболчи Тожикистонда «йил футболчиси» бўлди  1

Сервер Жепаров: "Терма жамоада менга ўринбосар сифатида Жавоҳир Сидиқовни кўряпман" Янгиликлар

Сервер Жепаров: "Терма жамоада менга ўринбосар сифатида Жавоҳир Сидиқовни кўряпман"

Ўзбек футболининг энг етакчи ўйинчиларидан бири, Осиёнинг икки карра “Энг яхши футболчиси” деб топилган Сервер Жепаров фаолиятини Эронда давом эттирмоқда.

У Теҳроннинг энг номдор жамоаси “Истиқлол” сафида тўп тепяпти. 20-рақамда ўйнаётган футболчимиз ҳам ички чемпионат, ҳам Осиё чемпионлар лигасида ўзини кўрсата оляпти. Яқинда Жепаров билан боғланиб, ундан бир қатор саволларга жавоб олдик.

- Сервер, Эрондаги фаолият қандай кетяпти?
- Яхши кетяпти деб бемалол айта оламан. Албатта, ички чемпионатда чемпионликка умид қолмади, лекин Осиё чемпионлар лигасида жамоамиз ўзини кўрсатмоқда. Насиб қилса, бу мусобақада узоқроққа боришга ҳаракат қиламиз.

- У ердаги ҳаёт ҳақида нималар дея оласиз? Зерикарли эмасми?
- Албатта, Теҳронда ҳаёт биздаги каби жўшқин эмас. Лекин мен профессионал футболчи сифатида Эронга футбол ўйнаш учун борганман, ҳаётдан завқ олиш учун эмас. Шу боис ҳаммаси жойида дея оламан. Профессионал футболчи қаерда тўп тепмасин, ўша жойнинг муҳитига мослашиши керак деб ҳисоблайман.

- Яшаш қаерда бўляпти? Клуб базасидами ё алоҳида уйдами?
- Теҳронда тўрт хонали уйда истиқомат қиляпман. Уйим шаҳар марказига жуда яқин жойлашган.

- Теҳронда ким билан кўпроқ вақт ўтказасиз?
- Машғулот ва ўйиндан бўш пайтлари уйда бўламан. Тез-тез жамоадошлар бирга йиғилиб турамиз. Шунингдек, легионерлар ҳам меҳмон бўлиб туришади.

- Эрон футболи ҳақида нималар дея оласиз? Яъни, у ерга бормасдан олдин қандай фикрда эдингиз-у, ҳозир қандай?
- Эронда асосан кучга таянадиган футбол намойиш этишади. Техникани ҳам жуда қадрлашади. Клубларда баланд бўйли ҳимоячилар кўп ва уларни якка курашларда енгиш осон эмас. Ярим ҳимоячиларни ҳам кучли дея оламан, ҳужумчилар эса техник томонлама устун. Мен у ерга бормасдан олдин ҳам шу фикрда эдим. “Истиқлол”да ўйнаб шуни кўрдимки, тахмин қилганларим рост экан. Негаки бунгача бошқа клублар ва терма жамоа миқёсида эронликларга қарши кўп бор майдонга тушганман.

- Бу мавсум "Персеполис" чемпион бўлишга жуда яқин. Чемпионлик йўлида "Истиқлол"га нима етишмади деб ҳисоблайсиз?
- Чемпионат бошида кўплаб муаммоларга дуч келдик. Бир нечта учрашувларда кутилмаганда очко йўқотдик. Бунинг натижасида учинчи ўринга тушиб қолдик.

- Теҳронда қайси клубнинг мухлислари кўп: "Персеполис"ми ёки "Истиқлол"ми?
- Бу саволга бирданига жавоб бериш қийин. Чунки иккала клуб Теҳроннинг энг кучли жамоалари ҳисобланади. Мухлислар “Персеполис”да ҳам, бизда ҳам кўпчиликни ташкил этади. Аммо аниқ рақамларни билиш учун менимча, уйма уй кириб сўраб чиқиш керак бўлади.

- Эронда тил бўйича муаммо бўлмаяптими?
- Ҳеч қандай муаммо йўқ. Менга клуб томонидан таржимон ажратилган, қолаверса бу ерда кўпчилик инглиз тилида сўзлаша олади.

- Форс тилида гапиришни ўргандингизми?
- Форсча жудаям чиройли тил. Лекин мен учун гапириш мушкул. Негадир менда чет тилларини ўрганиш қийин кечади. Фақат инглизчани яхшироқ биламан. Аммо форсчани оз миқдорда бўлсаям тушунаман.

- Март ойи бошида ўтказилган Теҳрон дербиси қандай таассурот қолдирди?
- Бу ҳақда кўп гапириш мумкин. Стадион, трибуна, мухлислар – бир сўз билан айтганда муҳит даҳшат бўлди. Стадионнинг ярми кўк, ярми қизил рангда. Шовқин юқори даражада, ишқибозлар тинмай қўшиқ куйлайди, футболчиларга олқишлар, худди эт жимирлаб кетгандек бўлади.

- "Персеполис" бош мураббийи Бранко Иванкович “Теҳрон дербиси”га Осиёдаги энг катта дерби деб таъриф берди. Бу фикрга қўшиласизми?
- Ҳа, бу фикрга қўшилса бўлади. Чунки ўзим “Истиқлол” сафида “Персеполис”га қарши майдонга тушиб, дерби нималигини яна бир бор ҳис қилдим. Айтишим мумкинки, мазкур жамоалар ўртасидаги ўйин бемалол дунёнинг энг зўр 10та дербиси қаторига киради.

- "Истиқлол" бош мураббийи Уинфрид Шефер ҳақида фикрингиз?
- Фақат илиқ гапларни айтишим мумкин. Уинфрид Шефер анча тажрибали мураббий. У жамоадаги ҳолатни жуда яхши тушунади ва футболчиларни бир мақсад йўлида бирлаштириб руҳлантира олади. Қолаверса, ҳар доим ўйинчилар билан илиқ муносабатда.

- Эшитишимизча, сиз унинг энг ёқимтой футболчиси экансиз.
- Мен бундай демаган бўлардим. У барча футболчиларга бир хил муносабатда. Лекин яширмайман, унга кўпроқ комбинацион футбол кўрсатадиган ўйинчилар ёқади.

- Билишимизча, Эрон “ёпиқ” мамлакат ҳисобланади. Футболдан ташқари бўш вақтни қандай ўтказасиз?
- Эрон кўпчилик ўйлаганидек ёпиқ мамлакат эмас. Теҳронда кўплаб чиройли ресторанлар, кўркам савдо марказлари бор. У ерда японча, хитойча, европача ва албатта итальянча ресторанлар кўп. Аммо мен доим ҳам ресторанга боравермайман, кўпинча уйда бўлишни маъқул кўраман.

- Яқинда Александр Гейнрих футболни тугатганини маълум қилди. Ўтган йил Тимур Кападзе футбол билан хайрлашди. Сиз билан бирга ўйнаганлар бирин-кетин футболни тугатяпти.
- Ҳа, бундан хабарим бор. Бу - ҳаёт, футбол умрбод ўйналадиган спорт тури эмас. Тўп тепаётган борки бир кун келиб футболни тугатади. Лекин ўйлашимча, Гейнрих ва Кападзе бемалол яна икки йил футбол ўйнай оларди.

- Ўзингиз футболдан кейинги режаларни тузиб қўйдингизми?
- Тўғриси, ҳозирча фаолиятимни якунлаш ҳақида ўйламаяпман. Бу борада режа тузганим йўқ. Токи соғлигим юкламаларни кўтаришга тайёр экан, кучим етгунча ўйнашни хоҳлайман. Аммо келажак ҳақида тез-тез тасаввур қилиб тураман. Эртами-кечми мен ҳам футболни тугатаман ва шундан кейин нимадир билан шуғулланишим керак бўлади. Менимча, барибир футболда қолсам керак.

- Ўзбекистон терма жамоасининг кейинги бош мураббийи Карлуш Кейруш бўлиши ҳақида кўп гаплар юрибди. Эронда бу ҳақда гапиришяптими?
- Бу ерда ҳам миш-мишлар ҳеч тинмаяпти. Ҳатто кимга ишонишингни билмайсан. Лекин кўпчилик бу ерда Кейруш Эрон билан шартномани 2019 йилги Осиё Кубогига қадар узайтирди деяпти. Баъзилар уни Австралия билан шартнома тузди дейишмоқда. Хуллас ҳар хил гап-сўзлар юрибди.

- Шахсан сизда терма жамоа билан боғлиқ режалар қандай?
- Терма жамоа борасида шошилинч қарор қабул қилишни истамайман. Ўйлайманки, менда ўйлаб кўриш учун вақт етарли.

- Кейинги йил Осиё Кубогига борасизми?
- Албатта, бундай нуфузли мусобақага бориш ниятим бор. Агар терма жамоамизнинг янги бош мураббийи менга ҳам қизиқиш билдириб таклиф қилса нега энди йўқ дейишим керак. Мен ҳамон ўз кучимга ишонаман ва терма жамоага ёрдам бера оладиган даражадаман. Фақат ҳамма гап янги мураббийнинг хоҳишига боғлиқ. Унгача мен ҳам ўз устимда ишлашда давом этаман.

- Нима деб ўйлайсиз, бу йил "Истиқлол" Осиё чемпионлар лигасида ғолиб чиқиши мумкинми?
- Нега энди мумкин бўлмасин. Футболда ҳамма нарсанинг иложи бор. Ҳозирча бизда ҳаммаси жойида ва Осиё чемпионлар лигасида йўқотишларсиз кетяпмиз. Омад келиб, бу йил мусобақада зафар қучсак ажаб эмас.

- Эронда футболни ёритиш қандай? Матбуот эътибори юқорими?
- Эронда футбол ОАВ томонидан жуда яхши ёритилади. Ҳар бир ўйинга кўплаб журналистлар, фотосуратчилар келади. Бу ерда мухлислар кўп бўлгани каби матбуот вакиллари ҳам кўп.

- Эрон терма жамоаси охирги йилларда мунтазам жаҳон чемпионатига чиқиб келмоқда. Сиз шу давлатда ўйнаётган футболчи сифатида нима дея оласиз: бизда йўқ - лекин уларда бор нарса нима?
- Уларда португалиялик мураббий Карлуш Кейруш келгач кўп нарса ўзгарди. Терма жамоа кучайди ва Эрон мунтазам жаҳон чемпионатига чиқувчи жамоага айланди. Кейруш ҳақиқатдан ўз ишининг профессионал устаси. У жамоани қандай қилиб мундиалга олиб боришни ва ўйинларда зафар қучишни билади.

- Эрон ва Ўзбекистон футболи орасидаги фарқ катта деб ўйлайсизми?
- Мен бу ҳақда юқорида қисман гапириб ўтдим. Эронда бўйдор ва жисмоний жиҳатдан бақувват футболчилар кўп. Бизда эса кам. Бизда эътибор кўпроқ техник футболга қаратилади, ички чемпионатда якка курашларни кам кўрамиз. Эронда эса ҳар бир ўйин “жанг” бўлади.

- Терма жамоада фаолиятни тугатгандан сўнг сизга ўринбосар сифатида кимни кўряпсиз?
- Тўғрисини айтсам, Жавоҳир Сидиқовни. Менга унинг ўйини ёқади. Жавоҳир Хитойда бўлиб ўтган U-23 Осиё чемпионатида жуда яхши ўйин кўрсатди. Ким билади дейсиз, бир кун келиб айнан шу футболчи менинг ўрнимни эгалласа ажаб эмас.

- "Истиқлол" фаолиятингиздаги охирги клуб бўлиб қоладими?
- Бу ҳақда аниқ гап айта олмайман. Ҳаммасини вақт кўрсататди.

Х.Холиқов суҳбатлашди.

Рейтинг: +58   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика