"Реал Мадрид" ёш иқтидорлари тақдири нима бўлади?
15 окт 2020 17:30
Янгиликлар
"Реал Мадрид" ёш иқтидорлари тақдири нима бўлади?
Бир неча кун ичида эса клублар даражасидаги топ жамоалар баҳслари бошланади.
Винисуис Жуниор
"Мадрид" ва "Атлетико" ўртасида "илиқ" муносабатлар борлиги ҳеч кимга сир эмас ва бу икки жамоа ўртасидаги ўййинлар чинакамига "дерби"га мос равишда ўтади. Ўтган йили ушбу жамоаларнинг икки учрашуви голсиз дуранг билан якунланганди ва февраль ойида навбатдаги спаррингдан аввал кўпчилик яна шунга ўхшаш натижадан хавотирда эди. Бироқ танаффусда Зидан майдонга Винисиусни туширди ва орадан ўн дақиқа ўтиб, бразилиялик голли ҳужумда иштирок этди. Бу йигитда нимадир борлиги яққол кўриниб турарди.
"Мадрид"да уни ишлов берилмаган жавоҳир деб ҳисоблашади, — дейди Хайме Родригес, El Mundo нашри мухбири. — У ҳақиқий йиртқич. Унда Неймардаги каби юқори техника ва нозик ҳаракатлар бўлмаслиги мумкин, аммо у тезкор, абжир ва олдидаги рақибдан чўчимай олға боради. У ҳимоячиларни тер тўкишга мажбур қилади. Гап дриблинг ҳақида кетганида, фикримча, у – Неймардан кам бўлмаган ҳолда, дунёнинг энг яхшиларидан бири".
"Бу болакай 18 ёшидаёқ жамоани ортидан эргаштира олди — Испания Кубогидаги "Барса"га қарши ўйиннинг ўзини эслаш етарли. Мадридда унинг келажагига қаттиқ ишонишади ва ҳеч ким уни қўйиб юбориш ниятида эмас, сабаби нафақат "Реал"дагилар унинг иқтидорига тан берган — менда ўтган мавсум ПСЖ фақатгина келишувга Винисиус қўшилсагина Неймарни сотишга рози бўлганлиги ҳақида аниқ далиллар мавжуд. Ёш бразилияликка ҳозирча фақатгина барқарорлик етишмаяпти".
Жуниор чиндан кўп гол урмаяпти. Испания пойтахтида ўтган давр мобайнида у бор йўғи 72 учрашувда 11 марта рақиблар дарвозасини ишғол этди. Балки шу сабаб Зидан доим ҳам футболчи иқтидорига мунтазам ишонч билдирмагандир.
"Испанияда шундай гап бор: бутун мамлакатнинг кўзи кўр бўлса, бир кўзли ҳам ўзини қирол деб ҳисоблай олади", — дейди Diario AS вакили Марко Руис. — Винисиус таркибдаги ҳеч кимга ўхшамайди. Асосий муаммо ҳужумларни якунлашда! Агар у голларни тахлай бошласа, бирдан суперюлдузга айланади. Агар голлар бўлмаса… у шунчаки таркибдан муқим жой эгаллай олмайди".
Футбол мухбири Хуанма Труэба бразилиялик ана шу кейинги даражага чиқа олишига ишонмаяпти: "Менда унинг салоҳияти ва чинакам топга айланишига шубҳа бор. У ҳал қилувчи вазиятга чиққанида, худдики бир лаҳзага "ўчиб" қолади. Жуниор кўплаб вазиятларни кўкка совуради. Балки асаблар дош бермас. Унинг аксар голлари тасодифан дарвоза тўридан жой олади".
"Тўпурар бўлинмайди — тўпурар бўлиб туғиладилар. Аввал бошида кўп гол урмаган футболчилар камдан-кам ҳолда кейинчалик ўзида тўпурарлик қобилиятини оча олади. Бундайлар умуман йўқ эмас. Мисол учун, Ариц Адурис. Аммо Бильбао қахрамони кабилар ноёб ҳисобланади".
"Винисиусда ўзига хос бир нима бор. У мухлисларга ижобий таъсир ўтказа олади. Мухлислар унинг тўпга ҳар бир тегинишига муносабат билдиради. У хавфли футболчи ва буни барча кўриб турибди. У клуб учун умид рамзи. Режа иш бермай барчаси ёмон бўлса, Винисиус жамоасини қутқариши керак. Футболчининг муваффақиятлари ҳали олдинда, аммо уни ҳозирнинг ўзидаёқ мухлислар яхши кўради".
Лука Йович
Лука Йович — "қаймоқранглилар"нинг яна бир умидли футболчиси. 29 ўйинда ҳужумчи бор йўғи иккита гол уришга эришди — 60 млн евро эвазига харид қилинган ҳужумчидан анча кўпроқ самарали ҳаракат кутишгани турган гап.
"У ўзига бўлган ишончни йўқотган, — дейди Хайме Родригес. — Лекин гап фақат унда эмас — жамоадошлари ҳам у ҳақида унутиб қўйишмоқда. Унга ортиқча "пас" беришмаяпти, у томонга ўйинни буришга шошилишмаяпти. У — "Реал" ҳужумида бегона дарахтдек.
Йовичнинг вазияти чиндан ачинарли. У Бензема учун яхшигина рақобатчи бўлиши керак, вақт ўтиши билан таркибдаги жой учун тенгма-тенг кураш олиб бориши кутилганди, бунинг ўрнига эса "қайморқанглилар"нинг энг "қиммат хатосига" айланди.
"У ўзидан кутилган ўйинни кўрсатиб беролмади, — тасдиқлайди Руис. — "Айнтрахт"да у шундай ажойиб ўйин кўрсатгандики, аммо "Реал"да уни таниб бўлмаяпти. 60 млн бекорга кетди деб қўрқамиз. Танганинг иккинчи томонида — "Мадрид" таркибида Бензема бор экан топ ҳужумчи олиб келиши мушкул вазифа. Йович эндигина 22 ёшда ва келажакда балки, топ-ҳужумчига айлана олар, аммо айни дамда у бу курашга тайёр эмас".
Йовичнинг майдондан ташқаридаги ҳаракатлари ҳам мақтанишга арзигулик эмас. Сербияда у карантин қоидаларини бузди ва иш мамлакат президенти Александр Вучич унга қамоқ жазоси билан таҳдид қилишигача борди. Кейин эса у ўз уйида жароҳат олди ва яна маълум муддат футболсиз қолди. Аммо ҳамон унга иккинчи имкон бериш керак деб ҳисоблайдиганлар топилади. Мисол учун, "Marca" "Қироллик клуби"ни сербияликни "ҳайдаб юбормасликка" ва имкон беришга ундади. Бензема ҳам ахир доимо шундай яхши формада бўлмаган-ку?!
"Бензема асли биринчи даражали футболчи бўлгани учун бугунги ҳолатига қайта олди. У жамоага келганида рекордларни янгилаш иштиёқида ёнмаган ва Роналдунинг ёрдамчиси роли билан қаноатланган. Бироқ у аввал бошидан шахсан президентнинг қўллаб-қувватлашини ҳис қилиб келди ва бу уни бугунги даражасига чиқишида муҳим аҳамият касб этди. Унга етарлича вақт ва имконият беришди. Баъзи футболчилар туғма "бланкос" бўлади, Йович бундайлар сирасига кирмайди. Зидан раҳбариятдан уни сотиб олишни қайта ва қайта сўраганди, аммо режалар ўзини оқламади. Унинг муаммолари нафақат майдондаги ўйинда, балки трибуналардаги мухлислар билан муносабатда ҳамдир. Ҳозирча у клубда қолди ва назаримизда охирги имкониятидан фойдаланмоқда. Натижа қандай бўлади, бир неча ойлардан кейин билиб оламиз.
Мартин Эдегор
"Реал" охирги йилларда айни дамда ўзига керак бўлмаган футболчиларни ижарага бериб, зарур вақтда қайтаришни "ўрганиб олди". Жамоа бир қатор ёш футболчиларни ижарага бериб, уларнинг аксарияти ўйин амалиётига эга бўлиб, тажриба орттиргач, "қаймоқранглилар" сафига қайтмоқда. Шундай футболчилардан бири Мартин Эдегор. 21 ёшли Норвегия термаси вакили "Сосьедад"даги ажойиб мавсумдан сўнг пойтахт жамоасига қайтди. Сан-Себастьянда Мартин 15 голда иштирок этди.
"Эдегорнинг кўплаб ижобий ҳислатлари мавжуд, — дейди Родригес. — Ўз устида ишлашдан ва ўсишдан тўхтаб қолмаса, у "Мадрид"да ҳам катта натижаларга эришолади. У майдонда "ўнлик" сифатида ёки Лука Модричнинг нуқтасида ҳаракат қилиши мумкин. Унинг ўзи ҳам голлар ура олади. У тезкор ва техник томонлама кучли. Бу мавсум унга имконият беришади".
Аввалига ярим ҳимоячи "Реал"да қийналди. 16 ёшли Эдегор клуб тарихидаги энг ёш дебютантга айланди, аммо кейин... Омадсизликлардан кейин ОАВ вакиллари ҳам, мухлислар ҳам футболчи ва клубни қаттиқ танқид қилишди ва "Қироллик клуби" миллионларни шунчаки "ҳавога учирди" дейишди. Бироқ Эдегор "синмади" ва бугунга келиб, катта ишонч билдирилаётган футболчилар сирасига киради. Бу мавсум футболчи учун "Реал Мадрид"даги ҳал қилувчиси бўлиши мумкин.
"Эдегор ўта креатив футболчи. У ҳужум ва ярим ҳимоя ўртасидаги бўшлиқни тўлдириб туради. "Реал"да бундай футболчилар етарли, лекин Модричдан кейин Мартинда яхши имконият пайдо бўлади. "Сосьедад"да унга ортиқча босим ўтказилмади ва у ажойиб ўйин кўрсатди. Мадридда бу ишини давом эттира оладими ёки йўқ? Барчасини вақт кўрсатади".
Нозима Зарипова таржимаси
Фикрлар