UZ

Сўнгги янгиликлар

10:49Расмий хабар: "Сўғдиёна" 32 ёшли швециялик ҳужумчи билан шартнома тузди  4 10:17«Реал Мадрид» МЮ анча вақтдан бери қизиқаётган футболчи билан шартнома тузмоқчи  3 09:45Игор Сергеев «Пахтакор»га қайтмоқдами? Ҳужумчининг ўзи бунга жавоб берди  15 09:14«Динамо»нинг яна бир тўпурар футболчиси жамоани тарк этиши мумкин  2 08:40Яқинда шартномасини узайтирган Шомуродов «Рома»ни тарк этишга яқин  9 08:13«Ливерпул»га ПСЖ ҳужумчиси керак  3 07:35Ўтган мавсум «Сўғдиёна»да ўйнаган футболчи янги мавсумни «Қўқон-1912»да давом эттириши мумкин  0 00:42"Манчестер Юнайтед" трансферлар учун 230 млн евро ишлатишга тайёр. Бу пул кимларга сарфланади?  13 00:08Алекс Фергюсон Роналдуни йиғлатгани ҳақида билармидингиз?  8 23:35Деярли барча футболчилари билан хайрлашган "Металлург" черногориялик ҳужумчисини трансферга қўйди  7 22:45"Реал" нимадан норози?  6 22:15Энцо Мареска: "Манчестер Сити" соврин учун курашга қайтади"  0 21:41Расман: "Навбаҳор" собиқ футболчисини ортга қайтарди  2 21:28"Goal" АПЛда йилнинг энг яхши трансферлари рейтингини тузди  1 20:50Бруну МЮ раҳбарияти билан келиша олмаяпти  2

Ральф Лорен спорт оламида: олимпиячиларни кийинтиради ва спорт машиналарига қизиқади. Ҳатто Бекхэм ҳам ундан илҳомланади Янгиликлар

Ральф Лорен спорт оламида: олимпиячиларни кийинтиради ва спорт машиналарига қизиқади. Ҳатто Бекхэм ҳам ундан илҳомланади

Бренднинг рамзи — поло ўйинчиси.

Ральф Лорен — американча услуб тимсоли ва американларнинг орзуси. Унинг бренди тарихи галстуклар коллекциясидан бошланган. Ярим асрдан кўпроқ вақт ичида компания улкан империяга айланишга улгурди, унда спорт муҳим аҳамиятга эга бўлиб қолди. Лорен инглиз аристократлари шарафига команияга "Поло" номини берди. Ральф бу йўл билан нафақат кийим сотиш, балки бу товарни инсонларнинг ҳаёт тарзига айлантиришни мақсад қилган эди. Лореннинг қуйидаги иқтибоси ҳам бежизга айтилмаган: "Мен кийим яратмайман — мен орзуларни яратаман".

Қайсидир паллада "Polo Ralph Lauren" бренди яхта-клублари, гольф майдонлари ва чанғи курортларидан ташқарига чиқди. 80-йиллар охирларида Бруклинда "Lo Life" субмаданияти пайдо бўлди — хип-хоп услубидаги йигитлар бошдан-оёқ "Polo"нинг ўғриланган кийимларини кийиб юришди. Энди бу ўтмишда қолди, аммо рэперлар (айниқса Канье) бу бренд кийимларини ҳали ҳам яхши кўрадилар.


Ральфнинг ота-онаси рус тилида сўзлашарди. У баскетболчи бўлишни орзу қилган. 16 ёшида эса масхара қилишгани туфайли фамилиясини ўзгартирган

"Пианиначи ҳақидаги афсона" фильмидаги илк саҳна ёдингиздами? Нью-Йоркга катта кема сузиб келади, Озодлик ҳайкалини илк бор кўрган оломон эса хурсанд бўлиб кетади ва қўл силтай бошлайди. 1920 йил 14 июль куни Пинскда (Беларусь) яшайдиган бир оила аъзоларида ҳам худди шундай ҳиссиёт юзага келди. "Лапландия" бортида 50 ёшли Шломо Лифшиц икки фарзанди — 20 ёшга тўлган Мария ва 16 баҳорни қаршилаган Франк (Ральфнинг отаси) билан турарди.

Франк Нью-Йоркда бўёқчи бўлиб ишларди ва 1921 йил собиқ Россия империясига кирувчи Беларусьнинг Гродно шаҳридан АҚШга келган мигрант қиз — Фрида Котлярга уйланади. Франк ва Фрида тўртта фарзанди билан камбағаллар квартали бўлмиш Бронксда яшайдилар ва турли қийинчиликларни бошдан ўтказадилар. Ральф Лифшиц (Лорен) — уларнинг кенжа фарзанди. "Кичкиналигимда ота-онам уйда рус тилида сўзлашарди. Бунга сабаб биз, болалар, уларнинг нима ҳақида гаплашаётганини тушунмаслигимиз учун эди", — ёдга олади Лорен.

Улар уйда асосан идиш тилида (немис лаҳжаси) гаплашишган. Ральфнинг улкан режалари бор эди: у баскетболчи ёки актер бўлишни истаган, мактаб альбомига келажакда миллионер бўлишни истаётганини ёзган экан. У биринчи маошига классик инглиз костюм-шимидан олган.

Ральф Лифшиц 16 ёшида фамилиясини ўзгартиришга қарор қилган — Лорен. 2011 йил Опре Уинфрига берган интервьюсида болалигида унинг фамилияси устидан кулиб, уни масхара қилишгани ҳақида сўзлаб берганди. "Кичкиналигимда болалар устимдан кулишарди, шунинг учун фамилиямни ўзгартиришга қарор қилган эдим", — дейди Ральф. — Бироқ одамлар "Фамилиянгни ўзгартирдинг, сабаби яҳудий бўлишни истамаслигингдами?". Йўқ, гап бунда эмас. Калифорнияда яшайдиган амакиваччаларим фамилиясини Лоуренс деб ўзгартиришган. Шунчаки, мен ҳам яхшироқ фамилия танлашга қарор қилдим". 


Лорен илк маошини галстук сотиш орқали топган. Компаниясига эса "Polo" номини берган

Ральф тадбиркорлик соҳасини пухта ўрганиш учун коллежга киради, лекин 2 йилдан сўнг ўқишни ташлайди ва 1962-1964 йилларда армияда хизмат қилади. 60-йиллар ўрталарида галстук тикувчи "Rivetz&Co" компаниясига сотувчи бўлиб ишга жойлашади. Ўша вақтлар ҳамма ингичка галстук тақарди, аммо Лорен 1966 йил хўжайинининг олдига кириб, бироз кенгроқ галстук ишлаб чиқаришни таклиф қилади. Афсуски, унинг таклифи рад этилди. "Менга шундай дейишди: "Йўқ, дунё Ральф Лорен танловига тайёр эмас". Бу сўзларни ҳеч қачон унутмайман, чунки буни илтифот деб қабул қилгандим", — дейди қаҳрамонимиз.

Ўшанда 28 ёшли Ральф шахсий галстук компаниясига асос солади ва дастлаб Нью-Йоркдаги дўконларга оз-оздан товар сота бошлайди. "Neiman Marcus" савдо мажмуаси унга бирданига 1200та галстук буюртма берганида унинг ишлари юришиб кетди. Худди ўша 1967 йилда Норман Хилтон ҳам кийим ишлаб чиқаришни ёш дизайнерга ишониб топширди. У Лоренга кредитга 50 минг доллар берди. Ральф бу пуллар эвазига "Polo" маркаси остида ишлаб чиқариладиган галстуклар магазинини очди.

Қашшоқ яҳудийлар оиласидан чиққан йигит "Polo"ни яхши тушунмаслиги аниқ эди. У шунчаки ҳашаматли ҳаётда яшашни орзу қиларди. Шунинг учун ҳам, компанияни элита спорт тури номи билан атаган. Опре билан бўлган интервьюда Лорен ҳазиллашган: "Компанияга "Баскетбол" деб ном беролмасдим-ку". 


От минган поло ўйинчиси ва юмшоқ айиқча — "Polo"нинг рамзи. Иккиси ҳам спорт билан узвий боғлиқ

1972 йил модельер илк бор турли рангдаги поло кўйлаклар яратди. Улар бугунги кунда ҳам урфда. Лорен палитрага 24та рангни киритди ва ҳар кунлик кийимлар ишлаб чиқара бошлади.

Унинг машҳур логотипи — от минган ўйинчидир. У коллекцияда илк бор 1971 йил пайдо бўлган. Вақт ўтиши билан тақлидчилар ҳам пайдо бўла бошлади. Лорен 1984 йилдан буён Америка поло ассоциацияси бренди билан (USPA, кўпчиликка U.S. Polo Assn ном билан машҳур) судлашади. Сабаби Ральфга "Polo" номи билан фаолият юритаётганлар ва уларникига ўхшаш логотип яратаётганлар ёқмайди, лекин "USPA" бунга жавобан "Polo Ralph Lauren" спорт турларини монополлаштиряпти деб айтган.

Поло ўйинчиси бу бренднинг мақсадини ажойиб тарзда етказиб беради — аристократия, муваффақият, бойлик. Бироқ 80-йиллар охирлари 90-йиллар бошларида Лорен олдига янада муҳим ва аниқ вазифа қўйди. Элита мактаблари ва обрўли фирмалардан ташқарига чиқиш учун янада жалб қилувчи универсал рамз керак эди. Ёрқин ва қизиқарли. Ҳа, уларнинг янги логотипи юмшоқ айиқча бўлди.

1991 йилда "Ralph Lauren" дизайнерлар гуруҳи, гап-сўзларга қараганда "Polo" кийимини кийган "Steiff" фирмасининг юмшоқ айиғини хўжайинга совға қилишибди. Дизайнерга айиқ шунчалик ёққанидан у 200тадан иборат коллекцияни оммага тақдим этади ва бу тўплам бир неча соат ичида сотилиб кетади. Лорен кейинроқ кийимларга айиқ расмини босиб чиқаради — шу тариқа биринчи "Polo Bear" свитери пайдо бўлади.

Айиқ шунчалик оммалашиб кетдики, у спорт услубидаги кийимларнинг ажралмас бир қисмига айланди.

2001 йилда "Steiff" билан тузилган ҳамкорлик шартномаси муддати тугади ва кийимларни айиқ сурати билан ишлаб чиқариш тўхтатилди. Канье Уэст эса барчасини ўзгартириб юборди. Уэст 2004 йил College Dropout номли дебют альбоми тақдимотида айиқ принти бўлган свитер кийиб борди.

Канье бу ишни бир неча маротаба қилди, унинг изидан Дрейк ва бошқа машҳур рэперлар эргашди. "Бу нарса биз учун яратилмаган, аммо бу маданиятнинг бир турига айланиб улгурган", — дейди продюсер Just Blaze 2012 йилда.

2013 йил винтаж тўпламнинг бир қисми сифатида "Polo Bear" свитери яна қайтди, 2018 йил эса машҳур "Palace" скейтборд бренди билан ҳамкорлик шартномаси имзоланди.

Айиқ қойилмақом тарзда кикфлип (скейтборддаги машҳур трюк) қилаётганига ўзингиз баҳо беринг.

"Polo Ralph Lauren — расмий учрашувларга ҳам, турли маросимларга ҳам ва ҳаттоки, футболга ҳам кийиб бориш мумкин бўлган кийимлар ишлаб чиқарадиган ягона бренд. Ҳаммаси бир кунда", — дейди "Palace" асосчиси Гарет Скьюиз.

Ҳа айтганча, футбол ҳақида. 80-йилларда инглиз мухлислари оммавий тарзда чет элдан турли кийим-кечаклар олиб кела бошлашди, улар орасида кўпчиликнинг севимли брендига айланган "Ralph Lauren" ҳам бор эди. Британияликлар асосан итальян ва француз брендларини танлашган (баъзида магазинлардан ўғрилаб ҳам кетишган), лекин "Ralph Lauren" Америка брендлари орасидаги ноёб танловлардан бири бўла олди.


Олимпиада-1992дан аввал Лорен "Polo Sport"ни ишга тушурди

Спорт кийимлари — Лорен оламининг ажралмас бўлаги, лекин фақатгина 1992 йилда спортчилар ва фитнес мухлислари учун тўплам яратилди — "Polo Sport". Ўша вақт учун бу жиддий қадам эди. Компания илк бор мода ва спорт ўртасидаги алоқани йўлга қўйди. "Polo Sport" дастлабки икки йил ичида 2та тўпламни омма эътиборига ҳавола қилди. Одамлар "Polo Sport" коллекцияларини ҳалигача урфда деб ҳисоблашига сабаб бу аэробика билан эмас, балки хип-хоп билан боғлиқлигидадир. 1993 йили Raekwon, (Wu-Tang Clan гуруҳи аъзоси) клипда "Snow Beach" ёзуви бўлган куртка кийиб чиққан. У суратга олиш куни клип учун кийим сотиб олаётганида, "Polo Sport" коллекциясига кўзи тушади.

"Мен доим "Polo" мухлиси бўлганман, — дейди Raekwon 2015 йилда. — Шунинг учун, ўша кийимни сотиб олдим ва суратга олиш жараёнида кийдим. Қолгани эса ўзингизга маълум — куртка жуда машҳур бўлиб кетди".




"Polo" ва хип-хоп ўртасидаги боғлиқлик 80-йиллар охирида яралди. Ажабланарлиси шундаки, барчаси Бруклиндаги 2та дўкон ўғрилари гуруҳи туфайли вужудга келган. The United Shoplifters Association (Дўкон ўғрилари бирлашган ассоциацияси) ва айниқса, Ralphie’s Kids (Ральф болалари) — булар Нью-Йоркнинг камбағал районларида яшайдиган хип-хоп услубидаги йигитлар бўлган, улар бошдан-оёқ "Raph Lauren"дан ўғриланган кийимларни кийиб юришган.

"Polo қайсидир жиҳати билан эксклюзив эди, уни "гетто"дагилар қўлга киритиши деярли имконсиз эди. Бунинг учун "Sacks" ёки "Bloomingdale’s"га бориш талаб қилинарди. Биз қўлга илинган барча нарсани олиб кетардик, бироқ "Polo" умумий фонда яққол ажралиб турарди. У ўзингизни бойроқ ҳис қилишингизга имкон берарди", — дейди "Тэрстин Хоул III" ҳаракати асосчиларидан бири.

1988 йилда икки гуруҳ бирлашди — шу йўл билан афсонавий "Lo Life" гуруҳи ташкил топди. "Lo" — "Polo"нинг қисқартирилгани. Кўплаб иштирокчилар кейинроқ бренд қай жиҳати билан ўзига жалб қилганини айтишди — бундай образ ҳашаматли ҳаётни кўрсатиб бераркан. Шу сабабли улар ҳеч бўлмаса кийим-кечак ёрдамида ўзларини шундай ҳаётда яшаётгандек ҳис қилишармиш. Йигитлар барчасини бирданига кийишган: айиқ сурати бўлган свитер, "Polo Sport" оверсайз-курткалари, катта логотиплар акс этган толстовкалар. 

Қашшоқлар кварталларида "Ralph Lauren" қимматбаҳо кийимлари учун ҳаётингиздан айрилиб қолишингиз мумкин эди. "Биз чанғи курткаларини "ўз жонига қасд қилиш" деб номладик, чунки агар сиз кўчада шу кийимни кийиб юрсангиз, бу худди ўзини ўлдираётганга ўхшарди. Бунинг учун сизни ўлдириб кетишлари ҳам мумкин эди", — дейди 2012 йил продюсер Just Blaze "Polo Ski ‘92" модели ҳақида.

"Lo Life" субмаданияти хип-хопга қатта таъсир кўрсатди, рэперлар ҳам унга тақлид қилишди, бироқ Ральф Лорен ўз брендининг бу муҳитдаги машҳурлигига эътибор бермасди. У ҳам, компания ҳам узоқ вақтгача "кўча ҳаёти"га изоҳ беришмади. Фақатгина сўнгги йиллар ичида улар кўча турмуш тарзида "Polo"ни машҳур қилганлар билан эҳтиёткорлик билан алоқа ўрната бошладилар. Компания "Polo Bear"ни қайтариш билан бир қаторда, "Polo Sport" — "Stadium" ва "Snow Beach"ни ҳам яна ишлаб чиқара бошлади.

Лорен 1998 йил бошқа спорт суббрендини яратди — "RLX". У очиқ ҳавода спорт билан шуғулланувчилар учун махсус ишлаб чиқарилди — теннис, гольф, сноуборд, чанғида учиш, тоққа тирмашиб чиқиш, елканли спорт ва пиёда юриш. Аммо "Polo Sport"ни ҳам унутиб қўйишгани йўқ. Ўтган йили 2та тўплам ишлаб чиқарилди: "Polo Sport Denim" ва "Polo Sport Silver", уларнинг миқдори чекланган эди.


Лорен Олимпиада бўйича Америка термасини етти йилдан буён кийим билан таъминлайди. Бекхэм эса муҳим учрашувлар учун шу брендга мурожаат қилади

2000 йиллдан кейин Ральф Лорен компанияси спорт оламига янада чуқур кириб борди. 2005 йилда унинг бренди US Open, бир йилдан кейин Уимблдоннинг расмий таъминотчисига айланди. 

Лорен асосан ҳакамлар ва болбойларни кийим билан таъминларди. Ҳа, яхшироқ номзодларни топиш қийин бўлса керак. Карл Лагерфельднинг айтишича, Лорен — дунёга Американи ва американча услубни қойилмақом тарзда намоён қилаётган дизайнер экан. Шунингдек, у Англиядан ҳам жуда илҳомланган ва ҳаттоки, компаниясини инглиз аристократларининг севимли спорти номи билан атаган. 

Лорен 2008 йилдан буён АҚШ  Олимпия қўмитаси билан ҳамкорлик қилади ва олимпия термаси учун махсус кийимлар етказиб беради.

Машҳурлар Лорен кийимларини кийишни жуда ҳам яхши кўрадилар. Эътиборли томони шундаки, ушбу бренд рэперлар ва қироллик оила аъзоларини бирлаштиради (малика Диана, Кейт Миддлтон, Меган Маркл), спортчилар ва Америка президентларининг аёллари (Бетти Форд, Нэнси Рейган, Хиллари Клинтон, Мишель Обама, Мелания Трамп).

Бекхэм ҳам америкалик дизайнернинг ашаддий мухлисларидан бири. Бекс деярли ҳар йили Уимблдонга боради ва албатта, ҳар сафар Лорен компанияси ишлаб чиқарган бирор бир кийимни кияди. 

2017 йилда тўқ-кўк костюм.

Ўтган йили — кўйлак.

Шаҳзода Уильям ва Кейт Миддлтоннинг қироллик тўйида Бекхэм Лорен томонидан ишлаб чиқарилган смокинг кийган.

Яқинда Бекснинг ҳаётида қувончли воқеа содир бўлди. У буни етти йил кутди. Унинг "Интер Майами" жамоаси МЛСда дебют қилди. Ана шундай муҳим кунда Дэвид ўз образини Лоренга ишониб топширди. Дизайнер клубнинг бешта хўжайинлари учун "Purple Label" премиум тўпламининг махсус кийимларини буюртма асосида тикиб берди.

Дэвид классик услубни танлади: қора костюмига "Интер" логотипи тушурилди. Ипакдан бўлган галстукга эса "М" ҳарфи билан ўзгача жило берилди.

"Ральф Лорен — доимо мени лол қолдира олган инсон. Ушбу бренддан кўп бора кийимлар олиб кияман", — дейди Бекхэм. — Мен сўнгги етти йил ичида майдонда туриб, "Интер Майами" эгаси қандай бўлишини ҳис қила олдим. Бундай муҳим кунда Ральф мени қўллаб-қувватлаганидан миннатдорман".


Лореннинг яна бир қизиқиши — ноёб автомобиллар тўплами. Улар орасида спорт машиналари жуда кўп

Америкалик модельер нафақат модалар коллекциялари билан машҳур, балки унинг "гаражида" ўнлаб қимматли ва ноёб автомобиллар жойлашган. Forbes маълумотларига кўра, унинг коллекцияси 300 миллион доллардан зиёдроққа нархланган.

2011 йил Лорен автомобиллари Луврда, 2017 йил — Нью-Йоркдаги модалар ҳафталигида намойиш қилинган. Бу қизиқишнинг бошланиши ўтган асрнинг 70 йилларига бориб тақалади. Шу сабабли, у кўп намуналарни нисбатан арзон нархда қўлга киритган. Мисол учун, 1962  йил чиқарилган Ferrari 250 GTO 80-йилларда 300 000 долларга сотиб олади. 2018 йил бу модельни 70 миллионга сотиб олишганди.

Ferrari — Лорен коллекциясидаги энг кўп учрайдиган марка. Мисол учун, 1954 йилги Ferrari 375 Plus. Ушбу машина машҳур пойгалар — "Ле-Мандаги 24 соат" ва "Буэнос-Айресда 1000 км"да зафар қучган. Бу каби автомобиллар бор йўғи 5та чиқарилган. Лорен уни 1990 йилда харид қилган эди, 2014 йилда эса қайта ишлаб чиқарилган нусхаси аукционда 18,3 миллион долларга сотилди.

1937 йилги Bugatti Type 57SC Atlantic Coupe — ўта ноёб авто ва Лорен коллекциясидаги энг қадрли машиналардан ҳисобланади. Ҳозир дунё бўйлаб бундай автомобиллардан асл вариантда бор йўғи иккита нусхаси қолган (ўзи 3та шундай машина чиқарилган, машинани яратилишида Жан Бугатти — Бугатти маркаси асосчисининг ўғли бевосита иштирок этган).

2010 йилда иккинчисини 40 миллион долларга харид қилишган. Лорен ўзининг бундай машинасини 1988 йил сотиб олган ва айтишига қараганда, 100 млн беришса ҳам уни сотмас экан.

1930 йилдаги Mercedes-Benz SSK "Граф Тросси" — Лорен уни 1988 йили сотиб олган.

1955 йилдаги Jaguar D-Type — махсус "Ле-Мандаги 24 соат" учун чиқарилган. 

1957 йилдаги Jaguar XKSS — пойга автомобилининг оддий турмуш учун варианти Jaguar D-Type.

"Ferrari" қани деяпсизми? Мана сизга 1958 йилда ишлаб чиқарилган 250 Testarossa Spyder. Лорен коллекциясида шунингдек 1961 йилги модель ҳам бор.

Бироқ дизайнер нафақат ретро-автомобиллар билан қизиқади, балки унинг тўпламида замонавий гиперкарлар ҳам кам эмас. Мисол учун, Porsche 918 Spyder.

LaFerrari.

Lamborghini Reventon (бундай автомобиллардан фақат 20та чиқарилган).

McLaren P1.

Лорен коллекциясида P1 давомчиси — McLaren F1 учун ҳам жой топилган. Бу автомобиль деярли 30 йилдан буён мавжуд бўлса-да, дизайн ҳамон кўпчиликни лол қолдириб келмоқда.

McLaren F1 ўзи 106та чиқарилган бўлиб, McLaren F1 LM модификацияси эса 6та намунаси мавжуд. Уларни марканинг "1995 йил Ле-Мандаги 24 соат"да муваффақият шарафига чиқарилган — ўшанда McLaren F1 GTR модели биринчи, учинчи, тўртинчи, бешинчи ва 13-ўринни эгаллаганди. Лорен албатта бундай модификацияни қўлдан чиқармади.

"Гап пулда эмас, — деган эди дизайнер 2017 йил ўз коллекциясининг тахминий нархини айтишни сўрашганида. — Автомобиллар, кийим ва мен яратган барча нарса қизиқиш ҳамда ҳиссиётлар туфайлидир. Мен ўз бизнесимни ҳам шу усулда қурганман".

Ҳозир Ральф Лорен 80 ёшда у ҳамон "Ralph Lauren Corp" раиси ва асосий креатив шахс. 2015 йил у бош директорлик лавозимини Стефан Ларссонга бўшатиб беради, лекин 18 ой ўтиб, Лорен билан келиша олмаган Стефан компаниядан кетади. 2017 йил корпорация бошқарувини Патрис Луве қўлга олади, у мода оламига бегона эди ва "Procter&Gamble"дан келганди. Унинг асосий вазифаси харидорлар гуруҳини ёшартиришда эди. Сабаби корпорация харидорлари ўртача ёши мунтазам равишда қариб бораётганди. 

Мода оламидаги скейт-бренди бўлмиш "Palace" билан ҳамкорлик ҳам катта фойда келтирди. Лувенинг айтишича, харидорларнинг 75%и бренднинг янги мижозлари эмиш. Харидорлар "Ralph Lauren"нинг доимий мижозларидан ўртача 10 ёш кичик эди. Сўнгги йилларда компаниянинг Осиё сегменти кескин ўсишга эришди — 2016 йил 892 миллион доллар бўлган бўлса, 2019 йилга келиб, бу кўрсаткич 1 млрд атрофидаги суммани ташкил қилди. Тахминларга кўра, "Ralph Lauren" даромади бу йил 1,5 процентга — яъни 6,4 млрд долларга ўсиши кутилмоқда.

Дизайнернинг бугунги кундаги бойлиги 6.2 миллиард долларга баҳоланган ва у Forbes рўйхатининг 100-поғонасини эгаллаб турибди.

Мигрантлар оиласида катта бўлган, мактабда миллионер бўлишни орзу қилган ва фаолиятини галстук тикишдан бошлаган йигит учун бу натижа ёмонмас-а? Ральф Лорен шундай дейди: "Иложсиз нарсанинг ўзи йўқ ва мен бунга ёрқин мисолман".


Нозима Зарипова таржимаси

Рейтинг: +6   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика