Қисқа вақт ичида шонли тарих ярата олган "Бунёдкор" жамоаси 15 ёшда
06 июл 2020 14:20
Янгиликлар
Қисқа вақт ичида шонли тарих ярата олган "Бунёдкор" жамоаси 15 ёшда
"Бундан роппа-роса 15 йил муқаддам, 2005 йилнинг 6 июль куни "Нефтгазмонтаж-Қурувчи" номи билан ташкил топган "Бунёдкор" бугун 15 ёшни қарши олди. Кейинчалик "Қурувчи" номи билан нафақат мамлакатимизда, балки Осиёда ҳам ўз ўрнига эга бўлган жамоамиз 2008 йил "Бунёдкор"га айлангач, дунё нашрларида ҳам тилга олина бошланди, амалга ошириётган ишлари эътироф этилди, "қалдирғочлар" янада баландроқ уча бошлади. Бу орада клубимизда ўша машҳур Зико, Луис Филипе Сколари каби мураббийлар ишлади. Ривалдо сингари жаҳон тан олган, Хосе Луис Вильянуэва каби моҳир тўпурар легионерлар «Бунёдкор» либосини кийишди. Испаниянинг гранд жамоаси "Барселона" билан ўзаро ҳамкорлик йўл қўйилди. Қисқа вақт ичида миллий терма жамоамизнинг ўзаги бўлган футболчилар "Бунёдкор" аъзоси сифатида майдонга туша бошлади. Амалга оширилган ислоҳатлар ўлароқ, клуб қошида футбол академияси қуриб битказилиб, фойдаланишга топширилди. Академиямиз тарбияланувчилари бўлган "қалдирғочлар" бугун жамоамизнинг асосий ўйинчиларига айланган. Қисқаси, "қалдирғочлар"нинг муваффақияти учун кўпчилик енг шимариб, ҳамжиҳатлик билан хизмат қилди. Лекин бу муваффақиятларнинг асоси айнан кимларга боғлиқ эканлигини барча билади, бугунги кунда ҳам уларни эътироф этади, яхши хотиралар билан тилга олади, шу жумладан биз ҳам! Зеро, "Бунёдкор"ни нафақат мамлакатимизда, балки Осиё ва дунё миқиёсида тан олиниши учун қилинган хизматлар унутилмайди!
Режага кўра, "Бунёдкор"нинг 15 ёшини катта тантаналар билан нишонлашни мақсад қилгандик. Хусусан, ўз вақтида жамоамиз шарафини ҳимоя қилган легионерлар ва "Пахтакор"нинг собиқ юлдузлари иштирокида ўша, ўз вақтида кучли бешликнинг машҳур дербиларидан қолишмаган "Бунёдкор" - "Пахтакор" учрашувини мухлислар учун яна "жонлантиришни" режалаштиргандик. Аммо Республикамизда ҳукм сураётган пандемия ва карантин даври бу режаларни амалга оширишимизга тўсқинлик қилмоқда. Боиси, доимо мухлислар учун тўп сурган "қалдирғочлар" ушбу шоу учрашувни "Бунёдкор" стадионида ишқибозлар кўз ўнгида ва олқишлари остида ўтказишни ният қилган. Айтиш керакки, клуб раҳбарияти ҳали ҳам ўз мақсадидан қайтгани йўқ. Республика Махсус комиссияси қарори билан ишқибозларни стадионга қайтишига рухсат берилса, "Бунёдкор" 15 йиллик тантаналар учун ишлаб чиққан дастурини ҳаётга татбиқ этишни бошлайди. Жумладан, мухлислар ўша машҳур "Бунёдкор" - "Пахтакор" дербисини бевосита стадионда яна кўриш имкониятига эга бўлишади. Шунингдек, бу шоу учрашув орқали фаолиятининг сўнгги йилини «қалдирғочлар» сафида ўтказиб, бутсасини михга илган ўйинчилар учун хайрлашув ўйинига ҳам айланади. Хуллас, Сиз учун ўйнайдиган "Бунёдкор" 15 ёшда",- дея хабар беради "Бунёдкор" клуби матбуот хизмати.
Қуйида "Бунёдкор"нинг юлдузли таркибдаги суратларини томоша қилишингиз мумкин.
Фикрлар