ПРО-Лигада матбуот анжуманлари қачон ўтказилади?
04 сен 2019 12:37
Янгиликлар
ПРО-Лигада матбуот анжуманлари қачон ўтказилади?
Янги ном ва янги формат асосида ўтказилаётган ПРО-Лиганинг ўтган мавсум якунларига қайси жамоа нечанчи ўринни олгани ёки ким ўтиш ўйинлари (пулька)да иштирок этгани, якунда қайси жамоалар Суперлигада пайдо бўлиб қолганлиги ҳақида гапирмоқчи эмасмиз.
Ушбу мақола орқали шу ҳақида сўз юритмоқчимизки, айни вақтга келиб ПРО-Лигада жорий мавсумнинг 18-тур учрашувлари якуни етаётган бир вақтда ҳанузгача футбол ўйинларидан сўнг матбуот анжуманлари ташкил этилаётганлигига гувоҳ бўлмадик. Қашқадарё вилоятининг икки клуби - "Шўртан" ва "Машъал" матбуот хизматлари имкон қадар бу ишни уддалаб туришибди. Лекин қолган жамоаларчи? А ПРО-Лигада жами 8 та жамоа иштирок этади. Икки минтақага ажратилган В ПРО-Лиганинг Ғарб минтақасида 6 та (мавсум бошида 8 та эди, маълум сабабларга кўра "Иттифоқ-Бухоро ва "Зарангари" жамоалари мусобақадан четлаштирилган), Шарқ минтақасида 8 та жамоа иштирок этиб келмоқда. Лекин бугунгача шу жамоалардан қайси бирининг бош мураббийлари ўйинлардан кейин матбуот анжуманида иштирок этди? Сиз биласизми? Championat.asia ёки бошқа бир интернет нашрлари имкон қадар мураббийлар ёки мазкур лига жамоалари футболчиларидан интервью ташкил этмаса, бошқа хеч қаерда на мураббий, на футболчи томонидан ўтказилаётган ўйинлар ёки кўрсатилаётган натижалар ҳақида билдирилган фикрлар билан танишиш имконсиз бўлиб келмоқда. Мусобақа ташкилотчиси - Ўзбекистон Профессионал Футбол Лигаси расмий веб-сайтида ёки ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жорий мавсум бошидан буён ПРО-Лига жамоаларининг биронта мураббийи ёки футболчисининг интервьюлари эълон қилинганлигини шахсан биз кўрмадик.
Футбол мухлисларида ҳақли савол туғилади, нега ПРО-Лига учрашувларидан сўнг матбуот анжумани ташкил этилмайди? Бу лига мураббийлари ёки футболчилари томонидан билдириладиган фикрлар хеч кимга қизиқ эмасми?
Мавсум бошида эълон қилинган "Лицензиялаш талаблари”нинг А ПРО-Лигага тегишли қисмида ҳар бир иштирокчи клубнинг ўз матбуот котиби бўлишлиги белгилаб қўйилган эмасмиди? Шундай бўлса, А ПРО-Лига иштирокчи жамоаларининг матбуот котиблари қандай юмуш билан шуғулланишмоқда? Охирги марта қачон жамоаси бош мураббийи ёки футболчисидан интервью ташкил этди? Хўп, агар бор бўлса, қайси сайтда ёки ижтимоий тармоқлардаги нашрда эълон қилинди? Юқорида айтганимиздек, "Машъал" ва "Шўртан" матбуот хизматлари ҳартугул уй ўйинларида бўлса ҳам бу ишни уддалаб туришибди. Лекин қолган жамоаларчи? Айни дамда А ПРО-Лига пешқадами бўлиб турган "Истиқлол" жамоаси матбуот хизматида бир оз бўлсада фаоллик мавжуд, сўнги вақтларда "Нефтчи" матбуот хизмати ҳам анча "жонланиб" қолди, "Шердор"да ҳам матбуот хизмати мунтазам ишлаб келади. Умуман олганда А ПРО-Лига жамоалари матбуот хизматидан нимадир олса бўлади, лекин етарли даражада эмас.
Матбуот анжумани ташкил этиш шунчалик қийин ишми? Футбол мухлислари жамоалар мураббийлари ёки футболчилари томонидан билдириладиган фикрлар билан танишишга ҳақли эмасми? А ПРО-Лигада иштирок этаётган барча жамоаларнинг ижтимоий тармоқларда саҳифалари, айримларида эса веб-сайтлари мавжуд, шахсан ўзим мунтазам кузатиб бораман, лекин бу саҳифаларда футбол учрашувларидан кейин матбуот анжумани ташкил этилганлиги, мураббий ёки футболчи фикрлари эълон қилинганлигини бугунгача кузатганим йўқ.
В ПРО-Лигада эса айримларини ҳисобга олмаса, иштирокчи жамоаларнинг матбуот хизмати бор ёки йўқлигини аниқлашнинг ўзи қийин масала. "Турон", "Зомин", "Арал", “Раш-Милк", “Янгиер" жамоаларининг ижимоий тармоқларда саҳифалари (балки айримларида норасмий) мавжуд, бу жамоаларда матбуот хизматлари имкон қадар ишлаб келмоқда. Лекин 18-турга етиб келибмизки, В ПРО-Лигада ҳали биронта учрашувда матбуот анжумани ташкил этилганлиги ҳақида эшитганимиз йўқ, шундай давом этса, келажакда ҳам бўлишига ишонч йўқдек гўё.
Ахир футбол мухлислар учун ўйналмайдими? Яна такрорлайман, мухлислар учун севимли жамоаси бош мураббийи ёки футболчилари фикрлари қизиқ эмасми?
Ўзбекистонда ОАВга эътибор кундан-кунга ошиб бораётган бир вақтда, нега биз ПРО-Лигада матбуот анжуманлари ташкил эта олмаймиз? Бунинг учун нима етишмайди бизга?
ЎФА ва ПФЛ томонидан жорий йилда олиб борилаётган ислоҳотлар, мутасадди ташкилотлар билан хамкорликда ташкил этилаётган турли мусобақалар ва уларга яратиб берилаётган шароитлар бизни қувонтирмасдан қолмайди. Масалан "Чарм тўп", "Маҳаллага-маҳалла" мусобақалари ёшлар ўртасида соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш ва уларни спортга жалб этишда муҳим аҳамият касб этмоқда десак муболаға бўлмаса керак. Балки шу каби тадбирлар ва уларнинг ташкилий масалалари туфайли ПРО-Лига учрашувларига ПФЛ матбуот хизматини вақти етмаётган бўлиши ҳам мумкин. Хўп, шундай ҳам дейлик, лекин бу лигада матбуот анжуманларини ташкил этиш иштирокчи жамоалар томонидан ташкил этилса бўладику! Ёки қачон юқори турувчи ташкилотдан қатъий талаб қўйилса, шунда ташкил этиладими матбуот анжумани?
Таклифлар:
Мавжуд вазиятдан келиб чиқиб, шахсий хулосаларга асосланган холда қуйидаги таклифларни илгари сурган бўлар эдим:
1. Ўзбекистон ПФЛ томонидан ПРО-Лигада бўлиб ўтадиган ҳар бир тур якунига кўра, турли нашрлар билан хамкорликда "Энг яхши матбуот хизмати", "Турнинг энг фаол футболчиси" каби номинациялар бўйича танлов ўтказиб борилишини таъминланса мақсадга мувофиқ бўлар эди. Ўз навбатида ушбу танловлар жамоалар ва уларнинг матбуот хизматлари ўртасида рақобат юзага келишига ва сифат самарадорлиги ортишига сабаб бўлади.
2. Ўзбекистон ПФЛ турли нашрлар билан ПРО-Лига учрашувларини ёритиб бориш борасида хамкорлик шартномаси имзолаши ва ушбу шартномага мувофиқ футбол учрашувларидан сўнг матбуот анжуманлари ўтказилиши юзасидан тавсия ишлаб чиқиши лозим деб ҳисоблайман. Ҳозирда ўзбек футболини ёритиб борувчи бир қатор нашрлар борлигини ҳисобга олган холда, шартнома борасида муаммо бўлмаслигига ишонаман. Табиийки, бунда футбол учрашувларини ёритиш ҳажми янада кенгаяди, мухлислар қизиқиши ортади. Энг муҳим жиҳатлардан бири шундаки, мазкур шартноманинг амалиётга тадбиқ этилиши ПФЛнинг ўзига ҳам учрашувлардан тайёрланадиган фотогалерея ва маълумотлар кўпайиши туфайли кенгроқ имкониятларни тақдим этади.
Ишонамизки, Ўзбекистон ПФЛ мутасаддилари ушбу холатга ўз эътиборларини қаратишади. Тез орада жамоалар ўртасида рақобат тобора ортиб бораётган ПРО-Лига учрашувларида матбуот анжуманлари ташкил этилади, мухлис ва мутахассислар иштирокчи жамоаларнинг мураббий ёки футболчилари фикрлари билан танишиш имконига эга бўлишади. Биз бу мавзуга яна қайтамиз...
Бекзод Толибов
Фикрлар