UZ

Сўнгги янгиликлар

07:43Осиё кубоги. Бугун Қувайтга қарши майдонга тушамиз  0 07:15U-23 Осиё кубоги. Хитой - Корея Республикаси 0:2  0 07:10U-23 Осиё кубоги. БАА - Япония 0:2  0 07:05U-23 Осиё кубоги. Таиланд - Саудия Арабистони 0:5   0 07:00U-23 Осиё кубоги. Тожикистон - Ироқ 2:4   0 06:55Серия А. "Кальяри" - "Ювентус" 2:2   1 06:50Саудия чемпионати. "Ал Насср" - "Ал Файҳа" 3:1   0 01:48А Серия. "Кальяри" "Ювентус"га қарши ўйинда охирги дақиқалардаги автогол сабаб ғалабани қўлдан чиқарди. Шомуродов 79-дақиқада алмаштирилди  41 01:40Каземиро: "Анчелотти МЮга ўтаётганимни билиб, йиғлаб юборганди"   4 01:15U-23 Осиё кубоги. Ироқ Тожикистонни ишончли тарзда мағлуб қилди  0 00:58Начо "Реал"га мавсум охирида жамоадан кетишини маълум қилди  7 00:40Ўзбекистон Қувайтга қарши ўйинда тўлиқ оқ либосда ҳаракат қилади  6 00:37Виталий Левченко: "Биз учун чемпионат ёки кубок учрашуви фарқланмайди"  2 00:25Иван Бошкович: "Ғалаба осонликча келмаслигини бугунги ўйин ҳам кўрсатиб берди"  1 00:10"Жиззах" бош мураббийи: "Таркибимиз фақат маҳаллий футболчилардан иборат экани мени хурсанд қилади"  2

Превью. ЕЧЛни соғинган "Энфильд", "ўлим" гуруҳидаги жанглар ва бошқа ўйинлар ҳақида Янгиликлар

Превью. ЕЧЛни соғинган "Энфильд", "ўлим" гуруҳидаги жанглар ва бошқа ўйинлар ҳақида

Кеча старт олган Европа чемпионлар лигаси ўйинлари ишқибозларга бир олам қувонч улашди.


Ўтказилган саккиз ўйиндан еттитасида 2тадан кўп гол киритилди. ЕЧЛнинг бу йилги мавсуми анча самарадор бошланди.
Бугун эса қолган тўртта "квартет"да жамоалар ишга киришишади.

"E" гуруҳида Чемпионлар лигаси ҳавосидан нафас олишни соғинган жамоалар тўпланган. Юрген Клопп мерсисайдликларни яна элитага қайтарди. Клоппнинг АПЛдаги рақобатчиси Антонио Контенинг ёрдамчиси сифатида танилган Массимо Каррера эса "Спартак"ни ўтган йили узоқ кутилган шоҳсупага чиқарди ва ЕЧЛга қайтишига сабабчи бўлди. Бу гуруҳда шунингдек Словениянинг гранд жамоаси "Марибор" ҳам бор. Дарко Миланич қўл остидаги ушбу жамоа "квартет"даги барча рақиблар учун нотаниш.
Европа лигасини ютиш бўйича мутахассис жамоага айланган "Севилья" ҳам гуруҳда ғолиблик учун курашади.

ЕЧЛга узоқ танаффусдан сўнг қайтган "Спартак" бугун Словенияда меҳмон бўлади. Ушбу жамоаларнинг ўзқро тўқнашуви мухлисларга қизиқарли учрашувни тақдим этиши кутилмоқда. Чунки бу икки жамоа бир-бирига муносиб рақиблар саналишади. Каррера ҳам, Миланич ҳам ўйинда биринчи рақам билан ўйнамоқчи эканликларини билдиришди. Бу эса ўз-ўзидан жамоалар очиқ футбол намойиш этишмоқчи эканлигидан дарак беради.


Гуруҳдаги нариги ўйин эса Мерсисайддаги "Энфильд"да ўтади. "Ливерпуль" мухлислари ЕЧЛ мадҳиясини соғинишгани аниқ. Юрген Клопп ҳам Европа чемпионлар лигасидаги ўйинларини қумсаганига шубҳа йўқ. Рақиб эса еврокубокларда қандай ўйнашни биладиган, аммо ЕЧЛда бироз қийналаётган "Севилья". Англия ва Испаниянинг бу икки ҳужумкор футболни хуш кўрадиган жамоалари ўртасидаги баҳс ҳеч кимни бефарқ қолдирмаса керак. "Ливерпуль" бу учрашувга ўзгача эйфория билан тушади. "Севилья" ортга очко билан қайтишни мақсад қилган. Аммо ушбу жамоа Англияда муваффақиятли ўйнай олмаслигига ўтган йили гувоҳ бўлгандик. "Севилья"ни эса Англиядаги алами қолган.


"F" гуруҳида Хосеп Гвардиола бошчилигидаги "Манчестер Сити" қўшинига асосий рақиб сифатида "Наполи"ни кўрсатиш мумкин. "Шахтёр" ҳамда "Фейеноорд" уларга қаршилик қилишга уриниб кўришади.
Гвардиола ўтган йили "Сити" билан ЕЧЛда кўнгилдагидек қатнаша олмади. Бу йили эса натижаларни яхшилаш шарт. Бунинг учун аввало гуруҳда чиқиш вазифасини ҳал этиш лозим. Гвардиола трансфер бозорида бу йили доимгидек фаол ишлади. Ўтган йили "Сити" ЕЧЛда ҳимоядаги муаммолар туфайли жуда кўп азият чекканди. Шу боисдан ҳам Пеп ёзда асосан ҳимоячиларни сотиб олиш билан банд бўлди. Клуб ҳимоя чизиғи учун рекорд даражадаги бир нечта трансферни амалга оширди. Аммо харидлар қанчалик наф келтиришини эса вақт кўрсатади. Чунки Гвардиола трансфер қилиш борасида мутахассис саналмайди. Унинг бир қанча трансферлари якунда муваффақиятсиз чиқиши янгилик бўлмай қолган. Ном ва ижрочилар жиҳатдан жамоа кучли. Аммо майдонда буни исботлаш "Сити"га осон бўлмайди. Айниқса Европа чемпионлар лигасида. Гуруҳда "Сити"га асосий хавфни "Наполи" туғдиради. "Фейеноорд" ҳамда "Шахтёр" эса асосан учинчи ўрин, яъни Европа лигасида иштирок давом эттириш учун курашади.


Маурицио Сарри ҳам ЕЧЛда ўтган йилгидан кўра яхшироқ иштирокка умид қилмоқда. Жамоанинг потенциали ва таркибдаги футболчиларнинг маҳорати ҳам яхши натижаларни кўзлашга асос бўла олади.
Жованни ван Бронхорст қўл остидаги "Фейеноорд"дан ҳам кутилмаган "совғалар"ни кутиш мумкин. Жамоа ўтган мавсумда узоқ танаффусдан сўнг Голландияда чемпионликка эришди. Иштаҳа овқат пайтида келади деганларидек, голландияликлар ЕЧЛда ҳам узоқ мўлжални кўзлаб кўришга ҳақлилар. Буни уддалаш уларга қийин бўлиши табиий. Аммо ҳозирги замонавий футболда уддалаб бўлмайдиган юмуш йўқ.

Португалиялик мутахассис Пауло Фонсека бошчилик қилаётган "Шахтёр" ушбу гуруҳда нисбатан аутсайдер мақомида. Аммо "кончилар" ЕЧЛда ўйнаш тажрибасига эга ва Пауло Фонсека қўл остида жамоа янги мавсумни муваффақиятли ўтказмоқда. Тўғри, Украина чемпионатидаги жамоалар билан ЕЧЛдаги рақибларнинг даражасидаги тафовут анча катта. Фонсека ЕЧЛда жамоани қандай ўйната олиши қизиқ.  Португалиялик мураббий "Шахтёр" билан қолган учта рақибга рақобат туғдира оладими-йўқми?

Илк турда "Шахтёр" Украинада "Наполи" билан учрашади. Бу иккала жамоа ўз чемпионатида муваффақиятли иштирок этмоқда. Бугун эса қайсидир жамоа мағлубият таъмини ҳис этишига тўғри келиши мумкин.
"Манчестер Сити" эса "Фейеноорд"да меҳмон бўлади. Бу ўйинда доимгидек "Сити" биринчи рақам остида ўйнашга ҳаракат қилади. Жованни ван Бронхорст эса бунга рози бўладими-йўқми, буниси номаълум. Агарда "Фейеноорд" ҳам биринчи рақам билан ўйнашни истаса, унда ишқибозлар чинакамига ҳужумкор футбол гувоҳига айланишади. Акс ҳолда "Фейеноорд" "Сити"нинг энг ожиз нуқтаси бўлган қарши ҳужумда "ушлаш"га ҳаракат қилади.


ЕЧЛда кўпчилик "H" "квартети"ни "ўлим" гуруҳига қиёсламоқда. Аммо "Порту", "Бешиктош", "Лейпциг" ҳамда "Монако" каби жамоалар йиғилган гуруҳ кўпроқ ушбу таърифга мос тушади. Бу ерда ҳар қандай натижани кутиш мумкин. Исталган жамоа пешқадам бўлиши ёки бўлмаса аутсайдер сифатида гуруҳда 4-ўринни эгаллаши мумкин. Ҳужумга ихтисослашган, мақсади жиддий жамоаларнинг ҳар бир учрашуви мухлисларда катта қизиқиш уйғотиши табиий.
Сержио Консенсао, Ральф Хаззенхюттль, Шенол Гунеш ҳамда Леонардо Жардим. Бу тўрт мутахассиснинг иш жараёнини кузатиш мароқли.
"Монако" ўтган йили нималарга қодир эканлигини амалда исботлади. Жардим йўқ номларни кашф қилди ва ёзда уларни гранд жамоаларга яхшигина пуллади. Гарчи таркибдаги бир қатор йўқотишлар билан ҳам Жардим яна муваффақиятли иштирок этиши мумкин. Аммо буни уддалаш жуда қийин бўлади.

Ўтган йили пайдо бўлган ва Бундеслигада катта шовқин кўтарган "Лейпциг" жорий мавсумда барчанинг диққат-эътиборида бўлади. "Лейпциг" бу шунчаки тасодифий натижа ёки кичик лойиҳа эмаслиги бот-бот таъкидланмоқда. Янги жамоанинг илк юриши анча омадли ва муваффақиятли бўлганди. Эндиликда "Лейпциг" нафақат ички чемпионатда, балки европа ареналарида ҳам ўз номини танитишга ва клуб имижини кўтаришга интилади.
"Лейпциг"нинг танлаган йўли ва фалсафаси аниқ. Улар доим юксалишга ва келажакда гранд жамоалар сафига қўшилишга ҳаракат қилишмоқчи.
"Лейпциг" ЕЧЛда ҳам Бундеслигадаги дебют мавсумдаги сингари муваффақиятли қатнашадими?
Агарда жамоа ўз ўйинлари ва натижалари билан ушбу саволга ўзи истагандек жавоб беролса, унда европа футболида янги ном пайдо бўлаётганига ишонса бўлади.

"Порту" ҳақида ортиқча гапириш шарт эмас. Ушбу жамоа доим ЕЧЛда ўйнайди ва кўп ҳолларда гуруҳдан чиқиш вазифасини ҳам уддалаб келган. Бу сафар "Порту"нинг рақиблари даража жиҳатидан деярли бир хил. Европа маркалари билан ўлчаганда эса, "Порту" бренди улардан юқори туради.
"Лейпциг" ва "Бешиктош" кучаётган, таркибида яхши савиядаги футболчиларга эга, юқори мақсадларни кўзлаётган жамоалар. "Монако" аввалдан ўрта даражадаги жамоа ҳисобланиб келган. Леонардо Жардим қўл остида жамоа ўтган йили кутилганидан ҳам муваффақиятли ўйнагани боис, "монегасклар"дан ҳар қандай рақиб чўчиб қолган.
"Порту" эса аллақачон ўз номига эга ва статуси нисбатан юқори турадиган клуб.

"Бешиктош" жамоаси ҳақида гапирганда, албатта уларнинг ёзги трансфер ойнасида фаол бўлишгани ва клубнинг амбициялари юқори эканлигини алоҳида таъкидлаш лозим.
"Реал"да порлаган "танк" Пепе, "Барселона"даги ўйинлари орқали барчага танилиб улгурган Адриано, Ла Лига ва премьер лигадаги иштироки орқали таниш бўлган Негредо сингари ижрочиларга эга жамоадан ҳар қандай хавфни кутиш мумкин.

Қисқа қилиб айтганда, "Бешиктош" ҳали кўплаб рақибларга "тош" отиши аниқ. Айниқса Туркияда гуруҳдаги учала рақибга жуда ҳам қийин бўлади.

"Порту" бугун ўз уйида "Бешиктош"ни ранжитиш пайида бўлади. Германияга сафар қиладиган "Монако"га эса "Лейпциг" билан осон бўлмайди.
"Лейпциг"дан ҳозирда кўпчилик ўтган йилги "Монако"нинг натижаларини кутмоқда. Илк юришни эса "бўқалар" айнан "Монако"га қарши ўйин билан бошлашади.
"Монако" "Лейпциг"нинг ЕЧЛдаги дебют ўйинидаёқ иштахасини бўғишга ҳаракат қилади.
"Ўлим" гуруҳидаги ҳар бир ўйин ҳақиқий жангга айланиши аниқ.


Кўпчилик наздидаги "ўлим" гуруҳи дея таъкидланаётган "H" "квартети"да: "Тотенхэм", "Боруссия" Дортмунд, "Реал" ҳамда АПОЕЛ жой олган.

Амалдаги чемпион - "Реал", мадридликларнинг ЕЧЛдаги энг ноқулай рақибларидан бири - Дортмунд, АПЛда мисоли "шер" кўринадиган, ЕЧЛда эса "қуён"ни расмини чизишга кўникиб қолган Поччеттинонинг "Тоттенхэм" жамоалари гуруҳда иккита йўлланма учун курашишади. АПОЕЛга ҳурматни сақлаган ҳолда шуни айтиш мумкинки, кипрликлар шунчаки очко улашувчи жамоага айланиб қолмаслик учун тиш-тирноқлари билан курашишади. Амалда эса буни бажариш жуда қийин. АПОЕЛ нафақат гуруҳдан чиқиш, балки Европа лигасидаги иштирокни давом эттирувчи 3-ўринни олишда ҳам катта муаммоларга дуч келади.
Жорж Донис футболда мўъжизалар руй бериши мумкинлигини исботлаш учун ҳаракат қилади. Ушбу мураббийнинг жамоаси учун ҳар бир ўйин деярли финалга тенг.
Дастлабки финал эса бугун, Мадридда "Реал"га қарши кечади.
Зизу жамоаси чемпионатдаги сўнгги муваффақиятсиз учрашувлар учун мухлислар олдида ўзларини оқлаш учун ҳам катта куч билан ўйнаши ва уларга ғалабани тақдим этишга уринишлари аниқ.


Англияда эса ҳақиқий театр кўрамиз. Почеттино ниҳоят ЕЧЛда ҳам жиддий қиёфадаги жамоани тайёрлай олганини исботлаши лозим. Ўтган йили жамоа ЕЧЛда ўз номига муносиб ҳаракат қила олмаганди. Бу йили эса гуруҳдаги рақиблар анча номдор ва кучли. ЦСКА ва "Байер" сингари жамоаларга гуруҳда рақобатни вужудга келтира олмаган "тақачилар", "Реал" ёки "Боруссия" билан бўладиган курашда йўқолиб қолмасликларига ҳеч ким кафолат бермайди.

Петер Бош эса ўтган мавсумда "Аякс" билан Европа лигасида яхши парвоз қилганди. Бу гал энди уни янада кучлироқ жамоа билан жиддий мусобақадаги имтиҳон кутмоқда.


ЕЧЛ, 1-тур.


"E" гуруҳи
"Ливерпуль" - "Севилья"
"Марибор" - "Спартак"

"F" гуруҳи
"Фейеноорд" - "Манчестер Сити"
"Шахтёр" - "Наполи"

"G" гуруҳи
"Порту" - "Бешиктош"
"Лейпциг" - "Монако"

"H" гуруҳи
"Реал" - "АПОЕЛ"
"Тоттенхэм" - "Боруссия" Д

Барча учрашувлар Тошкент вақти билан 23:45да бошланади.

Муаллиф :
Рейтинг: +9   

Фикрлар

championat.asia
< сўнгги янгиликларни кўриш
Яндекс.Метрика